Қамоқдаги битиклар: Мамадали Маҳмудов. Ой нури

  • 25 Октябр 2013
Image caption Мамадали Маҳмудов 14 йиллик қамоқдан сўнг, шу йил апрелида озодликка чиқарилган

Би-би-си Ўзбек Хизмати атоқли адиб Мамадали Маҳмудовнинг қамоқхонада ёзилган туркум асарларини эълон қилишни режалаган. Эътиборингизга ҳавола қилинаётган "Ой нури" романини адиб 2012 йилда, Чирчиқдаги жазо муассасасида ёзиб тугатган.

(Воқеий роман)

“Эзгу фикрловчи кўмак сўраб, кимга мурожаат қилади?

Қонун кимнинг қўлида? Ёвузлик коҳинлари қўлида...

У бойликни эгри йўл билан эгаллаб олди.

Ким уни ҳукмронлик ва ҳаётдан улоқтириб ташлайди?”

Зардушт

“Қонунлар кишиларни қўрқитиш учун эмас,

уларга ёрдам бериш учун яратилган”.

Вольтер

“Ҳар қандай сохта ҳукумат

сўз эркинлигидан қўрқади”.

Н. Бердяев

1

Ҳар куни Сталиннинг мана бу гапи “Правда”, “Известия”, “Комсомольская правда” газеталарида босилади:

“СССР – эрксевар мамлакат. Дунёда унга тенг келадиган давлат ҳам, куч ҳам йўқ. Биз бунга биринчи галда Компартиямизнинг доно сиёсати ва улуғ рус халқининг етакчилигида эришдик.

СССРда барча эл, элат тенг, тинч, тотув, тўкис яшаяпти. Бу дўстликни дунёда ҳеч ким ва ҳеч қандай куч бузолмайди.

Дўстлигимиз абадий!”

Кун бўйи шу, шу хилдаги сўзлар СССР радиоларида янграйди. Бунга жавобан Ғарб ва Океан ортидан кесатиқлар келади:

“Кўпик...”

“Қуруқ арава шалдирайди”.

2

Мен ҳали бола эдим. Лелин, Сталин, радио, газеталарга инонардим. Оврўпо билан Американи “кўролмаяпти” деб ўйлардим.

Биз тоғ тўрида, кўкламда турли-туман чечаклар, кўм-кўк ўтлар билан яшнагувчи, ёзда қўнғир тусга киргувчи, этагида тошқин сой оқгувчи тепа устида, ярим йиқиқ уйда яшардик. Бу ерга ҳали “Ильич нури” етиб келмаган эди. “Ильич нури”га ғарқ ўзбек кент, кентчалари ўрис ва бошқа келгиндиларга тўлиб-тошгани ҳақида гап юрарди. Бироқ ҳали мен тирик ўрисни кўрмагандим.

Рус уруғи анқо Боғдонда КПСС, Ленин, Сталин, “Улуғ оға”га шарафлар ёғиларди.

Мактабда ҳам.

Дарсдан олдин Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси гимнини куйлардик:

“Ассалом рус халқи – буюк оғамиз,

Ассалом доҳиймиз – Ленин жонажон...”

Мадҳиядан кейин ҳамду сано айтардик:

“Ленин бобомиз,

Сталин отамиз...”

Сўнг порлоқ ҳаётимизни мақтардик.

Оврўпо билан Американи ёмонлардик:

“Айниган дунё”...

“Капитализм – инсоният душмани”...

Бу мақтов, ёмонловларни мендан эшитган онам қовоғини уяр, бироқ оғиз очмасди. Мен эса бунинг сабабини ундан сўрашга тортинардим. Фақат бир гал онам ўзини тутиб туролмади, портлади:

– Ёлғон!

– Нимага, Она? – мен таажжуб ичра сўрадим.

– Мақтовлар.

Ўлганининг кунидан мақтайди.

Қўрққанидан мақтайди.

– Кимдан?

– Сталиндан,

ГПУдан.

Йигирманчи йиллардан бери Юрт бузилган арининг уясидек тўзғияпти:

Қулоқ...

Сургун...

Қамоқ...

Қийноқ...

Қатл...

Эркаксиз кулбалар ҳувиллаб қолди,

Хотинлар тул қолди,

Болалар етим қолди,

Оч-яланғоч қолди.

Уй-жойсиз қолди.

Буни ўзимизнинг мисолимизда ҳам кўрмаяпсанми, ўғлим? Мен сени кузатувчан бўлишингни истайман, оқни қорадан ажратишингни истайман.

Онамнинг бир марта бўлса-да, ёлғон сўзлаганини эслолмайман. Шунга қарамай, эл-юрт мақтаётган нарсани ёлғиз онам томонидан “ёлғон” дейилиши, менинг кўнглимга иккиланиш уруғини сепди. Мен ўйланиб қолдим. Онам гапини улади:

– Эл дейувчи кишилар ёт элларга қочиб кетдилар.

– Шу тўғрими, Она?

– Ноиложликдан қочиб кетишди. Бўлмаса уларни: “Халқ душмани” деб отишарди.

– Ишонгим келмайди.

– Тузум уларнинг “Эрк” дегувчи ғояларидан қўрқади,

Ақлларидан қўрқади,

Элни қўзғатишларидан қўрқади.

Ёлғон, туҳматлари фош бўлишидан қўрқади.

“Қўрқоқ олдин мушт кўтаради”, дейди эл.

Оврўпога туҳмат қилаяпти.

Америкага туҳмат қилаяпти.

Эрксевар кишиларга туҳмат қилаяпти.

Улғайсанг, бунинг тубига етиб оласан, ўғлим.

Ҳозир тилингга маҳкам бўл. Одам орқасига одам қўйилган. Қўйилганларга ҳам қўйилган... ҳалқа... Эл оғзига бўғов солинган. Унутма, улуғ отанг Аҳмат Оқсоқолни ҳам ГПУ дорга осган. Чунки у Элни дейувчи киши эди.

Бундай онларда мени ўй чулғаб оларди. Кўнглимда иккиланиш уруғи уна бошлаганини ўзим ҳам сезмасдим.

Иккиланиш уруғи...

Онам бўш пайтларида бадиий китоблар ўқирди. “Алпомиш”, “Гўрўғли”, “Кунтуғмиш” достонларини ёд биларди. Кечмишни севарди...

Онам!..

Менинг дунёда кун кўрмай ўтаётган Онам!

Меҳрибон Онам!

У Ғўддим тоғи этагида Катта Турк[1]қишлоғида, ўзини тамиз турк билгувчи Искандар Турк оиласида туғилган. Боғдонликлар каби бобом ҳам Қорамон уруғидан эди. Салжуқли туркларда шундай сўз юрган:

“Қорамоннинг қўйини,

Сўнгра чиқар ўйини...”

Бунинг маъноси шуки, 1443 йилда Константинополни[2]олишда Қорамонлар бизансларга қарши ҳийла ишлатадилар: қўй терисини ёпинган ҳолда (қўй шаклига кириб) қўққис ҳужум қиладилар ва уларни енгадилар. Шунда Фотиҳ Султон (Маҳмат Султон) шу гапни айтади:

“Қорамоннинг қўйини,

Сўнгра чиқар ўйини...”

Искандар бобом Туркияда ўқиган ва усмонли турк қизига уйланиб қайтган. Онамнинг айтишича, момом (Ўғуза) сулув ва ўқимишли бўлган. У сочини (узунлигидан) сандалга чиқиб юваркан. Менинг раҳматли гўзал Роҳат опачам Ўғуза момомга тортган. Унинг ҳам кўзлари мовий эди.

Отам – Маҳмуд Аҳмат Оқсоқол ўғлини эслолмайман. Уни Боғдонда “Маҳмуд узун” деб атаган. Бу нисбат отамга фақат бўйи узунлиги учун эмас, балки, ўткир ақли учун ҳам берилган. Унинг отаси қулоқ этилганига қарамай, у тоғ бегиси бўлиб ишлаган. 1943 йилда урушга кетган. Шунда онамга ушбу гапни айтган:

– Мен Олмонни босқинчи демайман. У Худосиз тузум зулмидан қон қақшаётган элларни озод қилиш учун юриш қилган. Балки, бу Тангри истагидир. Чунки СССР – Халқлар бўғови. Мен сенга Олмондан хат ёзаман... Ўғлимизни асра, Саодат. Эсингда тут: “От ўрнини той босади”.

Отам қайтмади. Балки Олмонда қолгандир?

“СССР – Халқлар бўғови”.

Мен буни ҳали тушунмасдим. Онам қайғу-алам билан дерди:

– Туркистон каби кўп юртлар бўғовланган. Тор тушовлаб, узун арқонлаб қўйилган. Москванинг чизган чизиғидан чиқмайди. Чиқишга уринса, уни мажақлаб ташлайди. Бунга Хунгария[3]бир мисол. Будапешт танклар ғилдираклари остида қонга қорилди.

Улуғ отангнинг мана бу сўзлари ҳамон эсимда:

“Сталин – Қонун.

Қонун – Сталин.

Қонун – Сталинга қурол”.

Бутун Куч ишлатар ташкилотлари-ю оммавий ахборот воситалари Сталиннинг яроғи.

Сталин шулар билан тирик.

Лекин?..

Сталинни қўллаётганлар ҳам, “Халқлар отаси” деб улуғлаётганлар ҳам ундан зада.

Бутун қарам эллар зада.

Дунё зада”.

Онам бобомни эслаб юм-юм йиғларди. Сўнг кўзёшларини эски, тоза қўлрўмолчаси билан артиб дерди:

– Халқлар зулм, очарчилик, ўлатлар исканжасида бўғилмоқда. Ҳамма ёқда зорлик, хорлик, зўрлик ҳукмрон. Бизнинг уйда ҳам...

Қандоқ яшардик! Боғ, чакалак, йилқи, қўй, эчки, мол... Бор-будимизни НКВД тортиб олди. Энди?.. Энди бир бўлак нонга зормиз.

Онам ҳақ эди:

Ойда-йилда қозонимиз бир қайнарди.

Уст-бошимиз ҳам аянчли эди.

“Она, нон!” деб йиғлардим.

Бундай онларда онам эзилиб кетарди.

Энди буни ўксиб эслайман.

Йўқлик, иложсизлик ўрамида қолган онам кўз олдимга келади:

“Она, кечиринг!” дейман куйиниб.

Кўзларим ёшга тўлади.

Бироқ?..

Бироқ, энди кеч.

Вақт қайтмайди.

Ўтган қайтмайди.

3

Очликдан кунлар қирқоёқ юришидек имиллаб кечади.

Оғир кечади.

Кишига тоғ, дара, ўрмонлар ҳам, булоқ, сой-ирмоқлар ҳам, ҳатто улардан ҳам гўзал нарсалар файзсиз кўринади. Ўйин-кулги, куй-қўшиқлар ҳам ёқмайди. Ақл, онг, идрок деганлари моғорлайди. Юз-кўз, гап-сўз, хатти-ҳаракатлар қаримсиқ тусга киради. Очун туманли, тунд кўринади.

Балки, Москва мияларни бўғовлаш учун ҳам элларни сунъий тарзда очликда сақлар?

Онамнинг таъсирида туғилган ушбу фикр узун замон кечароқ ўз тасдиғини топди. Марказий газеталар (“Правда”, “Известия”, “Комсомольская правда”)да бу тўғрида ёзилди. Ҳатто даҳшатли очликдан кишилар одам этини еганлар:

“Янги қабрлар очилиб, ўликсиз қоларди...”

Сталин ҳақидаги латифа ҳам дунёга ёйилади:

Сталиннинг буйруғи билан Кремл қописининг (дарвозасининг) икки томонига икки улкан ит занжирлаб қўйилади:

Бири тўқ.

Бири оч.

Сталин (Политбюро аъзолари билан) қопидан ичкарига киради. Тўқ ит занжирини узгудай бўлиб, ер титиб, вовуллаб уларга ташланади. Сталин итга суқ бармоғини нуққан ҳолда Политбюро аъзоларидан сўрайди:

– Кўраяпсизларми, у қандоқ хавфли?

Политбюро аъзолари бир овоздан жавоб қайтаришади:

– Кўраяпмиз.

– Нимага? – сўрайди “Буюк Доҳий”.

– Тўқ, – бир овоздан жавоб беришади аъзолар.

– Шундан қўрқиш керак! – таъкидлайди “Халқлар отаси”.

Оч ит эса ётган жойидан қимирламайди. “Бир бўлак нон бер”, дегандай Сталинга мўлтираб боқади. Сталин оч итга суқ бармоғини нуқади ва Политбюро аъзоларини саволга тутади:

– Кўраяпсизларми, у қандоқ ювош?

Политбюро аъзолари бир овоздан жавоб беришади:

– Оч.

– Халқни ҳам шундай ушлаш керак! – дейди генералиссимус Сталин.

Менимча ҳар бир латифа қатида маълум ҳақиқат ётади. Бу латифадан келиб қаралса, “Халқлар отаси” халқдан қўрққан. Буни юзлаб соқчилари-ю “эгизак”лари (двойниклари) бўлганидан ҳам билса бўлади. Бу ҳақда Сталин ўлимидан кейин марказий газеталарда очиқ ёзилади. Тўғри, “Доҳий”дан манфаат кўрган битта-яримта маддоҳ, ялоқлар Сталин қирғинини[4]“Тўғри бўлган, – дейдилар. – Йўқса, давлатни сақлаб қололмасди”. Мен бундоқ тўнкаларга Муҳаммад пайғамбарнинг қуйидаги сўзи билан жавоб берганман:

“Одамлардан тўғрилик ва ҳалоллик талаб қилишдан олдин, тўғри ва ҳалол жамият қуриш лозим”[5].

Мен яна шуни сездимки, очлик, тушкунлик, умуман, қийин дамларда кимнингдир ёки ниманингдир турткиси сабабли одамда бир умид уйғонади. Шунда у яшариб кетади. Унга борлиқ нурга тўлгандай туюлади. Мен буни онам мисолида кўрдим.

Аянчли кунларнинг бирида онам Учқулоч олтин конига яёв бориб қайтди. Севинганидан унинг қоралуранг кўзлари порларди. Хурмадан андоза олган хиёл қалин дудоқлари садаф тишларини кўрсатароқ юмилмасди. Шу онда у менинг наздимда гулга бенгзарди. Очунда ундан сулувроқ хотин йўқдек туюларди. У мени қайноқ бағрига босди. Манглайимдан ўпди ва қувонч тўла овозда деди:

– Мен ишга ўтдим, ўғлим! Энди оч қолмаймиз. Отангнинг олдида ҳам юзим ёруғ бўлади.

Онам ҳамон отамнинг қайтишига умид боғлаб яшарди.

У икки ўрим сочини турмаклаб олди, бошига олма гулли рўмолини ташлади ва сўнг менинг сочимни силаб деди:

– Эртага Олтинконга кўчамиз!..

4

Олтинкон...

У Боғдондан икки тош этакда – чағир тошли чўл адоғида – пастқам тоғлар оралиғида жойлашган.

Олтинконда чуқурлиги уч қулочча келадиган бир қудуқ бор. Унинг булоқникидек тиниқ, чучук суви озаймайди ҳам, кўпаймайди ҳам, бир теранликда туради. Олтинкон шу қудуқ оти билан аталади: “Учқулоч”.

Уч қулочдан анча қуйида тағин адирсимон тоғ тизмалари қад кериб турибди. Ундан нарёғи адоқсиз Қизилқум. Сўнг Қозоқистон.

Биз қудуқдан икки юз қадамча юқорида, ўрликда жойлашган бир ташландиқ ертўлани макон айладик. Онам билан мен уни ўз билганимизча тузатдик, оҳакладик, супуриб-сидирдик ва унга “Ильич нури” улатдик. Шунда менга кулбача қасрдек туюлди.

– “Ильич нури” ғаройиб-да! – онам ёш боладай қувонди.

– Мўъжиза, – дедим мен.

Онам ош қилди. Бундан олдин қачон палов еганимизни эслолмайман. Балки бир йил ўнжадир? Балки, ундан-да кўп... Ошни тўйиб едик. Унинг тотли таъми ҳалигача оғзимдан кетмагандай.

Ўтган йили ёзда, таътилда Учқулочда (топографга ёрдамчи) ишлаган эдим. Ўшанда бу ошёнда ҳаёт бўрон каби гувуллаб, қайнаб-тошаётганини кўрдим. Ғиж-ғиж одам. Асосан ёшлар. Адашмасам, уларнинг саксон-тўқсон фоизи ўрис ва бошқа келгиндилар. Қолгани ерли. Ҳамма тармоқ бошлиқлари руслар. Ҳатто шахта, бурғу цехларининг ҳам. Уларнинг ерликларга паст назар билан қарашларини шунда яққол сездим ва онамнинг ҳақ эканлигини бир қадар англадим.

Ҳар куни можаро...

Мени ҳайрон қолдирган нарса: “Улуғ оға” ҳар гапида сўкиниб гапиради. Ва топганини ичади. Бу менда ажабланиш ила жирканиш туйғуларини уйғотди.

Учқулочда (Боғдонга солиштирганда) яшаш шароити яхши; “Ильич нури”, “Маданият уйи”, ҳаммом, футбол, волейбол, баскетбол майдонлари, биллиард, теннис хоналари...

Тағин турли тўгараклар...

Ҳар куни “Маданият уйи”да танца.

Мен яна (мактаб очилгунча) геолог қиз Ойнур (ўзи Тошкентда туғилган бўлса ҳам, таги чимкентлик) кўмагида ишга (топографга ёрдамчи) кирдим. Онам бош идорада супурувчи.

5

Ойнур!..

Асл исми “Ойнури” бўлса ҳам, ҳамма уни “Ойнур” деб атарди.

Ойнур!

Бетимсол гўзал қиз.

Оврўпача кийинган, кийинганда ҳам охирги урфда (модада) кийинган бу қиз бизникига келганда ертўламиз ёришиб кетарди. Онам ўзини қўярга жой тополмасди. Унинг атрофида парвона бўларди. Мен ғариб яшаганимиздан уялардим. Онамнинг ҳам юз-кўзида шу ифода кезарди. Ойнур илк танишганларида ўзларининг асл қиёфаларини яширадиган кишилар туридан эмасди. Билъакс, табиатан қандай бўлса, ўзини шундай тутарди. Яъни ўз уйида юргандек ўзини эркин тутарди. Биздан ҳам шуни истарди ва ҳазиломуз оҳангда онамга дерди:

– Ўғлингиз мендан кичик-да, она, йўқса, сизга келин бўлиб олардим-а.

Бу гап онамга болдай ёқар, у севинганидан порлаб, Ойнурга жавоб қайтарарди:

– Сиздек келиним бўлса, бошим осмонга етарди, гўзал қизим. Гап кўнгилда-да, асалим. Пайғамбаримиз ўзидан ўн беш ёш катта Хадича ойимга уйланган. Бу ибрат бўлмасми, гўзал қизим?

Агарчи Ойнур киборли хонимларга ўхшаб кўринса ҳам, аслида кибр-ҳаводан йироқ бу қиз яқинларига ичини яширмасдан очарди:

– Узр, онажон, мен ўз ақлим билан яшайман. Эркин одамман. Менга ҳеч кимнинг ҳаёти мезон бўлмайди. Мен ота-онамни севаман. Аммо ўзимни ҳақ деб билсам, уларнинг ўгитларига ҳам қулоқ солмайман. Балки бу менинг камчилигимдир? Бироқ, барибир мен ўзимни сунъий равишда ўзгартира олмайман. Ҳар бир одамнинг “ўзи” ўзида бўлса, бошқа бирон кимсани, ҳатто энг улуғ инсонни ҳам такрорламаса, ер юзида ўсиш бўлади.

Такрорлаш – тараққиёт бўғови.

Мен ҳеч кимни такрорламайман. Бу оламда ўзим бўлиб яшайман. Ҳаётнинг маъно-мазмуни ҳам шунда деб биламан.

Ойнурнинг ҳазили ҳам, сўзи ҳам, овози ҳам менга болдек ёқарди. Мен қиздирилган тандирдек қизариб, терга ботардим. Лекин унга бир сўз дейишга ўзимда журъат ҳам, куч ҳам топмасдим. “Буни шеъримда ифодалайман”, деб кўнглимга тугардим. Ойнур менга жилмайган ҳолда кўз ости билан бир қараб қўйиб, тағин ҳазил қиларди:

– Ўғлингизни катта бўлишини кутайми, Она? Кейин у мени тан олмай қўйса-чи? Ахир, аёл зоти тез қариб қолади-да, Она. Бир чуқурроқ ўйлаб кўрай-а?

Кейин у бирдан жиддийлашар ва Онамга тиниқ меҳр билан боққан ҳолда дерди:

– Сезгим алдамаса, ўғлингизда ҳам ўзига хос бир нима бордай. Нима? Аниқ айтолмайман. Фаҳмлайман: унинг кўзларида бир исён шарпасини кўраётгандайман. Вужудида бунинг ўзагини... Яна Тангри билгувчи, Она.

Менимча, ҳар бир одамнинг ботинида гавҳар ҳам, заҳар ҳам бор. Яна ҳар нарса... Булар Тангридан. Ҳаётнинг қақшатгич бўронларида улар юзага чиқиши мумкин, ёки ҳеч қачон...

