Қамоқдаги битиклар: Мамадали Маҳмудов. "Оқ гул"

  • 2 Ноябр 2013

Би-би-си Ўзбек Хизмати атоқли адиб Мамадали Маҳмудовнинг қамоқхонада ёзилган туркум асарларини эълон қилишни режалаган. Эътиборингизга ҳавола қилинаётган "Оқ гул" романини адиб Чирчиқдаги жазо муассасасида ёзиб тугатган.

Эврил Турон

[Мамадали Маҳмуд]

Оқ гул

(воқеий роман)

(Биринчи қисм)

Ватанни беқиёс

севувчи дўстларим...га

бағишлайман.

1

Бугун икки минг ўн биринчи йилнинг тўртинчи ой, йигирманчи куни. Мен одатдагидек нонушта олдидан ўрик остида ишлаб ўтирибман. Кутилмаганда бир довучча тупроққа тушди. Бундан кўнглим бузилди:

“Етилмай узилди, – дедим ўзимга-ўзим, – шўрлик! Нима учун?”

“Тангри “иши” – деди ичимда бир сас, – ўзи яратади, ўзи йитади. Нега? Бунга жавоб топилмайди. Топилмайди ҳеч замон”.

Сукутга ботдим.

Ўй, хаёл, хотира шундай қудратга эга:

Унинг олдида тўсиқ, чегара, масофалар ожиз. У замонларни ортга қайтаради, ўтганларни тирилтиради.

Довучча таъсири: вақт чекинди:

Эллик беш йилга.

Кўз олдимга Учқулоч олтин кони, олақуроқ оломон, мактаб келди. Сўнг саккизинчи синф хонаси, биринчи парта, Омонгул...

Эллик беш йил...

Бу вақт давомида менинг хотирамдан қанча – қанча танишларим, яқинларим, қариндошларим ўчиб кетди. Мангуга. Аммо Омонгул?..

Унинг олмосдек ўткир юз – кўзлари, чимрилган қошлари, тўти бурни, бир ўрим йўғон сочи, табиатан ол дудоқлари ва ўктам юриш – туришлари эсимда. Гўё вақт тўхтаб қолган, боягидек эсимда.

Мен дунёда олмон, инглиз, француз, яҳудий, поляк, можор, украин, оқ рус, рус, булғар, корейс, япон, хитой, латиш, гуржи, араб,армани, форс... хуллас, турли миллат сулувларини кўрдим. Бироқ Омонгулдек табиий гўзални учратмадим. У том маънода бокира ва бетакрор эди. Мен уни энди очилган оқ гулга бенгзардим. Ўзимча: “Оқ гул” дердим. Буни унга айтишга юрагим бетламасди. Бир менмас, бошқалар ҳам Омонгулга тик боқишга ботинмасдилар. Ҳатто ўқитувчилар ҳам у билан ўйлаб муомала қилардилар. Бунинг аниқ сабабини билмасдим. Балки, бу ҳаммадан кўра кўркамлиги, аълога ўқиши, унча-мунча гапни ёқтирмаслиги, чўрткесар ва одамовилиги учундир?

Омонгулнинг ботинида бир ғойибий сир бор деб ўйлардим. Буни одамнинг ич – ичини кўраётгандек туюлган кўзларидан туярдим. У ер юзида ҳеч кимга ўхшамасди. Мен уни баъзан: “Осмон қизи” деган хаёлга борардим. У ўзини мағрур ва юксак тутарди. Атайлабмас. Туғма шундай эди. Омонгулнинг ҳар бир ҳаракат, гап – сўзи чечакдек табиий эди. Шунга қарамай, уни айрим қизлар унча ёқтирмасдилар. Ҳасад ўтими, гоҳ – гоҳ пана – пастқамлардан кунилаб қолардилар:

“ – Осмонда!..”

“ – Олифта!..”

“ – Совуқ!..”

У кезларда Омонгул билан менинг орамизда салом – аликдан бошқа нарса йўқ эди. Фақат онда – сонда кечган қисқа учрашув, сўзлардан ўзга.

Бирда у янги осилган деворий газета (“Коммунизм сари”) олдига менинг дўстим Бектемирни чақирди ва ундан сўради:

– Буни сен ёздингми?

– Ҳа.

– Ўқи.

Темирчи ўғли* Бектемир ўз ёшига нисбатан гавдали, кучли, мағрур бўлса ҳам Омонгулга бир сўз демай итоат этди:

“Ленин бизнинг бобомиз,

Ўрис халқи оғамиз.

Коммунизм сари биз

Дадил олға борамиз”

Омонгул уни қовоқаридек чақди:

– Уруғ – аймоғингни билиб олдим, Бек*. Яқин орада маддоҳ шоирларга нон қолмайди. Сендан тузук темирчи чиқади деб ўйлардим. Энди?..

Кун – тун китоб ўқиш*дан толмайдиган Бектемир Омонгулга қарши оғиз очмади. Балки, бу, тил, адабиёт ўқитувчисининг буюртма ва ўргатмаси туфайли ушбу тўртликни ўзига қарши борган ҳолда ёзганлиги сабаблидир? Балки, бу, Омонгулга ўзгача туйғу билан қарашидандир?

Яна қайдам?

Омонгул менга негадир совуқ нигоҳ ташлароқ ташқарига йўналди.

-------------------------------------------------------------------------------------------------------

* Темирчи ўғли – Бек Фориш туманидаги донгли темирчи Суннатнинг ўғли.

* Бек – Боғдон ва Учқулочда Бектемирни ерли эл “Бек” деб атарди. Баъзан уни “Чингизхон” ҳам дердилар.

*Китоб ўқиш – Бек бадиий китоб ўқишни севарди.

2

Совуқ нигоҳ?..

Нега?

Бек жўрам бўлгани учунми? Мен ўзимни тиёлмай, унга оғу сочдим:

– Мунча кибр – ҳаво, Оқгул?

– Нима?! – У шарт тўхтаб, орқасига кескин қайрилди. Шунда мен унинг кўзлари яшиндек чақнаганини кўрдим ва бундан баданим жунжукиб кетди.

– Узр, Оқгул, мен... беихтиёр...

– Менинг ўз исмим бор, – у таҳдид ва ғазаб отидан тушди.

Агар сезгим алдамаса, “Оқгул” деганим Омонгулни ғурурига тегса ҳам, унга бир қадар ёқди. Тағин Тангри билгувчи.

Шундан кейин уни ҳамма: “Оқгул”, деб атай бошлади. Ўкитувчилар хам. Омонгулни ўзи бунга секин – секин кўникиб борди.

– Бунга сен сабабчисан, ҳўкиз! – деди бир куни мактабдан қайтишимизда Оқгул.

– Менинг отим Эврил.

– Сенинг отинг Мамадали.

– Бу арабча...

– Ота – онанг қўйган исм.

– Янглишганлар...Менга ёқмайди. Мен ўғузман. Қорамон бўйидан. Ўз тилимда ўзимга-ўзим исм қўйдим: Эврил Турон.

– Миллатчимисан?

– Миллиётчиман. Ўзимни “Ўзлик” деган курашга...

– Мақтанчоқ! – У мени бўлди.

– Ишонмасанг ишонма, Кўнглим шундай дейди. Шунга сенинг исмингни ҳам Қорамонча қўйдим:

Оқгул!

Ўзи мен сени оқ гулга бенгзайман. Энди очилган оқ гулга, шудринг, шабнамларда чўмилгувчи оқ гулга!

– Қоғоз чечак одамнинг юрагини шуълалантирмайди, менга оддий, содда гаплар ёқади. Ҳаяжонланмай, бўрттирмай сўзла. Менимча, гўзаллик дегани: соддалик қаътида...

Мақтовга тоқатим йўқ. Ҳаммаёқ мақтовга, сохта мақтовга тўла. Бекнинг тузсиз тўртлиги каби. Буни ҳеч кимга фойдаси йўқ. Зарари қат – қат.

Сохта мақтов – ўсув бўғови.

Сохта мақтов – жамият ёви.

Сохта мақтов – мутеъликка йўл...

3

Оқгулнинг менга ишонмагани алам қилди. Бунда ўзимга бўлган ишончим яраланди. Одам ўз хато, камчилигини тан олиши қийин. Мен танқидга йўқман. Агарчи, у тўғри бўлса ҳам.

“Қоғоз чечак юракни шуълалантирмайди”миш, – дедим ичимда, – Ўзинг-чи, Оқгул? Ўзингнинг гапинг жимжимадор эмасми? Буни мен сенинг юзингга солмаяпман – ку! Худбин!”

Учқулочда биринчи ишга тушган шахта яқинида хайр – хўшсиз ажрашдик. Мен қир каби чўзилиб ётган тошлар устига чиқдим. Бу ердан Оқгулнинг уйи яқол кўриняпти. У бошқаларникидан фарқ қилмаса ҳам менга негадир сирли туюлди.

Ана, Оқгул бинафша гулли калта, тор, алвон кўйлакда ўз хонасидан ҳовли саҳнига (денгизда сузаётган) оқ қушдек охиста “сузиб” чиқди. Ва эски туника пақирда ҳовлига сув сепа бошлади.

Гарчи, мавруди келмаса ҳам айтай: Оқгул ўзига хос, Оврўпанинг

ман – ман деган қизлари ҳам ҳавас қилар даражада ўзига хос кийинар ва бу бежирим, озода, гўзал кийимда у оқ чечак янглиғ яшнаб кўринарди.

