Энди Олма ота ва Тошкентни тезюрар поезд боғлайди

Image caption "Йўлга қўйиладиган поезд қатнови 1,5 баробар тезроқ юради..."

Олма ота – Тошкент ўртасида келгуси йилдан бошлаб Испаниянинг тезюрар поездлари қатнови йўлга қўйилади.

Бу ҳақда Қозоғистон транспорт ва коммуникация вазирлиги хабар қилган.

Тезюрар поездлар айни дамда босиб ўтилаётган 25 соатлик вақтни 1,5 баробар қисқартириши кутилмоқда.

“Биз ушбу поезд қатновини 2014 йилнинг июн ойидан йўлга қўймоқчимиз. Таркиб Қозоғистон ишлаб чиқарилаётган 27 нафар “Тулпор-Талго”вагонларидан ташкил топади. Ушбу қатновнинг нархи борасида ҳозирча бирор нарса деёлмаймиз. Чунки маркетологларимиз ҳозир бозорни ўрганмоқда. Аммо айни дамда қатнаётган оддий поезддан бироз қиммат бўлади”, - дейди “Йўловчилар ташиш” акциноерлик уюшмаси матбуот котиби Темур Асилханов.

Асилхановга кўра йўлга қўйиладиган поезд қатнови 1,5 баробар тезроқ юради ва у имконияти чекланганлар учун ҳам махсус вагонлардан ташкил топади.

Қозоғистон транспорт ва коммуникация вазирлиги матбуот хизмати Олма отадан Тошкентга 14 соатда етиб олиш мумкинлигини билдирди.

Поезд ҳар тўрт кунда бир марта қатнаши мумкин. Қатнов графиги томонлар ўртасида келишилмоқда.

“Йўловчилар ташиш” акционерлик уюшмасидан билдирилишича, Тошкентга янги поезд қатнови борасида Ўзбекистон билан келишувга эришилган.

“Тулпор-Талго” вагонлари Испанияга тегишли бўлиб Қозоғистонда ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Вагонлар соатига 200 чақирим масофани босиб ўтишга мослашган ва алюминдан ишланган кузов енгиллиги билан ажралиб туради. Минтақада машҳур бўлган Россия вагонлари 64 тоннани ташкил қилиб турган бир вақтда Талго вагонлари 16 тоннани ташкил этади.

Айни дамда Олма ота - Нукус поезди Тошкент орқали қатнайди ва икки шаҳар ўртасида 25 соат юради.

Ҳозир қатнаётган Олма отадан Тошкент ўртасидаги поезд чипта нархи купе вагонда 12 590 танга ёки 82 долларни ташкил қилади. Тошкентдан Олма отага келиш эса 200 минг сўмни ташкил қилади. 5 ёшдан 10 ёшгача бўлган болаларга 50 фоизлик чегирма йўлга қўйилган.