Гулнора Каримова отасининг қаҳрига учрадими?

Шу пайтгача Ўзбекистоннинг ижтимоий ҳаётида жуда фаол бўлган Президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг фаоллигини пасайтириш ҳаракатлари кузатилмоқда.

Гулнора Каримовага алоқадор деб кўрилган тужжорий тизимларда текширишлар бошлангани, унга тегишли деб кўрилган телеканалларнинг бир вақтнинг ўзида фаолиятларини тўхтатгани кўпчиликда қатор саволларни пайдо қилган.

21 октябр куни президентнинг қудратли қизи ва эҳтимолий меросхўрига тегишли деб ишониладиган TV Markaz, Forum TV, NTT ва Россиянинг STS Mediaси билан ҳамкорликдаги лойиҳа "СофтС" телеканаллари ҳеч қандай огоҳлантиришсиз кўрсатув намойиш қилмай қўйди.

Орадан икки кун ўтиб эса унинг Терра гуруҳига қарашли Zamin FM, A’lo FM ва Terra FM радиоканаллари эфири тўсатдан узилган.

Ва буларнинг ҳаммаси Каримова хоним Тошкентдаги дабдабали ArtWeek Style.uz санъат фестивалига мезбонлик қилаётган бир пайтда юз берди.

Ўзбекистондаги давлат назоратидаги радио-телевидение, рўзномаларнинг мухбирлари ArtWeek Style.uz ҳафталигининг очилиш маросимидаги матбуот анжуманида ҳам қатнашмаслик буйруғини олганлар.

2012 йил кузидаги Style.uz тадбирларини ҳам давлат оммавий ахборот воситалари ва ҳам Гулнора Каримованинг теле ва радиостанциялари батафсил ёритганди.

Гулнора Каримова ўзига тегишли экани айтиладиган матбуот воситаларининг жимиб қолгани юзасидан ҳеч қандай изоҳ бермади.

Аввалроқ унинг Twitterдаги аккаунти бирданига йўқолиб қолган ва Wordpressдаги блоги ёпилган эди.

Буларнинг ҳаммаси шу пайтгача Ўзбекистоннинг ижтимоий ҳаётида жуда фаол бўлган Гулнора Каримованинг фаоллигини пасайтириш ҳаракатлари сифатида талқин этилмоқда.

Хўш, "ким ва нима учун Гулнора Каримовага қарши боришга" журъат қилди?

Чунки Ўзбекистон шароитида давлатнинг энг юқори лавозимларидаги шахсларнинг ҳам ўзларича президентнинг қизига қарши бирор амалга жазм этишларини тасаввур қилиб бўлмаслиги кўпчиликка маълум.

"Каримов назарида Гулноранинг олиб борган сиёсати мутлақо қониқарсиз ва салбий"

Ҳозир Францияда истиқомат қиладиган ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовнинг фикрича, ушбу ҳаракатлар ортида шахсан Президент Ислом Каримовнинг "ғазабли буйруғи" турипти.

"Менимча, Гулнора шу пайтгача олиб борган жамиятда ўзининг рейтингини кўтариш ва жамоатчиликнинг ишончига кириш стратегияси тўлалигича инқирозга учради. Гулнора Каримованинг оммавий ахборот воситалари, унга тегишли Twitter аккаунти бўлсин, бошқа Интернет саҳифалари бўлсин, буларнинг ҳаммасининг ёпилиши орқасида шахсан Каримовнинг жуда ҳам жиддий, ғазабли буйруғи турипти. Бунинг ортида" Гулноранинг информацион сиёсати конструктив эмас, бу сиёсат режим манфаатлари учун, Гулноранинг ўзининг имиджи учун деструктив" деган хулосалар турипти", дейди Камолиддин Раббимов.

Сиёсий таҳлилчи фикрларига кўра, бундай хулосаларга Президент Каримовнинг иккинчи қизи Лола Каримова-Тиллаеванинг Би-би-сига берган интервьюси катализатор бўлган бўлиши мумкин.

"Яъни жамоатчиликда Гулнора олиб борган сиёсат ва Лола олиб борган сиёсатга икки хил реакция бўлди. Гулнора юритган сиёсатга муносабат мутлақ салбий бўлган бўлса, Лола олиб борган ахборот сиёсати, унинг интервьюсига аралаш муносабат бўлди. Каримов назарида Гулноранинг олиб борган сиёсати мутлақо қониқарсиз ва салбий", дейди Камолиддин Раббимов.

Бундан олдин Гулнора Каримовага тегишли бизнес деб кўрилган "Зеромакс" ширкати ёпилган.

Шу йил эса Каримова хонимнинг давлат соҳасидаги, дипломатик фаолияти қисқартирилгани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлган.

"Ва мана охири учинчи сектордаги - нодавлат, нотижорат секторидаги унинг шахсий фаоллигига ҳам чек қўйиш жараёнлари бошланди. Бу Гулноранинг сиёсий амбицияларига жиддий таъсир қилади. Чунки Ўзбекистон сиёсий режимининг ичкарисида ҳам Президент Каримовга вазиятни баҳолаб берадиган бошқа шахслар кўп. Ва ҳозир ўйлайманки, Каримовда Гулноранинг шахсияти тўғрисида, унинг сиёсий амбициялари тўғрисида жуда ҳам чуқур шубҳалар пайдо бўлган бўлиши керак", дейди Ўзбекистондаги шу кеча-кундуздаги давлатчиликни ичидан яхши биладиган сиёсий таҳлилчи.

"Лекин Ислом Каримовнинг сиёсий ворислик борасидаги иккита фундаментал талабига жавоб берадиган бирорта ҳам шахс йўқ. Яъни, бир тарафдан Каримовга содиқлик. Бу дегани, Каримов оиласининг хавфсизлигини таъминлашдаги мутлақ ишонч. Иккинчиси, ҳокимиятни ушлаб қола олиш потенциали. Мана шу икки талабга жавоб берадиган Каримовнинг олдида бирор бир шахс йўқ. Гулнора биринчи талабга жавоб берса, иккинчи талабга жавоб беролмайди. Қолганлар, мисол учун Бош вазир Шавкат Мирзиёевга ўхшаган шахсларда ҳокимиятни ушлаб қолиш потенциали юқори бўлса, лекин Каримов уларга тўлалигича ишона олади, деб ўйламайман", дейди Камолиддин Раббимов.

Унинг фикрича, Гулнора Каримованинг ижтимоий фаолиятини чеклашдан кўзланган мақсад, Каримова хонимга "пауза бериш".

"Булардан кўзланган мақсад, жамоатчилик тафаккурини Гулнора Каримова ҳақидаги салбий фикрлардан имкон қадар тозалаш, бу фикрларни сўндириш. Ва ундан кейин 2014 йил охири ва 2015 йил бошларига бориб, агарки Ислом Каримов ҳокимиятдан кетадиган бўлса, Гулноранинг номзоди қўйиладими-йўқми, деган сиёсий хулоса қилиш", дейди сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов.

Бу мавзуда батафсилроқ