Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича Женевада сўроқ қилинаяпти

  • 30 Октябр 2013
Image caption Ўзбекистон ҳукумати сиёсий маҳбуслар ҳеч қандай шикоят билан мурожаат қилишмаганини айтади

Бирлашган Миллатларнинг Қийноқларга қарши қўмитаси чоршанба куни Ўзбекистондаги қийноқлар масаласини муҳокама қилмоқда. Мажлисда Инсон ҳуқуқлари Миллий маркази раҳбари Акмал Саидов бошчилигидаги ҳукумат ҳайъати қўмита аъзоларининг қийноқлар борасидаги саволларига батафсил жавоб беришлари керак.

Мажлисда иштирок этаётган Ҳюман Райтс Вотч инсон ҳуқуқлари ташкилоти вакили Стив Свердловнинг Би-би-сига айтишича, ўзбек ҳукумати мулозимларини қийин саволлар кутмоқда.

Свердлов: Бу муҳокамаларнинг қизиқ жиҳати шундаки, қўмита ўзбек расмийларидан энг сўнгги қийноқ ҳоллари юзасидан савол сўрамоқда. Хусусан, сиёсий маҳбуслар Аъзам Турғунов, Дилмурод Саййид, Юсуф Рўзимуродов ва Муҳаммад Бекжонларнинг қийноққа солингани билан боғлиқ фактлар. Ёки Тошкентлик инсон ҳуқуқлари фаоли Гулноза Йўлдошеванинг қийноқ қурбони бўлгани ёки Буюк Британия элчихонасининг собиқ ходими Қаюм Ортиқовнинг иши. Буларнинг ҳаммаси охирги бир-икки йил ичида содир бўлган ҳолатлардир. Жаноб Ортиқов ўзининг қийноққа солингани ҳақида очиқча, Британия матбуотига гапирган. Қийноқларга қарши қўмитанинг қўлида жуда кўп ишлар, жуда кўп исмлар бор. Бундан ташқари қўмита Ўзбекистон ҳукуматидан қонунчиликка киритилган сўнгги ўзгаришлар, жумладан, адвокатлик фаолияти ҳақидаги қонун ҳақида ҳам сўрамоқчи. Биз сиёсий тутқунларнинг ишларини олган Руҳиддин Комилов ва Рустам Тўлаганов сингари адвокатларнинг лицензиядан маҳрум қилинганини биламиз.

Би-би-си: Аммо ўтмишда ўзбек ҳукумати бу каби даъволарни рад этиш билан чекланган. Бу сафар ҳукумат мулозимлари очиқ ва самимий жавоб берадилар, деб умид қилишга бирон асос борми?

Свердлов: Умид қиламиз, албатта. Ўзбекистон ҳукумат ҳайъати кеча ўз ҳисоботини тақдим этди ва мамлакатда муаммолар борлиги, қийноқлар мавжудлигини рад этди. Улар сиёсий маҳбусларнинг борлигини ҳам қатъиян рад этадилар. Аммо, Қийноқларга қарши қўмита аъзолари жуда ҳам жиддий саволларни қўйишмоқда. Масалан, Акмал Саидов бошчилигидаги ҳукумат мулозимлари сиёсий маҳбусларнинг ўзлари ҳеч қандай шикоят билан мурожаат қилишган эмас, деб даъво қилган пайтлари, қўмита аъзолари "Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ўзи, масалан, Аъзам Турғуновнинг қийноққа солингани ҳақидаги даъволарни текширишга чақириб турган пайти қандай қилиб, шикоят қилмади, деб айтасизлар," дея ҳукуматнинг даъвосини рад этишди. Бугун эса ўзбек ҳукумати бу саволларга жўялироқ жавоб беради, деб умид қилаяпмиз. Албатта, ўтган ўн йилдаги муҳокамалар бу каби умид қилишимизга асос бермайди. Аммо Қийноқларга қарши қўмита Ўзбекистон ҳукумати жиддий қабул қиладиган идоралардан биттаси. Унга ҳукумат ҳар йили ўзининг юқори даражадаги ҳайъатларини жўнатади. Ўйлайманки, ҳукумат ўзининг БМТдаги имиджи ҳақида қайғуради.

Би-би-си: Ҳукумат ўтган йилги тавсияларнинг биронтасини бажарганми?

Свердлов: Улар тавсияларни фақат қоғозда бажаришган. Масалан, ҳукумат қийноқ қурбонларига ёрдам берувчи Хебиес корпусни тузамиз, деганди, тузди. Аммо, у амалда фаолият кўрсатмайди. Албатта, 2008 йилда Ўзбекистон ўлим жазосини бекор қилган пайт бу жиддий бир қадам бўлганди. Аммо қолган тавсиялар, афсуски, қоғозда қолиб кетмоқда.