'Самарадаги ҳалокат сабабчиси олдин ҳам йўл қоидасини бузган'

Самара вилоят Қидирув-қутқарув хизмати фотосурати

Россия ҳуқуқ-тартибот ходимларига кўра, Россиянинг Самара вилоятида рўй берган автоҳалокатнинг сабабчиси деб кўрилаётган микроавтобус ҳайдовчиси, Ўзбекистон фуқароси бундан олдин йўлларда ҳаракатланиш қоидасини бузган.

Toyota микроавтобусининг Mercedes оғир юк машинаси билан тўқнашиши оқибатида 13 инсон ҳаётдан кўз юмган.

Россия расмийларига кўра, йўл-транспорт ҳодисаси 12 октябрдан 13 октябрга ўтар кечаси Самара вилоятининг Болшечерниговский туманидаги магистрал йўлда рўй берган.

Юқори тезликда келаётган икки автомобил тўқнашган ва катта йўлдан чиқиб кетган.

Йўл хавфсизлиги мулозимлари сўзларига кўра, тўқнашув оқибатида Toyota микроавтобусидаги газ баллони портлаган.

Микроавтобус ичида ёнғин келиб чиққан, йўловчилар ташқарига чиқа олмай қолганлар.

Ҳароратнинг баландлигидан микроавтобус кузови қийшайиб кетган.

Россия оммавий ахборот воситалари хабар қилишича, микроавтобус ичида 15 киши бўлган.

Уларнинг аксари Ўзбекистон фуқаролари экани хабар қилинмоқда.

Самара вилояти Йўл хавфсизлиги назорати раҳбари Виктор Митникдан Россия матбуоти иқтибос келтиришича, Toyota микроавтобуси Нижний Новгородда рўйхатдан ўтган бўлган.

Микроавтобус эгаси 36 ёшли Ўзбекистон фуқароси экани хабар қилинмоқда.

Виктор Митникка кўра, микроавтобус эгаси 2013 йилнинг ўзида йўлларда ҳаракатланиш қоидаларини бузгани учун 14 марта жаримага тортилган.

"Микроавтобус ҳайдовчиси - Ўзбекистон фуқароси тўққиз марта тезликни оширгани ва бир марта рўпарадаги йўналишга чиқиб кетгани учун жавобгарликка тортилган. Охирги йўл-транспорт ҳодисасига ҳайдовчининг чарчагани ва автомобилни бошқаришда назоратни йўқотгани сабаб бўлган", деб айтган жаноб Митник Самара шаҳрида уюштирилган матбуот анжуманида.

Виктор Митник айтишича, ҳалокат юз бергунча Toyota Нижний Новгороддан қарийб 1000 километр масофани босиб ўтган.

Mercedesюк автомобили Қозоғистондан бораётган бўлган.

Микроавтобус олдинги ғилдирагининг ёрилиб кетгани ҳайдовчи томонидан назоратни йўқотишига олиб келгани айтилмоқда.

Икки автомобил ҳайдовчиси яраланган ва шифохонага ётқизилган.