Ер ости бойликларини, хусусан, гавҳарни излаб топиш қийин. Кавлаб олиш ҳам. Тағин тошдан ажратиш масаласи...

Агар ўғлингизнинг вужудида гавҳар бўлса, унга кўмак лозим. Йўқса, мақсадга эришиши маҳол. Фақат бундан айрим кишилар айро. Яъни ҳаёт довулларидан қўрқмайдиган, курашиб толмайдиган, ҳар қандай вазиятда ҳам ўз йўлидан қайтмайдиган кишилар. Улар:

Темир иродали кишилар.

Заковатли кишилар.

Бундай кишиларнинг ҳаётлари:

Зиддиятли кечади,

Хатарли кечади,

Бўронли кечади.

Гўзал кечади.

Бу менинг шахсий фикрим. Юқорида: “Ҳар қандай ҳолда ҳам ўз йўлидан қайтмайдиган кишилар”, дедим. Ўғлингизни ушбу машқи нимани англатади, Она? Менимча, қайтмасликни...

Манзил

“Интилганга толе ёр”

Эл сўзи.

Қоронғи тун ерни босиб ётар беомон,

Қор бўрони увлар бир йиртқич ҳайвонсимон.

У Тун, бўронга қасд олға интилар чаққон,

Йиқилар, шилинар, тўнар, тўхтамас бир он.

Уч қадам нари ҳам кўринмас, зулматдир том,

Ҳатто кўз очишга қўймас ваҳший бўрон ҳам.

Лек ишонч, умидин узмас, интилар дадил,

Олис тоғлар ортида у кўзлаган манзил!..

“Қоронғи тун”, “Қор бўрони”... Рамз. “Қаронғи тун”ни ҳам, унинг қиличи: “Қор бўрони”ни ҳам гўё: “Биз қудратлимиз!” “Биз мангумиз!” дейишганини у эшитади. Шу билан бирга бу мақтаниш пучлигини, ҳайбатли тоғлар ортида ёруғ манзил борлигини англатади.

“У” ким!

У – ўғлингиз.

У – Мен.

У – Сиз.

У – У эркин фикрловчи кишилар.

У – Эрк истовчи эл.

Ойнур ниманидир ўйлабми, тин олди. Сўнг яна эркин оҳангда гапини улади:

– Менинг отам профессор, онам ҳам олима. Мен ўғлингизга кўмак бераман. У ўқиши керак. Мактабни битирсин. Кейин... Агар унда яширинган нарса бўлса, шунда куртак ёзади.

Яширинган нарса...

Балки, бу иқтидордир?

Иқтидор...

“Манзил” шундан бир учқундай. Унинг мана бу тўртлиги ҳам фикримга далилдай:

Туманларни ҳайдайман мен бўрон бўлиб,

Бўғовларни янчаман мен тўфон бўлиб.

Риёларни ёқаман мен оташ бўлиб,

Кўнгилларни ёритаман қуёш бўлиб.

Ёки бу иккилиги:

Замон келар: мен ғанимга ўлат бўламан,

Замон келар: мен элимга қанот бўламан.

– Унинг улуғ отаси ҳам: “Элим!” дерди, – деди онам.

– Қонида борми?

Онам: “Қайнотамни “Қўрбоши” деб дорга осишди. Энди бизга ҳам кун беришмаяпти”, демоқчи бўлди. Бироқ негадир, фикридан қайтди. Бунинг ўрнига синиқ оҳангда деди:

– Ҳа, гўзал қизим, қонида бор. Менинг ёлғиз суянчиғим шу болам. Уни қўллаяпсиз, Тангри сизни қўлласин!

6

Ойнурнинг таъсир, кўмагида менинг кўнглим ўсиб, ўзимга ишончим ортиб борди. Бўш пайт топдимми, китоб ўқийман, шеър ёзаман.

Бир бозор куни Ойнур:

– Танага ҳам сайқал бериш керак, – дея жилмайди ва менга оқ спорт форма билан оқ оёқ кийим ҳадя этди.

– Қани, кий.

Менга бировнинг буйруғи ёқмайди. Онамнинг айтишича, менга бу одат отамдан ўтган. Бироқ мен Ойнурнинг гапини икки қилмасдим. Буйруғи беғаразлигигами? Ёхуд унга теран ҳурмат билан қараганимгами? Билмадим, нимага?

Кийдим.

Спорт костюм менга ярашди, шекилли, Ойнур:

– О-о! – дея мени қучди. Унинг қуёшранг юзлари-ю қора бодом кўзлари порлади. Мен Ойнурнинг ўт оғушида эриб, ёндим. У ўнг лабим четидаги холимни сўл бармоғи билан эркалаб босди:

– Мунча чиройли.

– Умрингизда барака топинг, гўзал қизим! – деди онам ҳаяжонга қотиқ меҳрли овозда.

Шу кундан эътиборан мен футбол, волейбол, баскетбол машқларига қатнаша бошладим. Боксга ҳавасим ортиқ эди. Муштлашишни яхши кўрардим. Айниқса, келгиндилар билан.

Биллиард, теннис, шахматни ҳам ўргандим. Бундан Онам ҳам, Ойнур ҳам севинардилар. Мен ўзимни бахтиёр сезардим.

Бир сўлим оқшом Ойнур менга деди:

– Спортнинг фойдасини кўраяпсанми, Эврил? Бўйинг ҳам анча ўсиб қолди, елканг ҳам анча кенгайиб қолди, холли юзинг ҳам тиниқлашиб қолди. Спорт билан мунтазам шуғуллан. Мунтазам ўқи, мунтазам ҳаётни ўрган. Ҳар ондан унумли фойдалан. Ҳар нафас ўлчанган Вақтни бой берма. Кейин афсусланиб юрма. Вақт ортга қайтмайди. Тушундингми?

– Ҳа, Ойнур опа.

– Бу менинг профессор отамнинг сўзи.

У отасини кўз олдига келтирди чамаси, осмонга тикилиб ўйланиб қолди. Осмонда, ҳадсиз-ҳадсиз олисларда, миллион-миллион чақирим юксакларда миллион-миллион юлдузлар “сайр” қилади.

Бу юксаклик Тангрининг масофа ўлчови ҳисобида, балки, бир қарич ҳам чиқмас.

Миллион-миллион юлдузлар!..

Ердан миллион-миллион катта юлдузлар!..

Бу катталик, балки Тангри (Осмоний ўлчов) ўлчови ҳисобида, тариқча ҳам келмас.

Миллиард-миллиард чақирим юксакларда!..

Ердан миллион-миллион катта юлдузлар!..

Инсон ақли бовар қилмас оғирликларига қарамай, чек-чегарасиз, таг-тугсиз бўшлиқларда “оёқ-қўлсиз”, “кўз-қулоқсиз”, “оғиз-бурунсиз”, “мия-юраксиз” сузади. Сузганда ҳам онига минг-минг километр тезликда сузади. Ўта аниқ ўлчамда ўз “чизиғи” бўйлаб сузади, бир-бирига урилиб ёки “тушиб” кетмай сузади. Тавба-тавба!

Мен ихтиёрсиз бир тарзда тўлин ой билан бирга ёнма-ён сузаётган Марсга қарайман. Ҳайратга тўлиб қарайман:

“Ерча келадиган сайёра биз ўтирган супадан ҳам кичик кўриняпти, – дейман ичимда, – гўё сал юксакда сузаётгандай. Аслида,у супадан олтмиш миллион километр йироқда сузмоқда. Миллион-миллион йиллардан бери сузмоқда. Тинсиз сузмоқда. Кимнинг ақли билан? Кимнинг кучи билан? Нима ҳисобига? Нимага? Қандай? Бу сир. Бунинг тагига ҳеч замон етолмайсан. Миср эҳромлари мўъжизамиш. Чин мўъжиза: Ой, Марс, юлдузлар...

Яна Ер!..

Инсон ризқи билан яралган ер.

Одамзотни “опичлаган” ҳолда секундига 30 километр тезликда сузаётган Ер!

Она Ер!

Бу мўъжиза!

Улуғ мўъжиза!

Яна Инсон!

Бир томчи сувдан яралган инсон!..

Бор мавжудотлар ичида унга ақл берилиши улуғ мўъжиза!

Биз бунинг қадрига етамизми?

Биз ундан тўғри фойдаланамизми?

Менимча, тўқсон фоиз одам мўъжизалар мўъжизаси бўлмиш ақлнинг қадрига етмайди. Ва ундан тўғри фойдаланмайди. Билъакс, ақлни оддий бир нарса деб билади.

“Ўзинг-чи?” Ичимда биринчи “мен”га доим танқид билан қарайдиган иккинчи “мен” исён қилди”.

Шу он Онамнинг овози сукунатни бузди:

– Биласизми, гўзал қизим, энди ўғлим Эврил Турон деган от билан шеър битяпти.

Менинг хаёлим бўлинди. Ойнур ҳам осмондан кўз узди. Онам шуни истаганди. Истаги вожиб бўлди. Мен унга: “Нега айтдингиз, Она?” деган маънода Ойнурга сездирмай қарадим. Ойнур буни илғади ва:

– Хижолат чекма, – деди менга, – бизга буни тушунтир.

– “Эврил”нинг синонимлари талай, – дедим мен хиёл жимликдан сўнг ноилож ҳолда. – “Айлан”, “Ўгрил”, “Чеврил”... Турон тарихий атама. Юртимизнинг эски оти. Бу тамиз туркча от. Ўзимиз маъносини англамайдиган арабчадан йироқ. Эврил Турон!

– Туйдим, – Ойнур менинг қўлимни сиқди, – тагида маъно... Эзгу маъно... Эврилсин!.. Илоҳо, эврилсин!..

Бундан онам севинди. Мен унданда ортиқ.

– Худди туркча отлар йўқдек, – дедим мен ўзимни тиёлмай, – бутун ўзбек исмлари арабча. Бу менинг миллий ғуруримни яралайди. “Ўзбек исмлари” деган китоблар ҳам чиққан. “Ўзбек исмлари”миш!.. Тўқсон тўққиз фоизи арабча, форсча. Бундан мен ўйга ботаман. “ЎЗЛИГИМИЗ”дан узоқлашганимизга қайғураман. Исмларимизни ҳам, умуман, тилимизни ҳам ислоҳ қилишимиз керак, деб ўйлайман.

– Бир замонлар келса... балки...

– Шунга ишонасизми?

– Сендек одамлар туғилар?

– Туғилар... – такрорлади Онам ишончсиз овозда.

– Энди мен ётоғимга борай, – Ойнур қалқди.

– Яна бироз ўтиринг, ой қизим. Сиз билан гаплашсак, яйраймиз. Ўғлим билан менга Сизнинг сўзларингиз болдек ёқади. Биз бундай лаззатни дунёдаги ҳар қандай лаззатдан устун қўямиз.

– Мени ортиқ мақтавордингиз, Она.

– Кўнглимни айтдим, ой қизим.

– Раҳмат, Она, – Ойнур хижолатдан қуёш рангига кириб яшнади. – Эртага иш.

Унинг гўзал дудоқларида узрли табассум жилва қилди.

– Тунингиз хайрли бўлсин.

Онам Ойнурнинг манглайидан ўпди:

– Яхши тушлар кўриб ётинг, ой қизим.

Бу паллада кўча қатновлари сусайган, ҳаво салқин, “Маданият уйи” саҳнида, оврўпоча мусиқа остида ёшлар телбаларча “шейк”ка тушардилар. Мен Ойнурни футбол майдони ёнида жойлашган уйига кузатиб қўйдим.

– Хайрли тун, Эврил, – у мени қучиб, юзимдан ўпди.

Ҳали мен бирон қизни ўпмагандим. Ёхуд бирон қиз мени... Агарчи Ойнур опаларча туйғу билан ўпса ҳам, бундай тотни сира туймагандим. Юзларим ловуллаб ёнаётганини ҳис этдим. Менинг бошим айланди.

Уйга қайтганимда ҳам, ухлашга ётганимда ҳам шу сўзлар дунёда менга энг тотлидай, энг шаффофдай туюлган шу сўзлар қулоғим остида мусиқадай янграрди:

“Хайрли тун, Эврил!..”

Эврил!..

Ўзбек юртида биринчи марта у мени “Эврил”, деб атади. Буни Ойнурнинг оғзидан эшитиш менга ўзгача завқ, ўзгача шавқ бағишлади.

Орадан узун, жуда узун йиллар ўтса ҳам, мен бу бетакрор сасни ҳамон унутмадим, унутолмадим:

“Эврил!..”

7

Нурота тизма тоғлари билан Қизилқум саҳроси аро бир чўл ястаниб ётибди. Тўғрироғи, эгасини кутиб ётибди.

Учи-қири йўқ чўл,

Шўрсиз чўл,

Экинсиз чўл.

Юз миллионларни боқишга қодир чўл.

У олис Устюрт оша ўтиб, Ҳазар денгизига “шўнғийди”.

Қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куядиган шу чўлда мен кун бўйи Ойнурга эргашиб юраман. Унинг топшириғини (иложи борича хатосиз) бажараман. Елкамда (агар оти эсимдан чиқмаган бўлса) “Мак-шедер”[6], квалда[7], темир қозиқ, сим, емоқ, ичмоқ...

Қизилқум ўлик денгизга бенгзайди.

Қизил денгизга ҳам.

Қатор-қатор тизилган барханлар (қум тепалар) тўлқинлару пўртаналарни эсга солади. Унга раҳмим келади. Шаккоклик бўлса ҳам, саҳро бошига бу кулфатни солган табиатдан нолийман. У қуёшнинг аёвсиз тиғида лов-лов ёнади. Унинг улуғ ёлқини чўлга хуруж қилади. Мен “Мак-шедер”да ўлчанган ерларга қозиқ қоқаман, сим тортаман. Қўлларим қавариб кетади, лўқ-лўқ оғрийди. Чидайман. Пул топиш қанчалик қийинлигини ҳис этаман. Эзиламан. Аммо Ойнурга сир бермайман. Шундай онларда: “Уят ўлимдан қаттиқ” деган мақолни илдиз-илдизи билан туяман. Бор кучим билан ишлайман. Ойнур соябони улкан, мис тус, мексикача шляпасини хиёл кўтариб жилмаяди:

– Пишгунча одам-ку одам, темирга ҳам қийин. Қилич ўз-ўзидан қилич бўлмайди. Устанинг қўлида, болғада, ўтда пишади. Кел, Эврил, бироз дам олайлик, – у қуёш таъсирида қуёш тусига кирган гўзал юзларидан оқаётган терни қизғиш сочиққа артади. Сўнг унинг зангори соябони (зонтиги) остида ҳўл кигизга ўралган кўзачадан чинни пиёлаларга айрон қуйиб ичамиз. Бундай онда одам айроннинг ҳузур ва ҳаётбахшлигини теран англайди. Мен узоқроқ дам олиш истагида Ойнурни саволга тутаман:

– Ойнур опа, бу касб Сизга, умуман, аёл зотига оғирлик қилмайдими? Умр дала-даштларда ўтиб кетмайдими?

– Отам ҳам шундай дейди. Онам ҳам. Аммо мен шунга қизиқаман. Ҳаётимни бусиз тасаввур қилолмайман. Балиқ сув билан, мен шу касб биланман десам, ишонмассан, Эврил.

“Эврил” сўзини Ойнурдан эиштсам, мен денгиз мисол тўлқинланаман. Унинг тилида бу сўз бетакрор гўзаллик касб этади. Мен ҳаяжонланган ҳолда унга жавоб қайтараман:

– Бу оламда ҳаммага ишонмасам ҳам, Сизга ишонаман.

– Яна?

– Онамга.

– Яна?

– Тангрига.

– Энди тўғри сўзладинг, Эврил. Ҳеч қачон, Ҳеч ерда, Ҳеч кимни ортиқча мақтама.

Меъёрни сақла.

Ҳақни сақла.

Тангри айро.

Онанг айро.

– Сиз ҳам айро.

– Э шум бола! – Ойнур яйраб кулди. Унинг оппоқ тишлари, алвон дудоқлари, ёндириб боқаётган кўзлари менга эртакларда ўқиганим: париларни эслатади. “Уни ҳам инсон туққанми?” деган шубҳага бораман. У мендаги кечинмани уқмайди ё уқса ҳам, уқмасликка олади. Мен унга атайлаб нозик савол бераман:

– Ойнур опа, ҳар куни ҳаддан ортиқ мақталаётганларни-чи?

– Тушунмадим, – у сергак тортди.

– Сохта пайғамбарми?.. Сохта Худоми?..

Ойнур гапимни шарт кесди:

– Чегарадан чиқма, Эврил! Ҳеч замон чиқма! Бу хавфли. Фалокат ўрами ҳар қандоқ одамни ютиб юборади... – унинг юз-кўзларидаги гўзал жилвалар ғойиб бўлди. У гапни атайлаб эски ўзанга бурди:

– Вақти келиб, мен бир кон топсам, масалан, олтин кони... Мендан бахтли одам бўладими, Эврил?

Бу ер кимсасиз чўл бўлгани учун ва Ойнурга ўзимдек инонганим учун мен миямга келган гапни айтишдан ўзимни тиёлмадим:

– Бу кон Элимизга насиб этса, яхши.

– Тушунмадим.

– Ҳозир Юртимизга, Юртимиздаги конларга ким хўжайин?

– Ким? – Ойнурнинг юз-кўзларига қўрқувга қотилган ажабланиш белгилари ёйилди.

– Москва.

Ойнур шошиб теграга кўз югуртирди. Теграда ҳатто бир қуш ҳам кўринмайди. Ҳаммаёқ жимжит. Чўл адоғи (энига) қум. Қизғиш қум. Ундан тандир ёлқинидек ёлқин кўтарилмоқда. Йироқ-йироқларда ёлонсувлар (сароблар) у ёқдан-бу ёққа кўчиб юрибди. Ойнур қатъий оҳангда деди:

– Бу гапни бир айтдинг, бошқа айтма! Бу ўлим билан ўйнашмоқ дегани.

Келажак билан яша.

Келажакка инон.

Ўз келажагингга ҳам.

Фақат эҳтиёт бўл!

Жуда эҳтиёт бўл!

Ҳали менинг бошим тошга тегмаганигами, кўнглимда унча ваҳм уйғонмади. Аммо Ойнурни хотиржам қилиш учун дедим:

– Хўп, Ойнур опа.

– Ҳа, айтгандай, сен геолог олим Ҳабиб Абдулла ҳақида эшитганмисан?

– Ҳабиб Абдулла?.. Йўқ. Нимайди?

– Ўзим... шундай... – у ичидагини ташига чиқармади. Фаҳмимча, чиқаришга чўчиди. Мен буни унинг зийрак кўзларидан илғадим. Илғадиму бошимда: “Адашаётган бўлсам-чи?” деган фикр кечди.

Ойнур мендан кўзини олиб қочди. Орага жимлик чўкди. Кун қизигандан-қизиб борарди. Ойнур менинг қавариб, қонаган бармоқларимга йод суртди. Сўнг уларни бинт билан боғлади.

Тағин ишга шўнғидик. Энди мен тушликни орзиқиб кутаман. Чунки Ойнур билан бирга овқатланмоқни, қўнишмоқни ҳар нарсадан устун қўяман. Бундан қувонч билан бирга ғурур туяман.

Агар Ойнурдан ўзга геолог бўлганида, мен қирқ даражадан ўнжа иссиқда ишлашга, балки, чидолмасдим. У билан эса бундан-да оғир шароитда ҳам ишлай олишимга кўзим етади. Ичимда: “Уни менга етказган Тангрига шукрлар бўлсин”, дейман.

Ойнур билан танишганимизга ҳам иккинчи йил кечяпти. Бултур у беш ўсмир ичидан мени “танлаб”, ўзига ёрдамчи қилиб олди. Бу кутилмаганда, тасодифий бир ҳолатда юз берса ҳам, мен буни Тангрининг менга бўлган инъоми деб ўйлайман. Шундан буён мен ундан қанча нарса ўргандим, ўрганаяпман.

Ниҳоят ёндираётган қуёш ҳам тикка келди. Зангори соябон остида Ойнур билан бирга нон ва қовурилган қўй эти еймиз. Қора чойдишда чой қайнатиб ичамиз. Чарчоғимиз юзимиздан тер бўлиб оқади. Ойнур гўзал табассум ила дейди:

– Сен занжига айландинг, Эврил.

– Қуёш мени севади, Ойнур опа.

Куламиз.

Мен уни саволга кўмишга ботинаман.

– Сиз қаерда ўқигансиз, Ойнур опа?

– Москвада.

– Ўрисчани ўрисдай биласизми?

– Боғча, мактаб, олийгоҳ русча...

– Қайси тилда ўйлайсиз, фикрлайсиз?

– Ўзбекча, русча...

– Яна қайси тилни биласиз?

– Инглизчани.

– Лондонда бўлганмисиз?

– Ҳа.

– Яна қаерларда?

– Париж, Рим...

– Гўзал шаҳарлардир-а?

