Руслан Чагаев: ‘Мен чечен ёки россиялик эмас, ўзбекистонликман’

Фото муаллифлик ҳуқуқи ruslan chagaev
Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистонлик донгдор боксчи Би-би-си Ўзбек Хизмати билан эксклюзив суҳбатида сўнгги жанги ортидан турли интернет нашрлари ва ижтимоий мулоқот тармоқларида пайдо бўлган худди шу мазмундаги гап-сўзларга ана шундай муносабат билдирди.

Профессионал бокснинг WBA таснифида энг оғир вазн тоифасида собиқ жаҳон чемпиони бўлган Руслан Чагаев шу ой бошида Москвада бўлиб ўтган жангида сербиялик рақиби Йово Пударни енгиб, WBA Intercontinental ва PABA камарларини қўлга киритганди.

Москвадаги жанг ортидан, Чеченистон Президенти Рамзан Қодиров ижтимоий мулоқот тармоқларининг бирида Руслан Чагаевни “чечен”, деб атаб чиққан ва бу ўзбекистонлик айрим бокс мухлислари орасида қизғин баҳсу мунозараларни келтириб чиқарган.

Жумладан, Руслан Чагаевнинг Facebookдаги ишқибозлари номидан эканини айтиб, “Фергана.Ру” интернет нашри таҳририяти билан ўз фикрларини ўртоқлашган Анвар, “Яна “ўзбек” боксчиси Руслан Чагаевнинг бу гал ҳам Чеченистон Президенти Рамзан Қодиров мадҳ этилган қўшиқ остида, Чеченистон байроғи ва раҳбарининг сурати босилган футболкада Москвада ўтказган жанги ҳақида ўқидим. Унинг миллионлаб мухлислари бўлган Ўзбекистондан эканига эса, ҳеч бир ишора йўқ. Энди эса, Рамзан Қодировнинг саҳифасида бу каби янгилик пайдо бўлиб турибди”, - деб ёзган.

Анвар, “Тарбияли ва ақлли кўринган инсоннинг бу каби хулқ-атвори одамни жуда хафа қилади. Афтидан, пул учун Ватанни ва ўзимизнинг ўзбекистонлик, деб юрган мухлисларини ҳам сотиб юбориш мумкин экан...Руслан Чагаев ортиқ Ўзбекистонни намоён этмаслигини очиқ айтиб қўя қолсин”, - дея хотима қилади.

“Мен чечен эмасман”

Фото муаллифлик ҳуқуқи ruslan chagaev

Аммо бу каби гап-сўзлар манзарасида Би-би-си Ўзбек Хизматига берган эксклюзив суҳбатида эса, Руслан Чагаев, ўзининг “чечен ва ёки россиялик эмас, ўзбекистонлик” эканини алоҳида таъкидлади.

“Рамзан Қодировнинг, “у чечен”, деган сўзларига келадиган бўлсам, биз у билан дўстмиз, десак ҳам бўлади. Шунинг учун ҳам, у гаплашган пайтимизда, “Руслан, сен ҳозир мисол, ўзбекларга, татарларга қандай яқин бўлсанг, чеченларга ҳам шундай яқинсан. Шунинг учун ҳам ҳозир сени чечен ҳам десак бўлади” қабилида ёзган. У, мисол, Руслан чечен, деган нимаси йўқ эди”, - дейди Руслан Чагаев.

“Мисол, Рамзан Қодиров менга ҳозир ёрдам бераяпти. Мана шу жангларимни ўтказган пайтларим молиявий жиҳатдан қаттиқ қўллаб-қувватлаяпти. Шунинг учун ҳам мен бу каби футболкада чиқаяпман. Чунки Чеченистонда Аҳмат Ҳожи Қодиров номли бокс клуби бор. Мен ҳозир шу клубни намоён этаяпман”.

