Гулнора Каримова Ўзбекистон давлат телеканалларини танқид қилди

Гулнора Каримова Твиттердаги саҳифасида фолловерларининг ўзига қарашли тўрт каналнинг қачон очилиши ҳақидаги саволларига бир қадар жавоб қайтарган, шунингдек давлат телеканаллари савиясини танқид қилган.

"Маданият ва Маърифат"да умуман Совет Иттифоқидаги хурсандчилик ҳукмрон...,- деб ёзади у Ўзбекистон телевидениесининг янги каналидан бири ҳақида.

Каримова хоним Тошкент каналида намойиш этилган кадрларни елимдан ясалганга қиёслайди. "Бундай тарих Абдулла Қодирийнинг тушига ҳам кирмаган бўлса керак", дейди.

"Ўзбекистон каналини ёққанимда студияда итларни сақлаш ҳақида суҳбат кетаётган эди... Мавзуни гапирмаса ҳам бўлади, студияда ким съёмка қиляпти? Қиммат кранлар билан".

Гулнора Каримованинг кейинги танқиди "Дунё"каналига қаратилади: Яна бир кулгули ҳолат, "Дунё" давлат телеканалида соат ҳам географик жиҳатдан ёлғон гапиради.... Парижда 3.00 Дунёда эса 4.00, Лондонда 2.00, каналда эса 3.00."- киноя қилади Гулнора.

Гулнора Каримованинг ушбу танқидлари уники экани айтиладиган тўрт нодавлат телеканалнинг тўсатдан ёпилиши, Zamin FM, A’lo FM ва Terra FM радиоканалларининг эфири узиб қўйилиши ортидан биринчи бор янграмоқда.

Твиттердаги кузатувчилари Каримова хонимга Фонд Форум ташкиллаштирган Style.uzнинг жуда чиройли ўтганини айтиб олқишлашган.

RomanPustabaev исмли мухлисининг "Томоша қилиш мумкин бўлган маҳаллий телеканаллар TVM, СофТС ва FORUM ТV эди, улар қачон эфирга қайтади?"- деган саволига, Гулнора Каримова ҳам "Сиз нима деб ўйлайсиз?",- деган сўровни беради.

Таниқли хонанда Лара Фабиан Тошкентдаги Фонд Форум уюштирган концертдаги иштирокини бекор қилган. Бу қарорини "Инсон ҳуқуқларини топтаган ҳукумат аъзоси ва ё унга яқин бўлган шахс бошқарган концертда куйлаш билан инсон ҳуқуқлари поймол этилган мамлакатда куйлаш орасида фарқ мавжуд. Биринчи ҳолатда мен куйлашдан бош тортаман, чунки бу каби ҳукуматни кўз-кўз қилишдан йироқман", дея изоҳлаган эди.

Бир неча йилдан буён Гулнора Каримованинг тадбирларини кенг ёритиб келган давлатга қарашли оммавий ахборот воситаларида яқинда бўлиб ўтган маданий тадбирлар ёритилмаган.

Шоу бизнес янгиликларини бериб борадиган интернет нашрларида ҳам Гулнора Каримованинг иштирокини олдинги йиллар каби кўкларга кўтариш камайгани кузатилади.

Жумладан, Sayyod.uz сайтида Гулнора Каримованинг тадбирига белгиялик қўшиқчи Лара Фабианнинг келмагани, "Гулноранинг чўнтагидаги пулларни санагунча унинг халққа маданиятли бўлишни ўргатаётганини қўллаб-қувватлаш керак"лиги айтилган мақола орадан бироз вақт ўтгач олиб ташланган. Сўнгра яна пайдо бўлган.

Shov-shuv.uz сайтида эса 25 октябрда қўйилган "Гулнора Каримова синглисининг ББСга берган интервюсига мардона жавоби" ҳақидаги хабарида сарлавҳадан бошқа ҳеч нарса йўқ.

Би-би-сининг Гулнора Каримова тадбирлари қандай ўтгани ҳақидаги сўровига ҳам юқоридаги интернет нашрлари ходимлари жавоб беришни хоҳлашмади.

Бу мавзуда батафсилроқ