Ўзбекистонда Гулнора Каримовага тегишли ҳисоблар музлатилган

Ўзбекистондан келаётган хабарларга кўра, мамлакат ҳуқуқ-тартибот органлари Гулнора Каримова бошчилигидаги Фонд Форум фаолияти ва унга боғлиқ ташкилотлар устидан текширув бошлашган.

Тошкентда жойлашган хусусий очиқ акциядорлик тижорат Invest Finance банкдаги Фонд Форумнинг ҳисоблари, Terragroup, "Дом стиля" ва Гулнора Каримованинг расмий офисига тегишли барча ҳисоблар музлатилган.

Би-би-сининг Фонд Форум ўз фаолиятини тўхтатгани борасидаги тахминлар қанчалик ҳақиқатга яқин экани борасидаги саволига, Тошкентдаги манбаълар ҳисоблари музлатилгани боис Фонд Форум ҳозирда фаолият юргизмаётганини айтишган. Фонд Форум эса, сукут сақламоқда, гарчи унинг вебсаҳифаси ҳанузгача фаол қолмоқда.

Твиттерда Фонд форум номидан ёзишмалар давом этаяпти, бироқ текширув очилгани борасида бирорта ҳам хабар берилмаган.

Бошланган текширувдан аён бўлишича, Гулнора Каримованинг офиси ва Фонд Форум алоҳида-алоҳида биноларда жойлашган ва уларнинг молиявий фаолияти ҳам бир-биридан айри ҳолда олиб борилган.

Офис ҳисоб-китоблари учун масъулнинг Қозоғистондаги қариндошлари ундан бир неча ойдирки ҳеч қандай хабар йўқлиги ва унинг қаерда эканлиги номаълум қолаётгани борасида хавотирларини билдиришган. Манбаъларимизнинг айтишларича, у ҳозирда Тошкентда уй қамоғида ушлаб турилибди.

Текширув чоғида мазкур Invest Finance банкида бир неча кичик-кичик ҳисоблар очилгани аниқланган, ҳисоблар эгалари Каримованинг тор доирасига кирган шахслар бўлган.

Гулнора Каримовага яқин бўлган гуруҳдан бошқа инсонларга нисбатан ҳам далиллар йиғилаётгани манбаъларимиз томонидан тасдиқланди. Мазкур инсонлар тарафидан пуллар мақсадсиз йўлда ишлатилганми-йўқми деган масала текширилмоқда.

Ҳисоблардаги маблағлар ҳам чет элдан ҳамда маҳаллий манбалар, жумладан тадбиркорлардан келиб тушган. Улар, билдирилишича, шу йўл орқали Фонд Форум хайрия тадбирларига ҳомийлик қилишган.

Тушган маблағлар, манбаъларимизнинг айтишича, жуда катта - йилига бир неча миллион долларни ташкил қилган. Мазкур маблағлар Гулнора Каримованинг яқин одамлари томонидан нақд пулга алмаштирилиб, ўз эҳтиёжлари учун ишлатилганига оид гумонлар ҳам текширилмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