Би-би-сига айтаман: "Сен ўзингни ўзингдан изла"

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK.COM

Сўнгги ойлар рухиятимда қандайдир тушкинлик ситамлари кучая бошлади. Сабаби бир эмасди. Шифокорларнинг айтишича юрак уриши меъёридагидан анчайин тез экан. Даволанишим зарурлигини таъкидладилар. Лекин шу кайфиятда шифохонада қўним топа оламанми, дори-дармон эм бўладими? Бедор кунлар ва тунларнинг бирида хитойлик файласуф Конфуций ҳақида ўқиб қолдим. Унинг “Беседы и суждения” асаридаги биринчи сатрларда шундай деб ёзилганди: “Ўзингга раво кўрмаганни ўзгага ҳам раво кўрма”. Аслида бу ғояга илк бор дуч келаётганим йўқ. Муқаддас Қуръон ва Ҳадисда ҳам бундай ҳикмат такрор ва такрор келади. Аммо айнан бугун, айнан шу ибора менга ўзгача таъсир кўрсатди. Босиб ўтган ҳаёт йўлим кўз ўнгимда намоён бўлди. Мен шундай яшай олдимми? Бу саволга мухтасар ва таскинли жавоб топиш қийин эди. Қалб изтироблари яна кучайди. У малҳам истарди. Ҳаётий тажрибамдан биламан. Бундай пайтда энг таъсирчан даво – саёҳат. Мен Хитойга, донишманд Конфуций зиёратгохлари томон йўл олдим. Балки бу ҳам тақдирдир.

Пекиндан тезюрар поездда Шандон провинцияси (ҳозирда 96 миллион ахолиси бор) маркази Цзинан шаҳрига, ундан яна 180 километр қуйидаги Цюйфу (халқ орасида Кунфу деб ҳам аталади) шаҳрига автомашинада етиб бордим. Цюйфу унча катта бўлмасада (640 минг аҳоли яшайди), қадимий Хитой меъморчилиги асосида қурилган ноёб бинолар сақланиб қолган шаҳарлардан бири эди. Иморатлари асосан икки қаватли, томлари ойсимон шаклдаги сополдан ярим доира ҳолда зеб бериб ёпилган, пешайвонли, ёритгич ўрнига қизил фонуслар осилган, кўчалари тор, тош қопламали Цюйфу тарихий фильмлардаги манзарани эслатади. Цюйфу дунёга машҳур мутаффаккир Конфуций (асл исми Кун-Цю) ватанидир. У эрамиздан аввалги 551 йилда таваллуд топиб 479 йилда 72 ёшида Цюйфуда оламдан ўтган деб ҳисоблайди олимлар. Конфуций ўз номи билан аталувчи таълимот қолдирди. Умрини шу таълимот асосида яшади. 40 йил давомида Буюк Хитой бўйлаб кезди ва ўз ғояларини тарғиб қилди. Ўша замондаёқ унинг таълимоти халқ ва императорлар томонидан ҳаёт тарзи, қоидаси сифатида қабул қилинди. Қабила бошлиқлари, юрт эгалари чексиз ҳурмат кўрсатиб ҳаёт чоғида унинг ҳузурига таъзимга келдилар, ўлгандан сўнг эса хилхонаси зиёратгоҳга айланди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK.COM

Конфуций таълимоти

Хитойнинг қадим замон фикр машъаласини ёққан мутафаккири исми Кун Цю бўлган. Аммо унинг илмдаги устунлик мақомига ишора қилишиб Кун Фу Цзи, яъни устоз Кун деб атаганлар. У император Чжо Чэнван авлодидан, 63 ёшли ҳарбий саркарда Шулян Хэ ва унинг 17 ёшли канизаги Ян Чженцайдан оламга келган. Бир ярим ёшида отасидан етим қолади. Онасини кундошлар сиғдирмагач, зодагон хонадонидан чиқиб кетадилар. Шу тариқа у жуда ёшлигиданоқ қорин тўйдириш учун ишлашга мажбур бўлади. Аммо узоқ тунлари онасидан эшитган отасининг жасорати, буюк ишлари ҳақидаги хикоялар унга тинчлик бермайди. Зоти мақомига мослигини тиклаш учун киборлар даражасини эгаллаш йўлида тинмай меҳнат қилади. Аввало илмини оширади. Ундаги ғайрат, сабот, ҳалоллик ва меҳнатсеварлик зодагонлар томонидан эътиборга тушади. Тез орада Кун Цю дон йиғиш ва тарқатиш масъулларидан бирига айланади. Лекин салтанатдаги амалдорларнинг адолатсизлиги билан чиқиша олмагач ўзини шогирдларига таълим беришга бағишлайди. Конфуций ҳаёти даврида кўп китоблар ёзган, таҳрир қилган деган маълумотлар келтиради, олимлар. Замонлар оша етиб келган “Чунцю” (“Бахор ва Куз”) китоби унинг қаламига мансуб деб ҳисоблайдилар. “Ши-цзин” (“Шеърлар китоби”) эса унинг таҳриридан ўтганлигига далил келтирилади. Асрлар оша халқ орасида унинг номини машҳур қилиб келаётган “Лун Юй” (“Суҳбат ва мулоҳазалар”) китобини эса Конфуцийнинг шогирдлари устоз ўлимидан сўнг сабоқ чоғи эшитганларини тўплаб битиб бунёд этганлар. Бу китоб XVII асрда лотин, сўнгра инглиз, француз тилларига таржима қилинган. Ҳозирда дунёнинг кўплаб халқлари тилида ҳам чоп қилинган.

