Янги ҳисобот: 'Ўзбекистонда қийноқлар ҳамон кенг миқёсда давом этмоқда'

  • 15 Октябр 2013

Ўзбекистонда қийноқлар билан боғлиқ вазият борасида чиқарилган янги ҳисоботда мамлакат 1995 йил БМТнинг Қийноқларга қарши конвенциясини имзолаганига қарамай, қийноқлар мунтазам равишда давом этаётгани айтилган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро Федерация дастагида фаолият қилувчи "Инсон Ҳуқуқлари ва Қонун устуворлиги бўйича Ўзбек бюроси" ҳисоботида БМТ қўмитаси томонидан қўйилган кўплаб саволлар ва хулосаларга Ўзбекистон қанчалар амал қилаётгани таҳлил қилинади.

Унда айтилишича, "Ўзбекистонда қийноқлар қўлланиши маҳаллий ва халқаро инсон ҳуқуқлари томонидан кўп йиллардан бери ҳужжатлаштириб келинади. Шунга қарамай, қийноқ Ўзбекистонда тергов жараёнларининг барча босқичларида доимий ҳол бўлиб қолмоқда".

"Қийноқ одамларни қўрқувга солиш, мустақил овозларни ўчириш ва Ўзбекистондаги мавжуд авторитар бошқарув механизмларини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи клуб вазифасини бажаради", дейилади ҳисоботда.

Ҳисоботга кўра, Ўзбекистон ҳукумати қийноқлар бўйича огоҳлантиришларга эътибор қаратмаслик билан ҳуқуқ-тартибот органларига жамоат тартибини фуқаролар эҳтиёжларига қараб эмас, ўз-ўзининг фойдасига сақлаш ишорасини беради.

"Қийноқ тузумнинг сиёсий мухолифлари, айни пайтда, мустақил жамиятлар вакиллари овозларини бўғиш, ҳатто ўлдириш учун қўлланилади".

"Инсон Ҳуқуқлари ва Қонун устуворлиги бўйича Ўзбек бюроси" Ўзбекистонда қийноқларга берилган таъриф ва БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси тавсияларига қарамай, ушбу таъриф ўзгартирилмай келинаётганига ҳам эътибор қаратади.

Қўмита Ўзбекистоннинг Жиноят кодексида қийноққа берилган таъриф "Қийноқ ва бошқа шафқатсиз, ғайри-инсоний ёки таҳқирловчи муносабат ёки жазолашга қарши конвенцияси"га мос тушмаслиги, уни конвенцияга мослаб ўзгартиришни тавсия қилганди.

Ҳисобот БМТ муҳокамаси олди эълон қилинган. Инсон ҳуқуқлари қўмитаси Ўзбекистондаги вазиятни 29 октябр куни кўриб чиқиши кутилмоқда.

Ўзбекистон тергов ҳибсхоналари ва қамоқхоналарида маҳбусларнинг қийноқлар натижасида вафот этиш ҳоллари бот-бот учрайди.

Ўзбекистон милицияси, хавфсизлик хизматлари ва бошқа куч тизимлари гумондорлар, хусусан, сиёсий мухолифларга қарши шафқатсиз қийноқ усулларини қўллаши билан ном чиқарган.

2002 йилда мамлакат қамоқхоналарини бориб кўрган БМТнинг Қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Тео ван Бовен Ўзбекистоннинг дастлабки тергов ҳибсхоналари ҳамда жазо муассасаларидан қийноқларнинг "мунтазам" қўлланишини айтган.

Ўзбекистон ҳукумати БМТ маърузачисининг хулосасини рад этмаган, аммо унинг тавсияларини ҳам бажармай келади.

2003 йилда қабул қилинган "Қийноқларга қарши кураш миллий дастури" орадан бироз вақт ўтиб, унутилган.

Ўтган йил охирида Президент Ислом Каримов қийноқларни тақиқловчи қонунга имзо чеккан.

"Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида"ги қонун 2013 йил охиридан кучга кириши айтилганди.

Аммо, кузатувчилар мазкур қонун ҳам амалдаги вазиятни яхши томонга ўзгартиришига шубҳа қиладилар.

Бу мавзуда батафсилроқ