“Мисол, у клуб менга катта ёрдам қилган. Universum банкрот бўлиб, аҳвол ёмон бўлган пайтда менга ҳеч ким ёрдам қилмаган. А ана шу клуб Рамзан Қодиров номидан менга ёрдам қилган. Мен ҳам миннатдорчилик сифатида ҳозир шу клуб номидан жанг ўтказаяпман”, - дейди ўзбекистонлик донгдор боксчи.

Айни ўринда эслатиб ўтиш жоиз, Руслан Чагаев ўтган йил июл ойида Олмониянинг Universum Box-Promotion промоутерлик клуби билан шартномасини бузган ва ўшандан буён ўз жангларини эркин агент мақомида уюштириб келаётганди.

2001 йилда тўлиқ профессионал боксга ўтган ўзбекистонлик номдор боксчи ўн йилча Universum Box-Promotion клуби промоутерлиги остида рингга тушиб келган.

Клубга яқин манбалар эса, ўша йили эркин агент мақомида ҳам Руслан боксчилик карьерасини Олмониянинг ўзида давом этдиришини айтишганди.

Таъкидлаш жоиз, ўзбекистонлик боксчи ҳозир ҳам эркин агент мақомида Олмонияда яшаб, бокс билан шуғулланиб келади.

Ўзбекистон байроғи ва мадҳияси...

Фото муаллифлик ҳуқуқи ruslan chagaev

Ўзбекистонлик донгдор боксчининг изоҳ беришича, икки камар соҳиблиги тикилган Москвадаги жангининг Ўзбекистон байроғи ва мадҳиясисиз кечгани ўзи эмас, турнир ташкилотчиларининг айбидир.

“Буни ташкилотчилар қилишлари керак эди. Бу менинг истак-хоҳишим билан бўлмаган. Чунки доимо “титульный” жанг бўлган пайтда, Ўзбекистон ва рақиб байроғи билан тушардик. Кейин давлат мадҳияси ўйнарди. Бу сафар вақт озлигигами, билмадим, нима учун, унақа мадҳия, нима бўлмади. Фақат рингга чиқдик ва жанг бошланди”, - дейди Руслан Чагаев.

Ўзи назарда тутилиб, “Афтидан, пул учун Ватанни ва ўзимизнинг ўзбекистонлик, деб юрган мухлисларни сотиб юбориш мумкин экан”, - деган фикрларга муносабат билдираркан, Руслан, “Мен Ўзбекистонда туғилганман. Миллатим татар бўлса, нимага мен, “Чеченман”, дейман”, - дея ўз таажжубларини изҳор этади.

“Мен учун миллатнинг ёмони йўқ. Мен мусулмонман. Шунинг учун ҳам мен учун ўзбек, татар, чечен - ҳаммаси мусулмон”.

Чеченистон Президенти Рамзан Қодировнинг Instagramдаги саҳифасида ёзишича, “WBA чемпионлиги учун рейтингда иккинчи ўринда бораётган кубалик Луис Ортис навбатдаги жанг Чеченистон пойтахти Грознийда бўлади! “.

“Биз Руслан билан чемпионлик камарини қайтариб олишимизга ишонамиз”, - дея ишонч билдиради чечен раҳбари.

Аҳмат Ҳожи Қодиров бокс клуби

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Чеченистон президенти Instagramдаги саҳифаси орқали сентябр ойи бошида ўз номидаги бокс клуб тарқатиб юборилиши ва унинг ўрнига отаси Аҳмат Ҳожи Қодиров номида янги спорт клуби ташкил қилинишини маълум қилганди.

Бунга август ойи охирида “Россия қаҳрамони” Аҳмат Ҳожи Қодиров хотирасига уюштирилган бешинчи халқаро бокс турнири чоғида “ҳакамлик ва ғолибларни аниқлашда қўпол хатоларга йўл қўйилгани” аниқланиши сабаб бўлгани айтилганди.

“Биз “Аҳмат” номи остида янги республика спорт клубини очдик. Аввалроқ эса, мен 2000 йилдан буён фаолиятда бўлган ва жаҳон, Оврўпо, Россия чемпионлари дохил дунё миқёсидаги спортчиларни тайёрлаб келаётган “Рамзан” клубини тарқатиб юбордим. Янги клуб раҳбари этиб эса, Спорт ишлари бўйича вазир Саломбек Исмоиловни тайинладим”, - деб ёзганди чечен раҳбари.