Анча пайтгача Оқ гулдан хафа бўлиб ўтирдим. Аммо миямнинг бир четида: “Оқгул ҳақ” деган сўз ҳам бонг урарди. Уни қанча ҳайдашга уринсам, у шунча кўп бонг урарди. Шунинг таъсирида бошимга:

“Одам боласи ўзини – ўзи мутлақ бошқара оладими?” – деган савол келди. Бунга кимдир жавоб берди:

“ – Нисбатан “ҳа”, мутлақ эса “йўқ”.

Ким у?

Тегра бўм-бўш. Тегра жим. Энди қўлоғимга бошқа кас шивирлади:

“ – Одам боласига ақл берилса ҳам, у доимий равишда кўз илғамас, онг етмас тизгинда...”

“ – Кимнинг тизгинида?”

“ – Бунинг илдизига инсон етмаган. Бу сир. Ҳозир сени бу юксакликка ким олиб чиқди?”

“ – Билмадим. Балки, бир номаълум кучдир?.. Балки, хаёл билан... беихтиёр...”

“Ўзинга боғлиқ бўлмаган ўша куч: тизгин эгаси...”

“ – Балки?..”

“ – Кўнглингга оғир ботган тошни олиб ташлаш учун сени бу кимсасиз “қир”га етаклади. Ўзинг ҳақингда ўйлашга имкон яратди. Энди сен ўзингни аямай холис фикрла. Шунда, балки, тўғри ечимга келарсан. Балки, Оқгул ҳақидаги қарашинг ҳам ўзгарар...”

Ўзимга боғлиқ бўлмаган куч таъсирими Оқгулга қарайман. У олма остидаги сўрида атлас кўрпачага узала тушиб, икки қат ёстиққа бошини

4

қўйиб, китоб ўкияпти.

– Қандоқ китоб? – деб ўйладим, – дарсликми? Йўқ. Бадиийми, Балки? Балки тарихдир? Ё фалсафа?..”

Ногоҳ Оқгулга тескари қиз (оти эсимда йўқ)нинг ғийбати эсимга энди:

– Оқгул тоғасидан, унинг эски битикларидан ўрганганини сайрайди. Тўти! Ўзини кўз – кўз қилишни, ҳаммадан устин қўйишни суяди. Худбин!”

Бектемир ўз ёшига ярашмаган дўриллоқ овозда ундан сўради:

– Оқгулни тоғаси борми?

– Бормиш.

– Қаерда?

– Тошкентда.

– Нима иш қиларкан?

– Олиммиш. Оқгул ҳар таътилни тоғасиникида ўтказармиш.

– миш – миш ... миш – миш... Ёлғонни ямламай ютаяпсан. Икки йилдан бери у Учқулочдан чиқмади. Фақат бир марта Осмонсой*га бориб қайтди.

– Баландосмон*га дегин, Бек – уни тўғрилади Оқгулнинг ўртоғи ҳам қўшниси (исми эсимда йўқ).

– Сен нимани биласан, қурбақа?

– Бузоқбоши!? – Унинг бўйни калта, танасига қапишиб турарди.

– Кўр – кўрни қоронғида топади, қурбақа! Оқгулдек турқинг совуқ!

Бектемир уни кесди:

– Оқгулга осилма!

– Юрагингдан урганми?

– Овозингни ўчир! – Бекнинг кўзи совуқ чақнади. – Тулки шохдаги қуйруққа етолмай: “пуф, сассиқ!” дермиш. Сен Оқгул бўлолмайсан. Сенинг кўнглинг кир! Дунёдан таппи ёпиб ўтасан. Оқгул академик бўлади.

– Жодугар сени сеҳрлаб қўйган шекилли ? Кўзинг кўр!..

– Бас, бузоқбоши! Бўлмаса тилингни суғуриб оламан! – Бектемир ғазабдан ёнди.

– Муаллимларни тан олмайсанми? – Оқгулнинг қўшниси яна гапга қўшилди.

– Уларни аралаштирма.

------------------------------------------------------------------------------------------------

* Осмонсой – Фориш туманидаги тоғли қишлоқ.

* Баландосмон – Осмонсойдан анча юқорида, тоғ тўрида жойлашган қишлоқ.

5

– Ҳатто мактаб директори ҳам Оқгулни академик бўлади деяпти – ку, бахил!

Туйқис ўнг ёноғимни асалари чақди. Хаёлим тўзғиди. “Онам кутиб қолгандир?” деган ўй миямга урилди. Мен оғриқни ҳам, Оқгулни ҳам унутиб, уйга ёндим.

2

Бектемирнинг тўртлиги ҳақидаги гап мактаб директорига ҳам етди. Балки, буни Бузоқбоши шипшигандир? Балки, Оқгулни ёқтирмас қизлар?..

Шу туфайлими, она тили ва адабиёт ўқитувчиси воқеадан етти кун кечмай: “Менинг шажарам” деган мавзуда бизга иншо ёздирди. Лекин у иншо тафсилоти ҳақида ўн кун оғиз очмади. Сўнг, сабаби нима, билмадим, Самарқанд вилояти* маъориф бўлимидан бир вакил келди. У ўрта ёшли, озғин, кўзлари синчков боқувчи киши эди. Ўқитувчи унинг иштирокида баҳоларини ўқиб – эшиттирди. Бироқ Оқгул бундан айро эди. Вакил ундан сўради:

– Сен ўзингни Ўғузхон, Билга Ҳоқон, Темурларга боғлагансан. Улар кимлар?

– Менинг боболарим.

–Тарихий шахсларми?

– Ҳа.

– Ҳим... Мен Ўғузхон, Билга Ҳоқонларини олдин эшитмаганман. Аммо Темирлангни босқинчи, талончи, каллакесар сифатида биламан.

Вакилнинг ўзбекчани синдириб, форсча оҳангда сўзлаши ва буюк Темурни “Темурланг” дейиши Оқгулга ёқмади. У ўзи сезмаган ҳолда вакилга совуқ боқди. Вакил буни илғаркан, ўз хатосини тузатган бўлди:

– Ер юзи ҳам Темурланг ҳақида шундай фикрда.

Оқгул табиатан ҳам шундай феълли қиз эди: ўзини мутлақ ҳақ деб билса, ҳар қандай одамга ҳам ўз сўзини айтарди. Унинг лавозиму салобати Оқгулга таъсир этмасди.

У фавқулодда журъатли эди:

– Тарихий ҳақиқатга зид фикр.

------------------------------------------------------------------------------------------------

* Самарқанд вилояти – ўша замонда Жиззах, Зомин, Бахмал, Ғаллаорол туманлари каби Фориш ҳам Самарқанд вилояти таркибида эди.

6

– Дунё фикри – я?!

Вакил майин жилмайди. Лекин бу жилмайиш қатига тобутдек совуқ бир нима яширинган эди. Буни Оқгул туйди. Аммо чўчиш ўрнига, унда бир ғойибий куч пайдо бўлди ва:

– Оврўпа Темурни: “Халоскоримиз”* деб, тан олади, – деди у қатъий ишонч билан, – рус ҳам.

– Рус ҳам?.. – титроқ овозда сўради вакил.

Синф музга айланди. Ўқитувчининг юзи ўлик тусига кирди. Оқгул қисқа, аниқ жавоб берди:

– Русни мўғуллардан Темур бобом озод этган. Тўхтамишхоннинг ўзи эса Олтин Ўрдани ташлаб қочган.

– Сен бу маълумотни қаердан биласан?

– Рус академикларидан.

– Масалан?

– Бартольд, Бертельс, Якубовскийларни ўқиганман. Яна бир рус хонимдан ўрганганман.

– Рус хоним?..

– Ҳа.

– Балки, у рус еврейидир?

– Ҳа, шундай: руслашган еврей.

– Еврей ҳеч қачон руслашмайди. Ё бошқа миллатга айланмайди. Еврей ҳар қандай вазият, ҳолат, шароит, замонларда ҳам “Ўзи”ни сақлайди.

– Мен буни тўғри деб ўйлайман. Йўқса, у миллат сифатида йўқолиб кетарди. “Ўзлик” – миллатни вақт тўфонларидан сақловчи куч, менимча, илоҳий куч. Вакил: “Муштдек қиз бундай гапни билади, – деб кўнглидан ўтказди, – еврей минг ўргатгани билан ўзида бўлмаса қийин. Унда бир истеъдод бор. Худди олимдай фикрлайди. Улғайса, тузум учун академик Ҳабиб Абдуллаевдек хавфли одамга айланади...”

Бироқ у сиртига сув юқтирмади:

– Энди англадим, – деди ясама жилмайиб, – сенга “Ўзлик” тушунчасини еврей хотин ўргатган.

Оқгул вакилнинг гапи оҳангида: “Йўлдан урган...” маъноси зоҳирлигини ҳис этаркан, унга эътироз билдирди:

– “Ўзлик” менинг қонимда бор.

– Ҳар бир ўзбекда шундай туйғу борми?

– Бундай туйғусиз миллат миллат ўлароқ яшолмайди.

Вакил бу жавобдан ташвишга тушганини сездирмаслик мақсадида силлиқ таралган сийрак сочини сўл қўли билан силади. Оқгул ундаги

7

кечинмани илғаркан: “Ўзбекни ёмон кўради” деган ҳаёлга борди.

Бектемир беихтиёр “уҳ” тортди. Ранги ўчиқ ўқитувчи унга ер остидан ҳўмрайиб қаради. Синфни баттар сукунат қуршади. Вакил Оқгулга: “Коммунистик туйғуга қандай қарайсан?” деб айтишга чоғланди. Лекин унинг ўқувчилар ичида: “сохта туйғу” деб юборишидан чўчиди ва фикридан қайтди. Бунинг ўрнига:

– Сен рус тилини яхши биласанми? – деган саволни нуқди.