– Терговчимисан, Эврил? – Ойнур тиниқ кулади. Юзларига ёйилиб тушган сочларини гўзал елкалари ортига олади. Ва оҳиста жавоб беради: – Афсона дейсан. Бизда, Ўрта Осиёда бундай шаҳарлар йўқ. Хонлар маишатдан бош кўтармаганлар. “Ўзим...” деб яшаганлар. Ўзларига қурган саройлари ҳам дидсиз, кўрксиз... Оврўпа ҳукмдорлари: “Элим”, деб яшаганлар. Элга гўзал кентлар қурганлар. Илм-фан эшикларини ҳам кенг очганлар.

Ойнурнинг эсига бир нима тушдими, ўзи сезмаган ҳолда ёлонсув (сароб) жимирлаётган саҳрога боқди. Кўз олдига афсонавий кентлар келдими, хаёлга чўмди. Мен Ойнурга беқиёс меҳр қотилган беқиёс ҳавас билан термуламан. Ва ҳам ўзимча у юртларни тасаввур қиламан.

8

Анчадан сўнг Ойнур саҳродан кўз узади, менга маъюс боқади ва ҳазин оҳангда дейди:

– Парижда кечган бир воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди, Эврил. Гўё уни ҳозиргина кўрганимдай, кўз олдимда жонланади:

Узунга мойил бўйли, қотма, елкалари гавдасига нисбатан кенг, қирқ ёшлар чамасидаги бу йигит бизни (Совет туристларини) янглишмасам, Эйфел минораси, йўқ, аниқроғи, беқиёс гумбазли Монмартрда Сакре Кёр жомеси олдидан Сена дарёси кўпригигача кузатиб келди. У мени таъқиб этаётгандек эди.

“Менга шундай туюлаётгандир-да?” деб ўйлаб, ўзимга-ўзим тасалли бердим.

Кўприкдан кенг ёйилиб, мавжланиб оқаётган Сенани томоша қилаётганимизда, сезгим алдамаганини англадим. У тўғри мен томонга йўналди. Шунда: “Ўзбекка ўхшайди”, деган фикр миямдан кечди. Аммо дарҳол ўзимни-ўзим рад этдим: “Ўзбекка ўхшаш французлар озми? Балки, у ўзбек қиёфасига кирган жосусдир?”.

У ишончсиз қадамлар билан ёнимга келди. бироз тортинган, ўзини ноқулай сезган ҳолда жанублик ўзбеклар шевасида, лекин французча мулозамат билан деди:

– Узр, хоним, Сизни безовта қилдим, Сиз ўзбексиз-а?

Мен унинг “жайдари” ўзбеклиги ва эс-ҳуши жойидалигини туйдим. Шунда, билмадим, нега, мендаги шубҳа-гумонлар тарқаб кетди.

– Адашмадингиз, – мен унинг айрилиқ, соғинч ғамлари ўтириб қолган қўй кўзларига, иягида қора холи бор чўзинчоқ юзларига синчков аралаш савол назари билан тикилдим.

Менинг ажабланишга қотилган хуш муомаламдан енгил тортди ва сўнг:

– Менинг отим Ботир, – деди жилмайиб, – Сиз менга тўғри, тоза одам сифатида кўриндингиз. Шунга Сизнинг ҳузурингизга бош эгиб келдим, синглим. Яна бир бор узр.

– Ойнур, – мен унинг қўлини сиқдим. Ботирнинг юзи булутдан ариган осмондек ёришди. У урушда олмонларга асирга тушгани, Юртга қайтса “Ватан хоини” сифатида отилиши, тақдир тақозоси билан Парижга келиб қолгани, француз қизига уйлангани ва икки ўғли борлиги ҳақида сўзлади. Кейин мақсадга кўчди:

– Мен Элимизни, Тилимизни соғиндим! – Ботирнинг кўзлари ёшга тўлди. – Сиздан яширмайман, хоним, юртимизда мен бундай туйғуларни туймаганман. Ватан, Миллат, Она Тили деган тушунчалар менга оддий нарсалардек туюлган. Энди билсам, бу туйғулар туғма тарзда бериларкан, у одам боласининг юрагида яшаркан, буни у бошига “иш” тушмагунча сезмаскан.

– Ҳаммани ўз қаричингиз билан ўлчаяпсиз, Ботир ака.

– Мени маъзур тутинг, Ойнур хоним, яширмайман, мен Элимизнинг аксарият қисмини шундай деб ўйлаганман. Бу, албатта, менинг нисбий фикрим.

– Шундай денг...

– Одам Ватанидан айрилганида, олисда, киши юртида юрганида, гарчи у эркин дунё бўлса ҳам, юрагида мудраётган ўша муқаддас туйғу мисли вулқондек “ловуллаб” уйғонади. Шунда у Ватан туйғуси буюклигини бутун теранлиги билан англайди. Мен буни бошимдан кечираяпман, Ойнур хоним. Ўз тилимизни, ўз куй-қўшиқларимизни соғиндим! Энди болаларим тақдири ҳақида ҳам бот-бот ўйлайдиган бўлиб қолдим. Улар ўз ота юртларини, она тилларини билмай ўсишаяпти. Бу мен учун фожиа, синглим.

– Вақтни кутинг... – мен гапимни давом эттиришга қўрқдим. Тўда (группа) бошлиғи ҳам бизга бежо қараб-қараб қўймоқда эди. Ботир ҳам буни сезди, шекилли, тилагини айтди:

– Агар Сизга малол келмаса, синглим, менга ўзбек куй-қўшиқлари ёзилган беш-олтита пластинка юборсангиз. Буни Сиздан ўтиниб сўрайман, – Ботир мен билан хайрлашган бўлиб, қўлимга қат-қат букланган қоғоз тутқазди. – Унда манзил ёзилган. Хайр, синглим!

Унинг кўзларидан ёш оқди.

– Яхши кунларда кўришгунча!..

Ботир кўздан узоқлашиши билан тўда бошлиғи олдимга келди. Унинг қош-қовоғидан қор ёғмоқда. Ўзи ўзбек бўлса ҳам ўрислашиб кетган бу семиз хотин совуқ оҳангда ўрис тилида мендан сўради:

– Ажнабий сенга нима берди? Қани, кафтингни оч!

Мен ноилож қолдим: очдим. У тахланган қоғозни кўраркан, балога дуч келган кимсадек чўчиб, бир зум тош қотди. Сўнг қўлимдан қоғозни юлқиб олди. Очди. Ичидан АҚШ пули чиқди.

– Бу нима? – хотиннинг кўзи ола-кула бўлиб кетди. Танқайган бурун катаги кенгайди. Мен у билан ади-бади айтишиб ўтирмаслик учун унга воқеани дангал айтдим. Хотин менга ишонмади.

– Москвада жавоб берасан!.. – чийиллади қўрс овозда. – Парижга келишимиздан олдин, Москвада ҳамма қатори сендан ҳам: “Ажнабийлар билан гаплашмайман...” деган тилхат олганми?

– Ҳа.

– Энди чет элни елкангни чуқури кўради... – у менинг кўнглимга ғулғула солиш учун атайлаб гапини тугатмади.

– Манзил ёзилган қоғозни беринг, опа, майли, валюта сизда қолсин, – дедим илтижоли оҳангда. – У бир бахтиқаронинг омонати.

– Тушингни сувга айт! – лабларини буриб, қошларини чимириб, менга заҳарини сочди.

– Чумолидан туя ясаманг!

– Менга ақл ўргатма!

– Беринг.

– Ғалчамисан?

Мен ноҳақликни кўрсам, чидолмайман. Бу одат менга Онамнинг бобоси Эрхон ботирдан ўтган. Бу узун кечмиш... Бу ҳақда алоҳида... Ҳозир гапимдан адашиб кетмай, эшит: Мен хотиннинг буёқ чаплаган семиз юзига тарсаки тортишдан ўзимни зўрға тийдим. Бунинг ўрнига ғазабу нафрат билан дедим:

– Бировнинг нарсасини тортиб олишга ҳаққинг йўқ, бер!

Фаҳмимча, хотин мени қўрқади, ялинади, деб ўйлаган. У бунинг аксини кўриб, шаштидан тушди. Бироқ сир бермади, юмшаб деди:

– Москвада оласан.

9

Москва ҳаволанида мени КГБ ходими (агар у отини ўзгартирмай айтган бўлса) Дмитрий Владимирович Пинюгин худди эски танишлардек:

– Хуш келибсиз, Ойнур хоним, – дея илиқ қарши олди. Узун бўйли, қорамтир кўзли, ўнг яноғида чандиғи бор бу киши менга сермулозамат ҳам хушчақчақ кўринди. Мен унинг юз-кўз, гап-сўзларида ясамаликни илғамадим. Ҳар бир ҳаракати табиий. Яна ким билсин? Умр бўйи бирга яшаётган одамингни ҳам тузук билмайсан. Инсондек мураккаб, сирли махлуқ йўқ. Ер саҳна, одам актёр. Унда ҳар бир киши ўз ролини ўйнайди. Ким яхши, ким ёмон... Аммо мен Пинюгинда актёрлик изларини топмадим. Шунга қарамай, юрагим унга инонмаётгандек безовта эди. Лекин мен ўзимни айбсиз билганим учун қўрқувдан айро эдим.

Биз ҳаволандаги “махсус хона”да икки соатча қўнишдик. Пинюгин мени бор вужудини қулоқ қилиб эшитди. Кейин тақир бошини қашиб, майин овозда деди:

– Бир сўз қўшмай, қандай бўлса, шундай ёзинг, Ойнур хоним, – у менинг олдимга қоғоз қалам қўйди.

Хира кўнгил билан ёздим.

Пинюгин уни ўқиб чиққач, илжайди ва:

– Яхши, Ойнур хоним, – деди. – Энди “Славян” қўниғига боринг. У Кремлнинг ёнида, Сизга жой брон қилиб қўйганмиз.

– Нега?

– Москвада бироз дам олиб қайтишингизни истаймиз...

Шу он кўринмас бир кас қулоғимга шивирлади: “Ботирни суриштиради...”

Мен танг бир алфозда қоларканман, Пинюгиндан сўрадим:

– Энди, Дмитрий Владимирович, Ботирнинг манзили ёзилган қоғозни менга беринг.

– У мендамас.

– Кимда?

– Кимга бергансиз, балки ўшандадир? Уни менга беришмади, Ойнур хоним.

– Энди мен Ботирнинг олдида нима деган одам бўламан, Дмитрий Владимирович?

– Сизни тушунаман, Ойнур хоним, ноқулай аҳволда қолаяпсиз. Аммо, афсус, мен Сизга ёрдам беролмайман, мени маъзур тутасиз.

“Славян” қўниғида ўн етти кун бўлдим. Ўн саккизинчи куни эрталаб қўниқ[8]қа Пинюгин келди. У билан бирга таксида “Домодедова” ҳаволанига ёндик. Хира руҳ, хира кайфиятимга монанд қиш сиқинтисида борлиқ файзсиз ҳам ғариб кўринаётир. Еру кўкни чулғаб қор ёғмоқда. Йўлга туз сепилган. Туз ва машиналарнинг тинсиз қатнов, тутунлари таъсирларида қор кирланиб кетган. Йўлнинг иккала томонидаги қор босган ўрмонларни “ўлганнинг устига тепган”дек қор саваламоқда. Бу манзаралар киши кўнглини хира қилади, ўйга ботиради. Мен ўй, хаёлимни ҳайдаш учун муз қоплаган ойнани бармоқларим билан артаман. Қор ёғишини ҳиссиз кузатаман. Шунда, қўққис отамнинг гапи эсимга тушади:

“Қор олти қиррали юлдуз шаклида ёғади, қизим. Бунинг ўзи мўъжизамасми?”

“Бутун дунёда шундай ёғадими, ота?”

“Ҳа... Ер яралгандан буён шундай ёғади: олти қиррали...

Кўк турклар ундан андоза олганлар: уларнинг туғларидаги юлдузлар олти қиррали бўлган. Буни кўктурклар: “Қут-барака рамзи”, деб билганлар”.

Мен хаёл қуршовида ойнани хиёл очаман. Қора жун қўлқопимга олти қиррали оппоқ қорлар қўнади.

Олти қиррали қорлар!

Оппоқ қорлар!

“Бу мўъжиза! – пичирлайман ўзимга-ўзим. – Нега фақат олти қиррали? Уч... беш... етти... эмас? Одам боласи бунинг мўъжизалигини сезмайди. Сезишни ҳам истамайди. Сезса ҳам, уни оддий ҳол деб ўйлайди. Ҳатто ўйламайди ҳам, умуман, унга аҳамият ҳам бермайди”.

– Ёниб кетаяпсизми дейман, Ойнур хоним? – пичинг қилади Пинюгин. Шу топда менга қилни қирқ ёрар бу каснинг башараси тўмтоқ, ёқимсиз, зерикарли бўлиб кўринди. Сўзидан ҳам “ачимсиқ ҳид” келгандай бўлди. Ичимда ижирғандим. Бироқ сир бермай ойнани ёпдим. Нохуш шовқин ўчади. Пинюгиндан узр сўрадим. Ва ичимда ўзимни-ўзим қораладим: “Бошимда ташвиш... Бундай ўйларга бало борми?”

Сўнг ўзимни оқлайман: “Ўй-хаёл тизгин, чегара билмайди”.

Пинюгин мендан сўрайди:

– Ўзбекчани билмайман. Аммо хотирамдан нолимайман. Бундан мени Худо қисмаган. Сизнинг: “Оппоқ”, “Олти қиррали юлдуз” деган сўзларингиз қулоғимга жуда заиф тарзда, элас-элас чалинди. Адашмаяпманми, Ойнур хоним?

– Йўқ, Дмитрий Владимирович.

– Булар нимани англатади?

Айтдим.

Пинюгиннинг Ленинникига ўхшаш юз-кўзларида таажжуб белгилари бўртди.

“Ленинникига ўхшаш”...

Буни бекорга айтмаяпман. Чунки Пинюгинга синчиклаб қараган киши уни қолмиқ, чуваш ё татар деган хаёлга боради.

Ўрисгамас.

Менинг боқишимдан у сергак тортди:

– Менга ғалати қараяпсизми, Ойнур хоним? – ҳайрономуз оҳангда сўради у. – Янглишмасам, қандоқдир шубҳа билан?

Мен унинг саволига савол тариқасида жавоб бердим:

– Сиз русмисиз?

– Худога шукр, русман. Лекин мени кўпинча татар билан ҳам чалкаштиради. Татар-мўғуллар русни уч юз йил, ҳатто ундан ҳам кўп босиб турганлар. Бу вақт ичида нималар бўлмаган дейсиз?

Шу сония, тўсатдан, Москвада ўқиб юрган онларимдаги татар дугонам Зулфия кўз олдимга келди. Унинг куюниб айтган сўзлари қулоғим остида жаранглади: “Ўн беш миллиондан ортиқ татар ўзлигини унутган, рус миллати таркибига кирган”.

Айни шундай гапни менга бошқа талаба дўстларим ҳам – чуваш, украин, оқрус... қизлари ҳам айтган. У кезларда мен бунга унча эътибор бермаганман. Ҳозир шалтоғи чиққан кир таксида кетарканман, элда юрувчи ушбу ибора менинг миямга оғу сочиб ўтди:

“Катта балиқ кичик балиқни ютади”.

Шу лаҳза унга ҳамоҳанг тарзда юрагим қаъридан бир нидо ўқдек отилиб чиқди:

“Бу замон фожиаси!”

“Замон фожиаси!” такрорладим мен беихтиёр. Қонунда: “Барча миллат, элат тенг”, деб қайд этилган. Бу ҳақда радиолар тинмай вайсайди.

Сиёсатчилар ҳам.

Газета-журналлар ҳам.

Ялтоқ шоир, ёзар, олимлар ҳам.

Бироқ: “Улуғ оға”, “Улуғ рус тили” дея еру кўкни тўлдирароқ янграётган ҳамду сано-ю тарғибот-ташвиқотлар буни рад этади.

Ана шу рад этишдан “Давр фожиаси” туғилган.

Шунга СССР таркибидаги эллар, элатлар руслашиб бораяпти. Бундан ўзбек ҳам айро эмас. Отаси ўзбек, онаси рус ўзини ўрис ҳисоблаяпти. Паспортига ҳам шуни ёздираяпти.

Бу замон фожиаси!

Бу “Катта балиқ кичик балиқни ютади” деган сўзнинг ҳаётдаги исботи.

Ҳозирнинг ўзида Киев, Кишинев, Олмаота, Тошкентларда украин, молдован, қозоқ, ўзбек сўзларини эшитиш маҳол. Эллик йил ё юз йилдан кейин нима бўлади?..

Бу кетишда, айниқса, мордвин, марий, удмурт каби камсонли, кичик миллатларнинг тақдири не кечади?..

Яна кўз ўнгимда Олийгоҳ, чет эл талабалари жонланди. Ана, улар бурчакда шивир-шивир қилаяптилар:

“СССРда миллатлар ЎЗИ, ЎЗЛИГИ, ТИЛИ, УРФ-ОДАТЛАРидан айрилиб бораяптилар. Бунинг оқибатида қандоқдир тушуниб бўлмас “қоришиқ маданият” вужудга келяпти. Бундан мақсад: Компартия сунъий равишда “Совет миллати”ни ясамоқчи”.

Фикр, эътиқод эркинлиги бўғилган ерда ҳар бало бўлиши мумкин.

Шу пайт Пинюгин менинг хаёлимни бўлди:

– Ойнур хоним, рости, Сизнинг фикр, қарашингиз, ўзингизни эркин тутишингиз, кийинишу хатти-ҳаракатларингиздан Оврўпонинг ҳиди келади. Яна ҳам аниқ қилиб айтсам, Сиз менга киборли рус қизларини эслатасиз.

Баъзан одам оқибатини ўйламай бир сўз дейдики, бу сўз ўзининг бошига тўқмоқ бўлади.

Баъзан эса ихтиёрсиз тарзда отилган тош ҳам нишонга тегади.

Ҳозир менда шу ҳол юз берди. Мен қуйидаги гапни ақлим элагидан ўтказмай айтдим:

– Менимча, одамнинг юраги муҳим... Вужуди айнимаса, бас...

Менинг бу гапим Пинюгинга заҳардек тез таъсир этди. Уни қуюшқондан чиқарди. Бирдан қош-қовоғи уюлди. Чўчқа терисидан оқимтир, юпқа лабининг сўл учи диккайди. Чап кўзи ўлжасини бой берган ёввойи махлуқнинг кўзидек аламли йилтиради. Шунда мен, ё тавба, унинг юзидаги тўсма судралиб тушганини, бирдан инсоний қиёфаси йўқолганини ва у тулкига ўхшаб қолганини кўрдим. Билмайман, нега, шу сонияда: “Одам-тулки, тулки-одам” деган фикр миямга игнадек санчилди.

– Сиз!.. – Пинюгин юзидаги актёрлик ниқобини олиб ташлаган ҳолда титраб хириллади. – Ўзингизни осмонда кўряпсизми? Рус қизларини айниганга чиқаряпсизми? Бунга тоқат қилиб бўлмайди.

Мен ўлжасини ғажишга шайланган тулкини шаштидан тушириш учун унга суяк ташладим:

– Сиз, шубҳасиз, мулоҳазали одамсиз, Дмитрий Владимирович. Бироқ, узр, мени бошқача тушунаяпсиз. Шуни билингки, менда ўзга миллатни ерга уриш туйғуси йўқ. Агарчи мен у гапни ўзимча, беихтиёр айтсам ҳам, одамнинг ташқи кўриниши алдаши мумкин, деган маънода айтдим. Менимча, инсон учун энг зарури юраги, ботини. Бу иккиси айниса, у номига одам сувратида юради. Унинг юрак, ботини ҳайвоний тус олади.

– Шундай денг... – Пинюгин эринчоқ бир овозда ҳомуза тортди. – Мени кечиринг, Ойнур хоним.

У яна одам қиёфасига кирди ва шавқсиз кулди.

Шундагина мен унинг ичиб олганини юз-кўзидан сездим. Аммо оғзидан ароқ иси келмасди. “Ҳидни йўқ қилувчи бир нима еган”, деб ўйладим ўзимча.

Пинюгин пинакка кетди.

Ҳаволанга етдик. “Махсус хона”да Пинюгин менга атайлаб ачинган қиёфада бир лаҳза тикилиб турди. Сўнг сўниқ овозда деди:

– Ойнур хоним, энди беш-олти йил хорижга чиқмаслигингизга тўғри келади. Шубҳасиз, мен бундан афсусдаман. Менга инонинг.

– Дмитрий Владимирович, адашмасам, сиз кўнглингизнинг тўрида менинг айбсизлигимни сезаётгандайсиз.

– Энди бизнинг ишимиз шунақа... – у мужмал жавоб қайтарди.

– “Одамийлик”... “Инсоний бурч”... “виждон” деган нарсалар ҳам бор. Майли, мен чет эл юзини кўрмай, аммо Ботир мен тўғримда нима деб ўйлайди? Ҳеч бўлмаса унинг пулини қайтарай.

– Бундан ғам еманг... – у сирли кулди.

Шу куни мен Тошкентга учиб келдим.