Рамзан Қодиров, “Саломбекнинг тажрибаси катта экани ва унинг олдига янада мушкулроқ вазифа – келаси уч йил ичида “Аҳмат”ни дунёнинг энг зўр учта спорт клубидан биттасига айлантириш вазифаси қўйилгани”ни ҳам қўшимча қилганди.

Агар, президентининг сўзларига таянилса, бугунги кунда Чеченистонда ўнлаб кураш ва бокс клублари фаолият юритади ва катта сонда дунёга таниқли жаҳон чемпионларини етиштириб беради.

Аммо Рамзан Қодировнинг Чеченистондаги бошқаруви халқаро ва маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаолларининг танқидларига сабаб бўлиб келиши ҳам бор гап.

Яна жаҳон чемпионлиги учун жанг

Профессионал бокснинг WBA таснифида энг оғир вазн тоифасида собиқ жаҳон чемпиони Руслан Чагаев ҳам Би-би-си Ўзбек Хизмати билан эксклюзив суҳбатида навбатдаги жангги чемпионлик камари учун бўлишини айтди.

“Энди Александр Поветкиннинг мунтазам чемпионлик камари бўш қолди. Худо хоҳласа, кейинги жангда ана шу камар учун уришаман. Ҳозир WBA рейтингида 1-ўринда турган кубалик боксчи Луис Ортис билан, Худо хоҳласа, ана шу “вакантный титул”га уришамиз”, - дейди у.

Руслан Чагаев кейинги жангда жаҳон чемпионлиги камарини қўлга киритса, ўзининг собиқ рақиби WBA таснифида энг оғир вазн тоифасида суперчемпион бўлган украиналик донгдор боксчи Владимир Кличко билан ҳам жанг ўтказишни кўзлаётганини айтади.

“Мен Владимир билан олдин ҳам уришганман. Кейин машғулотларда у билан бирга спарринг ҳам қилганман. Ана шунинг учун ҳам Владимирни қандай қилиб енгиш мумкинлигини биламан”, - дейди Руслан.

Руслан 2007 йилнинг 14 апрел куни россиялик боксчи Николай Валуевни енгиб, илк бор профессионал бокснинг WBA йўналиши бўйича энг оғир вазн тоифасида Жаҳон чемпиони бўлган.

Шундан сўнг ўз камарини бир неча бор муваффақиятли ҳимоя қилган Руслан Чагаев орадан икки йил ўтиб айнан Владимир Кличкога енгилиб, мунтазам чемпионлик унвонидан маҳрум бўлган.

Руслан яна рингга тушишни ният қилаётган украиналик номдор боксчи жорий пайтда профессионал бокснинг WBO, WBA ва IBF таснифи бўйича энг оғир вазн тоифасида амалдаги жаҳон чемпиони ҳам ҳисобланади.

Руслан Чагаев сўнгги бор 2011 йилда жаҳон чемпионлиги камари учун рингга чиққан, аммо жангини россиялик боксчи Александр Поветкинга бой берганди.

Айни ўринда таъкидлаб ўтиш жоиз, Руслан Чагаев ўтган ва шу йил ҳисобидан ўтказган ҳар тўрт рейтинг жанггидан барчасида ғалаба қозонган.

У бундан аввал Би-би-си Ўзбек Хизматига берган суҳбатида, “қатор жанглар ўтказиш билан WBA таснифида ўз рейтингини яхшилаб, шу йил охирларида яна жаҳон чемпионлиги камари учун рингга тушиш” режасида эканини айтганди.

Руслан Чагаевнинг профессионал боксда ўтказган жаъми жанглари сони энди 35 тага етган бўлса, шундан 32 тасида ғолиб чиққан, иккитасида мағлуб бўлган ва биттасини дуранг ҳисоби билан якунлаган.