– Руслардек.

Вакил Оқгулнинг овозида мақтаниш аломати йўқлигини туйди.

Ўқитувчи қўшимча қилди:

– Инглизчадаям каммас.

– Яҳудийчани-чи? – Вакил Оқгулга кулиб боқди.

– Эплайман.

– Еврей хоним ўргатдими?

– Ҳа... Менда яҳудийча – русча сўзлик ҳам бор.

– Офарин.

– Академикларни қайси тилда ўқидинг?

– Ўрисча.

– Менимча, улар еврейдирлар, номлари ҳам... – У жўрттага гапини охирига етказмади.

– Билмайман.

– Фикрлари ғалати... еврейча...

Оқгул вакилнинг мақсадини сезди ва ўзини тутолмай кесатиқ оҳангда кесди:

– “Темур тузуклари”га ишонарсиз?

– Ўзини ким ёмонлайди?

– Клавихони ўқиганмисиз?

– Йўқ, аммо “олтин эвазига...” деган гапларни эшитганман...- Тўқиганини яшириш учун у Оқгулнинг кўзига боқмади.

– Ибн Арабшох, Хондамир, Шарафиддин Али Яздий, Абдураззоқ Самарқандийларни инкор этмассиз?

Вакил уларнинг асарларини ўқимагани учун ўйланиб қолди. Шу билан бирга қизнинг билгирлигидан янада ҳайратланди:

“ – Саккизинчи синф ўқувчиси... Шунча нарсани билади... Ишонгим келмайди... Умримда бундайини кўрмаганман...”

Бектемир яна “уҳ”лади. Ўқитувчи унинг ёнига келиб (вакилга сездирмай) қулоғини буради:

– Унингни чиқарма!

Вакил оний хаёлдан бошини кўтарди ва тилга кирди:

8

– Шох сўзи қонун замонлар... Нелар бўлмаган?.. Нелар кечмаган?.. Буйруқ... Буюртмалар...

У атайлаб мавҳум сўзлади. Мен унинг овозида “чаён яширинганини” сездим. Бироқ қайси бир китобда ўқиганим: ушбу гапни айтишга ўзимда журъат топмадим:

– “Ким ўтмишга тош отса, ўзига тош отади”.

Оқгул одоб билан вакилга “ҳужум” қилди:

– “Каллакесар дейсиз?..”

Буюк Темур ҳақида чўпон ё экинчи (деҳқон) фикрласа ҳам, шубҳасиз, мана бундай ечимга келади:

– “Буюк Темур Юртимизни мўғул босқинчиларидан озод қилди”.

– “Буюк Темур йигирма етти мамлакатни ўз ичига олган Улуғ Давлат тузди”.

– “Каллакесар дейсиз?..”

Каллакесар дунёда Темурдек улкан, қудратда тенгсиз Империя қура олмайди. Каллакесар икки кас нари турсин, ҳатто ўзини – ўзи бошқаришга ҳам ноқобил. Чунки у аҳмоқ, эшакмия. Шунинг учун ҳам каллакесар... Буюк Темурдек султон минг йилда бир келади: Ўғузхон, Искандар, Чингизхон...

Оқгул гапини тугатишга улгурмади. Кутилмаганда Бек қалқди ва титроқ овозда портлади:

– “Кечмишсиз – келажак йўқ”.

Бу сўз Оқгулнинг сўзи каби вакилнинг юрагига оғу янглиғ таъсир этди. Кўкимтир кўзи ола – кула ўлароқ юзи музлади. Мияси ларзага келди:

– “Бу синф ўқувчилари миллатчилик касалига йўлиққан... Лаънати еврей!.. У жосус!.. Жосус!.. Жосус!!!”

Ўқитувчи вакилни мудҳиш ғазабдан тушуриш учун Бектемирни саволга тутди:

– Бу кимнинг сўзи?

– Лелин...

– Тўғри, – ўқитувчи Бекни бўлди.

– Ҳа – ҳа, шундай, – вакил бирдан жонланди, – отинг нима?

– Бек, – У: “Мени Чингизхон ҳам дейишади” – демоқчи бўлди. Аммо ўзи билмас қандайдир номаълум куч уни бу хавфдан тўхтатди:

“ – Тилингни тий!”

Ўқитувчи уни тўғрилади:

– Бектемир... “Ленин бобомиз, рус оғамиз”ни ёзган бола.

– Ҳа – Ҳа... баракалла, Бек, баракалла!

9

– Иншони бешга ёзди. – Ўқитувчи вакилнинг кайфияти кўтарилганидан севинди.

– Табриклайман. Бек! – Унинг юзига қон югурди. – Омонгулники ҳам аъло! Уни намуна сифатида Самарқандга олиб кетаман. Менимча, бу қизнинг келажаги бор...

Ҳамма қарсак чалди. Ҳатто кунчи бузоқбоши ҳам. Негадир менинг юрагим “шув” этди. Оқгулнинг орт томонида ўтирганимга қарамай, мен унинг юзидан қон қочганини туйдим. Қандай? Буни изоҳлашга ожизман. Балки? Гўзал елкаси силкингани, мағрур боши эгилгани учун менда шундай ҳис уйғонгандир?

Ўқитувчи хоним вакилга яхши кўриниш мақсадидами, туйқус менга суқ бармоғини нуқди:

– Бир шеър ўқиб бер Эврил.

Нима учун билмадим, ногоҳ ГПУ жабрини кўрган онамнинг ўгити эсимга энди:

“– Кўзга ташланмай юр, болам. Замон нозик...”

Иккиландим. Вакил кулиб деди:

– Ўқи – ўқи, тортинма.

Мен ноилож қолдим. Шунда миямга бехос ушбу фикр энди:

“ – Бундан фойдалан... Бу Оқгулга ҳам руҳий қувват беради...”

Мунгли шеърни мунгли оҳангда ўқидим:

Монолог

Инон, бу оламда хўрлик кўриш саодат.

Чуқур билим, шону шуҳрат орзу-истаги,

Заковат ва эркинликка жўшқин муҳаббат,

Биз уларни ишлатмасак, недур кераги!

Биз шимолнинг болалари, шу ер ўтлари –

Каби оз вақт гуллаймизу сўламиз тезроқ...

Қишнинг кулранг кўкидаги қуёш сингари

Ҳаётимиз булутлидир. Аммоки узоқ

Давом этмас бир хилдаги унинг оқими...

Ҳам Ватанда нафас олиш қийин кўринар,

Юракка ҳам оғир ботар, кўнгил ҳам ғамли...

На севгини ва на тотли дўстликни билар,

Ёшлигимиз азоб чекар бўронлар ичра,

Ёвузликнинг заҳри уни этади хазон.

Ҳароратсиз ҳаёт жоми аччиқдир жуда,

Бирор нарса кўнглимизни этмайди шодон.

10

– Тушунмадим, – деди вакил ичида ва унинг сарғимтир юзи тундлашди, – мана бу сатрни тушунмадим:

“...Ватанда нафас олиш қийин кўринар”.

Ёки:

“Ёшлигимиз азоб чекар бўронлар ичра,

Ёвузликнинг заҳри уни этади хазон...”

Вакил гапиришга оғиз жуфтлаган эди. Оқгулнинг қўшниси ундан сўради:

– Менам шеър ўқисам майлими?

– Майли.

Ўқиди:

Тўлқинлар ва одамлар

Тўлқинлар бир-бирин қувлар изма – из,

Ўйнар ва кўтарар бўғиқ бир шовқин.

Одамлар ўтади кетма – кет, сўнгсиз,

Разил бир оломон гўёки тўлқин.

Тўлқинларга иссиқ қуёшдан кўра

Совуқлик, эрксизлик бебаҳо кўркам.

Одамлар қалб истар... Таажжуб нима? –

Улар совуқ тўлқинлардан ҳам.

“ – Булар бири – биридан баттар, ― деди ўз-ўзига вакил ва мана бу иккиликни такрорлади:

“Тўлқинларга иссиқ қуёшдан кўра

Совуқлик, эрксизлик бебаҳо кўркам...”

Буни қандай тушунмоқ керак?”

У жуда эҳтиёткор бўлганидан “санамай саккиз”... дейишдан ўзини тийди ва кечинмасини сохта кулги билан ниқоблаб, Оқгулни шеър айтишга ундади. Оқгул бироз тараддудланиб тургач, қуйидагини ўқиди:

Яҳудий қўшиғи

Кўрар эдим тун юлдузини

Ялтираркан ойна – кўрфазда,

Оқимлардан қалтираркан у,

Кумуш тўзон сочилар аста.

11

Аммо уни ушлайман дема:

У тўлқин ҳам, нур ҳам алдамчи.

Яқин келсанг – чўкади соянг.

Узоқлашсанг – порлар ҳар томчи.

Қувончнинг ҳам бетинч шарпаси

Шундай ундар совуқ зулматда.

Ушлай десанг – ўйнашиб қочар -

Алдаб-алдаб қайтар албатта.

Вакил ихтиёрсиз бир тарзда мана бу иккиликни қайтарди:

“Қувончнинг ҳам бетинч шарпаси

Шундай ундар совуқ зулматда...”

Сўнг у Оқгулнинг зийрак ва чақноқ кўзига боқолмай (бунинг сабаби не, билмадим), ер сингалаган ҳолда пичирлади:

“Совуқ зулматда”...

Ўқитувчи вакилдаги асабийликни ички бир сезги билан сезди. Шунга:

– Бу уччала шеърни ҳам улуғ рус шоири Лермонтов битган, – деди.