10

Ойнур сийрак саксовулзорга тикилиб, жим қолди. Кейин негадир, қўққис қичқириб юборди:

– Вуй, анавуни!.. Нақ тимсоҳдек келади-я! Ўзи ҳам тимсоҳнинг ўзи.

Мен ошиғич ботар[9]ёққа кўз югуртирдим. Шунда ногоҳ, тарвақайлаб ўсган саксовулнинг қинғир-қийшиқ шохлари орасида буқа қовуғидек шиши пасаяётган, айри тили ўйнаётган улкан бир махлуқни кўрдим. Ўзимча: инсон белидан йўғон бу махлуқнинг узунлиги камида уч метр, думи бир қулочдан ортиқ чиқишини фаҳмладим. Эшитишимча, одам унга тегмаса, у одамга тегмасмиш. Шунга қарамай, қўрқдим.

– Мен бундай катта эчкиэмарни сира кўрмаганман, – Ойнур мендаги ваҳимани ҳайдаш учун хотиржам қиёфада жилмайди. – Чўчима, у бизга тегмайди. Унинг ўзи бургутдан қўрқиб, бутоқлар орасига яшириниб олган.

Ойнур тоғ томонда, ҳовурли осмонда бежо айланаётган бургутга ишора қилди:

– Унинг ини ҳув анави ерда, – у ўнг қўлини чўзиб, саксовулзордан икки юз қадамча наридаги, ялангликдаги тақир тепани кўрсатди. – Тепага соғ-омон етиб олишга пайт пойлаяпти. Чунки кўкда бургут... Бироқ, Эврил, эчкиэмарнинг аждоди – тимсоҳ жуда довюрак, ўта йиртқич, тишлари ҳам сунгу учидек ўткир, йирик-йирик бўлган. Бу ердан денгиз чекинганидан кейин, у туман-туман йиллар силсилаларида қуруқликка кўниккан. Ва шу эчкиэмар ҳолига келган. Агарчи у ўз аслини маълум даражада сақлаган бўлса ҳам, майдалашган, ҳам бироз юраксиз. Унинг тишлари ҳам миттироқ. Бироқ мана бу эчкиэмар эса ўз қадим аждоди – тимсоҳга тортган.

– Эчкиэмарнинг эт-суяги саратон, мохов, пес касалликларига даво эмишми, Ойнур опа?

– Билмадим, – деди Ойнур. Сўнг унинг эсига бир нима тушдими, менга “ялт” этиб қаради. Ва: “Буни кимдан эшитдинг?” деб сўради.

– Онамдан... Онамга Лочин табиб[10]айтган.

– Уни кўрсам бўладими?

– Ҳа, у Боғдонда яшайди.

– Дам олиш куни Боғдонга чиқамиз.

– Сиз нима десангиз, шу, Ойнур опа. Аммо сабабини...

– Амакимнинг Лола отли қизи бор, – Ойнур гапимни бўлди. – Мен тенги. Баданига оқ доғлар тушган. Ўзи ойдай, оқила қиз. Лекин унга эр чиқмаяпти. Чимкентда эл бу касалга бошқача қарайди, Эврил.

– Боғдонда ҳам.

– Лолага ёрдам берамизми?

– Савоб бўлади.

– Яша!

– Лола опа Сизга ўхшайдими?

– Чимкентга борсам, мени ундан ажратишолмайди.

– Ўқиганми?

– ТошДУни битирган. Тарихчи. Хун кечмишини ёзяпти. Анна Ахматованинг ўғли унга ёрдам беряпти.

– У ким, Ойнур опа?

– Академик Гумилев ҳақида эшитмаганмисан?

– Йўқ.

– У хунлар, турклар тарихи ҳақида китоблар ёзган олим, шарқшунос.

– Мен тарихни яхши кўраман, Ойнур опа. Агар, иложи бўлса, мени, шу Лола опа билан таништирсангиз.

– Менинг рашким ёмон, Эврил, – шодон кулди Ойнур.

– Хун, турк кечмишлари...

– Бўлди-бўлди, Эврил, қизарма, – Ойнур мени гапиришга қўймади. – Таништираман. Аммо Лола опанг китобга қизғанчиқ. Лекин бир йўлини қилиб, уни эритамиз.

– Қачон, Ойнур опа?

– Олдин эчкиэмар масаласини ҳал қилайлик, кейин...

– Менинг Бектемир деган жўрам бор. У ҳеч нарсадан қўрқмайди. Жуда довюрак бола. Сизга сўз бераман: ана шу Бектемир билан мен сизга битта эчкиэмар тутиб берамиз.

– Аввал Лочин табиб билан гаплашайлик, сўнг...

– Хўп, Ойнур опа.

– Энди ишга, Эврил.

Қалқдик.

Шу чоғ “тимсоҳ” саксовулдан сакраб, жон-жаҳди билан тепа сари югурди. Ва хиёл кечмай, ўз инига кириб кетди. Шиддат билан тепага қуйилган бургут унга чанг солишга бир сония улгурмади.

11

Мен терга ботиб ишларканман, ўзимча, хаёлан Ботир билан ҳам, Лола билан ҳам қўнишдим. Агарчи уларни билмасам ҳам, улар билан эски дўстлардек қўнишдим. Ойнур каби икковининг ҳам жонига малҳам бўлгим келди. Бироқ қандай? Лола-ку, майли, Ботирга қандай? Ўйладим-ўйладим, ўйимнинг тубига етмадим.

Қон тус қуёш Боғдон тоғининг юксак чўққиси билан тўқнашди. У (чўққи) менга ловуллаб ёнаётган буюк гулханга ўхшаб кўринди. Ботар қизил денгизга айланди. Эрталаб бизни чўлга ташлаб кетган усти ярим ёпиқ машина келди. Лош-лушларимизни унга юкладик. Учқулочга қайтдик.

Уйда ҳам ёт юртларда қолиб кетган Ботир ўйи мени анчагача тарк этмади.

Ўйдан-ўй чувалароқ, Ойнурнинг ушбу саволи миямни ишғол этди: “Сен геолог олим Ҳабиб Абдулла ҳақида эшитганмисан?”

“Нима учун Ойнур уни мендан сўради? – деб ўйладим. – Нима учун? Сабаб? Менда Ҳабиб Абдуллага нисбатан қизиқиш уйғонди. У бу саволни менга бекорга бермади. Ҳабиб Абдулла ким? Нима учун Ойнур у ҳақида гапиришга қўрқди. Бунда бир сир бор. Қандай?” Бунинг ечимини топмадим.

Фақат...

Фақат “сир бор” деб янглишмаганимни мен узун йиллар кечароқ билдим.

Мени маъзур тут, азиз ўқувчи, мен бир зумга ўн беш йил олдинга учаман.

12

Мен “Саодат” журналида[11]ишлардим. Эл-юрт туйғулари билан куйиб-пишиб яшовчи айрим ёзар, олим, журналистлар орасида Ўзбекистон Фанлар Академиясининг собиқ Президенти, марҳум Ҳабиб Абдулла тўғрисида ҳар хил шивир-кучирлар юрарди. Мен булардан баъзиларини мисол келтираман.

“– Академик Ҳабиб Абдулла[12]биринчи ҳукумат касалхонасида Титов[13]нинг махфий топшириғи билан заҳарлаб ўлдирилди.

– Нима учун?

– Ўз миллатини севгани учун.

– Олтин конларни Москвадан яширгани учун.

– Шароф Рашидов уни ҳимоя қилолмади. Чунки Титов Москвадан юборилган “махсус шахс...” яъни:

– КГБ.

– Академикнинг жон бериши қийин бўлганмиш. У сўнгги дамида шу сўзни айтганмиш: “Мурунтовни очиб адашдим”.

Менинг бу улуғ олимга қизиқишим ортди. Унинг талабалар шаҳарчаси яқинида қарор топган уйига бордим. Фотима опа[14]мени хавотир аралаш хомуш қарши олди. Кўзларида савол... Унга мақсадимни айтдим.

– Раҳмат! – деди. – Дунёда яхши одамлар ҳам бор...

Мен унинг овозида ишончсизлик зоҳирлигини туйдим. Анча сукутдан сўнг, у кўзига ёш олиб, умр йўлдоши ҳақида сўзлади...

Ҳабиб Абдулла тўғрисида мақола ёздим. У очерклар тўпламимда ҳам нашрдан чиқди. Китобни Фотима опага бердим. У севинчдан кўзига ёш олди. Сўнг менга олимнинг етти томлик асарини совға этди.

– Раҳмат, опа! – дедим.

Ҳовлида, сўрида бир пиёла чой устида суҳбат қурдик. Мен мавриди билан Фотима опадан шивир-кучирлар ҳақида сўрадим. У беихтиёр теграга сергак боқди. Сўнг менга бир нима дейиш учун оғиз жуфтлади. Аммо негадир демади. Унинг юз-кўзига ғам ёйилди. Мен Фотима опанинг ҳолатини тушундим. У билан хайрлашиб, уйга қайтдим. Йўлда бошимга бир фикр келди: “Замонлар кечар, саволимга жавоб топилар. Ҳабиб Абдулла тўғрисида китоб ёзилар”.

13

Ойнурнинг илтимосига биноан, бозор куни тонгда Бектемирнинг “Ўрол” русумли қутили мотоциклида Боғдонга ёндик. Кайфиятимиз яхши. Шунга тумонат йиллардан бери бўм-бўш ётган Боғдон чўлини зерикмай, тез босиб ўтдик. Икки тоғ оралиғини ишғол этган Осмонсой қишлоғини ҳам бир зумда кечдик. “Назар бели” довонининг ярмига чиққанимизда, уловимиз қизиди. Йўл четига, Қизил булоқ ёнига тўхтадик. Онам ёпган нон ва сигир эти билан нонушта қилдик. Ҳовуч-ҳовуч сув ичдик.

Енгил руҳ билан йўлда давом этдик. Довондан ошдик. Боғдон юз очди. Тоғ тўрига элтувчи чағир тошли сўқмоқдан тўғрига бироз юриб, Қарши мўйловнинг[15]томи ёнидан ўнгга бурилдик. Ҳайбатли Бўғомбир қоя этагида, Боғдонсойнинг чап қирғоғида жойлашган лойсувоқ уй олдига келиб тўхтадик. Қописиз ҳовли адоғига, зангор қирғоққа от, эшак ва бир сигир арқонланган. Бу манзара менга, қайси бир рассом чизган асарни эслатади.

“Лойсувоқ уй... қописиз ҳовли... – дедим ичимда, – Боғдонда ҳамма уй, ҳовлилар шундоқ. Гўё бу қишлоқда Бўғомбир қоя мисол:

Ўсув тўхтаб қолган.

Замон тўхтаб қолган.

Тумонат йил ўнжа Боғдон қандоқ бўлса, худди шундоқ... фақат хусусий мулклар тугатилган ва давлат ҳисобига ўтказилган... Фақат бригадир, раис, биринчи секретар, милиса, КГБ... деган қоничарлар чиққан... Абдураҳмон жевачи[16]демаса, Боғдондан бир донгли киши чиқмаган.

Ҳовлининг қайси бир бурчагидан улкан ола ит оламни бузгудек бўлиб, ер титиб, вовуллаб чиқди. Бироқ Бектемирни кўриши билан унинг дами ичига тушди. Дарҳол думини қисиб, қўрқиб ириллаб, орқага тисарилди. Бундан Ойнур ҳайрон бўлди.

– Чингизхонни кўрса, – дедим мен пича лоф қўшиб, – ит-ку, ит, бўрилар ҳам писиб қолишади, илонлар ҳам инларига кириб кетишади, чақалоқлар ҳам йиғидан тўхташади.

Бектемир менга хўмрайиб қаради:

– Чингизхон дейсанми, Эврил? – Ойнур ажабланди. – Ким у?

Мен муғомбирона кулдим.

Ойнур сезди. Бекка қизиқсиниб, разм солди. Сўнг:

– Гапингда жон бор, – дея жилмайди.

Боғдонда Бектемирни “Бек” деб атайдилар. Айрим каслар: “Чингизхон” ҳам дейишади. Оналар йиғлоқи болаларини: “Ана-ана, Чингизхон келаяпти”, деб қўрқитишади. Бола чинқириб йиғлашдан тўхтайди.

Эчкиэмар тўғрисида бир нима дейишдан ожизман. Аммо Бек ҳар қандоқ чақағон илонни ҳам бўғиб ўлдирар ё думидан ушлаб олиб, боши узра айлантира-айлантира ерга урар ва сўнг уни қазидек пишириб ерди. Жайра, типратикон, тошбақа этларини ҳам хуш кўрарди. Бек энг қопағон итга ҳам (заррача қўрқмасдан) тик борар, уни мушти билан уриб йиқитар, гўштини эса иштаҳа билан тановул қиларди.

Бекда жирканиш туйғуси йўқдек эди.

Бекни ёзуқсизга қўл кўтарганини кўрмаганман. У доим камбағал болалар билан бирга эди. Шунга қарамай, ундан катта-кичик чўчирди. Мабодо у ноҳақ кимса билан муштлашса, қоплонга айланарди. Шафқат нима билмасди. Айрим ҳолларда қўлига илинган нарса билан уришдан ҳам тоймасди.

Ўзидан беш ёш катта Ҳазрат унга пичоқ билан ташланганда, Бек уни тош билан уриб ағдарди. Пичоғини сойга отди. Сўнг ўзини ҳам.

Менимча, Бек ҳеч нарсадан тап тортмаслиги учун Чингизхон отини олган. Яна унинг ташқи кўриниши ҳам мўғулга ўхшашроқ. Кўзи қисиқроқ. Қош-қовоғи қалин. Юзи тундроқ. Бекни кўрган киши: “Қаҳри қаттиқ”, деб ўйлайди. Ғазаби қўзиганда, унинг кўзи ғазабнок йўлбарс кўзидек ваҳший тус олади, одам унга қарашга кўрқади. Аслида Бекнинг ичи тоза. Унинг гавдаси ўз ёшига нисбатан йирик. Кўпчилик уни: “Отасига тортган”, дейди. Ҳақиқатан ҳам Бекнинг отаси Суннат темирчи дев киши.

Мен тунда эчкиэмар масаласини айтгандим. У:

– Тутамиз, – деди гапни чўзмай.

– Тутамизми, тутасанми?

– Тутамиз. Низом туйнакни[17]ҳам ўзимиз билан бирга оламиз.

– Нега?

– Керак.

14

Оқ ит кўздан ўчар-ўчмас Лочин табибнинг хотини Оймомо бизни кулиб қарши олди. Ойнур унга мақсадини айтди.

– Сойда, ҳозир чиқади[18], – у тоза ўғуз лаҳжасида сўзларкан, бизни ўрик остига қуроқ кўрпачалар тўшалган супага бошлаб борди. Сўнг тезлик билан шолча устига тутилмаган йўл-йўл чит терги ёзди. Уни нон, майиз, сариёғ ва бир коса қаймоқ билан безади. Шу аснода Лочин табиб ҳам келди ва биз билан жилмайиб сўрашди. Ойнур бу ихчам гавдали, қора соқол-мўйловли кишига бир қадар қизиқиш билан сездирмай кўз югуртирди. Лочин табиб келишган одам. Аммо унинг оғзи билан қулоқлари Ойнурга сал каттадек туюлди. Ўз навбатида Лочин табиб ҳам, Оймомо ҳам Ойнурга суқланиб боқишди. Ва: “Шу қизниям одам боласи туққанми ё ойдан энганми?” деган хаёлга боришди. Агарчи биз “Қизилбулоқ”да нонушта қилган бўлсак ҳам, қаймоқдан бошимизни кўтармадик.

Боғдон майизи очунда тенгсиз. Мен унинг қаймоқ, қоринёғи, қатиғини ҳам беқиёс деб биламан.

Емоқдан сўнг мақсадга ўтдик. Лочин табиб Ойнурни диққат билан эшитди. Кейин:

– Лоладаги касаллик туғмами? – деб сўради.

– Йўқ.

– Унинг ота-она, уруғ-аймоқлари ҳам бу дарддан узоқми?

– Ҳа.

– Даволасак бўлади, қизим.

– Раҳмат Сизга, табиб! – Ойнурнинг севинчи овози билан юз-кўзига тошди.

– Аммо бу, бир томондан Лоланинг ўзига ҳам боғлиқ. У менга ишониши, эчкиэмардан жирканмаслиги керак, қизим.

Ойнур ўйланиб қолди.

– Лоланинг ўзи билан кўришай, қизим.

– Тўғри айтасиз, табиб.

Хайрлашдик.

Фориш тумани марказидаги алоқа бўлимига ёндик. Ойнур Лолага сим қоқди:

– Икки ойга Учқулочга келгин, Лола, – деди қувноқ оҳангда. – Сени қувонч кутади. Ўзинг билан бирга Гумилевнинг китобларини ҳам олишни унутма. Сени соғиниб кутаман.

15

Алоқа бўлимидан қайтганимиздан кейин Ойнурни ўз қўнолғасида қолдирдик. Низом туйнак билан мен Чингизхоннинг режаси билан иш тутдик: тўр, чопон, арқон, болта, пичоқ, катта болға ва узун-узун тўртта темир қозиқни “Ўрол” қутисига жойладик. Сўнг ҳалиги тақир тепага елдик. Ҳўл-қуруқ аралаш саксовул оғочларини эчкиэмар инига тўпладик. Ин оғзига темир қозиқларни қоқдик. Ва уларга аланга зарар етказмайдиган қилиб, тўрни боғладик. Буруқситиб ўт ёқдик. Аччиқ тутундан бўғилган махлуқ жонҳолатда қочиб чиқиб, тўрга тушди. Ундан қутулиш учун жон-жаҳди билан ўзини ҳар ёққа аёвсиз ураркан, тўрга баттар ўралиб борди. Шайтондан ҳам эпчил Низом туйнак унинг устига чопон билан ўзини отди. Мен думини босдим. Чингизхон эчкиэмарнинг оғзи-бошини арқонда боғлади. Ва бўғзига пичоқ тортди. Кейин унинг бошини “Ўрол” қутисига тиқдик. Асосий қисми очиқда қолди. Низом туйнак унинг устига чопонини тўшаб ўтирди. Мен орқа ўриндиққа чўкдим.

Бу ўша, биз (Ойнур ва мен) кўрганимиз: Тимсоҳ. Мен унга ачиндим.

“Аянчли қисмат! – дедим ичимда, – бургутдан қочиб, бизга тутилди. Шўрликка шу қисмат битилган-да!”

Одам боласи ҳар қандоқ қилмишига: жиноятми, хиёнатми, айросиз,

Сабаб топади,

Баҳона топади,

Асос топади.

Шу йўл билан ўзини овутади, ўзини оқлайди.

Тун тўшалаётганда Лочин табибнинг уйига кириб бордик. У ажабланди:

– Мен бундоқ катта эчкиэмарни умримда кўрмаганман. Уни шундай тез тутганларингизга ҳам ақлим етмаяпти. Ундан бир дунё мой, талқон чиқади. У билан талай касални даволасам бўлади. Ҳай, айтгандай, Лола қачон келади?

– Уч-тўрт кунда, – дедим мен, – икки ойга. Энди умидимиз Сиздан, Лочин оға.

– Худди ўз қариндошингдек жон куйдиряпсанми, Эврил?

– Ойнур опамни ўз эгачимдек яхши кўраман, Лочин оға. Лола опам эса унинг қариндоши.

– Шундайми?

Мен унга жавоб бериш ўрнига: “Лола опам зўр тарихчи”, дегим келди. Бироқ ичимдаги ўзга бир Эврил буни рад этди: “Маврудимас”.

– Менимча, сезги қатига илоҳий куч яширилган. Мен уни: “Тангрининг бизга қилган карами”, деб ўйлайман.

Бек табибни худди катта кишилардек маъқуллади:

– Мен фикрингизга қўшиламан.

– Кўнглим сезяпти, болалар, Лола бу дардни кўрмагандек бўлиб кетади.

Мен Лочин табибнинг овозида ишонч зуҳурлигини туйдим.

16

Тонгда усти ярим ёпиқ машина бизни чўлга ташлаб кетди. Мен Ойнурга кечган воқеани айтдим. У ёш боладек қувнаб, чапак чалди:

– Раҳмат, Эврил! Сен менинг чин дўстимсан!

Мен бундан қанчалар севинганимни тасвирлашга ожизман.

– Ҳали мен, сен, Лола – учовимиз кўп яхши ишлар қиламиз!

Кун жазиллаб ёнишига қарамай, кўтаринки руҳ билан ишладик. Тердан уст-бошимиз жиққа ҳўл бўлди. Лекин толмадик.

Биздан тақрибан юз эллик миллион километр узоқликда, онига икки юз эллик чақирим тезликда сузаётган қуёш тикка келди. Менга борлиқ қиздирилган тандирга ўхшаб туюлди. Ловуллаётган ҳовур баданимизни жиз-жиз куйдирди. Юракни ўйнатди. Ўзимизни саксовулзор кўланкасига урдик. Ойнур сочиқда артинаркан:

– Эврил, камида эллик беш даража иссиқми, дейман, – деди.

– Ундан-да баланд, Ойнур опа.