Конфуций таълимоти ибодатга дахлдор эмас. У одамзот ҳаёт тарзини ўзининг дунёқараши билан меъзонлашга ҳаракат қилган. “Ўзингга раво кўрмаганни ўзгага раво кўрма” шиори Конфуций ғояларининг марказида туради. Пок инсонда беш хислат бўлиши, у умрини шу тамойил асосида яшаши керак, деб уқтиради мутафаккир.

Биринчи қоида – одамларга муҳаббат, меҳрибонлик, инсонпарварлик. Буни у одамда одамийликнинг бошланиши, деб таърифлайди. Инсон ўзининг ахлоқий бурчини англамай туриб ўзини англай олмайди, дейди у. Инсон ўзини ўзидан топади, деган қоидани таклиф этади. Бу нарса инсонни ҳайвондан фарқлайдиган, разолат, жаҳолатга қарши тура оладиган фазилатдир дея уқтиради. Конфуций таълимотидаги биринчи қоиданинг рамзи деб Дарахтни танлайди.

Иккинчи қоида – ҳақиқат, адолат. Инсон яхшиликка яхшилик билан жавоб қайтариши лозим. Ҳақ сўз, ҳақ амал ҳамиша ғолиб. У инсонга қатъийлик бахш этади, худбинликка қарши туради, дейди файласуф. “Оқил одам адолат излайди, пасткаш эса манфаат”, дейди Конфуций. Адолат рамзи деб Темирга ишора берадилар.

Учинчи қоида – удм, одат, анъанага содиқлик. Масалан, ота-онага ҳурмат кўрсатиш. Бунда Конфуций жамият бирлиги, ўзаро ҳамжихатлик ва ҳурмат-эътиборни, халқона урф-одатга қатъий риоя этилишини, ижтимоий ҳимояни назарда тутган. Олов ҳаммага баробар иссиқлик ва ёруғлик таратади дея уни рамз сифатида белгилаган.

Тўртинчи қоида – соғлом фикр, донолик, оқиллик, ўз хатти-харакати оқибатларини олдиндан кўра билиш, ўзига четдан қарай ва баҳо бера олиш. Унга кўра инсон ўз фазилатларини меъёрлаштиради, қайсарлигини жиловлайди, аҳмоқликка қарши туролади. Барча нарсани поклаш қудратига эга Сув унинг рамзи дедилар.

Бешинчи қоида – самимият, пок ният, ҳур фикр, сахийлик ва виждонлилик. Инсон худбинликни четлай олади, дейди Конфуций ва саховатли Ерни шундай фазилатлар рамзи деб таърифлайди.

Цюйфуда Конфуций номи билан боғлиқ учта зиёратгоҳ бор. Булар Конфуцийга таъзим Кунмяо саройи, Конфуций ва унинг авлоди яшаган Кунфу мавзеси ҳамда Конфуций дафн этилган Кунлин қабристонидир.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK.COM

