Гулнора Каримова сиёсий амбицияларидан воз кечдими?

Гулнора Каримова твиттерни мавқеини билдирувчи платформага айлантирган
Image caption Гулнора Каримова твиттерни мавқеини билдирувчи платформага айлантирган

Гулнора Каримова ҳукумат тепасини дўзахий жой дея ўзини четга олиш ҳаракати таҳлилчилар томонидан турлича талқин қилинмоқда. Айримлар “президентнинг тўнғич қизи сиёсий амбицияларига нуқта қўйди” деяётган бўлса, иккинчи томон Каримованинг сиёсий амбицияларини кўмиб қўйишга ҳали эрталигини таъкидламоқда.

Францияда истиқомат қилувчи сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Каримова бундан олдин олий ҳокимиятга иддоаси ва интилиши борлигини шаъмалар орқали билдириб келганини айтади.

“Ҳозирги пайтда президентликка интилмаётгани ва у жойни дўзахий деб аташи, унинг атрофида кечаётган жуда ҳам чуқур инқирозли бир вазиятдан далолат беради. Бу баёнотлар орқали Гулнора Каримова ўзининг вазиятини юмшатмоқчи. Бу амбицияни очиқчасига, оммавий равишда илк маротаба инкор қилмоқда. Гулнора Каримова тушунаяптики, унинг олий ҳокимиятга интилиши қўшимча бир муаммолар яратаяпти ва ушбу баёнот орқали ҳозирги кундаги вазиятини енгиллаштирмоқчи”, - дейди Камолиддин Раббимов.

Тошкентдан журналист Сергей Ежковнинг Би-би-сига айтишича, Гулнора Каримова ҳокимиятга интилмаслигини маълум қилган бўлса сўзида туради.

“Аввало, одамларга ишониш керак. Агар Гулнора Каримова ушбу дўзахий жойда ишлашни истамаслигини айтган бўлса, ростдан ҳам ишлагиси келмаяпти. Мен буни президент курсиси учун ҳеч қандай сиёсий ўйинларда иштирок этмаслиги ҳақида ўзбек сиёсий элитасига юборилган бир хабар сифатида қабул қиламан”, - дейди Сергей Ежков.

Ежков жанобларининг қўшимча қилишича, Гулнора Каримова шу вақтгача амбициялари ҳақида гапирган бўлса-да, сиёсий амбициялари ҳақида гапирмаган. Журналист Гулнора Каримова ушбу сўзининг устида туришига ишонишини айтди.

“Эркак айтган сўзидан қайтмайди. Балки ушбу атамани Гулнора Каримовага қўллаб бўлмаса ҳам, бу ҳақда оммавий маълум қилган одам ўзи баён қилган позицияни ушлаши керак”, - дея қатъий фикр билдирди у.

Сергей Ежков президентлик курсиси ҳақида ҳали гапиришга эрталиги ва Каримованинг ушбу баёнотлари ҳали бошланмаган президентлик пойгасига таъсир қилмаслигини айтади.

“Каримовдан кейинги курси ҳақида гапиришга ҳали эрта. Келинг Ўзбекистоннинг ҳозирги президенти ҳали Ислом Каримов эканлигидан келиб чиқиб гапирайлик. Ҳозирча президентлик пойгаси ва сайловлари ҳақида гап кетаётгани йўқ. Унгача ҳали вақт бор”, - дейди Сергей Ежков.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Гулнора Каримова Ўзбекистонда катта бойлик орттиргани ва ижтимоий-сиёсий мавқе яратганини айтади. Унинг ҳокимиятга интилиши сиёсий империяси ва бизнесини сақлашнинг ягона шарти сифатида кўрилган.

Таҳлилчига кўра, Гулнора Каримова отасининг ўрнини эгаллаган тақдирдагина, ўз хавфсизлиги ва бойликларини сақлашнинг кафолати эканлигини яхши тушунади

“Шунинг учун ўйлайманки, унинг ҳозирги айтаётган баёнотлари мавжуд контекст, вазиятдан келиб чиқиб айтилаётган бир фикрлар. Лекин, айтайлик, ярим йил, бир йилдан кейин вазият илиқлашса ёки ўзгарса ўша вазиятдан келиб чиқиб у ўзининг янги баёнотларини беради, деб ўйлайман. Гулнора Каримова осонликча ўзининг сиёсий амбициясидан воз кечмайди. Чунки Олий ҳокимият унинг хавфсизлиги ва бойликларини сақлашнинг ягона шарти сифатида кўрилади”, - дейди Камолиддин Раббимов.

Таҳлилчига кўра, иш қанчалик жиддийлашса ҳам Гулнорага Ислом Каримовнинг катта қизи бўлгани сабаб жиноий иш қўзғатилмайди. Унинг маълум ресурслари ёпилади.

“Ўйлайманки, Ислом Каримов ҳозирги вақтда Гулнора Каримованинг сиёсий келажаги борасида ўйлаб кўраяпти. Маълум муддатдан кейин Каримовда бир тасаввур пайдо бўлиши керак. Яъни Гулнора Каримованинг сиёсий, ижтимоий карьераси қандай давом эттирилиши кераклиги ҳақида. Шундан кейин улар қайтадан гаплашиб кўради”.

Раббимовнинг таъкидлашича, Ислом Каримов атрофида кадрлар етишмаслиги кучли эканлигини ва оила бир-бирига узвий боғлиқ эканлигини яхши тушунади. Каримов қизларининг хавфсизлигини таъминлаш учун у ёки бу чораларни кўришга мажбур бўлади.

“Шунинг учун Ислом Каримов Гулнорага босим ўтказаётгани табиий. Чунки Гулноранинг ҳатти ҳаракатлари Гулноранинг ўзига ҳам, Каримовлар оиласига ҳам, Ўзбекистондаги сиёсий режимга ҳам кўпгина муаммолар яратди ва талофатлар етказди. Бир қанча ресурслар, каналларни ёпиш орқали Ислом Каримов қизини бошқача тактика ва бошқа стратегияга мажбур қилиши мумкин”, - дейди Камолиддин Раббимов.

Бу мавзуда батафсилроқ