Айрон ичдик. Устидан қатиқ. Қовурилган хўроз эти билан нон едик. Босиб-босиб кўк чой ичдик. Чарчоғимиз бироз ёзилди.

– Эврил, истасанг, кун қайтгунча мизғиб ол, – Ойнур опаларча меҳр билан сочимни силади.

– Сиз-чи?

– Мен Лола билан дардлашаман.

– Қандоқ? – ажабландим мен.

– Хаёлан, – тотли жилмайди у.

– Ойнур опа, кеча Сиз: “Эрхон бобомнинг кечмиши узун...” дегандингиз-а?

– Ҳа.

– Мен унга қизиқиб қолдим.

Ойнурнинг руҳияти юксак учун, ортиқча қистовсиз Эрхон ботир кечмишига шўнғиди:

– Менинг Эрхон бобом!..

Ойнур ўз бобосини кўрмоқчи бўлгандек узоқларга, жуда узоқларга тикилди. Тарқоқ ўйларини тўплаш учунми, анчагача жим қолди. Сўнг:

– Онам ҳам улуғ бобомни кўрмаган, – деди армонга қотилган маъюс овозда. – Унинг сурати ҳам сақланмаган. Онам Эрхон бобо ҳақида юз ёшдан ошган Иқлим момо ҳикоясидангина тасаввурга эга:

“Айланай қизим, бу қиссани тўла айтсам, у бир китобга сиғмайди. Шунга кесиб-кесиб айтаман:

Эрхон ботир[19]қиличдек кескир, суқсурдек бир йигит эди. Шу кўринишига Тангри унга ақлдан ҳам берган эди. Унинг феъли ҳам кенг эди. Қишлоқда Эрхон ботирга кўз тикмаган қизни мен кўрмаганман. Бироқ Иқонда[20]у ҳеч бир қизга насиб этмади. Нега дейсанми? Қулоқ сол, айланай.

Эрхон ботир ўсмирлигидан савдо карвони билан Чин, Рим, Ҳинд, яна бошқа юртларга қатнарди. Ҳар замон-ҳар замонда бизлар йўлларда юз берган хавф-хатарлар тўғрисида эшитиб қолардик. Бундай пайтларда карвон билан кетган қариндошларимиз кўз олдимизга келарди. Албатта, Эрхон ботир ҳам, айланай... Бизни хавотир, қўрқув босарди.

Ўрис Ботардан[21]Чиқарга[22]илондек ўрмалаётган, Қирғиз-қайсақнинг Кичик жузи билан Ўрта жузи босиб олинган, Оқмачит[23]Қўқон хонлигидан кетган замонларда, йўқ, айланай, ундан хийла кейин, Эрхон ботир Балиқкентда, уни ҳозир Пекин дейдиларми, билмадим, кутилмаганда кўздан ғойиб бўлади. Бундан унинг карвондошлари изтироб чекадилар. Зир-зир югуриб, уни қидирадилар. Лекин тополмайдилар. Кутиша-кутиша, охири, ноилож уйларига қайтадилар.

Эрхон ботирнинг бой-бадавлат ота-онаси ўғилларини ўйлаб, қаттиқ куйиб, қайғурадилар. Аммо ундан умидларини узмайдилар. Ойхумор опа (онаси) ҳар куни йиғлаб, йўл бошида мунғайиб ўтирарди. Бундан мен ҳам эзилардим. Улус ҳам сиқиларди. Қизларни айтмасам ҳам бўлади.

Шу зайлда беш йил кечади. Эржон оға (отаси) ўғлидан хат олади. Сувсизликдан сўлиб, сарғайиб қолган экин сув ичганда қандай тирилса, ота-она ҳам шундай яшнаб кетадилар. Қувонганларидан элга уч кун тўй берадилар. Ўшанда мен ўн олти ёшда эдим. Эрхон ботирнинг синглиси Ойхон билан сирдош эдим. Ёш ҳам қизиқувчан эмасманми, Ойхонга ялиниб-ёлвориб, ундан хатни олиб ўқидим.

Ажабланарлиси шундаки, ундаги бир-икки сўз, ўзим учун тушунмаганим бир-икки сўз эсимда қолган:

“...Ота, мен Хитойда уруш, жанг сирлари: Каратэ, Кунг-фу, У-шу ҳамда бошқа жанг санъатларини ўрганиш учун қолдим. Ёв ўлатдек ёпирилиб келаётганда, мен ўзимни шунга бурчлиман деб ўйладим. Биринчи мактубимда бу ҳақда Сизга ёзгандим. Сизларни ғам-ташвишга қўйганим учун мени кечиринглар, ота...”

Хатда битилган бошқа сўзлар хотирамдан кўтарилган, айланай. Орадан қанча йиллар оқиб ўтмади дейсан, қизим.

Эрхон ботирнинг Чинда бир неча ойга қолиш сабабини анчадан кейин Ойхондан билдим. У ўзига ҳарбий жанг сирларини ўргатган устозининг сулувдан-сулув қизи Хун-Суга уйланади. Афтидан, кўнгил қўйиб. Ундан Ўрхун отли ўғил кўради.

Эрхон ботирнинг юртга қайтиш фурсати келади. Бироқ устози:

– Хун-Су менинг ёлғиз қизим, – дейди Эрхонга, – усиз ҳолим не кечади, ўғлим? Мен қариб қолдим. Сен шу ерда қол. Мол-мулкимга ҳам эгалик қил.

Эрхон ботир устозининг кўнглини оғритгиси келмайди. Ноилож бир йилга Балиқкентда қолади. Бу вақт ичида Хун-Су отасига қанча йиғлаб-ёлворади. Чол сўзида қатъий туради.

Эрхон ботир икки ўт орасида қоврилади:

Ё хотини билан ўғли?..

Ё Юрти билан Эли?..

У хотини билан ўғлини қанча ёниб суймасин, ЮРТ туйғуси уни ўзига қаттиқ, жуда қаттиқ тортади. Бу туйғу олдида Эрхон ботирнинг ақл, идроки ожизлик қилади. Буни юрак бетлаб Хун-Суга айтади. У

Зор йиғлайди,

Қон йиғлайди.

Охири рози бўлади.

– Қайтиб келиб, бизни олиб кетасизми? – сўрайди Хун-Су.

Эрхон ботир унга сўз беради:

– Ҳа, Хун-Су.

17

Эрхон ботир Иқонга қайтганида, ота-онаси, қариндош-уруғлари, қишлоқ эли уни чексиз қувонч билан кутиб олишгани, биз қизлар севинчимизни яширолмай, осмонга сакраганимиз ҳамон эсимда. Эржон оға ўғли шарафига катта тўй-томоша бергани, етим-есирларга егулик-кийгулик улашгани ҳозиргидай ёдимда. Қизлар Эрхон ботирдан совчи келишини орзиқиб кутардилар. Ота-онаси ҳам уни уни уйлантиришга ошиқардилар.

Эрхон ботир бир йиллар чамаси хотини-ю ўғли борлигини яшириб юради. Бу вақт ичида у отаси (Эржон оға қишлоқ оқсоқоли эди) ҳамда қишлоқ улуғлари билан кенгашган ҳолда Иқонда кўнгиллилар ўрдусини тузади. Унга Авлиёота, Чимкент, Сайрам, Туркистондан ҳам ёшлар келиб қўшиладилар.

Эрхон ботирнинг кўнгиллиларга айтган мана бу сўзи менинг мадраса кўрган отамга ҳам маъқул бўлган:

– Биз, турк эли бошқа халқлар билан алоқа қилиб борсак, уларнинг яхши томонларини ўзимизга сингдириб борсак, ютамиз. Оврўпо илм-фан, саноат, қурилиш... соҳаларида биздан ўзиб кетган. Нима учун ундан ибрат олмаймиз? Ёки Жапўн, Чиндан жанг санъатларини ўрганмаймиз?

У ўз сўзидан келиб чиққан ҳолда кўнгиллиларга уруш сирларини (Каратэ, У-шу, Кунг-фу, милтиқда мўлжалга аниқ отиш, қиличда бехато чопиш...) ўргата бошлади. Биз қизлар буни (баъзи-баъзида) анграйиб томоша қилардик, айланай.

Ёв Қўқон хонлиги чегараларини бузиб ўтиб, тобора ичкарилаб келар, Эрхон ботир бундан қаттиқ ташвишга тушар, хонлар (Қўқон, Бухоро, Хива хонлари) босқинчига қарши бирлашмаётганларига, аксинча, бир-бирларига терс муносабатда бўлаётганларига куйиб-ёнарди:

– Ерни сув босса, тўпиқларидан чиқмайди. Бу кетишда Эл-Юрт тақдири не кечади? Биз келажак авлод қарғишига қоламиз. Бизни тарих кечирмайди.

Отам:

– Элимизга Эрхон ботирдай одам бош бўлганда, – дерди алам ўтида ёниб, – Юртимизга пашша ҳам учиб киролмасди.

Эржон оға билан Ойхумор хола Эрхон ботирга уйланиш масаласини кўндаланг қўяди. У иложсиз бир тарзда:

– Ўрхун отли бир набираларингиз бор, – деб айтишга мажбур бўлади.

18

Бу кезда Хун-Су отасидан айрилган, Ўрхун чопқиллаб юрадиган бўлиб қолган эди. Уни оғир ўй, изтироб қуршайди:

Ё Юрти?..

Ё Эрхон?..

Ниҳоят бир ечимга келади:

Эрхон!..

“Ўғлим отаси бағрида ўссин”, деб ўйлайди.

Еру мол-мулкларини сотади. Ўрхунни бағрига олиб, Туркистон карвони билан Иқонга келади.

Ота-она матонатли келинларини ётсирамайдилар. Қучоқ очиб кутиб оладилар. Набираларини бошларига кўтариб эркалайдилар. Элга тўй берадилар. Биз қизлар рашк қилиш ўрнига ойдан сулув келинни кўриш учун Ойхумор холаникига бот-бот бориб турардик. Биринчи кунлари Хун-Суни “Хун сув” дердик. Кейин: “Сулув” деб атай бошладик. У бизнинг тилимизни тез ўрганди, бизга сингишиб кетди.

Шу-шу Иқонда хитойга ўхшаш болалар кўпайиб борди. Шунга, айланай қизим, сенинг ҳам кўзларинг сал қийиқдай.

Ота-она бошда: “Ўғлимизни ўзимизнинг қизлардан ҳам бирига уйлантирайлик”, деб юришди. Бироқ аста-секин бу ниятларидан қайтишди. Хун-Су Хитой ҳам шаҳарлик бўлишига қарамай, нон ёпиш, сигир соғиш, кир ювиш, супуриб-сидириш... хуллас, ҳамма ишларни кўнглидан бажарарди. Бунинг устига яна бир ўғил, бир қиз туғиб берди. Ўзи ҳам ўзимизча кийингани, ўзимизча сўзлагани учунми, иқонли аёлларга ўхшаб борди. Гапнинг қисқасини айтсам, айланай қизим, Сулув ҳаммамизга ёқиб қолди.

19

Иқонда тотли ҳаёт давом этаркан, Генерал Веревский Қўқон хони ери бўлмиш ҳозирги Олмаотани босиб олади. У ерда Верный ҳарбий қўрғонини қуради.

1863 йил Эрхон ботир бош тўққиз эр ўнта қорабайирда ғаним сари елади.

Тўғри, қизим, мен воқеа кечган ерда бўлмаганман, аммо уни қандай эшитган бўлсам, шундай айтаман. Яна ҳам аниғи: эсимда қолганини айтаман.

Йигитлар тезда ёғийнинг режаси, кучу сонини аниқладилар. Ёв деярли қаршиликсиз ичкарилаб келаётгани учун захирасини тиш-тирноғи билан қўриқламаётган экан. Буни билган йигитлар ойсиз, қоронғи тунда ўрис аскарларидек кийинган ҳолда уларнинг соқчиларини бўғизлайдилар. Уч юзта отга (душман отларига) қурол-яроғ, озиқ-овқат, кийим-кечакларни юклайдилар. Иқонга учадилар. Эрхон ботир билан Эргаш қолади. Йигитлар анча узоқлашиб кетганларидан сўнг, икковлон ёвнинг захира омборларига ўт қўяди. Кейин ғанимни чалғитиш учун дўстларига тескари: Чин томонга от суради. Ёвнинг юз чоғли суворийси уларнинг изига тушади. Икки ботир вақти-вақти билан бутоқзор ораларидан ёғийни ўққа (босқинчидан олишган милтиқларда) тутади. Сўнг яна қочади. Шундай йўл билан қирқ битта ёвни узлатга юборади. Тўққизтасини яралайди. Қиличлашишга тўғри келган онларда икковлон ўзларига ташланган тўртта-бешта ғанимни чопиб ташлайди. Ортдаги таъқибчилар етиб келгунларича, тағин қочиб қоладилар. Силласи қуриган босқинчи: “Булар хитойлар”, деган фикрга келади. Бундан қўрқувга тушади, отини ортга буради.

Икки ботир айланма сўқмоқлар билан Иқонга қайтади. Э, ҳа, айланай, эсимдан чиқай дебди, шу воқеадан кейин тўққиз ўғлоннинг ҳар бирини эл “ботир” деб атай бошлади. Алп қоматли бу йигитларнинг отлари ҳамон эсимда: Элбек, Қўлдош, Эргаш, Довул, Темур, Пўлат, Тошбек, Элчин, Эгам...

Мен бу воқеани, айланай қизим, бор тафсилоти билан айтолмайман. Чунки билмайман. Элдан эшитганимни, эримдан (Эргаш ботир) эшитганимни айтаяпман. Уни ҳам узуқ-юлуқ айтаяпман. Орадан қанча замонлар ўтиб кетмади дейсан, ўргулай.

Бу ҳаммадан кейин босқинчи бир йилгача ўзига келмайди. Юришни тўхтатади.

20

Бу замон ичида Эрхон ботир Қўқонга боради. Қўқон хони қўшини бошлиғи Алимқули билан учрашади. Улар ўртасида қандай гап-сўз кечгани менга қоронғу. Бу ҳақда эрим (Эргаш ботир) ҳам оғиз очмаган. Аммо мен ўзимча шундай ўйлайман:

Эрхон ботир ушлаган ерини кесадиган, ҳар қандай кишига ўз таъсирини ўтказадиган йигит эди. Унда одамларни ўзига тортувчи, ўзига қаратувчи, ўзига ишонтирувчи сирли бир куч бор эди. Балки, бу илоҳдан берилган кучдир?

Шундан келиб чиқиб қаралса, Эрхон ботир Алимқулига ўз сўзини ўтказган. Шунга унинг қўшини Чимкентга юз тутади. У 1864 йилда Иқон этагида босқинчи билан тўқнашади. Режа бўйича (Эрхон ботир режаси) кўнгиллилар кутилмаганда ёғийнинг икки қанотини мажақлайди. Эрхон ботир билан ҳалиги тўққиз ўғлон ёв захираларини йўқ этади. Шунга қарамай, қаттиқ жанг бўлади. Охир-оқибат ёв қочади. Алимқули билан Эрхон ботир уни Веревский остонасигача таъқиб эттади. Шунда лашкарбошилар Алимқули кўнглига ғулғула солади:

– Емоғимиз тугаётир, – дейди Алимқулининг ўнг қўл лашкарбошиси ташвишли, таъсирли овозда. – Қайтайлик.

Сўл қўл лашкарбоши уни қувватлайди:

– Веревскийда ўрис ҳарбий қўрғони[24]бор. Эшитишимча, у жуда мастаҳкам қалъа. Ундаги мадад кучлари бизнинг ҳолимизни танг этади. Қўшин, отларимиз ҳам чарчаган.

Эрхон ботир Алимқулига ўтинади:

– Ёв чалажон. Қўрғонида эса бармоқ билан санарли чериги қолган. Чалажон илоннинг боши мажақланмаса, у пайт пойлаб чақади. Веревскийни олиб қайтайлик. Бундай фурсат бошқа бўлмаслиги мумкин.

– Мунча ишонч билан сўзлаяпсан, Эрхон?

– Айғоқчиларим билиб қайтишди.

Лашкарбошилар айюҳаннос солишади:

– Нотўғри.

– Ёлғон.

– Сохта маълумот.

Уларнинг таъсирида Алимқули Эрхон ботирга писанда қилади:

– Ўз кўзинг билан кўрмагунча ишонма. Олмаотани олишга келсак, шошма, ҳар нарсанинг вақти-соати бор...

Эрхон ботир унга ортиқ оғиз очмайди.

Хон қўшини улкан ўлжа билан тоғлар оралаб, Қўқонга от суради. Эрхон ботир бир сўз демаса ҳам, икки юз кўнгилли улардан ажраб чиқади. Эрхон ботирни ўй босади:

“Вақти-соати бормиш!.. Қачон? Минг йилдан кейинми? Ёв Ўрол-Сибиримизни босиб олганига неча юз йил кечди? Олтин Ўрда[25], Аштархон[26], Саратов[27], Ўринбур[28]ларимизни-чи?.. Энди у чексиз-чегарасиз, гўзал, бой ўлкаларимиз (очун белги[29]сида) “Ўрусия” деб аталаётир. У ерлардаги бир туғишган уруғларимиз: Саха, Ҳокас, Олтой, Тува, Шўр, Қипчоқ, Узларимиз тарих саҳнасида кўринмаяптилар. Устига-устак мажбуран насроний динига ўтганлар. Хун қолдиғи – Чуваш ҳам. Улар йилдан-йилга тилларини ҳам, ўзликларини ҳам унутиб бораяптилар. Татар, бошқирд, Чуваш, Қорачой, Кукўғуз (гагауз), болқар, қиримли[30], қумиқ, нўғай, Қорайим[31]каби қондошларимиз ҳам айни шундай: Ўрис тизгинида.

Хўш, улар қачон бу бўғовдан қутуладилар? Оқишдан тўхтаган сув кўлмакка айланади. Биз қутулиш учун курашмасак, оқмай қолган сув ҳолига тушамиз. Ҳозир Верныйни ташлаб кетаяпмиз. Эртага балки, Авлиёота, Чимкент, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хиваларни... Туркистон қил устида... Шундай аянчли ҳолда ҳам биз: “Ҳар нарсанинг вақти-соати бор...” деб ўзимизни-ўзимиз овутамиз. Аслида бу сўз билан қўрқаётганимизни, қўрқоқлигимизни яширамиз.

Босқинчига қарши бир турк туғи остида бирлашмасак, бирлашиб курашмасак, ўнглаб бўлмас хатога қўл қўямиз.

Тарих қарғишига қоламиз.

Авлодлар қарғишига қоламиз.

Ичимиздан Ўғузхон чиқмасми?

Ичимиздан Чингизхон чиқмасми?

Ичимиздан Темурхон чиқмасми?

Қани у куч-қудратда тенгсиз салтанатларимиз?

Уйғонмасми Туркистон?

Уйғонмасми Турон?”

21

Хон қўшини кўздан ўчгандан сўнг менинг эрим Эргаш ботир унинг ёнига боради. Эрхон ботир ўзига келади. Ишонган дўсти бўлгани учун унга ўз кечинмаларини айтади:

Эргаш ботир:

– Уч хон бирлашмаса, ёв бизни ютади, – дейди.

– Сен бирлашади, деб ўйлайсанми?

– Йўқ, деб қўрқаман.

– Нега?

– “Сендан мен камми?” деган ғурурлари йўл қўйиши қийин.

– Балки энди, ЮРТ тақдири хавф остига келганида бирлашарлар?

– Илоҳо, янглишай, аммо кўнглим: “Учала Хон ҳам ўз Юртларидан кўра, ўзларини яхши кўрадилар.

– Бундоқ тақдирда учови ҳам ҳалокатга юз тутади.

– Учови бўлса гўрга эди, дўстим. Ундоқда:

Эл тақдири не кечади?

Юрт тақдири не кечади?

Агар менда улкан бойлик бўлганда, Эргаш дўстим, учовидан ҳам нажот кутиб ўтирмасдим. Ёвни чиққан ерига тиқадиган бир қўшин тузардим. Ҳозир бу, бир сиқим кўнгилли билан мақсадни амалга оширолмайман. Бу аянчли! Менга алам қилгани: бизга ғалаба ёр бўлиб турганда орқага қайтдик. Бу – фожианинг боши. Бу дегани омад биздан юз ўгирди, ўчира бошлади дегани. Эргаш дўстим, ҳозир бизда лоақал мингта кўнгилли бўлганда, орқага қайтмасдик. Верный қўрғонининг кулини кўкка совурардик. Кейин Порт-Превский қалъасини[32]!.. Кейин Кичик Жузни, Ўрта Жуз[33]ни озод қилардим. Бунга ақлим ҳам, кўзим ҳам етиб турибди. Бунга кўнглим ҳам чопиб турибди.

– Сенга ишонаман, дўстим.

– Бироқ қани ўша қўшин?

Минг черик?

– Менимча, бунинг очқичи[34]битта:

Бойлар...

Гаплашиб кўрамиз, Эрхон.

– Кўнармиканлар?

– Шундай пайтда кўмаклашмасалар, қачон кўмаклашадилар?

– Ишонасанми?