– Шундайми?.. Ҳа... шундай, – вакил ботинида бирдан юзага келган ўзгаришни сездирмасликка уринди ва атайлаб бошини кўтармади. Бошқаларни билмадим, мен буни уқдим.

– Ўқувчилар Лермонтовни севадилар.

– Ҳис этаяпман, – ниҳоят вакил бизга очиқ юз билан қаради.

Менга синф ёришгандек туюлди.

– Пушкинни ҳам ёд биласизларми?

“– Ҳа – ҳа...” – деган овозлар янгради.

– Рус поэзияси бетакрор, – ўқитувчининг юзига қон югурди.

– Тенгсиз! – Уни қувноқ овозда мақуллади вакил.

Шу он синфга мактаб директори Бўрон Худойқулов кирди. У салобатли, кенг манглайли, ўткир кўзли киши эди. Ҳар бир гапни ўйлаб, миясида пишириб, виқор билан сўзларди. Бу “виқор” унинг улуғ бўй – бастига ярашарди ва ҳеч кимга эриш туюлмасди.

Ҳамма “гув” қалқди. Вакил ҳам.

Арслоннинг олдида тулки кичик ва ожиз кўринганидек, Бўрон оғанинг алп келбати қаршисида ингичка гавдали вакил бир тутам бўлиб қолди. У қанча маккор бўлмасин, унинг юпқа, қонсиз лаблари ўзига бўйсунмади, гезарди. Буни яшириш учун у жилмайишга тутинди.

12

Бироқ уддалолмади, тулкидек тиржайди. Мен вакилнинг юраги типирчилаётганини эшитдим. Буни сўз билан тушунтиролмайман. Балки ҳали фан ўрганмаган юракнинг ҳам “қўз – қулоғи” бордир?..

Бўрон оға ҳеч кимга сездирмай вакилга паст назар билан қаради. Бу ёруғлик тезлигида юз берди. Бошқаларни билмадиму, мен буни сездим. Биласиз: ёруғлик бир сонияда ер куррасини етти марта айланиб чиқади. Нима учун вакилнинг юраги типирчилади? Бу Бўрон оғанинг салобати босгани учунгина эмас, балки, унинг Москвада қудратли дўсти борлиги учун ҳамдир. Дўстига шипшиса нима бўлади? Иссиқ жойидан айрилади, сўнг мол боқадими, лой қорадими?.. Хунари бўлмаса...

– Танаффусда Сиз менинг олдимга киришни унутмассиз, – деди у тил – адабиёт ўқитувчисига ва сўнг ўқувчиларга меҳр билан бир нигоҳ ташлаб, хонадан чиқди. Вакилнинг қўримсиз юзи ёришганини сездим. “У мени шаштимдан тушуриш учун кириб кетди” деб ўйлади ўзича вакил.

Мен бу йирик инсонни ҳамон теран меҳр билан эслайман. Унинг юз – кўз, хатти – ҳаракат, гап – сўзидан “бўрон ҳиди”ни туярдим. Ва яна табиий шиддат – шижоатни... Вужудида туғма равишда ўз эл – юртига мислсиз севги қайнарди ва буни у пинҳон тутарди.

Учқулочда ерликлар билан келгиндилар ўртасида кечган (1953 йилда) қонли тўқнашув бошида Бўрон оға турганлиги тўғрисида гап юрарди. Бироқ бу сўз исботини топмаганми, тузум сукут сақларди... Ёки унинг Москвадаги улкан дўстидан ҳайиқармидилар?..

Қайдам?

Улкан дўсти...

Фронтовик дўсти...

У ким?

Бўрон оға буни сир тутарди. Одамлар:

– У еврей эмиш, Суслов*нинг аймоғи эмиш” деган миш – мишлардан нарига ўтмасдилар.

Гоҳи – гоҳида чойхона, ошхона, ҳовуз бўйларида маст шахтёрлар – (ўрислар)нинг очиқча сўкишлари ва ҳам аламзада минғирлашлари қулоғимга чалиниб қоларди:

“ – Москва еврейлар қўлида!”

“ – Россия дегин!”

“ – Бутун СССР!..”

“ – Политбюро аъзолари, асосан, еврейлар.”

“ – Рус қиёфаларига кирган еврейлар.”

------------------------------------------------------------------------------------------------

* Суслов – КПСС котиби. СССРда иккинчи одам (раҳбар).

13

“ – Бир-икки Иван ҳам бор.”

“ – Номига.”

“ – Бирон еврей қора ишда ишламайди.”

“ – Айёрда.”

“ – Гитлер бекорга қирмаган.”

“ – Еврей ўзини ҳамма миллатдан устун қўяди.”

“ – Ақиллида.”

“ – АҚШ ҳам еврей мулки.”

“ – Ер юзи деявер.”

“ – Аҳил халқда.”

“ – Ҳамма пайғамбарлар еврейлар.”

“– Дунёни остин-устун қилаётган одамлар ҳам еврейлар:

Маркс,

Эйнштейн,

Резарфорд,

Бор,

Фрейд,

Нище,

Пьер Кюри,

Мария Кюри...”

Бу сўзлар ҳақиқатга яқинми, йўқми, билмадим. Бироқ Бўрон оғанинг Учқулоч кони бошлиғи Сокол билан иноқлигини билардим.

Сокол Сусловнинг одами эди. У яҳудийлигини яширмасди.

Шу кечган қишда Сокол мактаб ўқувчилари билан учрашганда:

“– Ўз миллати, ўз тарихи, ўз урф – одатини севган одам: чин одам, – деди, – йўқса, у ўзидан бошқани севмайди, Ўзини* ёлғондан севгандай кўрсатади... Ҳозир булар ҳар қадамда...

Ватан туйғуси йўқ кимса ҳар ноғорага ўйнайди... У емирувчи кучга эга: жамият, тараққиёт, илм – фан илдизига тушган қурт... Охир – оқибат ўзи “хизмат” қилаётган тузумнинг ҳам бошини ейди...

Мен яҳудийман!

Яҳудийлар ҳамма давр, замонларда диний, сиёсий, илмий, лўнда айтсам: буюк бурилишларнинг бошларида турганлар. Бу лоф эмас. Бу олам тан олган ҳақиқат. Мана мисоллар:

Мусо пайғамбар Яхудо динига асос солган. Унга “Таврот” энган.

Довуд пайғамбарга “Забур” тушган.

Исо пайғамбар насроний динини юзага келтирган. Унга “Инжил” нозил ------------------------------------------------------------------------------------------------

* Ўзини – СССРни маъносида

14

бўлган.

Исаак Ньютон “Оламнинг тортишиш қонуни”ни яратган.

Альберт Эйнштейн “Нисбийлик назарияси”ни кашф этган.

Резерфорд атом, ядролар отаси.

Карл Маркс “Капитал” китоби муаллифи, назарий коммунизм асосчиси.

Попов радиони ихтиро қилган...

Мусиқа, поэзия, тасвирий санъат... ҳамма соҳаларда ҳам миллатдошларимнинг номлари бурилиш нуқталарида жаранглайди. Мен улар билан ғурурланаман. Киши ЎЗдан фахр туймаса, ЎЗгадан ҳам туймайди. Мен алгебра, алгоритм асосчиси Хоразмий, дунёда биринчи марта ер шари глобусини яратган Беруний, тиб қонунлари отаси Ибн Синолар билан ҳам фахрланаман. Беруний буюк геолог ҳам. Ернинг олтин белбоғини илк бор белгилаган даҳо. Сизлар улар билан, умуман кечмишларингиз билан фахрланишга ҳақлисизлар...”

Мен буни: “Бўрон оғанинг режаси, - деб ўйладим, - Сокол орқали бизда ўтмишга ишонч ва меҳр уйғотиш режаси...”

3

Қўнғироқ чалинди. Танаффус. Оқгулдан ўзга ҳаммамиз синфдан чиқдик. “Вакил” яҳудий хонимни суриштирса ажабмас?” деган сўз миямга урилди.

Фикрим тўғри чиқди...

Дарсдан кейин Оқгул, қўшни қиз, Бек ва мен бирга қайтдик. Оқгулнинг оқ юзи яна ҳам оқарган. Кўзи руҳсиз ва безовта эди.

– Менимча, – деди у хавотирга қотиқ хомуш овозда, – вакил “қуда” томондан...

– А?! – Қўшни қиз тошлоқ йўлдаги тошга қоқинди. Мен уни тутиб қолдим.

– Баҳонада... – тагдор сўзини тугатмай илжайди Бек.

– Кулгига бало борми? – Жеркиди қўшни қиз... – Дунёни сув олса, тўпиғингга чиқмайди.

– Бек ўз хатосини англади, қизарди ва ундан узр сўради. Сўнг Оқгулга яширинча бир қараб қўйди.

– У яҳудий хоним билан қизиқди – Оқгул менга синиқ боқди. Мен уни сира бундай ҳолда кўрмаганимгами:

– “Шундай мағрур қиз-а!..” деган сўз кўнглимдан ўтди.

ГПУни эшитган одам титрарди. Мен қўрқдим.

15

– Унга ёмон бўлмасмикан?

Оқгул ўзидан кўра яҳудий хонимни кўпроқ ўйлаётганини ҳис этарканман, кўз олдимда яна мағрур қиз пайдо бўлди. Яҳудий хонимнинг шарқшунос олималиги, нафақага чиққанлиги, Лелинграддан укаси Соколнинг олдига келганлиги ҳақида эшитгандим. Шунга асосланган ҳолда жавоб қилдим.

– Қўли етмайди.

Оқгулнинг қўзларидаги нотинч ифодалар сал ёзилди. Қонсиз юзига қон югурди.

