Гулнора Каримова – зиддият кўлами кенгаймоқда

  • 1 Ноябр 2013
Гулнора Каримова твиттерда рақибларини бир бир пўстагини қоқмоқда
Image caption Гулнора Каримова твиттерда рақибларини бир бир пўстагини қоқмоқда

Каримова хоним твиттерда отаси калтаклагани ҳақидаги саволга ойдинлик киритди. У бундай миш мишларнинг ортида олигарх Усмонов турган бўлиши мумкинлигини айтди. Сал олдинроқ эса Миллий хавфсизлик хизмати раиси Рустам Иноятов ҳокимият учун курашни бошлаб юборганини ёзганди.

Твиттер фойдаланувчиларидан Скрипковскаянинг “Гулнора Исломовна, “сизни отангиз ургани ростми”, деган саволига Каримова ушбу гаплар бўлмағур эканлигини айтган.

“Агар сиз ушбу маразмга ишонсангиз, нима учун менга отамнинг исми билан мурожаат қилаяпсиз. Бу аҳмоқгарчиликни бажариш учун иккимиздан биримиз ўта адекватсиз бўлишимиз керак. Иккинчидан, ўзимга шунчалик ҳурматсизманми? Ушбу миш мишлар кимга фойдали эканлигини ҳеч ўйлаб кўрганмисиз”, - дея савол сўраган Гулнора хоним.

Каримова, “бундай хабарлар маҳаллий даражадаги иғвогарлардан тортиб, машҳур публицистлару, “илғор” олигарх Усмонов кабиларга фойдали бўлиши мумкин”, дея ўзи жавоб берган.

Гулнора Каримова Усмонов деганда Россиядаги асли ўзбекистонлик олигарх Алишер Усмоновни назарда тутганми ёки бошқани аниқлик киритмаган.

Каримовадан ушбу саволни сўрашга Усмон Ҳақназаров имзоси остида ёзадиган публицистнинг Ўзбекистон Халқ Ҳаракати веб саҳифасига чоп этган “Президент Ислом Каримов ўз қизи Гулнорани нима учун калтаклади” номли мақоласи сабаб бўлган.

Бир кун олдин Гулнора Каримова Республика Миллий Хавфсизлик хизмати раиси Рустам Иноятовнинг амбицияларига шаъма қилган.

У Твиттерда шундай деб ёзади:

"Агар махсус хизматларининг биринчи одами хурсанд бўлиш ўрнига, аксинча унинг (Яъни Гулнора Каримованинг-таҳририят) халқ орасидаги обрўйидан қўрқса, демакки УНИНГ шахсий амбицияси ва режалари бор (ғамгин юз белгиси)".

Унинг ушбу твитига жавобан Камил исмли Гулноранинг фолловери: "Сиз нима деб ўйлайсиз? Иноятов Ўзбекистон президенти лавозимини эгаллаш учун курашадими?" - деб сўраган.

Гулнора Каримова унга жавобан "Курашади! У курашни бошлаб юборган! Наҳотки ташқаридан кўринмаëтган бўлса!" - деб ëзади.

Шу билан бирга Гулнора Каримова Иноятовнинг уринишларини "рўёбга чиқмайдиган хомхаëл" деб атаган.

“Тўнғич қиз ташвишлар гирдобида”

Сўнгги 10 куннинг ичида Гулнорага тегишли теле ва радио каналларнинг ёпилиши ва ушбу каналлар ҳамда Фонд Форум фаолияти ҳуқуқ тартибот органлари томонидан текширилиши хориж ОАВ нинг ҳам эътиборига тушган.

The Economist нашри “Ғалаён.уз ёки Ўзбекистоннинг тўнғич қизи ташвишлар гирдобида” номли мақола чоп этган.

Мақолада сўнгги муаммолар кимдир Гулноранинг амбицияларини заифлаштириш учун қилинаётгандек тасаввур пайдо қилиши ёзилади.

“Октябр ойида Каримова хоним ҳар йили ўтказадиган style.uz фестивали арафасида, у бошқарадиган камида 3 телеканал тўсатдан ўчиб қолди. Белгиялик поп юлдузи инсон ҳуқуқларини бузувчи Ўзбекистонни оқлашга ҳисса қўшмаслигини билдириб коцертини бекор қилди. Кейинчалик солиқ идоралари Гулнора Каримованинг хайрия жамғармалари фаолиятини текшираётгани ҳақида миш-мишлар пайдо бўлди”, - деб ёзилади мақолада.

“Ўзбекистонда бошқа муҳим қарорлар каби меросхўрлик масаласи ҳам ёпиқ эшиклар ортида ҳал қилинадиган кўринади. Шунга қарамасдан, Каримова хонимда бироз ижтимоий можаро киритиш имконияти бор”, - дейилади мақолада.

Бу мавзуда батафсилроқ