– Тушунтиришимизга боғлиқ, ишонтиришимизга боғлиқ. Агар ёв босса, биринчи галда бойларга бало тошлари ёғилади.

Бор-будларидан айриладилар.

22

Шу он бир тўп йигит икки ботир олдига келади. Гап узилади.

– Бу ерда ушланиб қолишимиз хавфли, – дейди улардан бири Довул ботир. – Таъқиб этилмаётганини сезса, ёғий бизга айғоқчи юбориши мумкин.

– Тўғри, – Эрхон ботир кўнгиллиларга отланишни буюради.

Жанубга, Авлиёота томонга елишади.

Беш-олти тош йўл босганларидан сўнг йўриладилар, оч қоладилар. Отлар ҳам ҳолдан тояди. Ёввойи оғочлар эгаллаган тоғ тўрига, тезоқар сой бўйига қўнадилар.

Элбек ботир бош бир неча йигит қайси бир қишлоқдан ўнта қўй, нон, ем олиб келади.

Қўйларни сўйишади, териларини арчишади, ичак-чавоқларини олиб ташлашади. Уларни бутун-бутун ҳолда узун-узун қатранғи[35]оғочларига санчишади. Ўнта ерга гулхан ёқишади. Ҳар ўтнинг икки томонига учлари айри оғочлар қоқишади. Уларга қўйларни осишади. Қўйлар пишгунча арғумоқларни ювиб-тарашади. Ўзлари ҳам сойда чўмилишади. Отларга ем беришади. Сўнг кўкатларга ястаниб (зўр иштаҳа билан) овқатланадилар.

Шу аснода чўққиларда турган соқчилар шошилинч хабар етказадилар:

– Босқинчи ҳар томондан ўраб келаётир.

– Тахминан қанча?

– Минг атрофида.

Эрхон ботирнинг буйруғига биноан кўнгиллилар ўз от, яроғлари билан қўшни қирғоққа – осмонга туташиб кетган қоя тизмалари остига ўтадилар. Эрхон ботир ҳеч нарса юз бермаётгандек ўзини хотиржам тутиб, хотиржам оҳангда ушбу сўзларни айтади:

– Энди ёв орқа томонимиздан ҳамла қилолмайди. Қоя бизга қалқон. Ундан ёввойи эчкилар ҳам ошиб ўтолмайди. Биз ёғийдан юксакда – ҳайбатли тошлар орасида турибмиз. Энди ёв бизга уч ёқдан хуруж қилади: қаршидан, икки қанотдан. Шунга учга бўлинароқ савашга ўтамиз. Милтиқ, ўқларимиз, қилич, сунгуларимиз етарли. Бу биз учун синов жанги, машқларимиздан келиб чиқиб айтсам: қилич, сунгуларда савашда босқинчи бизга тенг келолмайди. Қўл жангида ҳам. Милтиқларда мўлжалга отишни биламиз. Ғанимнинг биздан устун томони: пулемёти бор. У бизда йўқ. Лекин ўқлари тошларни тешиб ўтолмайди. Тошлар – бизга қалқон. Унутманглар: ёв яқин келганда тошлар паналаридан уни ўққа тутамиз. Қўққис. Менинг ишорам билан. Кўнглим сезяпти:

Биз енгамиз!

– Биз енгамиз! – қичқирадилар йигитлар.

Тоғ-тошлар ҳам акс-садо беради:

“Биз енгамиз!”.

Босқинчи уч томондан бостириб келади. Қўмондон Черняев:

– Бу қўйлар қўрққанларидан қоя-тошлар ораларига беркиниб олганлар, – дейди ўз қўшинига. – Пулемётлардан ўт очиб, уларнинг ўтакаларини ёринглар. Аммо отларга тегманглар. Улар бизга керак бўлади...

– Буларга ўқлар ҳам ҳайф, – эътироз билдиради ўнг қўл лашкарбоши Иван. – Жангсиз таслим этамиз.

Черняев татар тилмочига буюради:

– Гаплаш!..

Тилмоч Черняев сўзини Эрхон ботирга айтади. Эрхон ботир (тилмоч орқали) айни шу талабни Черняевнинг ўзига қўяди. Унинг “қўй” деганига эса яна қўшимча қилади:

– У оёғимга бош уриб келсин, шунда тўнғиз боши узилмайди.

Бу жавобдан Черняев жунбушга келади, ғазаб, нафрат ўтида ёниб, титрайди, аждарҳодек тўлғаниб, наъра тортади:

– Пулемётлардан ўт очинглар!

Ўт очишади.

Сон-саноқсиз ўқлар “чив-чив” учароқ тошларга урилади, отлар ер тепиниб, кўкка сапчиб, кишнайди. Босқинчилар милтиқларини ҳам ишга соладилар. Одамер ёввойилардек бўкирароқ кўнгиллилар сари отиладилар:

– У-ра![36]

– У-ра!!

– У-ра!!!

Ора тораяди. Икки юз бўз ўғлон (милтиқларда) ёвни нишонга олганича, тепкини босишга буйруқ кутади. Ниҳоят, Эрхон ботир ўнг қўлини кўтариб, туширади. Бирдан икки юзта ўқ душманга учади. Деярли бехато... Кучли довулда оғочлар қандоқ қуласа, босқинчилар ҳам шундоқ қулайдилар.

Вой-додлаб қулайдилар.

“Онажон”лаб қулайдилар.

Тириклари бу ҳолдан:

Довдираб қоладилар.

Васвасага тушиб қоладилар.

Ёғий ўзига келмасидан кўнгиллилар яна тепкиларни босадилар:

Яна...

Яна...

Яна...

Шамолда куз япроқлари қандоқ тўкилса, босқинчилар ҳам шундоқ тўкиладилар. Шунда бирдан бўз йигитлар тошдан-тошларга олқар мисол енгил сакрароқ қилич, сунгуларга эрк берадилар. Тоғ-тошларга мослашмаган ёвни қамишни ўргандек “ўради”лар. Тирик қолгани бас келолмаслигини сезади:

– Булар Хитойдан ёлланган қотиллар! – дея бўкириб қочади.

Ўликларини ташлаб қочади.

Ярадорларини ташлаб қочади.

Отларини ташлаб қочади.

Қуролларини ташлаб қочади.

Иванга ўхшаш чалажон лашкарбошиларини ташлаб қочади.

Ғурурларини булғаб қочади.

– Чингизхондан ҳам шундай қочган, – дейди Элбек ботир.

– Темур ҳоқондан ҳам шундай қочган, – дейди Эргаш ботир.

– Жон ширин-да, – ёйилиб кулади Эрхон ботир, – бундай онларда:

Ватан,

Миллат,

Дин

туйғулари ҳам кўзларига кўринмайди. Қара, ҳаммаси ўз жонини ҳовучлаб қочаяпти. Кўряпсанми, Черняевга ҳам сичқоннинг ини минг танга бўлиб қолди.

Кўнгиллилар шаҳид бўлган дўстларининг ҳурматларини жойига қўйиб, қоя остига дафн этадилар.

Эрхон ботир йиғлайди.

Бўз йигитлар йиғлайди.

23

Қалбларида ғам билан,

Қалбларида ўч олиш истаги билан,

Қалбларида зафар ёғдуси билан

Иқонга қайтадилар.

Эрим (Эргаш ботир) бу жанг ҳақида қувончини ичига сиғдиролмай, зўр ҳаяжон билан ҳикоя қилиб бергани ҳамон ёдимда.

Қизим, айланай қизим, вақт дегани тўзондай тўзиб ўтавераркан. Мен учун азиз бўлган қанча-қанча одамлар ўтдилар. Энди улар қайтмайдилар. Ўтиб кетган у бахтиёр кунлар ҳам қайтмайди.

Менинг ҳам саноқли кунларим қолди. Мен бу тарихни ўзим билан бирга тупроққа олиб кетаман. Шундан кейин Эрхон ботир қиссаси, бўз йигитлар қиссаси унутилиб кетади”.

Унинг борлиғини армону айрилиқ ўкинчи қуршайди. Ҳорғин, сўниқ кўзларидан ёш оқиб, қайғу-ғам ўтириб қолган юзларини ювади.

Ҳасрат ёшлари,

Армон ёшлари,

Кечмишни қўмсаш ёшлари.

Бир кезлари олис, жуда олис бир кезлари юзлари тиниқ, кўзлари қуралай, қад-қомати жозибали бўлган, энди оғир ҳаёт, довулли вақт силсилаларида буришиб-тиришиб қолган, бир сиқим бўлиб қолган кампирнинг аянчли кўринишидан онамнинг юрак-бағри хун бўлади. Осмонданми, ғойибданми, билмайди қаердан: “Ҳамма тирикларни шундай қисмат кутади”, деган сўз қулоғига келади. Бундан унинг кўнгли баттар увишади.

Денгизни босиб ётган қалин туманни шамол ҳайдаганда, у яна ўзининг азалий – (мовий) осмон тусига киради ва илоҳий улуғворлиги-ю самовий кенглигини намойиш этади.

Иқлим момо билан онам ўрталарига чўккан оғир сукунат кўтарилганида, момо ўзини қўлга олиб, ботирлар қиссасини давом эттираркан, рутубатли тумандан қутулган денгиздек яшнаб кетади:

“Иқон эли ботирларни зўр қувонч билан кутиб олди. Эски урф-одатларимизга кўра ўнлаб гулхан ёқилди, ўнлаб қўй сўйилди, қозон-қозон ош пиширилди, тандир-тандир нон ёпилди. Улуғ уйлар теграларига гиламлар тўшалди, тергилар ёзилди. Куй-қўшиқ, ўйин-кулгилар авжига чиқди. Бизлар (хотин-қизлар) ҳам гулханлар атрофида армонсиз ўйнадик. Қандоқ замонлар эди-я, айланай қизим! Бир камсиз, ўз эркимиз ўзимизда яшардиг-а! Отинг ўчкур босқинчи тинчлигимизни бузди, еримизни булғади. Бу ҳам бир кўргуликми, билмадим, қизим.

Ботирлар келтирган севинч абадийдек туюларди бизга. Бироқ бир йилга ҳам чўзилмади. Бутун дунё босқинга қарши турганига қарамай, у ўлгир оч аждарҳодай ўрмалаб кела бошлади. Оч аждарҳодай дедимми, қизим? Йўқ, унинг олдида аждарҳо пашшадек гап. Аждарҳо фақат қон ичса, босқинчи қонимизни ҳам ичар, еримизнинг ости-устида кўзга суртиб, авайлагудек нимамиз бўлса, ҳаммасини ямламай ютар, юртига ташиб кетарди. Тағин:

Миямизни,

Пуштимизни,

Тилимизни,

Хотирамизни,

Эркимизни

бўғовлашга киришди.

Тағин:

Кечмишимизни,

Ғуруримизни,

Имон-эътиқодимизни,

Еримизни,

Миллий шаънимизни

бўғовлашга киришди.

Кўплар юз ёшни орзу қиладилар, қизим. Лекин юздан ошган одамга ҳам қийин. Нега десанг, қизим, у ўзини-ўзи эплаб юролса, яхши. Юролмаса, бола-чақасига ҳам сиғмай қолади. Дунёга ҳам. Ўлишни истаб қолади. Тангрига ёлворади:

– Яратган Эгам, омонат жонингни ол!

Бундай пайтда уни азоб-уқубатлар, хор-зорликлардан ўлим қутқаради. Фақат ўлим. “Ўлим ҳам неъмат” деб бежиз айтилмаган. Ўзини-ўзи эплаб юрганига ҳам осонмас. Бош деярли касалликдан чиқмайди. Бундай ёшда энг кучли, иродали одам ҳам ўзини зўрға бошқариб юради. Мана, менинг ҳам ақлим кирди-чиқди бўлиб қолган. Бунинг устига эзма ҳам бўлиб қолганман. Хотирам ҳам бўшашиб кетган. Кўриб турибсан, қизим. Ҳозир ўзим сезмай, воқеадан узоқлашиб кетибман. Кечир, қизим. Сенга айтсам, айрим бойларнинг кўмаклари билан кўнгиллилар сони уч юзтага етди. Бизнинг кўз олдимизда Эрхон ботир уларни оғир, тинимсиз машқлар билан урушга ҳозирлайди.

24

Бироқ бу гал босқинчи кўп қўшину пухта тайёргарлик билан йўлга тушади. Кўп ўтмай, макр билан Тошкентни қамал қилади. Бу воқеа 1965 йили юз беради. Душман ички сотқинлар маслаҳати билан Кайковус йўналишини ўзгартиради. Кентни сувсиз қолдиради.

Кўнгиллилар учқур арғумоқларда кўмакка Тошкентга учадилар. Эрхон ботир уларни (Элбек ботир бошчилигида) Турбатда қолдиради. Ўзи (юқорида отлари қайд этилган тўққиз йигит билан бирга) вазиятни ўрганиш учун Тошкентга ёнади. Бироқ ҳозирги Черняевка[37]га киришдаги тепалар орасида пистирмага – ўрис ўқларига дуч келади. Етти ботир ҳалок бўлади. Жумладан, менинг эрим Эргаш ботир ҳам. Мен икки ўғлим билан тул қолдим. Шундан кейин, айланай қизим, бошқа эр қилмадим.

Эрхон ботир елкасидан яраланади. Пўлат ботир оёғидан. Юздан ортиқ босқинчи уларни ўраб олади. Икки ботир қаттиқ қаршилик кўрсатади: қиличда ўнлабини йитади. Аммо, охири (кўп қон йўқотгани учун) ҳолдан тояди. Ёв ботирларнинг қўлларига кишан солади. Уларни Черняевнинг олдига элтади ва:

– Булар тенгсиз жангчилар, – дейди.

Черняев ботирларга қизиқиб қолади. Тезлик билан ўз жарроҳига буюради:

– Муслимларни давола!

Жарроҳ ботирларга санчилган ўқларни олиб ташлайди. Уларни оёққа турғазади.

Черняев бошқирд тилмоч орқали Эрхон ботирга ўз сўзини айтади:

– Сен бизга садоқат билан хизмат қилсанг, сени ўлдирмайман, ўзимга ёрдамчи қилиб оламан. Шеригингни эса бўлинмага командир этиб қўяман.

Эрхон ботир бир режани кўнглига тугади. Тугади-ю: “Бирдан “ҳа” десам, ишонмайди”, деб ўйлайди. Шунга:

– Ўйлаб кўришга муҳлат бер, – дейди.

– Эртага тонгда сендан жавоб кутаман, – Черняев Эрхон ботирга бошдан-оёқ разм солади. У Черняевга йўлбарсдек тик боқади. Кўзлар тўқнашади. Черняев ботирнинг қарашига дош беролмайди. Кўзини олиб қочади.

– Унинг ичида йўлбарс бор, – дейди Черняев тилмочга, – ундан эҳтиёт бўлиш керак. Агар бўшалиб кетса, бизга катта хавф туғдиради. Чиндан ҳам бизга қўшилса, ерликларни бўйсундиришимиз осон кечади...

Тонгда Эрхон ботир Черняевга ўз истагини билдиради:

– Розиман, – дейди ичидаги “сир”ни сездирмаслик учун жиддий бир оҳангда. – Фақат...

Эрхон ботир ўзини иккилангандай тутиб, жим қолади.

– Мужмал гапни жиним суймайди, давом эт.

– Менинг ҳам икки шартим бор.

– Қулоғим сенда.

– Биринчи шартим:

Пўлатни қўйиб юбор. У уйига қайтсин. Менинг соғ-саломатлигимни ота-онамга айтсин.

– Ярайди.

– Иккинчи шартим:

Энг зўр юзта аскаринг билан куч синашаман.

– Бирга-бир чиқасанми?

– Сен нима десанг, шу. Майли, менинг бир ўзимга қарши бешта-ўнта бўлиб чиқса ҳам.

– Осмондан келяпсан.

– Сўзим – сўз.

– Енгилсанг-чи?

– Сенга хизмат қиламан.

– Енгсанг-чи?

– Менга жавоб берасан. Бунинг учун Тангри олдида сўз бер.

– Тангри олдида сўз бераман, – хо-холаб кулади Черняев. – Ичингдан пишган кўринасан. Умуман олганда, менга ёқаяпсан. Юрагинг ҳам отнинг калласидай, шекилли? Менимча, зўр томоша бўлади. Қиличдами, сунгудами, болтадами, қайси тур бўйича олишасан?

– Мега фарқи йўқ. Буни сен ҳал эт.

– Майли, қон тўкилмасин. Қўл-оёқ жангига ярайсанми?

– Ярайман. Фақат биронта полвон ўлиб қолса, ўлмаганда ҳам унинг бирон ери синиб кетса, бунинг учун мендан ўч олмайсанми?

– Йўқ.

Черняев ҳар бири девдай-девдай келадиган ўнта казакни Эрхон ботирга рўбарў қилади. У ичида ихтиёрсиз бир тарзда: “Қуруқ гавдалар”, дейди.

Бу сўз ботирнинг чўчувдан асар йўқ юз-кўзида акс этади. Буни маккор Черняев илғайди. Ерликлар ичида бундай қўрқмас кишилар борлигини ақлга сиғдиролмайди. Шу билан бирга, Туркистон тупроғини йиллар мобайнида босиб келаркан, ўзига ҳаддан ортиқ ишонган бундай кимсани кўрмаганини кўнглидан ўтказади. Бундан унинг ғаши келмайди. Қайтага Эрхон ботирга қизиқуви яна ҳам ортади. Ҳатто унга ҳурмат кўзи билан қарайди.

Эрхон ботир бирма-бир олишувда ўн казакни ҳам йиқади. Фақат учовини... яъни у (кейингиларини қўрқитиб қўйиш учун) мислсиз тезлик билан ўмбалоқ ошиб бориб, жигар, талоқларига тепади. Учови ҳам қон қусиб ўлади. Ҳеч бири ботирга жиддий қаршилик кўрсатолмайди. Бу чақмоқ тезлигида юз беради.

Бундан тўқсон сара черик даҳшатга тушади. Черняев титрайди. Қўрқувданмас. Шармандаликдан. Шундан сўнг у яна ўнта жангчисини майдонга чиқаради.

Эрхон ботир арслондек шиддат билан ҳайқириб ёвга отилади. Ёв ҳам унга беомон ташланади. Эрхон ботир маймундан ҳам чаққон ҳаракатлар билан дам сўлга, дам соғ[38]га, дам кўкка сакрайди, чап беради. У танасини ҳар қандай зарбга дош беришга Чинда ҳам, Иқонда ҳам чиниқтиргани учун, унга оёқ-қўл билан уришиш жанг сиридан хабарсиз ёвнинг бирон-бир тепки, муштлари теккудек бўлса, сезиларли таъсир этмайди. У оёқ-қўлларини осмоний тезликда ишга сола бориб, бирпасда беш босқинчини маҳв этади. Қолганига эса бошқача жанг усулини қўллайди: кетма-кет юксакка сакрайди, кетма-кет чирпирак айланади, ҳар қуйилганда ёвнинг бошига ё тепади ё човут солади. Бешовидан учтаси узлатга кетади. Иккитаси майдонни ташлаб қочади.

Черняевнинг руҳи тушиб кетади. Чериклар таҳликада қоладилар. Черняев ғазабнок ўшқиради:

– Буларни кўздан йўқот!

Шу заҳоти ўликлару чалажонлар майдондан судраб чиқилади.

Агарчи Черняев ғалабага ишонмаса ҳам, жангни тўхтатмайди. Балки, унинг кўнгли четида милтиллаган умид учқуни ҳам бўлгандир. Бу уни курашга рағбат этгандир?

Черняевнинг имоси билан яна ўнта дев майдонга чиқади. Руҳсиз бир алфозда. Буни Эрхон ботир ҳис этади. Гапни чўзиб ўтирмайман, айланай қизим. Эрхон ботир ўновини ҳам енгади.

Хуноби ошган Черняев ортиқча шарманда бўлишни истамайди. Эрхон ботир билан охирги марта қўнишади:

– Келажакда сенга катта лавозим бераман, – дейди.

Эрхон ботир қатъий туради:

– Сен менга Тангри олдида сўз бердинг.

Черняев иложсиз бир тарзда Эрхон ботир билан Пўлат ботирга ўз отларини қайтариб беради. Аммо: “Буларни тириклай қўйиб юбориш хавфли”, деб ўйлайди.

Ботирлар ҳар эҳтимолга қарши арғумоқларининг ёлларига (бошлари билан) ёпишиб олиб, қамчи босдилар. Шу онда уларнинг елкаларига ўқлар санчилади. Бироқ йигитлар ўқдан тез учишда давом этадилар. Турбатга етадилар. Эрхон ботир кўнгиллиларга сўнгги сўзини айтиб, жон беради:

– Алимқули қўшинига қўшилинглар.

Шу куни тунда Пўлат ботир ҳам дўстлари билан видолашади:

Ардоқли ўғиллари учун Иқон мотам тутади.

Эрхон ботирдай эрлар юз йилда бир марта туғилади, айланай қизим. Лекин ҳозирги одамлар уларни унутиб юборганлар.

Турланувчи Тарих ҳам...