– Қолаверса, у ҳозир Лелинградда.

Бектемир гап суқди:

– Яҳудий зоти ҳар қандай хавф “ҳиди”ни олдиндан сезармиш. Балки, Исроилдадир?.. “Яҳудий қўшиғи”да ёзилганидек “шуъла” тутқич бермайди...

– Ўзингча тўқима, Бек, – гапга қўшилмади қўшни қиз.

Кесишувда жимгина ажрашдик.

4

Очунда шундай кишилар бор: қамоқ, қийноқ, ҳатто ўлим хавфини сезсалар ҳам (ҳар вақт десам ёлғон бўлар) айрим ҳолларда ҳақни айтишдан ўзларини тийолмайдилар...

Вакил воқеасидан талай кун кечган, имтиҳонлар бошланган эди. Оқгул билан апоқ-чапоқ бўлиб кетдик. У юрагини сиқаётган ғашликдан қутилаёзган эди. Бироқ, ҳу кунги сукут ичра ажрашган еримиз: кесишувдаги мана бу можора ўчаёзган чўғга ёғ сепди. Мен оғзаки “жанг” устидан чиқиб қолдим. Жанжал сабаби шундай:

Ёмчи*дан эшакда икки кажава узум олиб энаётган Тангриқут*нинг йўлини Алик деган ўрис тўсади. Ундан бир бош узум сўрайди. Тангриқут кажавани бозорда очишини айтади. Алик:

– Ишга шошаяпман, қўрқма, узум пулини тўлайман, – дейди.

– Баракаси ўчади, – кўнмайди Тангриқут.

– Тушунмадим.

– Ўрисчага нўноқман.

------------------------------------------------------------------------------------------------

* Ёмчи – Боғдондан узилиб чиққан қишлоқ. Боғдон эли каби Ёмчи аҳли ҳам Қорамон уруғидан.

* Тангриқутнинг асл исми эсимдан чиққани учун уни яхши ният билан “Тангриқут” деб атадим.

16

– Ёлғонни ямлама!

– Йўлдан қоч! – Тангриқут қизариб – бўзарди.

– Русча сўзла, чучмек! – Алик ердан тош олади.

Тангриқут таҳқирона кулади:

“ – Ўзбекнинг нон – тузи сени кўр қилсин” – демоқчи бўлади. Бироқ, негадир ниятидан қайтади. Бунинг ўрнига:

– Бу ер Ўзбекистон, – дейди, – Мен ўз юртимда ўз тилимда сўзлайман.

– Айирмачи!.. Ўзбекистон Россия қарамоғида. Ундан бир қадам чиқсанг. Ўзбек тилини ҳеч ким тушунмайди. Шунда сен русча сўзлайсан. Чунки рус тили халқаро тил. Русча сўзла!

– Буйруқми бу? Сен кимсан?

– Мен русман.

– Сен келгиндисан. Ўз элингга сиғмай келгансан, қорнингни тўйғазишга келгансан. Ўз ўрнингни бил, аксинча, сен ўзбекча гапир!

Алик уни чала-чулпа англаса ҳам, Оқгулдан сўради:

– Нима деяпти у тўнка?

Оқгул таржима қилди. У бўғриқиб кетди:

– Ҳали сен рус тилини менсимаяпсанми?

Тангриқут уни ички сезги билан англаркан, нафратга ғарқ овозда деди:

– Қилдан қийиқ ахтарма.

Оқгул ўрисчага ўгирди.

– Рус тили улуғ тил, - у тишларини ғижирлатароқ тошни қаттиқ сиқди.

Тангриқут ҳам Аликдек йигит ёшида эди. Унинг қони гупуллаб қайнади, томоғи–ю жағларида безлар ўйнади.

– Ҳар кимнинг ўз тили ўзига улуғ. – У Аликнинг ҳамласига шай турди.

Алик тош билан унга ташланди.

Тоғда ёввойи тўнғизлар билан олишиб ўсган Тангриқут Аликка чап берароқ ўта эпчиллик билан унинг бўғзидан олди ва ердан узди. У бўғилиб, типирчилади.

– Ўлдираман!!! – Қоплондек хириллади Тангриқут.

– Қўйиб юборинг, – ёлворди қўшни қиз.

– Балога қоласиз, – дедим мен.

– Унга бу ҳам оз! – Оқгул Тангриқутни қўллади.

Шу он Бек чопиб, ҳаллослаб келди ва Тангриқутнинг чангалига ёпишди:

– Оқибатини ўйланг, оға, қўйваринг.

Тангриқут Аликни бўшатди. У тупроққа қотилган тошга йиқилди.

17

– Энди тез кетинг! – дедим мен Тангриқутга, – бозоргамас, Қозоқовул*га... Ҳозир у милисага чопади.

Тангриқут эшагига хала босди.

Алик қалқди. Уст – бошини атайлаб қоқмай, ички ишлар бўлимига югурди.

Биз мактабга чопдик.

Бир соат кечмай Алик милиционерни бошлаб келди. Унинг буйруғига биноан она тили ва адабиёт ўқитувчимиз ( у директор ўринбосари ҳам эди) бор ўқувчиларни мактаб саҳнига турғазди. Алик бизни таниди. Ўринбосарнинг хонасига (кабинетига) кирдик.

– Узум сотарни танийсизларми? – деб сўради милиционер ўзбек тилида, аммо тожикча оҳангда.

– Йўқ, – дедик тўртовимиз ҳам бирин – кетин.

– У қайси қишлоқнинг одамига ўхшайди?

– Билмаймиз.

– Менимча, тожик қишлоғидан: Ўхум*дан, – алдади Бектемир, – ўзбекчани сиздай чўзиб сўзлайди.

– Мен ўзбекман, – у Бекка совуқ қаради, – бизнинг Самарқандда шева шундай.

– Узр.

Биз Бектемирнинг ёлғонидан севиндик. Милиционернинг юз – кўзида қандайдир ўзгариш юз берди. Бу, балки, Бекнинг тўқимаси сабаблидир?..

– У қаёққа кетди?

– Бозорга.

– Бозорда йўқ – ку.

– Билмасак.

– Айб кимда эди?

– Манави ўрисда, – деди Оқгул, – унинг йўлини тўсди.

– Нимага?

– Ундан узум сўради. У бермади. Кейин айтишиб қолишди. Манави биринчи бўлиб тош билан унга ташланди. У ўзини ҳимоя этди. Биз уларни ажратиб қўйдик.

– Рус тилини ёмонлаб гапирдими?

– Йўқ.

------------------------------------------------------------------------------------------------

* Қозоқовул – “Бирэшак” қишлоғи. Адрсимон тоғнинг шундай этагида жойлашган қозоқ овули. Ҳозир у Ҳайдаркўл остида қолиб кетган.

* Ўхум – Фориш туманидаги қишлоқ.

18

– Гапирибди – ку.

– “Ҳар кимнинг тили ўзига улуғ” деди халос.

– “Келгиндисан, ўз юртингга сиғмай келгансан, қорнингни тўйғазишга келгансан” – дебди.

– Ёлғон, – деди Оқгул.

– Туҳмат. – деди қўшни қиз.

– Йўлтўсарнинг ўзини жазоланг, – деди Бек, - деҳқонни йўлини тўсди. Узумини тортиб олмоқчи бўлди.

– “Чучмек” – деб таҳқирлади. – дедим мен, – ҳамма айб ўзида.

Мент бизнинг талабимизни ҳиссиз эшитди ва тунд бир овозда буюрди:

– Бирон ёлғонни қўшмай “Тушунтириш хати” ёзинглар, рус тилида.

Ёздик.

Фақат Оқгул ўзбекча ёзди. Мент эътироз билдирди.

– Русча ёзгин!

– Русчага нўноқман. Қолаверса: “Тушунтириш хати”ни “Ўзбекча ёзма, ўрисча ёзгин” деган қонун йўқ.

Мент ундан бундай ўткир жавобни кутмаган эди, қизарди:

– Ақллимисан?

– Қонунга қарши ким сўзлаяпти?

Қизнинг ишонч билан сўзлаши ментга ёқмади. Унинг юпқа лаблари асабий титради. Лекин, ноилож, хушламай елкасини қисди:

– Ўзинг биласан...

Менинг бошимдан: “кўнглига бир кирни тугди” деган гап кечди.

Алик норози бир оҳангда тўнғиллади:

– Булар узум сотар тарафида. Мен буни шундай қолдирмайман!

Мент ҳафсаласи пир бўлган касдек лоқайд оҳангда ундан сўради:

– Бошқа гувоҳларинг йўқми?

– Йўқ.

Мент атайлаб шубҳали ва жумбоқ сўзлади:

– Қийин.... Ўзингга...

Алик ўйланиб қолди.

Мен: “Мент унинг ичига ғулғула солди” – дедим ўз-ўзимга.

– Зарурат туғилса чақираман, - деди мент ва хонадан чиқди. Алик унга эргашди.

– Биз енгил тортдик.

Ўқитувчи хоним Оқгулга танбеҳ берди:

– Милиса билан ўчакишиб нима қилардинг, қизим? Тинчгина ёзиб берсанг, бир еринг камиб қолармиди? Жуда ўжарсанда, Оқгул.

19

Ишқилиб охири баҳайр бўлсин...

Оқгул индамади.

– Анави гапинг тегишли ерга етиб борган шекилли?

– Қайси гапим?

– Рус тили ўқитувчисига: “Рус тили она тилимиз эмас” деганмидинг?

– Ҳа.

– Нега?