Кунмяо

Бу ерга келган минглаб сайёҳ ва зиёратчилар шаҳар қалъаси бош дарвозасидан ўтгач, дастлаб Кунмяо ибодатхонаси мажмуасига йўл оладилар. Кунмяо тўққизта сарой, 466 та алоҳида иморатдан иборат. Мармар тошдан безалган 54 та арк дарвозалардан бирин-кетин ўтиб, мажмуа тўрида жойлашган таъзим саройига борасиз. Уни Дачен Дян дуолар ижобат саройи деб ҳам атайдилар. Эни 34, узуни 54 метрли, тўғри тўртбурчак шаклда қизил ғишт ҳамда қизил темир дарахтдан (уни Хитойда Бай Шу деб атайдилар) баланд ва кўркам қилиб қурилган. Тарихчиларнинг ёзишича Дачен Дян саройи эрамиздан аввалги 478 йилда, Конфуций вафотидан бир йил ўтиб қурилган. Сарой ўртасида Конфуцийнинг яхлит дарахтдан ясалган улкан ҳайкали қўйилган. Сарой олд майдончасида эса икки метр баландликда тош супа бор. Бу ерга таъзимга келган император ва амалдорлар шу тошсупада жонликни қурбонлик қилганлар. Кунмяо тарихида Хитойнинг 11 та императори 19 бор пойтахтни қолдириб Цюйфуга, Дачен Дян саройига Конфуций руҳига таъзим қилгани келганлар.

Зиёратчилар дастлаб оловдонда гиёҳ баргларини ивитиб эшилган чамаси 40-50 сантиметр узунликдаги тутотқини чўғлатиб оладилар ва махсус шамдонга ўрнатиб ҳайкал қаршисида чап қўл кафтига ўнг қўлни муштлаб босадилар ва таъзим бажо келтирадилар. Сўнгра пастроқ супачага тиз чўкиб икки қўл кафтларини бир-бирига босиб бош эгганча Конфуций руҳидан мадад сўрайдилар. Мажмуа таркибида умрининг сўнгги йиллари Конфуций шогирдларига таълим берган дарсхона, китобхона, мўжизакор қудуқ ва бошқа иморатлар сақланиб қолган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK.COM

Кунфу

Конфуций туғилиб ўсган, умрининг охиригача яшаган уй, кўча ҳамон аслича сақланиб қолган. У қазо қилгач, император фармонига кўра бу мавзеда фақат унинг ўғил зурриётлари, яъни ўғил фарзанд, ўғил набира ва ҳ.к. улардан оламга келган фақат ўғил авлодлар яшаш хуқуқига эга бўлганлар. Турли замонда мутафаккир авлодлари бири-бирига туташ иморатлар, саройлар қурганлар. Конфуцийга бўлган чексиз эҳтиром туфайли Буюк Хитойнинг учта императори ўз қизлари – мамлакат маликаларини унинг авлодлари бўлган невара, чевара, эварасига хотинликка берганлар.

Кунфунинг тор кўчаларидан бирида оддий ва камтарона, чоғроқ ҳовли бор. Бу Конфуцийнинг уйи. Фалакнинг гардишини қарангки, у яшаган замондан салкам йигирма олти аср ўтиб менга шу хонадон дарвозасидан остона ҳатлаб кириш насиб этди. Тош ва ғиштдан пастқамгина анъанавий усулда қурилган икки хона олди айвонли ҳовли. Мен уй жиҳозлари, айвон шифтлари, ҳовли деворларидан ғайритабиий нимадир ахтараман. Лекин тополмайман. Ҳаммаси оддий. Хўш, унда миллат устози, буюк мутафаккирга нима илоҳий руҳ берган? Оддийлик, тўғрилик, адолат, меҳрибонлик, садоқат абадий ҳақиқат эканини қандай қилиб, қайси куч таъсирида англаган ва шу меъзонлар асосида халқчил таълимотни яратган? Ахир у пайғамбар бўлмаган. Демак илм истаган, хаёт сабоқларидан ҳикмат топган.

Кунфудаги ҳовлилардан бирида мўъжизавий дарахт ўсади. Бу ҳовли Конфуцийнинг XIX асрда яшаган 74-авлодига тегишли экан. Дарахт илдизидан 6 та новда ўсиб чиқиб бугун улкан танага айланган. Қизиғи шундаки, ўртадаги тана - Хуайшу ва уни қуршаб турган қолган 5 та тана - Пайшу дарахтига тегишлидир. Лекин улар бир илдиздан озиқланиб ўсяпти. Бу мўжизани Конфуций таълимотидаги “Инсоннинг ранги, эътиқоди турлича бўлиши мумкин, лекин яхшиликнинг илдизи барчасида биттадир” деган хикматига қиёслайдилар. Кунфуда икки ярим минг йил давомида Конфуцийнинг 77 авлоди 1935 йилга қадар яшади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK.COM