Сўнгги воқеа[39]ни мен отамдан ҳам, эримдан ҳам эшитмаганман. Бу эл оғзида юрган гап. Шунга уни тўла тўғри деб айтсам, балки, адашарман, қизим. Менинг фаҳмимча, у бироз бўрттирилган. Яна Тангри билгувчи”.

25

Ойнурнинг онаси Эрхон ботир қиссасини Иқлим момодан қандай эшитган бўлса, қизига ҳам шундай ҳикоя қилиб берган. Юз марталаб ҳикоя қилиб берган. Ҳар гал Ойнур уни зўр қизиқиш, зўр ҳаяжон билан эшитган. Шунга у Ойнурга ёд бўлиб кетган.

Ойнур эса бу қиссани менга фахрга, ғурурга қотилган маъюс ҳамда шижоатга ғарқ овозда (оқизмай-томизмай) баён этди. У оғир хўрсинди. Унинг юмуқ киприкларидан ёш сизиб чиқди. Марварид ёшлар. Менга шундай туюлди. Яна сукунат борлиқни қуршади.

У анчадан сўнг ўзига келди. Сумкачасидан бир қалин дафтар олди ва менга узатди:

– Бобомнинг тарихга киришини истайман, – Ойнур ёшларини оч ҳаворанг рўмолчаси билан оҳиста артди. – Сендан умидим катта, Эврил.

Бу гапни биров, ҳатто олий даражали киши айтганда ҳам, менинг қалбим “қилт” этмасди. (Мен ўзимча шундай ўйладим). Бироқ буни Ойнурнинг тилидан эшитганим учун у менга севинч ҳам ғурур бағишлади. Ўзимга ишончим ортди.

Мен энтикдим.

Мен ҳаяжонландим.

Мен Ойнур ҳикояси бўйича Эрхон ботир қиссасини уч кун ичида (ишдан кейин, тунлари) қоғозга туширдим[40]. Сўнг ўша сийрак саксовуллар ўсган чўлда, туш пайтида уни Ойнурга кўрсатдим.

Чанқаган киши сувни қандай ютоқиб ичса, у ҳам қиссани шундай ташналик билан ўқиди. Кейин мени қучиб, юзимдан ўпди. Ҳали мен бола бўлсам ҳам, бундан баданларим жимирлаб кетди.

– Хотиранг мунча тиниқ, Эврил! – деди. – Бир сўзни ҳам туширмай ёзибсан. Яна ўзингча унга бадиий бўёқ ҳам берибсан.

Мақтовдан менинг юз-кўзларим ёнди. Мен буни туярканман, гўё ўзимни осмонда сездим. Мақтов одамга нечоғлик зўр таъсир этишини, унда самовий бир куч борлигини илк дафъа ҳис этдим. Тавба! Қаердандир, билмайман, шу он кўнглимга: “Тангри мақтовни бекорга яратмаган, – деган сўз келди, – унинг қатига улуғ қудрат ҳам жо этган”.

– Замонлар кечганда... бобом қиссасига бадиий тус берасан, деб умид қиламан, Эврил, – Ойнур менга меҳрибон кўзларини тикди.

“Замонлар кечганда...”

Жумбоқ гап.

Сирли гап.

Тагдор гап.

Мен уни тушундим.

– Шубҳасиз, Ойнур опа, – дедим.

26

Олтинчи куни (шанба) куни тушдан кейин биз Учқулоч – Осмонсой йўли орқали Чингизхоннинг қутили мотоциклида (Осмонсой этагидан ўтувчи) катта сўқоққа чиқдик. Қўл учида қурилган, ёғин-сочин, шамол-бўронларда аянчли ҳолга келган бекатда Жиззах–Фориш автобусини кутдик.

Ниҳоят, у келди. Ундан Лола тушди. Ойнурникидек унинг ҳам бўйи ўртадан тик, ирода ва ақл белгилари акс этиб турган юз-кўзлари тиниқ эди. Бироқ улар (юз-кўзлар) менга ҳуркак, ўйчан, маъюсдай туюлди. Шунга қарамай, мен уни агар Ойнур ёнимда бўлмаганида, Ойнур деб ўйлардим.

Бек ҳам худди мендек дам Ойнурга, дам Лолага тикиларкан, ҳайратдан оғзини очиб қолди.

Бекатдаги кишилар ҳам ҳаётда сийрак учрайдиган, бир-бирига икки дона седана гулидай ўхшайдиган гўзал қизлардан кўзларини узолмасдилар.

Мен Ойнурдан олдин югуриб бориб Лолага салом бердим. Ва унинг қўлидан жийдаранг улкан жомадонни олдим.

– Яхшимисан, Эврил? – Лола мени эски танишидек, яна ҳам тўғрироғи, ўз инисидек юзимдан ўпди. У мени қандай таниганидан ҳам кўра, унинг овози, “бўйи” Ойнурникига бенгзашига ҳайрон бўлдим:

Мунчалар ўхшаш овоз! Мунчалар ўхшаш бўй!

Мен энтикдим. Ўша самовий овоз! Ўша самовий бўй! Ўзига ишонч руҳи билан суғорилган овоз!

Ойнур ва Лола бир-бирларининг оғушларига сингиб кетишди. Бек ҳамон икки “мўъжиза”га анграйганча қараб турарди. Лола оҳиста қадамлар ила унинг олдига борди ва:

– Чингизхон иним! – дея назокат билан Бекка қўлини чўзди.

Бу кўклам тонгидай тиниқ, болдай тотли сўздан Бек ҳаяжонланди, ғурур туйди ва анордек қизарди.

Ойнур ва мен “қути”га ўтирдик. Борлиқни ёндираётган қуёшдан эмас, Ойнурнинг ажиб ҳароратидан терга ботдим.

Лола орқа ўриндиққа ўтирди.

Лочин табибнинг уйига ёндик.

Назарбели довонининг қоқ “бели”да Қизилжар (тупроғи сариқ-қизил) ёқасида тўхтадик. Қизиган “Ўрол”ни қолдириб, ўзимиз жар тубига, ўша Қизилбулоққа эндик. Сизикдан тиниқ сув қайнаб чиқяпти. Уч-тўрт қадам қуйига, теграсини турли чечак, ўтлар босган ҳовузга қуйиляпти. Кўм-кўк чимга ястандик. Ойнурнинг илтимосига биноан мен жомадонни олиб тушдим.

Бу онда Лола атрофни буткул ўраб турган тоғлару Бўғомбир қоя тизмаларига суқланиб боқмоқда эди. Унинг чўзинчоқ ҳам эмас, юмалоқ ҳам эмас, ўрта бичимдаги юзларига чўккан маъюслик кўринмасди шу тобда.

– Бу ерлар бир илоҳийдай туюлади менга, – Лола меҳрга лим миннатдорлик ҳисси билан Ойнурга термилди. – Бу ерларнинг ҳавоси ҳам ўзгача, тозадан-тоза, шаффоф. У ўз ибтидоий аслини сақлаб келаётгандай гўё. Яна бунда қадим осмон сукунати ҳукмрон.

– Боғдон шуниси билан қадрли ҳам сеҳрли. Лекин мен бунда бир ўсиш ё бир ўзгаришни кўрмадим. Юртолар[41]Темур ҳоқон ўлими[42]дан сўнг бу ерда ҳаёт ҳам, замон ҳам тўхтаб қолгандай. Ўша ҳаммаси бир хил услубда, ўта дидсиз ҳам файзсиз қурилган лойсувоқ кулбалар, ўша ҳўкиз аравалар, ўша кетмон, омочлар... Улус ҳам онгли очундан узилиб қолган.

– Ойнур, агар иложи бўлса, мен шу қишлоқда бир муддат даволанаман ҳам илмий ишим устида ишлайман.

– Мен билан бирга Учқулочда яшаганинг маъқул. Боғдонда шароит йўқ. Бошпана, кўрпа-тўшак, емоқ-ичмоқ, свет, ҳаммом масалалари...

Мен гапга суқилдим:

– Бизнинг уйимиз бўм-бўш.

Чингизхон мени қувватлади:

– Мен Лола опамнинг хизматида бўламан. Кўрпа-тўшакми, бозор-ўчарми, емоқми, дараларга саёҳатми... ҳаммасини уддалайман, Ойнур опа.

Ойнурнинг бўёқдан холи[43]дўлана дудоқларига[44], пардоз-андозни хуш кўрмас[45]қуёшранг юзларига табассум ёйилди. Лола ҳам жилмайди. Худди Ойнурдай. Тиниқ. Ё тавба! Мен бу табассумларга қанчалар синчиклаб қарамай, уларнинг бир-биридан фарқини тополмадим.

Мунчалар нозик ўхшашлик!

Мунчалар ноёб ўхшашлик!

– Лола хоним, келганингизга бир зум бўлмай, йигитларни мендан тортиб олиб қўйяпсиз, – Ойнур ўз гапидан ўзи завқланди, очилиб кулди.

Бизлар (Лола, Бек, мен) ҳам кулдик.

– Маза қилиб ювиниб олмаймизми, азизим?

– Қизалоқ онларимизда бир-биримизга сув сочиб, қийқириб чўмилган онларимизни эсимга солаяпсан, Ойнур.

– Қандай бахтиёр дамлар эди-я ўша дамлар!

Бек билан мен юқорига чиқдик.

Ойнур чамаси қирқ дақиқадан сўнг бизларни чақирди:

– Эврил, Бек.

Эндик.

Иккала қиз ҳам оврўпача тикилган (бели хипча, ёқасиз, ихчам) атлас кўйлак, атласранг туфли[46]кийиб олганлари учун уларни бир-биридан ажратолмадик. Ҳатто юзларининг рангларидан ҳам. Чунки Лола шаҳардан келса ҳам, у Бодом бўйида, боғ уйларида қуёшда тобланган ва шунга унинг юзи ҳам Ойнурникидан тандирда сингдирилиб ёпилган нон тусига кирган эди.

Икковининг ҳам тим қора сочлари ёйилиб, гўзал елкаларини қоплаган ва бу “манзара” ҳар қандай кишини ўзига тортарди. Бармоқлари билан тирноқлари ҳам бир хил эдики, бундан одам ҳайратланарди. Шунинг таъсирими, қўққис бошимга бемаъни фикр келди: “Ойнур опам Лола опамга айланиб қолса-я! Ё Лола опам Ойнур опамга...”

Мен ўз хаёлотимдан (фантазиямдан) ўзим жунжикдим. Бироқ, кейин, ўзимнинг устимдан ўзим кулдим: “Аҳмоқ бола!”

Кулдим-у: “Қизиқ ўзи, – дедим ичимда, – одамга фикрлар қаердан келади ўзи? Осмонданми? Буни, менимча, ҳеч ким билмайди. Жумбоқ. Одамзот пайдо бўлгандан бери, балки, бу жумбоқ”.

Қизлар хаёлимни тўзғитароқ худди олдиндан келишиб олгандай, бир овоздан сўрашди:

– Эврил, топ-чи, қайси биримиз Лола ё Ойнурмиз?

Мен қизларга ўта синчковлик билан тикилдим. Агарчи Лола Ойнурдек жилмайиб турса ҳам, унинг кўзларининг тўрида, жуда тўрида сезилар-сезилмас мунг изларини илғагандай бўлдим. шундай эсада ўз кўзларимга тўла ишонмадим. Лекин таваккал қилган ҳолда дедим:

– Сиз Лола опамсиз, – мен унинг қўлини беихтиёр тутдим.

– Зийрак бола, – Ойнур менинг сочларимни тўзғитди ва Лолага юзланиб деди: – Сездингми, Лола, Эврил бизни кўзларимиздан аниқлади.

– Қандай?

– Кўзларимиздаги ифодалардан...

– Шундайми, Эврил?

– Ҳа, Лола опа.

– Қойил.

27

Қизилбулоқдан ҳовуч-ҳовуч сув ичдик. Сўнг енгил руҳ билан манзилга бордик. Лочин табиб ҳам, унинг қотмадан келган ориқ юзли хотини Оймомо ҳам бизларни иззат-ҳурмат билан кутиб олишди. Шошиб-пишиб сўрига тутилмаган атлас, бахмал кўрпачалар ёзишди.

Бозор-ўчар[47]қилиб олгандик. Яна совғалар[48]... Бек уларни Оймомога тутқазди. Эр-хотин бундан хижолат чекдилар.

– Вой, ўлайин, одамни...

– Бўлди-бўлди, Ой , жаврама, – Лочин табиб хотинини бўлди. Аммо унинг ўзи ҳам Оймомодек қизил тусга кирди.

Сўрига чиқдик. Эр-хотин қизлардан кўзларини узолмасдилар: “Қайси бири Лола?”

Ойнур Лолани уларга таништирди...

Чингизхон билан мен: “Ҳозир келамиз”, дея узр сўраб қалқдик. Бекнинг уйидан вақтинча яшашга керакли нарсалар (кўрпа-тўшак ва бошқа зарур нарсалар...) олдик. Қишлоқдан бир чақиримча юқорида, тепа устида жойлашган бизнинг уйимизга ёндик. Ҳаммаёқни супуриб-сидирдик. Супага гилам, кўрпачалар тўшадик. Ҳовлига яна қайтадан кўллатиб сув сепдик. Кейин (шундай этагимиздаги) сойга эндик. Кийим-кечагимизни яхшилаб қоқиб, сувга шўнғидик.

Қон тус қуёш тоғнинг энг юқори чўққисига қўнаётганда Лочин табибникига қайтдик. Бу вақт ичида эмловчи (ҳамшира) вазифасини бажарувчи Оймомо эрининг топшириғига биноан алоҳида хонада Лоланинг баданидаги оқ доғларни синчиклаб кўздан кечирган ва уларга “тимсоҳ” ёғини суртиб бўлган эди. Яна унга бир қошиқ талқон (эчкиэмар суягидан қуритилган талқон) ҳам ошатган эди. Бундан Лоланинг кўнгли айниди. Ўқчиди. Қусди.

Шунда Лочин табиб унинг кўзига тик боқиб, деди:

– Буям балиқ каби Худонинг махлуғи. Хитойлар уни кўзларига суртиб ейдилар. Булар чўчқадан минг марта тоза. Агар менинг сўзимга кирсангиз, ундан жирканманг, қизим. Шунда, уч ойнинг ичида у доғлардан қутуласиз. Шунда, мен ҳам Сиздан кам севинмайман! Бу дунёда ўзи бир нарса иккинчи бир нарсага сабаб бўлади. Илон оғуси ҳам дардга даво. Ҳар нарсанинг ўз ўрни, ўз сири бор. Тангри уларни бежиз яратмаган.

Лола бир нарсани ўз кўзи билан кўрмагунча ёки ўз бошидан кечирмагунча, унга инонмас эди. Лекин ҳозир, не учундир, бунинг сабабини ўзи ҳам билмайди, табибга ўйланиб қараб қолди. Шунда Лола унинг маъноли кулранг кўзларида, тоғча жўн, бироқ пишиқ сўзларида чин зоҳирлигини туйгандай бўлди. Туйгандай бўлди-ю, қалби тўрида соғайишга бўлган умид учқуни милтиради ва бу ундаги (эчкиэмардан) жирканиш туйғусини қандайдир даражада ҳайдади.

Турли ранг узум, қизил олма, карчланган қовун-тарвузларга ғарқ терги теграсида Лочин табиб, Оймомо, Ойнур, Лолалар очилиб ўтирардилар. Бек билан мен ҳам сўрига чиқдик. Қизлар савол кўзлари билан бизга қарадилар. Чингизхон Ойнурнинг қулоғига шивирлади:

– Жой тахт, Ойнур опа.

– О, яшанглар! Йиғма кароват ҳам топгандирсизлар?

– Э... шу... – мен нима дейишни билмай дудуқландим.

– Ғам еманг, Ойнур опа, – қисқа жавоб берди Чингизхон.

Эр-хотин нима ҳақда гап бораётганини унча фаҳмламай қалқишди. Тандир билан ёнма-ён қурилган ўчоқлар сари юришди.

Оймомо ўчоқ супачасига, чиптага[49]барг-барг қилиб кесилган юпқа-юпқа хамирларни милдираб қайнаётган қозонга битта-битталаб ташлади. Табиб иккита гулсиз, оппоқ чинни лаганни қозонга тақбароқ тутди. Оймомо мажнунтол чивиқларидан тўқилган чўлпида Боғдоннинг суюмли таоми: кулчатойни ёйиб сузди. Уларнинг ўрталарига ёғловидан данакдай-данакдай катталикда тўғралган қўй этларини олиб, гумбаз шаклида уйиб қўйди. Тергига келтиришди. Сўнг яна ярим косадан чакки қотилган, кўк пиёз сепилган шўрва ҳам олиб келишди.

Иштаҳа билан еб, ичдик.

Тоғлардан (ўтлоқлардан) мол-ҳоллар қайтмоқда. Қишлоқни қўй, эчки, сигирларнинг маърашлару мўърашлари тутди. Кўкка чанг-тўзон кўтарилди. Биз қалқдик. Боғдонликлар мулозаматни унча суймайдилар. Аммо уй эгалари:

– Уй-жойимиз кенг, кўнглимиз ҳам, ётиб қолинглар, – дейишди.

Қизлар эр-хотинга қайта-қайта раҳматлар айтдилар. Оймомо:

– Лола хоним бизникида ётиб даволанади, – деб туриб олди.

Лочин табиб:

– Булар эркин қушлар, Ой, – деди, – қўй, уларнинг эркларини бўғма. Эврилларнинг уйлари бўш, ҳар куни Лолахон билан кўришиб турамиз. Орамиз бир қадам. Дам олиш кунлари Ойнур хоним ҳам бизни унутиб қўймайди.

У кулиб Ойнурга юзланди.

– Ҳа, албатта, амаки, – тотли жилмайди Ойнур.

28

Ойнур, Лола ва мен сой ёқалаб кетган иланг-биланг сўқмоқдан бизнинг уйга йўналдик. Чингизхон “Ўрол”да қишлоқни ва сўнг қабристонни кесиб ўтгувчи йўлга тушди. Тун ерни унсиз босиб келмоқда ва ёруғликни унсиз ютмоқда. Унга салқин эпкин йўлдош.

Лола ихтиёрсиз бир тарзда табибнинг сўзини бизга эслатди: “Мен Сиздан кам суюнмайман...”

– Ҳа, Лола опа, у шундай киши: кимни даволаса, бундан ўзи ҳам севинади. Ҳатто даволанган одамдан ҳам ортиқ севинади.

– Самимий кишига ўхшайди.

– Уни туғма шундай дейишади. Миннат, таъма, табибга ёт. Шунга тоғликлар уни ёқтирадилар. Онамнинг айтишича, Лочин оға табибликни тирикчилик ё ҳавас учун қилмайди. Балки, савоб учун қилади. Яна Лола опа, сизга эриш туюлса ҳам айтай: менимча, у бундан роҳат олади. Айни шу роҳатланиш уни бу ишга ундаган. Ундаганда ҳам юраги билан ундаган.

– Фақат шу учунми?

– Кўнглим шундай дейди, Лола опа.

Ойнур мени қувватлади:

– Ҳаётда шундай кишилар ҳам бор. Лола, мен бунга ишонаман. Адашмасам, Қашғарли Маҳмуднинг бу ҳақда сўзи бор. Мен уни отамдан эшитганман. Агар эсимдан чиқмаган бўлса, у қуйидагича: “Чин эр кишиларга чин кўнглидан кўмаклашади. Қувонч бахш этади. Бундан унинг ўзи улардан ортиқ суюнади, бироқ сийлов кутмайди”.

– Ишонаман, бироқ тирикчилик масаласи?..

– Чўчқали сойдами, Елтегмасдами, йўқ-йўқ, Овлоқбулоқда экан, Лочин оғанинг узумзори ҳам қисман ёнғоқзори бор, тирикчилиги шундан. Ўғил-қизлари ўша ёқда. Унинг ўзига яраша мол-ҳоли ҳам бор дейишади. Эшитишимча, тоғ тўрида, Саватли дарасида йилқилар ичида бир-икки байтали ҳам бор эмиш.

Гап узилди. Сойнинг тор ерига ўрнатилган, йўнилмаган, ғадир-будир, узун, йўғон оғоч устидан юриб, қўшни қирғоққа ўтдик. Ёнғоқзор оралаб кетган сўқмоққа чиқдик. Лола:

– Қандай оромбахш ерлар-а! – деди энтикиб ва сўнг чала қолган гапни улади:

– Сен ҳақсан, Ойнур, меҳрибоним, ўзгалар учун ўзидан кечиш туйғуси қонимизда бор. Бундан икки минг йиллар[50]ўнжа[51]ер юзида энг улуғ давлат[52]тузган Ўғузхоннинг[53]мана бу сўзлари шундан дарак беради:

“Менинг ҳар бир черигим: “Юртим учун!” деб урушга киради. Агар савашда қай бири иложсиз қолса: “Элим учун!” деб ўлади. Буни Хун:

Ўз Юрти учун ўзидан кечиш дейди.

Ўз Эли учун ўзидан кечиш дейди.

Менинг ҳар бир черигим ўзидан кечиб ёв билан савашгани учун:

Чин-Мочинни олдик биз![54]

Етти иқлимни олдик биз![55]

Ўзидан кечиш туйғусини бизга Тангри берган.