– Ҳар боланинг ўз туққан онаси бор. Иккинчи онаси йўқ. Демак: Она тилимиз ҳам битта. Йўқса, у “Ўгай она”, “Ўгай тил” деган фикр туғдиради. Рус тили бизга ўгайми? Биз у орқали жаҳон илм – фани, тарихи, адабиёти билан танишамиз. У бизга кўприк вазифасини бажаради.

Уччовимиз ҳам Оқгулни қувватладик:

– Жуда тўғри.

Ўқитувчи Оқгулга нима дейишини билмай ўйланиб қолди:

“– Бу тирмизакнинг гапида ҳам жон бор. Бироқ оқимга қарши сузиб бўладими? Ёшда, билмайди! Оқим эса: “ёш – қари” деб ўтирмайди...”

Биз ўқитувчининг ўйини бўлмаслик учун жим турдик. Ниҳоят у:

– Бу атамани бутун Ўзбекистон “тўғри” деб билади, – деди, – бир сен...

– Менинг ўз фикрим бор, опа.

– Қайсар қиз.

– Шундай ўйлайсизми?

– Бир менмас.

– Лекин... – Оқгул бирдан гапидан тўхтади ва “тортишиш аҳмоқлик” – деди ўз-ўзига. Сўнг муроса қилди, – балки?..

– Сен сабабли директор ҳам оларини олди.

– Нимага?

– Бир ножўя гапинг учун.

– Қайси?

– Ҳу бирда Жиззахга, Лелин колхозига пахта чопиғига борганларингда, жўяк ичида қўшнингга нима дегандинг?

– Эсимда йўқ.

“ – Бир замон келади, биз ўшанда Ўз Эски Турк ёзувимизга ўтамиз” – деганмидинг?

Оқгулни қўрқув қуршади ва бу бирдан унинг юз-кўзига “гувиллаб” тошди. У жавоб қайтармади. Қўрқди.

– Деворнинг ҳам қулоғи бор, – деди ўқитувчи ва гапни чувалатмади.

“ – Буни “вакил”га “Бузоқбоши етказган” – деган сўз Оқгулнинг бошига яшиндек урилди. – Ўшанда у биздан бир – икки жўяк нарида ғўза

20

чопаётганди. Қандоқ эшитдийкин?..”

– Буни сизга ким айтди? – Қўшни қизнинг ўқитувчига берган саволидан Оқгул ўзига келди.

– Шундай нарсалар бор: айтилмайди, ҳеч қачон!

– Кўринмаяптилар? – тортиниб сўради қўшни қиз.

– “Юрак хуружи” дейишади... Касалхонадалар...

5

Мактабдан бирга қайтдик. Оқгул таклиф киритди:

– Уйда ёлғиз ўзимман. Ота – онам тонгда Илончи*га кетишди. Қариндошимиз ўғилчасини ҳалоллаяпти. Истасаларингиз бирга тушлик қиламиз.

Жон деб рози бўлдик.

Туйқис менинг кўнглимдан ушбу гап кечди:

“Оқгулнинг юрагида бир қўрқув бор. Шунга ёлғиз қолгиси йўқ. Ё сезгим алдаяптими? Менимча, йўқ...”

Мис қумғондаги сувга ювиниб, артиниб, олма остидаги сўрига чиқдик. Қўшни қиз ҳовлига ола-чалпоқ сув сепди ва уни чангитмай супурди. Бунгача Оқгул хонтахтага чучмома гулли терги ёзди. Уни нон, патир, қатлама, шинни, новвотлар билан безади. Сўнг икки чойнак кўк чой ва тўртта пиёла олиб келди.

Мазза қилиб еб – ичдик. Шундан кейин мен хуш кайфият таъсирида Оқгулдан сўрадим:

– Яҳудий хоним совға этган китобларни кўрсак бўладими?

У индамай ўз хонасига йўналди ва анчадан сўнг ранги “қув” ўчиб чиқди.

– Китобларим йўқ!!!

Ҳаммамиз ларзага келдик.

Қўшни қиз ёнаётган ўтга сув сепишга тиришди:

– Отанг бирон ерга яшириб кетгандир?

– Билмадим, бу эҳтимолдан узоқ. – Оқгулнинг кўзларида сезилар – сезилмас умид учқунлари милтиради.

– Кўрасан, шундай, – қўшни қиз ўз тўқимасидан ўзи ҳам руҳланди.

– Айтганинг тўғри чиқса, сенга шуни ҳадя этаман. – Оқгул ўнг қўлининг ўрта бармоғига тақилган олтин узукни кўрсатди.

-----------------------------------------------------------------------------------------------

* Илончи – Боғдондан узилиб чиққан қишлоқ.

21

– Мени дунёда сендан ортиқ дўстим йўқ. Мен буни Тангрининг инояти деб биламан. Мен учун бу нафақат олтин узук , балки, “Кўҳи нур”*дан ҳам ортиқ.

Оқгул дўстига нимадир демоқчи бўлди. Лекин Бек буни сезмадими, шошиб уни саволга тутди:

– Эшиклар қулфланганмиди?

– Ҳа.

– Деразалар ичидан танбаланганмиди?

– Ҳа.

– Ҳаммасини кўздан кечирдингми?

– Ҳа, ҳаммаси жой-жойида.

Менинг бошимда мана бу сўзлар ёрғучоқдек айланди:

“ – Вакил”нинг “иши” эмасми?.. Агар шундай бўлса унга қулф дегани нима?.. Онам:

“ГПУ учун тўсиқ йўқ, у ҳар қандай ишни изсиз, гувоҳсиз, сездирмай қилади” – деб айтардилар, - “изсиз, гувоҳсиз, сездирмай” – такрорладим яна беихтиёр.

– Асарлардан кўчирма дафтаримни тахминга, кўрпамнинг орасига беркитиб қўйгандим, хайрият у турибди.

– Тангрига шукр: - Қўшни қиз севинганидан Оқгулни қучди.

– Кўнглимга ҳар нарса келяпти. Ҳув кунги “вакил” бу китоблар билан қизиқувди... Бироқ, бировни исботсиз айблаш ёзуқ, Марварид.

Оқгул баъзи-баъзида дугонасини “Марварид” деб атарди. Балки, бу унинг тишлари марвариддек оқ, бир текис, гўзаллиги учундир? У кулганда ҳуснига-ҳусн қўшиларди. Ёқут ранг дудоқлари орасидан марваридлар кўринар ва теграга шуълалар сочаётгандек бўларди. Кулчага мойил буғдой тусли юзлари, тиниқ қора кўзлари жозибали эди ва одамни ўзига жодуларди.

– Менинг бир таклифим бор. – Бек Оқгулга мурожаат қилди, - келаси бозор куни Боғдонга, тоққа чиқайлик.

– Ҳозир шу кўнгилга сиғадими. Бек? Яна имтиҳонлар... Тайёрланишимиз керак.

-----------------------------------------------------------------------------------------------

* “Кўҳи нур” – Бобурийларга (Нодиршоҳга) тегишли узук. Дунёда энг қимматбаҳо узук, тўғрироғи баҳосиз узук. Ҳозир у Лондон музейида сақланмоқда.

22

– Кўнглимизни ёзиб келиш учун айтаяпман. “Қизучган”,”Отучган” қоялари... Оқбулоқ... Тоза ҳаво... Лола, ялпиз, пидина...

– Қиздир одамни. – Бекни бўлиб маъюс жилмайди Оқгул.

– Маза қилардик-да. – Марварид Бекни ёқлади. – Шарилдоқ дараси оша қорли чўққига чиқардик, тўйиб-тўйиб чугри* ердик, ўнгурлардан лола, пидина терардик. Шарилдоқ сойдан ялпиз...

– Ўт ёқ...

– Мен тандир пичак*ни жуда яхши кўраман, Оқгул. Сен-чи?

– Ийдираяпсан мени, ёлмоғиз.

– “Хўп” дегин, Оқгул, - дедим мен, - умримиз бўйи эсимиздан чиқмайдиган саёҳатимиз бўларди бу.

– Ёзувчи бўламан дейсан, бир замонлар келиб, буни ёзасанми, Эврил?

Мен севинганимдан шошиб сўз бердим:

– Ҳа, Оқгул.

– Ўйлаб кўрай.

– Шу баҳонада Бўрон оғани ҳам кўриб қайтардик.

– Кўнгли ўсарди, - мени ёқлади Марварид.

– Ундай бўлса мейли.

Ҳаммамиз чапак чалдик.

6

Бозор куни тонгда Бекнинг уч ғилдиракли, қутили мотоцикл*ида Фориш* тумани марказидаги касалхонага ёндик. Минг йил ўнжа* қурилган Хонбанди* устида тўхтадик. Гилза қизиганди. Совугинча улкан тошлардан бунёд этилган тўққиз қулфаглик тўғонни ҳайратланиб томоша қилдик. Бу лаҳзада қон тус қуёш олисдаги ясси тоғлар ортидан бош кўтармоқда эди. Уфқ алвон ранг. Гўё алвон дарё оқмоқда.

------------------------------------------------------------------------------------------------------

* Чугри – чукри – ровоч

* Пичак – сомса

* Мотоцикл – “Ўрол” русмли.

* Ўнжа – олдин, аввал, муқаддам.

* Хонбанди – Худди Чорвоқ “денгизи” каби икки тоғ орасига қурилган сув омбори.

* Устида – чағир тошли йўл Хонбанди тўғони оша ўтади, ҳозир ҳам шундай.

23

Салқин шамол сочларимизни тўзғитади. Кўйлакларимизни юлқилайди, танамизга совуқ ором беради. Узун замонлардан бери ўз ҳолига ташлаб қўйилган сув омборини асрлар қуруми ҳамда Нурота тизма тоғларидан оқиб келгувчи ирмоқларнинг лойқалари ишғол этганки, бундан кўнглимиз бузилди.

