Ўзбек-Қирғиз чегарасида тинчликни қандай сақлаш мумкин?

Image caption Ўзбекистон кўп ҳолларда дабдурустдан чегараларини ёпиб қўяди

Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасига яқин Унгор-Тепадаги радио узатиш станцияси боис юзага келган можаро, бу икки давлат орасидаги чегара масаласи қанчалик нозиклигини яна бир бор кўрсатди.

Айримлар икки давлат ўртасидаги чегараларни аниқлаб, белгилаб чиқиш лозимлигини урғулашмоқда. Муайян ҳудудларда бу ишлар бошлангани айтилади. Аммо ўртадаги қатор баҳсли ҳудудлар ва объектлар масаласи ҳали тўла ечимини топмаган.

Шунингдек, Қирғизистон ичкарисида жойлашган Ўзбекистоннинг Шоҳимардон ва Сўх анклавлари ҳам Тошкент учун ҳал этилиши лозим, аммо мушкул масала бўлиб қолаяпти.

Ўтган йили қирғизлар ўзбек анклавларига элтадиган йўлларни ёпиб қўйиши боис, у ердаги Ўзбекистон фуқаролари оғир аҳволда қолишган ва ҳатто одамлар қамалдаги каби кириб-чиқа олишмаганди.

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти вакили Дмитрий Загроцкий ўз ташкилоти Фарғона водийсидаги чегара ҳудудлари вазияти ёмонлашиб кетмаслиги устида бош қотирмоқда, деб айтади.

"Баъзида одамлар боласини боғчага олиб бориш ёки ишга қатнаш учун ҳам чегарага оид муаммога юз тутади" - дейди Қирғизистонда ишлаётган Дмитрий Загроцкий - "Бунақа ҳолларда одамлар айни масалаларни бевосита чегарачилар билан ҳал қилишларига имкон яратиш керак".

Ўзбекистон ва Қирғизистон чегаралари Совет даврида тортилган. Айрим ҳолларда бир кўчанинг икки тарафи икки давлатга қарайди. Ҳозир қўшнилар ва ака-укалар икки давлат фуқароларига айланган ҳолатлар кўп.

Кўриш бор, ўтиш йўқ

Image caption Баъзида қариндошлар чегарадан ўта олмай, сим тўрнинг икки тарафида туриб ҳол-аҳвол сўрашади

Ўтиб-қайтиш эса йил сайин қийинлашиб кетмоқда. Баъзида одамлар чегара чизиғининг икки тарафида туриб, ҳол-аҳвол сўрайдилар. Лекин бу чизиқдан ўтиш имконсиз. Ака-укала ва қўшнилар ҳам бир неча ўн чақирим йўл босиб, Ўзбекистон тарафи истаган пайти дабдурустдан ёпиб қўядагин чегара ўтиш масканларига боришни таваккал қилишлари керак.

Айрим ҳудудларда қаер Ўзбекистон, қаер Қирғизистон эканлигини билиб бўлмайди. Бу эса кўплаб одамларнинг ўзлари ҳам билмаган ҳолда қонунбузарга айланиб қолишига етакламоқда.

"Сўнгги пайтларда, масалан, 30 нафардан кўпроқ одам ўзлари ҳам билмай қўшни давлат ҳудудига ўтиб қолгани аниқланган" - дейди жанубий Қирғизистондаги Ақси Тумани милицияси мулозими Жуманали Субанқулов.

"Биз уларга маъмурий чора кўриб, жарималар соламиз. Чунки Фарғона водийсидаги чегаралар аниқланмаган ва белгилаб чиқилмаган, шу боис одамларнинг боши қотган" - дейди қирғиз мулозими.

Ўзбекистон тарафида эса жазолар қаттиқ. Ўзбек ҳукумати чиқарган сўнгги қонун ўзгаришларига кўра, билиб-билмай чегарадан ўтиб қолган бундай одамларни Ўзбекистон бемалол бир неча йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиб юбориши мумкин.

Агар такрор қилингани аниқланса, ҳатто 10 йилгача қамоқ жазоси белгиланган. Ислом Каримов ҳукуматининг бу каби қаттиқ жазо чоралари халқаро таҳлилчилар тарафидан танқид қилинган ва кўпчилик "абсурд", деб атаган.

Image caption Ўзбек-Қирғиз чегарасидаги можароларда тинч аҳоли вакиллари қурбон бўлган ҳолатлар ҳам бор

Лекин ўз фуқароларининг эркин ҳаракатланишини энг қаттиқ чеклайдиган дунёдаги ўта кам сонли давлатлардан биттаси бўлган Ўзбекистонда аллақачон бу каби ҳолатлар учун фуқаролар жиноий жавобгарликка тортилмоқда.

Айни дамда, чегаранинг ҳар икки тарафида яшовчи аҳоли сарҳадлар аниқланиб олинса, бу каби ҳолатлар камайиб, оддий халқнинг қўрқмасдан ҳаракатланиш имкони пайдо бўларди, деб айтишади.

Бироқ давлат чегаралари бўйлаб хандақлар қазилиб, симтўрлар тортилиши ҳам одамларни хавотирга солмоқда.

Икки давлатда қолаётган қариндошлар, дўстлар учун бу оилавий ришталар узилиб кетишини ҳам англатмоқда. Чунки одамлар нафақат тўй-сур, балки таъзия учун ҳам боришга қийналиб қолишаётганинидан шикоят қилишади.

Шу қаторда, чегара оша савдо қийинлашиб, иқтисодий алоқалар ҳам сусайиши эҳтимоли ошмоқда.

Марказий Осиёда, асосан, Ўзбекистон ва Туркманистон ўз қўшнилари билан чегараларни ёпиб, виза тизими жорий этишган. Ўзбекистон, шунингдек, визасиз борди-келди қилинадиган Қозоғистон билан чегарада ҳам одамларнинг кириб-чиқишини қийинлаштирмоқда.

Одамлар кўпинча пора бериб ёки айланма йўллар орқали ўтишларини айтишади. Баъзида эса ёш аёллар чегарачи ва божхоначилари тарафидан ўзларига ҳатто жинсий тегажоқлик қилиш ҳоллари ҳақида ҳам айтишган.

Бу мавзуда батафсилроқ