Гулнора Каримова холаваччасининг ҳибсга олингани ҳақида

  • 16 Октябр 2013

Ўзбекистон президенти рафиқасининг жияни ҳибсга олингани ҳақидаги хабарлар ортидан Гулнора Каримова Instagram тизимидаги қисқа хабарда бу ҳодисага муносабат билдирди.

Фойдаланувчилардан бирининг "таъзияси"га жавобан Гулнора Каримованинг ёзишича, ҳаётда ҳамма нарса ҳам кўнгилдагидек кетаётгани йўқ.

"Оиланинг бир қисми (ота) "таъминлаш" билан бошқа қисми эса бу таъминотларни йўқотиш ва қора кучлар ила дўстлашиш билан овора...Баъзида эса Тошкентдаги Хлебушкин номидаги болалар уйи пештоқидаги "Бисмиллоҳу Раҳмону Раҳим" деган ёзувларни ўчириш билан", дея маъноли ишора қилган Гулнора Каримова.

Унинг ўз хабарида давом этишича, бу болалар уйини "биродари" Акбар Абдуллаев қайта қуриб, таъмирдан чиқарган.

"Бу каби уйлардан у 25-тасини таъмирдан чиқарган. Кейинчалик у ердан қимматбаҳо қандиллар йўқолиб, девордаги Финляндия бўёқлари ва кафеллар қиртишлаб олиб ташланган. Лекин у содиқлик билан кўрсатмаларни бажаргани учун ҳозирда қамоқда ўтирибди. Бу лойиҳаларнинг ҳаммаси "Сен ёлғиз эмассан" фонди томонидан бажарилиб, тантанали равишда тақдим этилган. Тасодифми? Асло, қонуният!", - дея хитоб билан хулоса қилган Гулнора Каримова.

Ўзбекистон Президенти оиласида охирги вақтларда рўй бераётган эврилишлар манзарасида бу Гулнора Каримова томонидан холаваччаси Акбар Абдуллаевнинг ҳибcга олинганлигининг бир томондан илк бор оила тарафидан тасдиғи сифатида янграмоқда.

Аввалроқ Би-би-сининг Фарғонадаги манбаъси октябр ойи бошларида хавфсизлик ходимлари йирик тадбиркор Акбар Абдуллаевни қўлга олишганлигини маълум қилганди.

Акбар Абдуллаев Президент Ислом Каримовнинг рафиқасига жиян бўлади.

Интернет нашрларида хабар берилишича, Фарғона шаҳри прокуратураси Акбар Абдуллаевга "Давлат мулкини талон-тарож қилиш" ҳамда "Солиқлардан бош тортиш" моддалари бўйича жиноят иши очган. Сўнг бу иш Ўзбекистон Бош Прокуратурасига жўнатилгач, у ерда яна 210 модда бўйича порахўрлик айби ҳам қўшилган.

Ишонилишича, Акбар Абдуллаев бир неча йиллар давомида Фарғона вилоятида жойлашган йирик саноат иншоотлар устидан назоратни қўлга олишга муваффақ бўлган. Улар орасида Фарғона нефт ишлаб чиқариш заводи ҳам бўлгани айтилмоқда.

Фарғонадаги ишончли манбаъга кўра, бу заводда 2012 йил ёзида қонунга хилоф равишда содир бўлган амалиётларни текшириш учун жиноий иш очилганди. Ушбу текширувлар натижасида завод билан боғлиқ бир неча мулозим ҳибсга олинган. Ўтган йили Акбар Абдуллаев ҳам қўлга олиниб, кейинчалик қўйиб юборилганди.

Ишонилишича, у кўпроқ Гулнора Каримова билан яқин алоқадаги шахслар доирасида бўлган. Абдуллаев Гулноранинг хайрия тадбирларида иштирок этган.

Таҳлилчиларга кўра, Акбарали Абдуллаевнинг қўлга олиниши, қолаверса, шу кунларда Гулнора Каримованинг аввалига Твиттердаги аккаунти йўқолиб қолиши ва куни кеча Ворд Прессдаги саҳифалари ёпилиб қолиши ҳам Президентнинг қудратли ва эҳтимолий меросхўри сифатида кўрилган тўнғич қизнинг таъсири камайиб бораётганидан далолат беради.

Бошқа томондан Instagram даги Гулнора Каримованинг хабари яқинда Ислом Каримовнинг кенжа қизи Лола Каримованинг Би-би-сига берган интервюсида опаси билан кўп йиллардан бери гаплашмаётганлиги ҳақидаги баёнотига жавобий айблов маъносида ҳам талқин этилиши мумкин.

Бу мавзуда батафсилроқ