– Эссизгина сув омбори! – Куйинди Оқгул, – олис бир замонлар шу сув сабабли бу ерлар гуллаб – яшнаган, – у ўнг қўли билан тўғоннинг икки томонидаги учи – қири йўқ чўлларни кўрсатди. Буни ҳув анави шахта, бурғу цехлари этагидаги – шимолга ишора қилди Оқгул – жуда қадимги қабристон ҳам тасдиқлаб турибди. Бироқ у вақт синовига дош беролмаган, ер билан бир текис бўлиб кетган. Уни кўз илғаш қийин. Деярли оддий тошларга айланиб қолган айрим мармар кесилмаларидан пайқаш мумкин. Мен аждодларимиз қўйилган бу аянчли манзарани кўриб эзилдим. Инсон ҳаёти ўткинчилиги, охир-оқибат у тупроққа айланиши, ном-нишонсиз кетиши, кейин дунёга ҳеч қачон қайтиб келмаслиги менинг юрагимни вайрон қилди. Анча вақтгача ўзимга келмай юрдим.

Марварид бу гапдан таъсирланди шекилли, ғамгин ва аъламли овозда деди:

– Одамзот шу қисқа, ўткинчи умридан ҳам гўё дунёга устун бўладигандек, бир – бирини алдаб, бир-бирининг қонини ичиб яшайди. Нега шундай Оқгул?

– Билмадим.

– Балки, Тангри ишидир?

– Шак келтирма, Бек! – Оқгул қовоғини уйди ва бир зум сукутга толди. Сўнг сўнгсиз армон билан деди:

– Мен абадий яшашни қанчалар истайман, Марварид!

– Ким истамас? Аммо бунинг иложи йўқ, Оқгул. Лекин ном қолдириш мумкин. Масалан: Беруний каби.

– Хомхаёл.

– Мен сени фанда бир иш қилишингга ишонаман, Оқгул.

– Тангри умр берса, бироқ, бу қийин...

Мен бу мавзудаги суҳбат чўзилиши ва беҳудалигини ўйлаб, гап оқимини эски ўзанга бурдим:

– Хонбандини ҳамма тузмлар четлаб ўтаяпти. Лекин мен бир замонлар келиб, унга қайишадиган бир киши чиқади,деб ўйлайман. Чунки тўғон ўз кўрк, қувватини сақлаган. Фақат сув омборини қурумдан тозалаш лозим.

– Яҳудий хоним ҳам шундай дегандилар. Аммо бу: хаёл, орзу.

– Яҳудий хоним?..

24

Оқгул гапимни оғзимдан олди:

- Кон бошлиғи бизни ўз хизмат машинасида бу ерга олиб келгандилар. Тўғриси, мен унинг ҳамма сўзларидан ҳайратга тушдим.

- Ўша гапларни биз ҳам билайлик, Оқгул. – Марварид меҳр билан унинг қўлидан тутди.

Оқгул ортиқча гап- сўзсиз Соколдан эшитганларини баён этди:

“- Биласанми, - дегандилар ўшанда кон бошлиғи опасига, - нима учун тўғон ўз аслини ҳанузгача сақлаб келаяпти? Чунки бу иншоатга бир сиқим ҳам тупроқ ишлатилмаган. Тошлар худди буғдойдек унга айлантирилган. Сўнг у туя сути – қумрон билан қориштирилган ва цемент ўрнида ишлатилган”.

“ – Унга яна бошқа қоришмалар ҳам қўшилгандир?”

“ – Бу ёғи менга қоронғи. Аммо у вақт тўфонларини мардона

кечиб келяпти. Демак: мустаҳкам қурилган”.

“ – Сув омбори тозаланса, таъмирланса, олдинги ҳолатига қайтади. Бу давлат миқёсидаги иш. Бунга маблағ, техника, бош керак”.

“ – Мен ҳам шундай фикрдаман. Мария. Бироқ давлат ҳозирча бунга

эҳтиёж сезмаётир. Сабаби: Нурота тизмалари таглари битмас-туганмас олтин, кумуш, уран... хуллас, турли минералларга бой. Жумладан: Хонбанди ости ҳам”.

“ – Маданлар ўз йўлига, ука. Мен шунча ер бўш ётганига ачинаман. Эссиз!”

“ – “Шунча ер” деб шу атрофни кўзда тутсанг, янглишасан, опа”.

“ – Нега?”

“ – Бу чўл Жиззах шаҳри тугаши билан бошланади. У тоғ тизмалари* бўйлаб ўнлаб чақирим кенгликда Шимоли – Ғарбга силжийди. Аниғи: Қозоғистон чегара чизиғини ёқалаган ҳолда силжийди. Ва Фориш, Нурота туманларини кечади. Сўнг уни бир учи Қизилқумга сингади. Асосий қисми Конимех, Мурунтов, Томди, Учқудуқлар оша Қорақалпоғистонга шўнғийди...”

“ – Шунчалар буюкми?”

“ – Ҳа. У шўрдан мутлақо холи, бўш, бўлиқ ер. Ўнлаб миллион кишини боқишга қодир ер. Жўнроқ айтсам: унга Исроилдек бир неча давлат жойлашиши мумкин”.

“ – Ў – ҳў!”

----------------------------------------------------------------------------------------------

* Тоғ тизмалари – Нурота тоғ тизмалари.

25

“ – Агар бу чўл Жапўнларда бўлганида, уни жаннатга айлантирардилар”.

“ – Шубҳасиз”.

Тунда супада ёнаётган шам туйқус қўпган тўзонда ўчгандек опа – ука суҳбатини оқизмай – томизмай айтаётган Оқгул ногоҳ тўғон тубига қўнган мотоциклни кўрароқ жимиди, сесканди. Нега? Сабабини билмайди.

Мотоциклдан тушган йигит – қиз сувсиз, тошлоқ ўзан бўйига, қовжираётган ўт – ўланга ўтиришди. Ўпишди. Тўғон тепасига бир марта ҳам қарашмади. Гўё бу икки рус учун очунда ўзларидан ўзга ҳеч ким йўқ эди.

Бир – бирига сингишди...

– Булғанч!... – деди оғули овозда Марварид.

Биз чўққилари осмон билан дардлашаётган Боғдон тоғига эврилдик. Шунга мен Оқгулнинг юз – кўзидаги ташвиш анави айш қилаётган йигит – қиз таъсиридами нафратга айланганини туйдим.

Кимларга нафрат?

Нималарга нафрат?

Буни ўзимча ҳис этдим...

Китоб ўғриларига ҳам Оқгулнинг нафрати беқиёс эди. Бу мудҳиш ҳол унинг кўнглида турли шубха, ваҳм уйғотди. У ҳар нарсадан ҳадиксирайдиган одат чиқарди. Бундан қутилишга, буни яширишга уринарди. Лекин унча уддалолмасди.

Сўнгги кунларда бизлар ( Марварид, Бек, мен) Оқгулни бот – бот ўйлайдиган бўлиб қолдик. Нима учун? Бунинг сабабини ўзимиз ҳам тузук билмасдик. Негадир менда: “Оқгул кузатувда...” деган шубҳа уйғонганди. Бундан юрагим увушарди...

– Тарихимизни бошқалар билишади – гўё ўзига – ўзи гапиргандай, мунгли овозда пичирлади Оқгул, - ўзимиз билмаймиз.

Менинг хаёлим тўзондек тўзғиди.

– Айб ўзимизда, – деди соддадил Бектемир.

– Туну – кун китоб ўқийсан, Бек. Буни шарафлайман. Бироқ, менимча, уқиб ўқиш керак.

Бектемир айтганига пушаймон бўлди. Унинг юзлари оловдек ёнди.

Оқгул тушинтирди:

– Билишга қўймайди...

Марварид ёрилди:

– Шунга кечмишимизни бузиб кўрсатади, турклигимизни яширади,

26

Темур, Бобур, Яссавий каби боболаримизни: “Босқинчи”, “Зоҳид” деб қоралайди...

Менинг кўнглимга: “Яҳудий хоним Марваридга ҳам ўз таъсирини ўтказибди” – деган гап келди, - Уни Оқгулга ким таништирган? Сезгим алдамаса : Бўрон оға. Сокол орқали...”

Оқгул хаёлимни бўлди:

– Сен нима дейсан, Эврил?

Мен фикримни айтдим:

– Ўзлигимизни англаб қолишимиздан қўрқади...

– Мактабда гунгсан, Эврил. Бу хилватда... писмиқ, – кулди Оқгул, – Қўрқоқ одамдан тузук ёзар чиқмайди. Ҳамид Олимжон истеъдод эгаси эди. Лекин қалбини очмай кетди... Биламан: сенда дард бор. Элимиз дарди дейми? Бу Тангри иноми эмасми? Менимча, ёзар учун дард:

Ҳаво...

Бошинга қилич келса ҳам ҳақни айт, ҳақни ёз. Қўрқма! Умр ўткинчи. Барибир бир кун келиб ўламиз. Саробга эргашма! Фитрат, Чўлпон,

Қодирийлардек... Улар: “Элим” деб, “Юртим” деб ҳақни ёздилар. Бунга

чидолмаган тузм уларни: “Эл сотқини” , “Юрт ёви” дегани тўҳмат билан қамадилар, қийнадилар, таҳқирладилар. Сўнг ўлдирдилар. Сохта айбловларда ички сотқинлар (А. Ғ. У. С.)дан ялоқдек фойдаландилар. Шунга Ялоқлар, яъни сароб маддоҳлари тузум арзандаларига айландилар. Марварид қўшимча қилди:

Лавозим,

Нашр,

Ёрлиқ,

Мукофот,

Мақтовлар уларники.