Энг оғир дамда Хун ўзини хавфга қўйиб бўлса ҳам.

Йўлдошини қутқазиб қолади.

Шунинг учун бизни Тангри сийлайди.

Шунинг учун биз Енгилмас Элмиз!”

Мен Хун Эли ва Ўғузхон ҳақида олдин эшитмагандим. Бундан:

Беқиёс фахр туйдим.

Беқиёс ғурур туйдим.

Юрагим гупиллаб ура бошлади.

Қоним тез айлана бошлади.

Мен буни ҳис этарканман, ўзим сезмаган ҳолда нидо қилдим:

“Буюк Хун Империяси!”

“Буюк Ҳоқон Ўғузхон!”

“Менинг улуғ аждодларим!”

Қизлар менга ажабланиш аралаш кулиб боқишди. Мен уларга қарамасам ҳам, буни сездим. Бироқ ўз ҳолатимдан хижолат чекмадим. Бошимда Ўғузхон ҳоқон сўзи чарх урароқ бунга имкон бермади:

“Чин-Мочинни олдик биз!”

“Етти иқлимни олдик биз!”

– Лочин оға кўпдан табиблик қиладими, Эврил?

Менинг ифтихору армонга ғарқ хаёлим бўлинди. Унга боқмай, паст овозда жавоб қайтардим:

– Мен туғилмасимдан олдин.

– Анча тажрибага эга экан.

– Ҳа, Лола опа, шундай. Унинг табиб бўлиши сабаби кишини ўйлантириб қўяди.

– Нимага?

– Ҳам ҳайратга солади.

– Қизиқ, айтгин.

Кўпдан буён миямда “яшаётган” бу фикрни қизларга айтиш-айтмасликни билмай, иккиланиб қолдим. Айтсам, “нодон бола” деб кулишлари мумкин. Чунки илмим йўқлиги учун фикримни “тўғри” дейишга ўзим ҳам ботинмасдим.

– Одамнинг ичини қиздирмай айтақол, Эврил, – қистади Ойнур.

Мен: “Ўйлантириб қўяди”, “Ҳайратга солади” деган сўзларимга пушаймон едим. Аммо, энди, уни изоҳлашдан бошқа чорам қолмаганини туйдим ва ноилож ёрилдим:

29

– Лочин табиб ўлиб-тирилмаганда, балки, бу фикр миямга келмасди. Бир нарса иккинчи бир нарсанинг очилишига туртки – сабаб бўлади. Буни мен тўртинчи синфда ўқиб юрганимда, яъни, табиб воқеасини эшитганимдан сўнг сездим.

“Еру осмон таг-тугига етиб бўлмас сирлар қуршовида, – деб ўйладим ўшанда, – одам-ку одам, ҳар бир зарра кўзга кўринмас тизгинда, кўзга кўринмас кузатувда. Бор жонли, жонсиз мавжудот “айлана чизиқ” бўйлаб ҳаракатда. Ҳеч бир нарса “айлана чизиқ”дан бошқа чизиққа ўтолмайди. Ва ҳам эътиборсиз қолмайди. Ҳатто бир зум ҳам”.

– Менимча ҳам шундай, – деди Ойнур.

– Менимча ҳам, – маъқуллади Лола.

– Лочин табиб ҳам ана шу “кузатув”, ана шу “тизгин”да бўлган. Буни мен мана бу “турткилар”дан уқдим.

Лочин Овлоқбулоқда, боғида ишлаб, чарчаб, сой устига қўйилган сўрисида ухлаб қолади. Унинг тушига (бир ойча олдин бўғма илон бўғиб ўлдирган) онаси Ойчучук момо киради. У ғамгин бир алпозда ўғлига яқин келади. Тўхтайди. Унинг енглари узун, кенг чит кўйлаги бирдан қора тусга қиради. Ўзи ҳам қораяди. Шунда, қўққис, Лочин онасининг бўйнига тилини буланглатиб чирмашаётган бўғма илонни кўради. Жонҳолатда чинқиради:

– Онажон!!!

Илон Ойчучук момонинг томоғига ниш уриб қочади. Қочаркан, қоп-қора қанот чиқаради. Ва сўнгсиз бўшлиқни қоплаган сўнгсиз қоронғиликка шўнғийди. Ойчучук момо инграб зорланади:

– Лочин, ўғлим, сен айтганимга қарамай отангнинг изидан бормадинг-а?

Ойчучук момо йиқилади. Лочин уни қучоқлаб олиб ҳўнг-ҳўнг йиғлайди:

– Онажоним!!!

Меҳрибоним!!!

Ойчучук момо зўрға кўзини очади. Гапиролмайди. Фақат унинг қуриб қолган дудоқлари бир неча марта очилиб, юмилади. Бундан Лочин ўзича ушбу ўкинчга қотилган армонли сўзларни уқади: “Отанг раҳматли тирик бўлганда, мени қутқариб қолармиди, Лочин ўғлим?”

Лочин онасининг сўзу нигоҳларидан: “Сен отангдек табиб бўлганингда, мени ўлимдан олиб қолардинг-а, ўғлим?” деган армон борлигини туяди.

“Омон бўл, ўғлим!”

Ойчучук момонинг ёш тўла кўзлари юмилади.

У абадий уйқуга кетади.

“Онажоним!!!” дея Лочин ҳўнграб йиғлайди. Ва ўз товушидан ўзи уйғониб кетади.

– Лочин оғанинг отаси ҳам табиб бўлганми, Эврил?

– Ҳа, Лола опа, бобоси ҳам табиб ўтганлар.

– Қонида бор экан-да?

– Бироқ у (боши тошга қаттиқ тегмагунча) ота йўлидан бормайди. Унинг меҳрини узумзори, ёнғоқзори кўпроқ тортади. У онасининг ўгитига амал қилмоқчи бўлса ҳам, бу меҳр уни ўзига кўпроқ тортади. Ойнур опа, Сиз ҳам ўзингизни ўз ишингизсиз тасаввур қилолмайсиз-ку. У ҳам шундай бўлганда ўшанда. Лекин, кейин...

Мен узун замонлар ўнжа кечган воқеа, яъни онаму кексалардан эшитганим воқеа тафсилотини миямга жамлаш учун бир лаҳза тин олдим. Сўнг сўзимда давом этдим:

– Лочин оға бировларнинг яхши-ёмон гапларидан узоқда, ўз боғида эртадан-кечгача терга ботиб ишлайди. Шомга бориб тошдек қотиб қолади. Бир куни туш пайтида, қуёш борлиқни аёвсиз қиздираётган паллада у ўзини лоҳас ҳам ҳорғин сезади. Юраги бежо уради. Пича дам олиш учун ўша сўрига чиқади. Ёстиққа беҳол бош қўяди. Овлоқ тоғлар ораси, кимсасиз маскан эмасми, ўлик сукунат ҳукмрон. Бироқ унинг қулоғига одам боласига ёт, бўғиқ, ёввойи, қудратли товуш эшитилади. У кўзини энди юмган эди, шошиб, қўрқиб очади. Шунда, сўри ёнида қип-яланғоч ҳолда тик турган, ҳаммаёғини жун босган одамсимон махлуқни кўриб даҳшатга тушади. Кўмак истаб, бақирмоқчи бўлади. Лекин оғзи мумиёлангандай овози чиқмайди. Ичида онасидан эшитгани: калимани келтиради: “Аъузу биллаҳи минаш-шайтонир рожийм, Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм”.

Махлуққа таъсир этмайди. Унинг қош, киприкларсиз кўзлари ўтдек ёнади, аждарҳоникидек катта оғзидан нафаси олов бўлиб чиқади. Лочин оға иштонини ҳўллаб, титрайди. Махлуқ даҳшат солиб ўшқиради:

– Парилар чўмилувчи йўлни тўсма!

Махлуқ сўрини ўрликка, ертўла томонга улоқтиради. Ё тавба! У ўн тўққизинчи асрда Лочин оғаниннг бобоси (Арслон) эккан қайрағоч остига, эски жойига бориб тушади. Бургут бобо (Лочин оғанинг отаси) бу сўрини тут оғочидан ясаган ва шу улкан қайрағоч остига ўрнатган эди.

Сўрининг бир ери ҳам синмайди. Лекин Лочин оға юлдузлардан ном-нишон йўқ бўшлиққа учади.

Оқиш бўшлиққа!

Юқоридан пастга учади.

Эркин учади.

Осуда учади.

Ер йўқ.

Бир жон йўқ.

Бўшлиқ, бўшлиқ. Адоқсиз бўшлиқ.

Лочин: “Шу пайтгача билмабман-а, дунё дегани тубсиз бўшлиқ экан-а?” деб ўйлайди.

Шимолга учади.

Жанубга учади.

Вақт ўлчовлари:

Ой йўқ.

Қуёш йўқ.

Неча замон учади.

Билмайди.

Сукунат.

Қабр сукунатидан ҳам оғир сукунат.

Ёзуқлари эсига тушади:

“Нега гуноҳ қилдим?” деб ўкинади.

Онасининг ўгити эсига тушади:

“Нега амал қилмадим?” деб ўкинади.

Ё тавба!!

Ё тавба!!!

Ғойибдан бир овоз келади.

Одамзот овозига ўхшамас, оддий, содда, тиниқ овоз келади:

“Савоб қил...”

“Амал қил...”

“Қулоғимга шундай чалингандир?” деб ўйлайди.

“Менга шундай туюлгандир?” деб ўйлайди.

Ё тавба!!

Ё тавба!!!

Шу он осмонни тилка-пора этароқ момақалдироқ ўкиради.

Давомли ўкиради.

Ғазабли ўкиради.

Бундай гулдуракни умрида эшитмаган.

Дўл ёғади.

Ёнғоқдек-ёнғоқдек дўл ёғади.

Бундай дўлни умрида кўрмаган.

Қочади.

Қаерга?

Бир пана ер йўқ.

Бўшлиқ.

Таг-тугсиз бўшлиқ.

Дўлдан танаси ғалвир бўлади.

Боши пачақ бўлади.

Қонга ботади.

Тангрига илтижо қилдаи:

“Ёрдам бер Яратган Эгам!”

“Ёрдам бер Яратган Эгам!!”

“Ёрдам бер Яратган Эгам!!!”

Ё тавба!

Ё тавба!!

Шу дам қиёмат-қойим қўпади:

Момақалдироқ олдингиларига нисбатан минг-минг чандон қаттиқ гулдирайди.

Осмон қасир-қусур синади.

Унинг:

Ўтакаси ёрилади.

Юраги ёрилади.

Инсоний чинқириққа ёт, аллақандоқ ёввойи, махлуқдек бўкирароқ, аниқроғи, қаншаридан ўқ еган қоплондек бўкирароқ кўкка сапчиди.

Ё тавба!

Ё тавба!!

Шунда унинг боши тош қирраси[56]га урилади.

Оғриқданми ё одамзот билмас қандоқдир сирли куч таъсиридами, кўзи очилиб кетади.

Ўзини зулматда кўради. Жонҳолатда юқорига тилпинади. Аммо боши билан қўллари чағир тош аралаш тупроққа урилади. Қонга беланади. Шунда Лочин оға ўзини кафанга ўралган ҳолда гўрда ётганлигини сезади.

Даҳшатга тушади.

Чинқиради.

Тинмай чинқиради...

Боя мен: “Қабристонни кесиб ўтган йўл”[57]деб айтгандим. Тун чўкаётганда Ўнар[58]отли ёлғиз йўловчи гўр қаъридан келаётган аянчли чинқириқни эшитади. “Ажина!” деб ўйлайди. Қўрққанидан шайтонлаб қолади. Қочади. Тошга қоқилиб юзтубан қийилади. Унинг юз-қўллари шилинади. Сапчиб туради. Қочади. Яна юзтубан йиқилади. Яна шилинади. “Ҳозир мени ажина бўғиб ўлдиради!” деган сўз миясини қиличдек тилкалаб ўтади. Жонҳолатда қалқади. Қочишга тутинади. Шу чоғ унинг орқасида ҳаяжонга ғарқ овозлар портлайди:

“Тўхта!”

“Қочма!”

“Қўрқма!”

Ўнар ўлар даражада қўрқади.

Зўр таҳликага тушади.

Шунга:

Оёқлари ўзига бўйсунмай қолади.

Оғзи қийшайиб қолади.

Сўл кўзи ғилай бўлиб қолади.

Додлаб қулайди.

Шимини булғайди.

Орқадан етиб келган уч киши[59]дан бири қишлоққа чопади. Воқеани Саттор сўфи[60]га айтади. Саттор сўфи бир тўп одам билан (кетмон, белкураклар олган, машъалалар ёққан ҳолда) қабристонга ёнишади. Лочин оғани гўрдан қутқазишади. Ўнарни туман касалхонасига элтишади.

Кейин... кутилмаганда: “Қизларни зериктириб қўйдимми?” деган савол кўнглимга келди. Шу андишада гапимдан таққа тўхтадим. Ва дедим:

– Чўзиб юбордим, узр.

– Аксинча, – деди Лола лоладай очилиб, – жуда қизиқ, давом эт, Эврил, давом эт, иним.

– Хижолат чекма, Эврил, сўзла, ғайриоддий воқеа, ғалати...

– Кейин... Шундан кейин Лочин оға бошидан кечирганлари устида қайта-қайта ўйга толади, уларни қайта-қайта мулоҳаза қилади, қайта-қайта фикр элагидан ўтказади.

Яна Аҳмат оқсоқол, Оқилбек бахши, Саттор сўфилар билан кенгашади.

Ва сўнг:

Табибликни касб этади.

– Ўнарнинг тақдири нима бўлади?

– Кўзи тузалади, Лола опа, оғзи тузалмайди. Ҳамма уни: “Жин чалган”, деб юради ва “Ўнар қийшиқ” деб атайди. Фақат Лочин табиб: “Асаб томирлари лат еган”, дейди.

– Сенга, Эврил, бу воқеа ёд бўлиб кетган шекилли, уни бизга шеърдай айтиб бердинг.

(Давоми бор)

Изоҳлар:

[1]Катта Турк – Катта Турк қишлоғи, Пайариқ туманида, Челак кенти ёнида жойлашган.

[2]Константинопол – Истанбул.

[3]Хунгария – Венгрия. Адашмасам, 1948 йилда Сталин Будапешт намойишини танклар билан бостирган.

[4]“Сталин қурбонларининг жами сони 40 миллионга етади” (“Аргументы и факти”, 1989 йил-5).

[5] Пайғамбар ҳадисидан.

[6]“Мак-шедер” – Уч оёқли ўлчов асбоби. Бинокл. Унга ҳисоблаш ускунаси, симобли идиш ўрнатилган.

[7]Квалда – катта болға

[8]Қўниқ – отел

[9]Ботар – ғарб

[10]Лочин табибнинг асл оти бошқа. Мен айрим сабабларга кўра, унинг исмини сир тутдим.

[11]“Саодат” журналининг бош муҳаррири шоира Зулфия опа эди. Мен уни ҳурмат билан эслайман.

[12]Академик Ҳабиб Абдулла, адашмасам, 47 ёшида ўлдирилди.

[13]Титов – Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси Марказий Қўмитасининг иккинчи котиби.

[14]Фотима опа – академик Ҳабиб Абдулланинг умр йўлдоши.

[15]Қарши мўйлов – Боғдонда ҳамма шоп мўйловли бу кишини “Қарши мўйлов” деб атарди.

[16]Абдураҳмон жевачи – рус босқинчиларига қарши курашган миллий ботир. У 1866 йилда Черняев армияси устидан (Жиззах жангида) ғалаба қозонади.

[17]Низом туйнак – Низомнинг боши сапчага ўхшаш, кичик, гавдаси ҳам миттироқ ва жуда эпчил эди. Ҳар қандай туйнукдан ичкарига кирар, жуда тез югурарди. “Туйник” лақаби шундан.

[18]Боғдонда “-лар” қўшимчасисиз сўзлашади.

[19]Эрхон ботир – Иқон қишлоғи улуси уни шундай атарди. Курашларда... енгилмагани, бир сўзли, қўрқмас, қайтмаслиги учун шундай ном олган.

[20]Иқон – Чимкент билан Туркистон оралиғида жойлашган қишлоқ.

[21]Ботар – Ғарб.

[22]Чиқар – Шарқ.

[23]Оқмачит – Қизил Ўрда.

[24]Қўрғон – Верный ҳарбий қўрғони.

[25]Олтин Ўрда – Волгоград.

[26]Аштархон – Астрахан – Ҳожитархон.

[27]Саратов – Саритов – Сариқтоғ.

[28]Ўринбур – Оренбург.

[29]Белги – харита.

[30]Қиримли – Қиримли турк – Қирим татари.

[31]Қорайим – яҳудий (яҳудо) динида. Асосан, Болтиқбўйи ва Исроилда яшаётган қондошимиз.

[32]Порт-Перевский – Оқмачит (Қизил Ўрда)да 1848 йилда қурилган ҳарбий қўрғон.

[33]Уз – Жуз – қозоқлар “Жуз” дейишади. Кичик Жуз 1834 йилда, Ўрта Жуз 1841 йилда босиб олинган.

[34]Очқич – калит.

[35]

[36]Ура – “Ура” сўзи туркча. “У-ра-ур” сўзидан олинган. Салб юришида Салжуқли Турклар тоғ ораларидан, даралардан, пистирмалардан чиқиб: “Ур, У-ра-ур!..” дея ҳайқириб, салбчиларга човут солганлар. Ўша замонда “Ура!” сўзи Оврўпага кириб борган. Бу Боуфарднинг китобида ҳам акс этган.

[37]Черняевка – Тошкентни ишғол қилган босқинчи, ўрис қўшини бошлиғи, ўта йиртқич махлуқ отига қўйилган жой номи. Минг афсус, минг-минглаб ёзуқсиз инсонларнинг ўлимига сабабчи бўлган бу каснинг номи ҳалигача олиб ташланмаган.

[38]Соғ – ўнг.

[39]Сўнгги воқеа – Эрхон ботир билан Черняев ўртасида кечган мулоқот, “ўлим ўйини”, Черняевнинг ўз сўзида турмагани ва ботирлар фожиалари кўзда тутилади.

[40]Қоғозга туширдим – Ойнур менга совға қилган ўша қалин дафтар кўзда тутилади.

[41]Юртолар Темур – Жаҳонгир Темур, Улуғ Темур.

[42]Темур ўлими – 1405 йил.

[43]Ойнур дудоқларига сира бўёқ суртмас эди. Кейинча билсам, Лола ҳам бўёқни суймас экан.

[44]Дўланадай қалин ва дўланаранг маъносида.

[45]У ҳеч қачон пардоз-андоз қилмас эди. Табиийликни суярди. Кейинроқ Лолада ҳам шу хусусиятни кўриб ажабландим.

[46]Атлас кўйлак, атласранг туфли – Лола буларни Чимкентдан совға сифатида олиб келган.

[47]Бозор-ўчар – ошга масаллиқ ва бошқа ноз-неъматлар...

[48]Совға – Лочин табибга оқ кўйлак-иштон, Оймомога бир кийим хонатлас...

[49]Чипта – нон сават. Боғдон шевасида чипта дейилади.

[50]Эрамиздан олдинги III-II асрлар.

[51]Ўнжа – олдин.

[52]Улуғ давлат – Буюк Империя. Милоддан аввал 200-йиллар.

[53]Ўғузхон – Матэ Туман, уни кечмишда Ботир Тангриқут деб ҳам атаган. У дунёда куч-қудратда тенгсиз, улуғ давлат тузган.

[54]Чин-Мочин – Хитой – Хан империяси. Милоддан аввал, тахминан, 199-йилда Ўғизхон билан Хан императори Лийибонг ўртасида қақшатгич уруш кечади. Ўғизхон унинг ўзидан кўп баравар қўшинини янчиб ташлайди. Лийибонг беҳисоб олтин, қимматбаҳо, ноёб нарсалар ва шунингдек, ҳали 17 ёшга тўлмаган ўз қизи Нингни Ўғузхонга хотинликка беришга мажбур бўлади. У шу йўл билан муқаррар ўлимдан қутилиб қолади.

Хан империяси Хун давлатига юз йилга яқин ўлпон тўлайди.

[55]Етти иқлимни олдик биз – Ўғузхон ўнлаб мамлакатни ишғол этади ва Ер юзида энг буюк, энг қудратли давлатга асос солади.

[56]Тош қирраси – Боғдонда қабристон тошлоқ тоғ ён бағрига жойлашган. Гўр қазиш ниҳоятда оғир кечади.

[57]Қабристонни кесиб ўтган йўл – бу йўл ҳозир ҳам турибди. Фақат у қабристонни ободонлаштириш масаласи кўтарилганда (40 йиллар олдин) ёпилган.

[58]Ўнар – оғзи қийшайиб қолган (... қийшиқ) кимсанинг исмини ўзгартирдим. Ўнар ясама исм.

[59]Уч киши – отлари хотирамдан ўчган.

[60]Саттор сўфи – оппоқ соқолли, беозор, камсуқум чол эди. Боғдонда азонни шу киши айтар эди.

Бу мавзуда батафсилроқ