Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Муҳожирлар Россияни тарк этиш йўлини кўришмоқдами?

Россияда ўтказилган омма сўрови муҳожирларга салбий муносабатнинг кучайганини кўрсатган.

Россия Миллий Иқтисод ва Давлат бошқаруви Академияси қошидаги Ижтимоий-сиёсий мониторинг маркази Россиянинг йигирма минтақасида олиб борган сўров натижаларига кўра, аҳолининг ярмидан кўпи муҳожирлар мамлакатнинг иқтисодий тараққиётида салбий рол ўйнайди, деб ишонади.

Охирги сўров муҳожирларга қарши рейдлар ва чиқишлар манзарасида ўтказилган.

Тадқиқот муаллифларига кўра, Россияда ноқонуний муҳожирлар сони қонуний муҳожирлар сонидан 4-8 баробар кўп.

Шу ой бошларида Москванинг Бирюлёво туманида муҳожирларга қарши чиқишлар оммавий тартибсизликларга айланиб кетган эди.

Бибисига гапирган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларидан бирининг айтишича, ҳодисалар ортидан ўзларига қарши кайфият ва таҳқирлашлар кучайган.

Москвада ишлаб юрган самарқандлик Анваржоннинг айтишича, яқинда Федарал Муҳожирлик Хизмати у ишлаб турган поп-корн фабрикасида рейд ўтказган ва 30 нафар ишчиларнинг ҳаммасини "машинага босиб" олиб кетган.

Полиция бўлинмасида уларнинг бармоқ излари олинган ва ҳужжатлари текширилган.

"Ҳаммамиз қонуний муҳожирмиз. Ишлашга рухсатимиз бор. Фақат икки киши вақтида қайддан ўтмагани учун жаримага тортилди", -дейди ўзбекистонлик меҳнат муҳожири.

Унинг сўзларига кўра, кўпгина қонуний муҳожирлар бу каби рейдлардан безган ва ҳозирда Россиядаги ишларини ташлаб, бошқа давлатлардан иш қидиришмоқда.

"Кўчада ола кўз билан қарашаяпти, кўзимнинг олдида бегуноҳ муҳожирларни дўппослашганидан кейин ўзим ҳам кетишга қарор қилдим. Ҳозир бошқа юртларга телефон қилиб, ҳамюртларимиздан иш суриштираяпмиз", -дейди самарқандлик Анваржон.

Унинг айтишича, ватанларида иш топиш истиқоболининг йўқлигига қарамай, Россияни ташлаб кетиш тадоригида бўлган ўзбекистонлик муҳожирлар кўп.

"Ўзимнинг ҳисоб-китобимча, ишлаб юрганларнинг ўттиз фоизи шундай кайфиятда, менинг хонадошларим ҳам қайтиб кетишмоқчи. Ҳозир ўзбекистонликлар ишлаб юрган Туркия, Қозоғистон ва Малайзия каби давлатлардан иш қидираяпмиз", - дейди ўзбекистонлик меҳнат муҳожири.

Айни пайтда Россия Тожикистон билан икки давлат ўртасида меҳнат муҳожирларининг ҳаракатланиши борасида имзоланган ҳужжатларга ўзгартиришлар киритишини маълум қилган.

Интерфакс агентлиги тарқатган хабарда айтилишича, Бош вазир Дмитрий Медведев 2004 йилда имзоланган келишувга ўзгартиришларни ишлаб чиқишга буйруқ берган.

Ўзгаришларга мувофиқ, икки давлат фуқароларига бериладиган ишлаш рухсатномасига 3 йиллик чеклов киритилади.

Ўзбекистон Россия билан меҳнат муҳожирлигини тартибга солувчи махсус келишув имзоламаган.