Кунлин

Тор кўчалар, қадимий бинолар шаҳар четидаги дарахтзор боғга туташган. Аслида уни кичикроқ ўрмонга қиёслаш мумкин. Чунки бу ерда ёши минг йилдан ошган дарахтларнинг ўзи 20 мингтадан зиёд экан. Ва яна юз мингта юз йиллик темир дарахтлари бўлган 200 гектарли Кунлинни боғ деб аташ ўринли бўлармикан? Кунлин – дунёдаги энг қадимий қабристон. Бу ерга эрамиздан аввалги 479 йилда (яъни 2493 йил муқаддам) илк бор Конфуций дафн этилган. Шундан сўнг унинг минглаб авлодлари, империя зодагонлари шу қабристондан абадий қўним топди. Ҳозир Кунлинда юз мингдан зиёд қабр, 3600 та улкан қабртошлари, 200 та ҳайкал, 5000 дан зиёд тошбитиклар мавжуд.

Кунлиннинг биринчи дарвозаси тош пештоқига Конфуцийнинг ҳикматли сўзлари ўйиб ёзилган: “Инсон ўлади, лекин уни ўн минг йиллардан сўнг ҳам танийдилар. Авлодлари юрагидан.”

- Қабристон атрофи ишлов берилмаган мармартош қопланган каттагина анҳор билан ўралган. Асосий дарвозадан киргач кенглиги 8 метрлар чамаси икки четига ғоят нафис нақшлар ишланган тошлардан тўсиқ қўйилган кўприкдан ўтасиз. Кўприк текис эмас, ариқсимон бўлиб, ярми – энг тик жойигача зиналардан иборат, иккинчи ярми, пастга тушиш эса текис қилиб ишланган. Бу шунчаки меъморий безак эмас, балки инсон умрига қиёс. Зиналардан маълум манзилга кўтарилгач бир кун пастга қараб-абадият қарига кетасиз деган маънога ишора.

Шу кўприк қурилганига ҳам икки минг йил бўлибди. Эзгулик мангулик деганига шу кўприк шоҳид. Ундан миллионлар қатори отларини ташқарида қолдириб 11 та Хитой императорлари ҳам қадам босиб ўтган. Миллат устозига ҳурмат бажо келтириб, шоҳона кийимларини шу кўприк ёнидаги мўъжаз ҳовлида алмаштириб эл-улус қатори кийиниб сўнг қабр томон йўлга тушганлар.

Зиёратгохгача 4 та муҳташам дарвозадан ўтиб бориш зарур. Дарвозалар икки қат: ички ва ташқи. Ташқи, очилиб ёпиладиган ва қулфланадиган дарвозадан киргач ўртада тўсиқ учун қўйилган ички дарвозага дуч келасиз. Уни ёнидан айланиб ўтилади. Сўнгги, тўртинчи дарвозага бориладиган йўлак ёнига тошдан ясалган 2 та шер ва 2 та аждарҳо ҳайкаллари қўйилган.

Ривоятга кўра бу ерга ёмон ниятли одам келса қўриқчи аждаҳолар оғзидан олов сочар экан. Яна икки қўриқчи – “яхшилик руҳи” ҳайкали орасидан ўтиб асосий зиёратгоҳ Конфуций қабри ёнига борасиз. Унга кўзим тушиши билан вужудимни ғайритабиий ҳаяжон чулғаб олди. Қабр диаметри 12, баландлиги эса 6 метрли тепаликдан иборат эди.

Олимларнинг қайд этишича ўша даврда энг юксак мартабали амалдоргагина(юрт эгаси, император) вафот этгач шундай қабр тепалиги бунёд этганлар. Конфуций эса ақл-заковати билан мамлакатда шундай даража топган эди.

Қабр тепалиги пойига иккита битик тоши қўйилган. Уларнинг бирига 1244 йил санаси муҳрланган. Тошга “Етук мутафаккир қабри” деб ёзилган. Иккинчи битик тош 1443 йилга мансуб эди.

Қабр тепалиги, қабртошлари анвойи ҳид таратаётган янги узилган гулларга кўмилган. Зиёратчилар бу ерда ҳам чап кафтларига ўнг муштларини босиб саломлашгач, кафтларини жуфтлаб илтижоли тилакларини тилга олардилар. Қишнинг изғиринли, совуқ кунлари бўлсада одамлар оқими гўё ҳеч тугамайдигандек эди.

