Энди далага мажбуран чиқарилганлар пахтадан қайтадими?

  • 23 Октябр 2013

Ўзбекистон ҳукумати мажлисида айтилишича, 21 октябр куни мамлакатда пахта йиғиб топшириш бўйича давлат буюртмаси бажарилган.

Ўзбекистоннинг асосий давлат ахборот агентлиги ЎзА хабарида айтилишича, Тошкентда тўққиз ойлик натижаларга бағишланган ҳукумат мажлиси бўлиб ўтган.

Бу мажлисда Президент Ислом Каримов ёки Бош вазир Шавкат Мирзиеёв қатнашган-қатнашмаганлари ҳақида ахборот агентлиги хабар қилмайди.

ЎзА ахборотига кўра, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг ушбу мажлисида ҳам йил бошидан буён мамлакатда улкан ютуқлар қўлга киритилгани эълон қилинган, бироқ бу маълумот ва рақамларни ким эълон қилгани айтилмаган.

"Қайд этиб ўтилдики, жорий йилда сув билан боғлиқ шароитлар жуда мураккаб бўлганлигига қарамай, агротехника тадбирларининг барча мажмуини ўз вақтида ўтказиш, суғорма сувдан оқилона фойдаланиш ҳамда қишлоқ меҳнатчиларининг омилкорлиги жорий йилнинг 1 октябрига 1,97 миллион тонна пахта хомашёсини етиштириш ва йиғиб олиш имконини берди, 21 октябрига келиб эса – пахта хомашёси бўйича давлат буюртмаси прогнози бажарилиши таъминланди", дея хабар қилади ЎзА агентлиги.

Пахта Ўзбекистон иқтисоди учун муҳим стратегик маҳсулот деб кўрилади.

Шўролар замонида Ўзбекистон етиштирган пахтаси учун марказдан улкан маблағлар олган ва бу маблағлар республика экономикасига йўналтирилган.

Ҳозирги пайтда ҳам Ўзбекистон йилига 3 миллион тоннадан ортиқ пахта ҳосили етиштиради.

Ўтган йили 20 октябрида Президент Ислом Каримов ўзбекистонликларни 3 миллион 350 минг тонналик пахта ҳосили йиққани билан табриклаган эди.

Бироқ йил сайин Ўзбекистон ҳукумати пахта толасини четга сотишдан келадиган валюта даромадларини шаффоф қилиш босими остида қолмоқда.

Ўзбекистонда етиштирилган пахта толасини хорижга сотиш билан ким шуғулланади, йилига қанча даромад келади, даромаднинг қанчаси савдо ширкатлари ҳисобига тушади, деган саволларга мамлакат мустақил бўлганидан буён расмийлар жавоб бермаганлар.

Ўзбекистонлик фермерлар ўзлари учун манфаатли бўлмаган шароитда чигит экиш ва пахта топширишга мажбурланиб келадилар.

Йиллар давомида вояга етмаган мактаб ўқувчилари арзон ишчи кучи сифатида пахта йиғим-теримига жалб этилдилар.

Дунёга машҳур ширкатларнинг мажбурий бола меҳнати туфайли етиштирилган пахтадан тайёрланган матоларни сотиб олишдан бош тортиб, халқаро бойқот кампанияларига қўл урганлари Ўзбекистон ҳукуматини ушбу амалиётдан воз кечишга мажбурлади.

Кейинги йилларда эса давлат бюджетидан молияланадиган идора-ташкилотларнинг ходимларига босим кучайтирилган, улар ўз ишларидан ажралиб қолиши таҳдиди остида пахта йиғим-теримига чиқишга мажбурланмоқдалар.

Шу кунларда Тошкентда ташкил қилинган ярмаркада 12 та хорижий ширкат билан Ўзбекистоннинг 6 та ширкати 670 минг тонна пахта толаси етказиб бериш ҳақида шартномалар имзолашгани ҳақида хабар тарқатди.

Бу мавзуда батафсилроқ