Uzwebiston: Чорва моллари учун заҳарли эмдори тарқатганлар жазоланди

Ўзбекистонда чорва моллари учун заҳарли эмдориларни тарқатишда айбланган шахсларга ҳукм ўқилган.

12uz.com интернет саҳифаси хабарига кўра, айбланувчилар 3-13 йилгача озодликдан маҳрум қилинган.

Жиззах вилояти жиноят ишлари бўйича маҳкамасига таяниб хабар қилинишича, 2012 йил ёзи охирларида жиззахлик шахс қозоғистонлик жиноий ҳамкорлари ёрдамида Ўзбекистонга 228 мингта чечакка қарши сохта вакцина олиб кирган. Ва уларни кичик миқдордан ўз таниш-билишлари, ветеринарлар ва чорва мутахассисларига тарқата бошлаган. Заҳарли эмдорилар айни шахслар тарафидан бошқаларга ҳам сотилган.

Жиззах вилояти маҳкамаси вакилидан иқтибос келтирилишича, эмдорилар кўплаб чорва моллари қирилиб кетишига сабаб бўлган. Етказилган зарар кўлами жуда катта экани айтилади.

Хабарга кўра, 20дан ортиқ дейилаётган судланувчилар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг бир неча моддаси бўйича айбловларга иқрор бўлишган.

Ўтган йил охирларида Ўзбекистон Давлат Ветеринария хизмати август ойи охири-сентябр ойи бошида Қозоғистондан Ўзбекистонга 198 мингта сохта вакцина контрабанда йўли билан олиб кирилгани аниқлангани ҳақида хабар қилганди.

Ўзбекистон Давлат Ветеринария хизмати мулозими ўшанда эмдорилар таркибида Ауески касаллиги вируси бўлгани аниқланганини айтган.

Эмдориларда "Қўй чечагига қарши вакцина" ва "Бутунроссия Ветеринария ва микробиология илмий-тадқиқот институти" деган ёзувлар бўлган.

Ўзбекистоннинг Жиззах, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларида 45 мингга яқин қўй ушбу қаерда ишлаб чиқарилгани номаълум вакциналар билан эмланганидан кейин касаллангани аниқланган.

Зарурий чораларни кўриш мақсадида чорвачилик мутахассисларидан иборат гуруҳ тузилган ва касаллик тарқалган минтақаларда текширув олиб борилган. Натижада 75 фоиз заҳарли дорилар билан эмланган чорва моллари қутқариб қолингани хабар қилинади.

Бу мавзуда батафсилроқ