Франция Гулнора Каримованинг данғиллама уйини текширмоқда

  • 18 Октябр 2013

"Малика Каримова учун сеҳрли эртак поёнига етмоқда". Франциядаги Le Point ҳафталиги нашр қилган эксклюзив мақолада шундай дейилади.

LePoint.fr мақоласи Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримованинг Парижда данғиллама уй сотиб олгани юзасидан Франция маҳкамаси ўтказаётган терговга бағишланган.

Тергов ноқонуний йўллар билан топилган маблағни қонунийлаштириш ва кооррупция бандларига боғлиқ.

2012 йил ёзида Швейцария прокурорлари Гулнора Каримованинг ёрдамчилари деб айтилган Ўзбекистон фуқароларини қўлга олган, бу инсонлар пул ювишда ҳам гумон қилинганлар.

Би-би-си Le Pointдаги мақола Мелани Делатр билан боғланиб, сиз ўзингизнинг журналистик текширувингиз чоғи нималарни топишга муваффақ бўлдингиз, деб сўради.

Мелани Делатр: Бизнинг топганимиз Франциядаги адлия тизими Гулнора Каримова 2009 йили Париж ўртасида 30 миллион Еврога сотиб олган хонадони устидан текширув ишларини бошлаб юборганидир.

Би-би-си: Сиз ушбу маълумотни қайси манбаъдан олдингиз?

Мелани Делатр: Одатда манбаълар очиқланмайди. Бироқ, бир нарса аниқ - текширув бошланган ва Франция адлия тизими Каримова хонимнинг ана ўша пентхаус хонадон учун ўта юқори баҳода пул тўлаганига қизиқмоқда.

Би-би-си: Одатда бу каби хонадонларнинг аллакимга тегишлигини исботлаш ўта қийин. Сизлар бу хонадоннинг Каримова хонимга тегишлигига исбот-далил топдингизми?

Мелани Делатр: Ҳа, бу каби харидларни исботлаш ўта қийин, лекин Франциядаги уй сотиш ширкатидаги ҳужжатларга биноан бу хонадон олди-сотдиси билан боғлиқ фуқаро жамоасида Каримова хонимнинг номи аниқ-таниқ бор. Бу жамоа Ўзбекистон Coca-Cola ширкатига таалуқлидир. Бу ширкатнинг ҳам Гулнора Каримовага алоқаси маълум.

Би-би-си: Мақолангизда "пул ювиш" деган ибора учрайди. Бунга ҳам исботингиз борми?

Мелани Делатр: Йўқ, "пул ювиш" деган айбга исбот йўқ, бироқ адлия тизими ҳозир шуни гумон қилиб текширув очган. Гап шундаки, 30 миллон Евро бу хонадон учун ўта юксак баҳодир. Ҳатто, Булонь ўрмони ёқасида жойлашган бўлса-да, барибир бу баҳо ўта юқоридир. Бу хонадонни у Артюр исмли телевидение юлдузидан сотиб олган.

Би-би-си: Матбуотда Франция ҳаками Серж Турниер Гулнора Каримованинг бошқа хонадонлари, жумладан, Франция жанубидаги вилласи юзасидан текширув ўтказаётгани хабар қилинганди. Бу ҳақда сизга нималар маълум?

Мелани Делатр: Йўқ, бу хусусда биз маълумотга эга эмасмиз. Бизга маълум бўлгани мана шу пентхаус хонадони хусусидаги текширув. Биз Каримова хонимнинг Франция жанубида ҳам вилласи борлигини биламиз, аммо текширув унга ҳам ёйилганми-йўқми, билмаймиз.

Би-би-си: Эндиликда Франция адлия тизимининг кейинги қадамлари қандай бўлиши мумкин?

Мелани Делатр: Эндиликда, бу мумкин бўладими-йўқми - билмайман, бироқ Каримова хонимнинг сотувчи ҳамда сотиш ширкати қаторида сўроққа чақирилишини кутиш мумкин. Бундан мақсад - бу савдо-сотиқ тўғри баҳода амалга оширилганми-йўқлигини топиш, ҳамда у қай тарзда юз берганини аниқлашдир. Яъни бунда "пул ювиш" содир бўлганми-йўқлигини топишдир.

Би-би-си: Ва сўнгги савол, Франциядаги текширув алоҳида бир ҳолми, ё Швейцария ва бошқа ўлкаларда бошланган текширувнинг бир қисмими?

Мелани Делатр: Ҳа, Франциядаги текширув алоҳида ҳол эмас, бироқ Швейцарияда бошланган текширувнинг бир қисмидир. Швейцария адлия тизими Франциядаги касбдошларига мурожаат қилиб, сўнгги текширув бошланган.

Бу мавзуда батафсилроқ

Алоқадор интернет саҳифалари

BBC ташқи интернет саҳифалар учун масъул эмас