Афғонистон-Тожикистон: виза, ток, хавфсизлик ва... ...Ўзбекистон

Image caption Тожикистон Афғонистонга савдо, электр ва темир йўл таклиф этмоқда

Ҳомид Карзайнинг Тожикистон сафари бу икки форсийтилли мамлакат орасидаги муносабатлар жипслашаётганига яна бир далолатдир.

Кобулдан олинган маълумотларга кўра, икки раҳбар ўртада борди-келдини кучайтириш ниятида виза тизимини енгиллатиш, Афғонистондаги урушлардан қолиб кетган чегара ҳудудларидаги миналарни тозалаш, сармоядорлар учун суғурта кафолатлари яратиш каби масалаларни гаплашадилар.

Айни дамда, Тожикистонда кутилаётган президентлик сайлови олдидан амалга оширилаётган бу учрашув Президент Раҳмоннинг афғон ҳамкасби қўлловини олаётганини ҳам кўрсатиши мумкин.

Россия хабар агентликлари эса бу икки қўшни давлат раҳбарлари йирикроқ масалаларни мубояса этишлари борасида ёзишмоқда.

Хусусан, Ўзбекистонни четлаб ўтиб, Тожикистонни Афғонистон орқали Туркманистон билан боғлайдиган темир йўли масаласи гаплашиб олиниши ҳақида хабарлар чиқмоқда.

Душанбедаги Би-би-си мухбирига кўра, айни масала кўтарилади, лекин уч қўшни келишиб олган ушбу темир йўлнинг қайси маблағ эвазига ётқизилиши масаласи ҳали тўла ҳал этилмаган.

Шунингдек, Тожикистон ва Қирғизистон яқин келажакда Афғонистон ҳамда Покистоннинг энергияга чанқоқ бозорларига электр қуввати сотиш масаласи ҳам мубояса этилади.

Бироқ ҳали ўз аҳолисини электр билан таъминлай олмаётган бу икки мамлакатнинг яқин орада йирик электр таъминотчисига айланиши улкан савол остида.

Тўғри, Қирғизистонда Қамбарота ГЭСи каскади тўла ишга тушса ва Тожикистон ҳам Роғун ГЭСи қурилишини тугалласа, бу орзу амалга ошиши эҳтимоли катта.

Аммо айни ГЭСлар қуйидаги каттароқ ва кучлироқ қўшни - Ўзбекистон билан орадаги муносабатларни таранглаштирмоқда.

Айрим таҳлилчиларга кўра, ҳозир Афғонистонга электр сотаётган Ўзбекистон ўз бозорини касод қиладиган даражада арзон таннархда электр ишлаб чиқарувчи рақиблар пайдо бўлишини истамайди.

Лекин расмий Тошкент тез-тез зилзила рўй берадиган ҳудудда улкан ва баланд ГЭС тўғони тикланиши ҳамда сувга чанқоқ қишлоқ хўжалиги сувсизликдан қийналиб қолишидан хавотир билдиради.

Президент Ислом Каримов эса сув масаласидаги бу каби ҳаракатлар ортидан минтақада уруш чиқиши мумкинлигидан ҳам огоҳлантирган.

Ҳозир Ўзбекистон Афғонистонга борадиган ва у ердан чиқаётган йирик ҳажмдаги маҳсулотлар ҳамда НАТО жиҳозлари учун муҳим ўтиш нуқтасидир.

Бироқ Кобулнинг Марказий Осиёдаги бошқа мамлакатлар билан алоқалари баъзида Ўзбекистон ҳудудларига боғлиқлиги туфайли турли тўсиқларга дуч келмоқда.

Шундай ҳолатда Ўзбекистон ҳудудини айланиб ўтадиган янги темир йўл ва электр симлари тортилиши Тошкент учун ижобий янгилик дейиш қийин.

Сабаби - бу ҳаракатлар ортидан Ўзбекистоннинг минтақа марказидаги муҳим геосиёсий мамлакат сифатидаги мавқеига дарз етиши мумкин.

Бу мавзуда батафсилроқ