Мен четроқдаги бир тош супада хаёл суриб ўтириб қолдим. Мени бу зот зиёратгоҳига нима етаклади? Дарахт, Темир, Олов, Сув, Ер. Булардаги уйғунликни, абадиятни англай олдимми? Конфуций дейди: “Сен ўзингни ўзингдан изла!” Мен бу ғояларга, унинг ижодкорига сиғингани келмадим. Зеро Конфуций таълимоти дин эмас. У ўзликни идрок билан топиш, кашф этиш, ҳаёт ва инсониятнинг ҳақиқат қонунларини англашга даъват этган холос. Шуларни ўйлаб, руҳимда енгиллик ҳис қилдим.

Муҳаммаджон Обидов,Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.Фарғона – Пекин – Цюйфу

Илова ўрнида ёки Конфуций оёғини уқалатганми?

Цюйфу сафари чоғи мен учун кутилмаган воқеа ҳам рўй берди. Ҳамроҳим Жиан Хао Чен тўсатдан шундай деди:

- Цюйфуда Конфуций замонидаги услубларни қўллаб оёқ уқаловчи сулола давомчилари бор. Омадингиз чопса, унинг қабулига кириб қолишингиз мумкин.

Бу ҳақиқатан ҳам одамни оғдирадиган таклиф эди. Цюйфунинг қадим кўчаларини кезиб ахийри уста У Шу Тинни топдик. Жиан Хао Чен навбат кутиб турган мижозлар билан анчайин тортишгач, бизни олдинга ўтказишди. Уқалаш хонаси иккига бўлинган, уларнинг бирида аёлларни қабул қилар эканлар. Ниҳоят мен кўрсатилган супачага ўтирдим.

Тафсилотнинг мавриди эмас. Аммо асосий гапларни айтмасам бўлмас. Дастлаб кенгина ёғоч пақирдаги гиёҳ солинган сувда оёқни бир муддат “ивитди”. Сўнгра мени қулай ҳолатда ётқизгач, тиззадан оёқ бармоқларгача уқалай бошлади. Ҳар бир ҳаракат албатта олдига қўйилган 5-6 хил гиёҳ мойига қўл теккизиб амалга ошириларди. Бармоқларнинг бири қаттиқроқ ботса, иккинчисида майинлик сезасан киши. Тўпиқдан бармоқлар оралиғи, бўғинлари, тирноқ ости, тирноқ олди, таг кафт, товонгача уқалаб келганда баъзида, айниқса оёқ кафтининг аниқ нуқталари босилганда икки-уч бор оғриқдан инграб юбордим. Шунда:

- Ошқозонингиз овқат ҳазм қилиши қийин, кам ухлайсиз, жигар атрофини ёғ ўраган, ўнг елкада эса туз билан боғлиқ бўлмаган муаммо бор. Мутахассисга учрашиб даволанишингиз керак,-деди У Шу Тин.

- Танамдаги касалликнику топдингиз. Лекин уларга оёқ уқалашдан наф борми? – сўрадим мен.

- Сиз мисолингизда айтсам, оёқ уқалаш муолажаси оғриқ зўрайиши олдини олади, касаллик ривожланишига йўл қўймайди. Агар аввалроқ ҳафтада бир бор менинг муолажамдан фойдаланганингизда эди, бундай хасталик сизда учрамаган бўларди.

У Шу Тин саватчадан учи тўмтоқ тош нуқтани олди ва диққатини жамлаб оёғим остида қандайдир йўналишлар бўйлаб юритди. Бош бармоғим остидаги бир нуқтани топиб 2-3 дақиқа ўша ерга босиб турди. Гўё оёқларим ҳарорати кўтарилиб, иссиқлик тана бўйлаб тарқаётгандек туюлди. Оромли ҳислар оғушида ухлаб қолдимми, уйғоқманми, аниқ билмасдим. Оловнинг тафтидан кўзимни очдим. У Шу Тин ангишвонадан каттароқ шиша идишни оловда қизитгач, товонимдан кафтимгача терини сўрдириб сидирди. Соатга қарадим. У Шу Тин қирқ дақиқагача оёқларим билан “олишди”. Муолажа сўнггида қайноқ сувга ботирилган момиқдек юмшоқ юнгли матода оёқларимни ўраб қўйди. Икки-уч дақиқадан сўнг туришим мумкинлигини айтди.

Билмадим, У Шу Тиннинг оёқ уқалаш услублари нечоғли Конфуций даври билан боғлиқ, аммо Цюйфу аҳолиси айтиб берган ривоятларга кўра буюк мутафаккир ҳам шундай муолажани қабул қилиб турган.