Гулнора Каримованинг бош қўриқчиси мамлакатни тарк этган

Image caption Каримова хоним ва унинг атрофидагилар терговлар борасида сукут сақлашмоқда.

Баъзи хабарларга кўра, Гулнора Каримовага қарши бўлаётган ҳаракатлар доирасида унинг бош қўриқчиси Ўзбекистонни тарк этган.

Айтилишича, унинг мол мулкини қўриқлаш билан шуғулланувчи хавфсизлик хизматига раҳбарлик қилган Аҳат Носиров ўзига қарши жиноий иш очилиши ортидан мамлакатдан қочиб кетган. Би-би-си бу ҳақида маълумот олишга муваффақ бўлган Париждаги ўзбекистонлик ҳуқуқбон Надежда Атаевага боғланди.

Би-би-си: Ўзбекистонда қудратли Гулнора Каримовага тегишли нашрлар ва телеканаллар ёпиқлигича қолмоқда, айни дамда уларга нисбатан тергов ишлари очилгани хабар қилинмоқда. Каримова хоним ва унинг атрофидагилар терговлар борасида сукут сақлашмоқда. Айни дамда унинг интернетдаги, хусусан твиттердаги ишқибозлари унга ўз дастакларини изҳор қилишда давом этишаяпти. Каримова хоним охирги ёзувларидан бирида Ўзбекистонда уни йўқотишга жуда қаттиқ ҳаракат қилишаётганини айтди.

Надежда Атаева: Бизнинг Ўзбекистондаги манбаларимиз бир ҳафта аввал маълум қилишдики, Ўзбекистон президенти девони қошидаги хавфсизлик хизмати раҳбари Аҳат Хамзаевич Носиров ишдан олинган. Айтилишича, Гулнора Каримованинг мол мулкини ҳимоя қилишга ажратилган бюджет маблағларининг суистемол қилинишидан Президент Каримов огоҳ бўлгани бунга сабаб бўлган. Гулнора Каримованинг Хориждаги мол мулкининг барчаси мана шу хизмат ходимлари томонидан, ҳамда давлат бюджети ҳисобидан қўриқланган. Ҳозирги кунда буларни ҳужжатлар билан тасдиқлай олмаймиз, лекин манбаларимизга кўра, Гулноранинг мол мулкини қўриқлаш учун ёлланган ходимларнинг сони 1 мингдан ошиқдир. Баъзи хабарларда, 1,5 минг, бошқаларида унданда кўп дейилади. Шундай экан, бу каби ҳаражатлар хатто Президент Каримовнинг жаҳлини чиқарган.

Би-би-си: Ахат Носировга айблов қўйилганми Ўзбекистонда?

Надежда Атаева: Йўқ, расман айблов йўқ. Чунки, ўзингиз тушунасиз, бу мамлакатда ҳар қандай ҳаққоний маълумот яширин тутилади, ва бу воқеалар атрофида жуда кўп мишмишлар юзага келган. Давлат бюджети қандай сарфланаётганини билиш бу мамлакатдаги ҳар қандай одамнинг конституцион ҳуқуқи бўлиши керак.

Би-би-си: Ахат Носиров бугун қаерда экани борасида нима маълум?

Надежда Атаева: Бизнинг маълумотларга кўра, у Ўзбекистонни тарк этган. У ўзига жиноий иш очилиши биланоқ чиқиб кетган ва ҳозирда МДҲ давлатларидан ташқарида турибди. У бошпана сўраган ё сўрамагани борасида ҳозирча билмаймиз. Менимча, у бу каби жараён ҳақида маълумотга эга ҳам бўлмаса керак, чунки Ўзбекистонда давлат органларида ишлаган одам бошпана олиш жараёни билан қизиқиб кўрмаган бўлса керак. Лекин, у бошпана сўраб кўрса керак. Агар у шундай йўл тутса, БМТнинг қочқинлар мақоми борасидаги конвенциясига биноан, махсус категорияга тушади, чунки унинг қилмишлари коррупция ва ўз лавозимини суистемол қилиш бўлган бўлса, бу иқтисодий жиноят ҳисобланади. Иқтисодий жиноят содир этган одамлар эса халқаро ҳимояга эга бўла олмайдилар.

Би-би-си: Унинг қўриқчиларга бошчилик қилганидан ташқари, Гулнора Каримова билан алоқалари борасида яна нимадир маълумми?

Надежда Атаева: Йўқ, афсуски, мен улар орасида алоқаларнинг тафсилотини билмайман, ҳозирча бор маълумот шу бизда.

Би-би-си: Бу шахснинг ЎЗбекистонда нишонга олинаётгани нимани англатади ўзи?

Надежда Атаева: Бу дегани Ўзбекистонда ҳукумат жиддий инқирозга учраган. Ҳукумат ичида жуда жиддий ҳийла найранглар бўлаяпти. Каримов хатто ярим йил аввалгидек вазиятни назорат қила олмаяпти. Шубҳасиз бунда Миллий хавфсизлик хизматининг қўли йўқ эмас. Лекин муаммо шундаки, бугунда жуда кўп ўзбек амалдорлари жуда ҳам юқори ва ноқонуний даромадга эгалар, ва бу даромад кўчмас мулк ёки бошқа шаклда хорижда йиғиб қўйилаяпти. Бизга маълум бўлишича, миллий хавфсизлик хизматининг қатор ходимлари Бирлашган араб амирликлари ва Оврўпо Иттиифоқида ўз кўчмас мулкларига эгалар. Буларнинг юзага чиқиб келишига Швейцария прокуратураси Гулнора Каримовага боғлиқликда берган сўрови сабаб бўлди. Бу жиноий ишга Гулнорага яқин ҳисобланган бир неча ўзбекистон фуқаролари аралашган. Бу ҳаммаси факт. Уларнинг номига Гулнора Каримованинг мол мулки хужжатлаштирилган бўлган.

Бу мавзуда батафсилроқ