Президент Каримов энг узун табригини йўллади

Ўзбекистонда давлатга пахта топшириш режаси бажарилгани муносабати билан Президент Ислом Каримов пахта етиштиришда қатнашганларга табрик йўллаган.

Бу табрикда илк бор Президент Каримов Ўзбекистоннинг пахтадан бир йиллик даромади қанчани ташкил этишини тилга олган.

Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари 25 октябр куни эълон қилган президент табригида республикада 3 миллион 350 минг тоннадан ортиқ пахта хомашёси териб олингани хабар қилинади.

"Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра бу йил пахтачиликдан олинадиган ялпи даромад ўртача 3 триллион 100 миллиард сўмдан зиёд ёки ўтган йилга нисбатан 23 фоиз кўп бўлиши кутилаётгани" айтилади Президент Ислом Каримов табригида.

Бу Ўзбекистондаги валютанинг "қора бозор"идаги шу кеча-кундуздаги олди-берди қиймати бўйича 1 миллиард 130 миллион АҚШ долларидан зиёд, мамлакат банклари таклиф қилаётган Америка доллари курси бўйича қарийб 1 миллиард 150 миллион доллар деганидир.

Президент ўзининг табригида 2013 йилда пахта етиштириш билан боғлиқ жараёнларга батафсил тўхталган.

Жумладан, бу йилги об-ҳаво пахтакорлар учун ноқулай келгани, бироқ шунга қарамасдан, юқори ҳосил тўплашга эришилгани таъкидланади.

Президент табригида айтилишича, бу йил ёз пайтида ҳаво ҳарорати одатдагидан 8-10 даража юқори бўлган, Ўзбекистоннинг жанубий вилоятларида жазирама иссиқ 45-50 даражага етган.

70 фоизлик марра

Президент Ислом Каримов мамлакатда етиштирилган пахта толасининг қарийб 40 фоизи Ўзбекистоннинг ўзида қайта ишланаётганини урғулаган.

"Агар 90-йилларда юртимизда етиштирилган жами пахта толасининг атиги 7 фоизи ўзимизда қайта ишланган бўлса, ўтган давр мобайнида бу рақам қарийб 6 баробар ортиб, ҳозирги вақтда салкам 40 фоизни ташкил этмоқда. Бу ўз навбатида олдимизда турган турли муаммоларни ечиш, минг-минглаб юртдошларимиз, айниқса, ёшларимизни замонавий иш жойлари билан таъминлаш, аҳолининг даромад манбаларини кўпайтириш имконини бераётганини, ўйлайманки, тушуниш қийин эмас", дейилади Ўзбекистон президенти табригида.

Ўзбекистон расмийлари 40 фоизлик кўрсаткични 70 фоизга етказишни мақсад қилгани ҳақида анчадан буён айтиб келадилар.

2011 йилда Бош вазир Шавкат Мирзиёев 2015 йилга бориб Ўзбекистон пахтасининг 70 фоизини мамлакатнинг ўзида қайта ишлаш ниятида эканини айтган.

Ушбу мақсад ҳақида Ўзбекистон расмийлари ҳали 1990 йилларнинг ўрталарида эълон қилганлар.

Пахта Ўзбекистон иқтисоди учун муҳим стратегик маҳсулот деб кўрилади.

Шўролар замонида Ўзбекистон етиштирган пахтаси учун марказдан улкан маблағлар олган ва бу маблағлар республика экономикасига йўналтирилган.

Пахта яккаҳокимлиги

1980 йиллар охиридаги ошкоралик замонида СССРнинг "пахта яккаҳокимлиги" сиёсати Орол денгизи фожеасини юзага келтиргани, экологияни бузиб, одамларнинг саломатлигига салбий таъсир кўрсатгани, ўзбекистонликларни пахта етиштиришдек оғир меҳнатга мажбурлаб, арзимас ҳақ тўлангани кўплаб публицистик чиқишлар мавзусига айланган.

Бироқ Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг ушбу муаммоларга фақат ўтмишда бўлган ҳодисалардек қараш шакллантирилди.

Image caption Бу йил ҳам Ўзбекистонда пахта йиғим-теримига мажбурий сафарбарлик ташкил қилинди.

Мамлакатда пахта етиштириш сиёсати Шўроларнинг маъмурий-буйруқбозлик сиёсатидан кам фарқ қилиши фақат хориж матбуотида тилга олинадиган бўлди.

Ҳозирги кунда ҳам ўзбекистонлик фермерлар ўзлари учун манфаатли бўлмаган шароитда чигит экиш ва пахта топширишга мажбурланиб келадилар.

Йиллар давомида вояга етмаган мактаб ўқувчилари арзон ишчи кучи сифатида пахта йиғим-теримига жалб этилдилар.

Дунёга машҳур ширкатларнинг мажбурий бола меҳнати туфайли етиштирилган пахтадан тайёрланган матоларни сотиб олишдан бош тортиб, халқаро бойқот кампанияларига қўл урганлари Ўзбекистон ҳукуматини ушбу амалиётдан воз кечишга мажбурлади.

Кейинги йилларда эса давлат бюджетидан молияланадиган идора-ташкилотларнинг ходимларига босим кучайтирилган, улар ўзлари ишларидан ажралиш таҳдиди остида пахта йиғим-теримига чиқишга мажбурланмоқдалар.

Йил сайин Ўзбекистон ҳукумати пахта толасини четга сотишдан келадиган валюта даромадларини шаффоф қилиш босими остида қолмоқда.

Ўзбекистонда етиштирилган пахта толасини хорижга сотиш билан ким шуғулланади, йилига қанча даромад келади, даромаднинг қанчаси савдо ширкатлари ҳисобига тушади, деган саволларга мамлакат мустақил бўлганидан буён расмийлар жавоб бермаганлар.

17-18 октябр кунлари Тошкентда ўтказилган навбатдаги ярмаркада 12 та хорижий ширкат билан Ўзбекистоннинг 6 та ширкати 680 минг тонна пахта толаси етказиб бериш ҳақида шартномалар имзолашгани хабар қилинди.

Бу шартномалардан 600 миллион доллар даромад келиши кутилмоқда.

Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари хабар қилишича, бу йил пахта далаларида 1000 та пахта териш машинасидан фойдаланилган.

Бу мавзуда батафсилроқ