'830 минг ишчи ўрни яратилган бўлса нега миллионлаб ўзбекистонлик Россияда?'

Ўзбекистонда тўққиз ой давомида яна қарийб 1 миллион янги ишчи ўрни барпо этилган бўлса, нега камида 2 миллион ўзбекистонлик оиласини боқиш учун Россияга борган?

Ўзбекистон ҳукуматининг янги баёнотига ана шундай муносабат билдирилмоқда.

Ўзбек матбуоти хабар қилишича, 22 октябр куни Тошкентда бўлиб ўтган ҳукумат мажлисида 2013 йил бошидан буён 833400 янги ишчи ўрни ташкил қилингани айтилган.

Ҳозир Швейцарияда истиқомат қиладиган таниқли иқтисодий таҳлилчи Алишер Таксанов ушбу рақамнинг ҳақиқатга тўғри келишини шубҳа остига олган ва Фейсбукда бу борада ўз мулоҳазаларини эълон қилган.

Алишер Таксановнинг фикрича, Ўзбек ҳукумати айтаётган ишчи ўринлари Ўзбекистон шароитида ишлайдиган киши ва унинг оиласи эҳтиёжини қондирадиган маош билан таъминлайдиган ўринлар эмас.

Бу ўринлар фақат қоғоздагина бўлиши мумкин, дея тахмин қилади Алишер Таксанов.

Би-би-си Алишер Таксановдан, нега сиз Ўзбекистонда 833 минг иш ўрни яратилганига ишонмайсиз, деб сўради.

"Сабаби, мана қаранг, биз Вазирлар Маҳкамасининг мажлисида ҳар йили 960 мингдан 1 миллионтагача янги ишчи ўрни яратилгани ҳақида эшитамиз. Агар 10 йил давомида ҳар йили 1 миллиондан иш ўрни барпо этилса, 10 миллионни ташкил қилади. Халқ хўжалигида эса расман эълон қилинишича, қарийб 12 миллион аҳоли банд. Агар Ўзбекистонда иш билан банд аҳоли 12 миллионни ташкил қилса, ҳар йили янги иш ўринларини ташкил қилиш нимага керак? Балки бу эълон қилинаётган ишчи ўринларининг ўзи йўқдир, деб айтаётганим сабаби шуки, Росстат қўмитаси ва Федерал Миграция хизмати маълумотларига кўра, Россияда қонуний ишлаётган ўзбекистонликнинг сонининг ўзиёқ 2 миллиондан зиёд. Яна ноқонуний муҳожирлар сони қанча? Агар ватанида улар учун янги иш ўринлари ташкил қилинган бўлса, нега улар Россияга кетиб қолишган? Мен бунақа статистик ҳисобот маълумотларини тушунмадим. Ўзбекистон статистикасига қарасангиз, ҳар йил бандлик кўрсаткичлари яхшиланиб бораяпти. Ҳаётда эса биз Россия, Қозоғистон ва дунёнинг бошқа мамлакатларига гастарбайтерларнинг оқими тўхтамаётганини кўраяпмиз. Шунинг учун мен Вазирлар Маҳкамасининг маълумоти ҳақиқатга тўғри келишини шубҳа остига олдим", дейди иқтисодий таҳлилчи.

Ўзбекистон расмийларига кўра, ҳар 2 йилда ўқув муассасаларини битириб, мустақил ҳаётга қадам қўяётган ёшларнинг сони 1 миллионни ташкил этаяпти.

Давлат олдида бу ёшларни ҳам иш билан таъминлаш вазифаси кўндаланг бўлмоқда.

Алишер Таксанов айтишича, Ўзбекистонда маъмурий ресурсларни ишга солиб ширкатларни иш ўринлари барпо этишга мажбурламоқдалар.

"Мен шундай фикрга келдимки, бу иш ўринлари ташкил қилинган бўлса ҳам улар кам маош тўланадиган ишлардир. Мисол учун бир ширкат фаолиятини олайлик. Бу ширкат эгаси 200 доллар маош тўлаб, 5 кишини ишга ёллайман ва бизнесимни юритаман, деб режалаштиради. Бироқ ҳокимлик бу ширкатга яна 2 иш ўрнини очишни буюради ва бу ширкат янги иш ўринларини қолган 5 ходимининг маошини камайтириш эвазига ташкил қилади", дейди Алишер Таксанов.

Image caption Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг аниқ сонини ҳеч ким билмайди.

Нафақат Алишер Таксанов, балки бошқа қатор таҳлилчилар фикрича, Ўзбекистон амалдорлари одамларни иш билан таъминлашдан кўра, ўз шахсий манфаатларини устун қўйишлари мамлакат иқтисодига сезиларли таъсир кўрсатган.

Шўролар замонида 10 минглаб кишини иш билан таъминлаган Тошкентдаги ТАПОИЧ ёки "Ташсельмаш" заводларидан нега воз кечишга қарор қилингани бугунги кунгача ҳам жамоатчиликка ошкор этилгани йўқ.

Пойтахт аҳолиси ва Тошкент меҳмонлари бу улкан ишлаб чиқариш корхоналарининг ўрни текисланиб, гуллар экиб ташланганини биладилар, холос.

"Биз кўплаб завод-фабрикаларнинг биноларида савдо корхоналари очилганини биламиз. Цехлар бузиб ташланиб, уларнинг ўрнига дўконлар ташкил қилинди. Яъни мамлакат маҳсулот ишлаб чиқарадиган эмас, "олгинда-сот" мамлакатига айланди. Тўғри, йирик саноат корхоналарини ушлаб туриш ҳам қийин эди. Шунинг учун 40-50 та одамни иш билан банд қиладиган кичик корхоналарни ташкил қилиш афзал эди. Лекин биз шу ишни ҳам қилмадик. Юқори малакали профессионаллар эса мамлакатни тарк этиб кетишга мажбур бўлдилар. Иш ўринлари ташкил қилиш учун сармоялар керак, ишлаб чиқариш қувватлари керак. Биз бу нарсаларни кўпаяётганини эмас, камайяётганини кўраяпмиз", дейди Алишер Таксанов.

Ўзбекистонда уйида ўзининг чорвасини боқиш билан шуғулланадиган кишиларни ҳам иш билан банд кишилар сифатида қайд қилиш бошланган.

"Бу янги иш ўринлари барпо этиш ёки аҳолини иш билан таъминлаш яхшиланаётганини кўрсатиш учун қилинадиган "қулоғидан тортиб юқорига олиб чиқилган" фактлар. Ўз молини боқадиганларни ҳам банд қилиш рўйхатга олиш - статистика органларининг вазиятни чиройли қилиб кўрсатиш мақсадидаги кўзбўямачиликларидир", дейди иқтисодий таҳлилчи.

Мамлакатнинг пойтахти Тошкент ва йирик шаҳарларда мардикор бозорлари ташкил қилинган, оддий одамлар давлатнинг иш билан таъминловчи идораларига мурожаат қилишдан кўра, мардикор бозорга чиқиб даромад топиш йўлларини афзал биладилар.

Бу мавзуда батафсилроқ