– Москва ҳам – тўлдирди Оқгул, – тўғри, ички сотқинлар тузумни мақтаб, сохта шон – шуҳратлар билан яшаб ўтадилар. Уларнинг ўликлари ҳам мусиқалар остида шойи, бахмаллару гулчамбарлар билан безалади, шаънларига санолар айтилади. Сўнг кўмилади. Бу нарсалар эл кўзини бўяшга қаратилган пропаганда...

Бектемир бунга ишонмадими, сўради:

– Буни сизларга яҳудий хоним айтдиларми?

Оқгул ҳам, Марварид ҳам жавоб беришни эп кўришмади. Бек изза бўлиб, ерга қаради.

Оқгул жанубга – мовий ғубор оғушида чулғаниб ётган тоғларга ўзгача севги билан боқди. Бунинг таъсирида тўлқинланиб, бетакрор эҳтирос билан шеър ўқиди:

27

Қорга қўйин очган қатор довонлар,

Сизга қараб туриб, кучни чоғладим.

Кўнглимда йўл юриш истаги қайнар,

“Юриб ўтаман!” деб белни боғладим.

Сизга қараб туриб, кучни чоғладим,

Мени йўлларимга чўзилган тоғлар!

“Юриб ўтаман!” деб белни боғладим,

Кўзларим йўлларга тикилган чоғлар...

У анчагача не – не замон, маконларни кечиб келаётган мовий тоғлардан кўзларини узолмай жим турди. Энтикди. Уни бундай эркин, гўзал ҳолда ҳеч кўрмагандим. Тўлқинландим. Менимча, ҳозир у ўз ички туйғуларини жиловлашга ожиздек эди, қалбини очди:

– Хаёл кўзи билан кўриб турибман, Эврил. Бир замон келаяпти:

Ҳур замон,

Эркка тўлган замон,

Сотқинларга ўлат замон!

Эл, тарих хоинларни ахлатга супуриб ташлайди,

Лаънатлайди.

Қарғайди.

Чўлпонлар юртимизга қайтадилар.

Олқишларга кўмиладилар!

Мангу олқишларга!..

Не ажабки, Оқгулнинг бу сўзлари менга ҳу бирдаги каби осмоний туюлмади. Нимага? “Эврил” дея мурожаат этганигами? Йўқ. Юрагининг тўридаги яширин дардини ёрганига. Айни Фитрат, Чўлпон, Қодирийлар каби... Одам боласига бу дард туғма берилса керак?

Яширмайман, Оқгулнинг нидосидан борлиғим нурга тўлди. Алланўчук бир ички тўлқинлар ва ўзимга бўйсунмайдиган қандайдир кучлар таъсирида Чўлпондан ўқидим:

Сенинг қаттиқ сир – бағрингни кўп йиллардир эзганлар,

Сен безсанг – да, қарғасангда, кўкрагингда кезганлар,

Сенинг эркин тупроғингда ҳеч ҳаққи йўқ хўжалар,

Нега сени бу қул каби аямасдан янчалар!

Нега сенинг қалин товшинг “Кет” демайди уларга!

Нега сенинг эркин кўнглинг эрк бермайди қўлларга?

Нега сенинг танларингда қамчиларнинг кулиши?

Нега сенинг турмушингда умидларнинг сўлиши?..

28

Марварид ўзи сезибми сезмайми, ғамли сасда такрорлади:

Нега сенинг қалин товушинг “Кет” демайди уларга?

Нега сенинг эркли кўнглинг эрк бермайди қўлларга?..

– Хазин! Бироқ юракка қувват беради. – Эшитилар – эшитилмас овозда пичирлади Оқгул, – юрак қони билан ёзилган:

Сенинг эркин тупроғингда ҳеч ҳаққи йўқ хўжалар,

Нега сени бир қул каби аямасдан янчалар!..

– Унинг сатрлари тагида эл дарди, ёвга ғазаб – нафрати қайнаб –тошади.

– Эрку озодликка ундовчи даъват дегин, Эврил.

– Сен Чўлпонни ўқиганмисан?

Оқгул: “Тошкентда, қариндошимникида, ўқиганман” демоқчи бўлди. Бироқ, негадир, фикридан қайтди ва бунинг ўрнига:

– Суриштирма, – деб айтди. Сўнг Бектемирга ўгрилди ва боя унинг кўнглини чўктирганига афсусландими, илиқ овозда деди:

– Бек, дўстим, сенам шундай шеърлар ёзсанг, севинардим.

Бектемирнинг қозоқникига бенгзовчи қийиқроқ кўзларида қувонч нурлари порлади. Лекин ҳаяжонланганиданми ёхуд журъати етмаганиданми, бир сўз демади, тўғрироғи деёлмади.

– Кетдик болалар! – Марварид бизни йўлга ундади.

Оқгул ва Марварид совунак гулли кўрпача тўшалган “кажава”га зич ўтиришди. Мен орқа ўриндиққа ястандим. Бек маторни ёқди. Гап – сўзсиз жилдик. Ярим йўлда ҳалиги “Иж” бизни қувиб ўтди. Назар – писанд қилмай. Ё менга шундай туюлдими? Чангга ботдик. Ичимда: “Ювуқсизлар” деб сўкдим. Қизлар ҳам оғриндилар шекилли, юзлари тундлашди. Бектемир “Ўрол”ни тез четга, чангсиз ерга олди ва секин ҳайдашда давом этди.

Ногоҳ миямга шу сўз чақиндек урилди: “Изимизда... – ” Сергак тортдим. Турли гумонлар борлиғимни илондек чирмаб олди. Охири: “Шунчаки йўловчилар...” деб ўзимни овутдим. Бироқ юрагим бунга инонмаётгандай эди. Мен саросимага тушганимни сездирмаслик мақсадида Оқгулга қарамадим. Лекин уни узоқлашаётган чанг – тўзонга безовта боқаётганини қалбим кўзи ила кўрдим. Марварид Оқгулни қучоқлаб олди. Унда ҳам ташвиш зоҳирлигини туйдим.

Фориш овлоқ тоғлар ортидаги чекка туман бўлганигами, сўқоқларда, хусусан, мана шу чағир тошли, кимсасиз сўқоқда (онда – сонда демаса) милиция зоти кўринмасди. Шунга қарамай, марказга яқинлашганимизда Бек ҳайдашга ҳужжати йўқлиги ёки “Иж”ни чалғитиш учунми, “Ўрол”ни ўнгга, лалми буғдойзор оралаб кетган айланма йўлга кескин бурди.

29

Биз ўзимизни енгил сездик.

Касалхонанинг кўзга ташланмайдиган бурчагига “Ўрол”ни қўйдик. Анча ялиниб – ёлворишларимиздан сўнг бош врач бизга Бўрон оғанинг олдига киришга уч дақиқага изн берди. Оғир хаста ётувчи (реанимация), дори – дармон ҳиди босган алоҳида, мўъжаз палатага кирдик.

Бизга доим бўрондек кучли, виқорли туюлган Бўрон оғани бир аҳволда кўриб, ич – ичимиздан эзилдик. Унинг бўронли юзи заъфарон тус олган, кўзлари тагларидаги ажинлар салқиган, бармоқлари учлари сезиларли титрарди.

Ҳол – аҳвол сўрашдик.

– Сизларни эслаб тургандим, болалар, – деди у севинч аралаш титроқ овозда ва ўрнидан энтикиб қалқди, – Раҳмат! – Унинг кўзига ёш келди.

Хонага бир лаҳза сукунат чўкди. Қандайдир оғир сукунат.

– Умр дегани бир зумда ўтиб кетаркан! – У тили остига валидол ташлади, сўл кафтини юрагига қўйди. – Шу бир зумни мен елга совурдим. – Бўрон оға “ел” сўзига урғу берди. Шунданми, оний тезликда меннинг кўнглимдан шу гап кечди:

– “Елга!..” демак: Тузумга...

Оқгул ҳам шуни туйдими, Бўрон оғага мислсиз меҳр билан боқиб, унинг қўлини ўпиб, қош – кўзига суртди:

– Бизга юртимизни севишни ўргатдингиз, устоз!

Марварид Оқгулни айнан такрорлади ва сўнг теран ҳурмат билан дилини ёрди:

– Биз Сиз сабабли оқни қорадан ажратишни ўргандик...

– Биз Сиздек бўлишни орзу қиламиз, – деди Бектемир.

Мен ҳар эҳтимолга қарши Фитратнинг отини айтмай, сўзини айтдим:

“Энг тўғри, энг саодатли йўл – Элни Эркка етакловчи йўл”. Сиз бизни шу сўқоқдан юришга ўргатдингиз, Бўрон оға.

Бўрон оға Фитрат сўзини туяркан, теграю шифтга олазирак кўз югуртирди. Менинг фаҳмимча у: “Палатага эшитгич яширилган...” деган гумонда эди. Бўрон оға ўзини эмас, бизни ўйлаб чўчиди ва шунга гап йўналишини бурди:

– Болалар, Сизларнинг комолларингиздан менинг кўнглим ўсди.

Шу лаҳзада бош врач кирди.

– Бўрон оғани уринтириб қўясизлар, - деди, - вақт ҳам битди.

Биз Бўрон оға билан хайрлашдик. Бироқ у мени бир дақиқага олиб қолди. Бунга бош врач “йўқ” деёлмади. Палатадан ҳамма чиқгач, у қўлига қалам олиб, столда турган вараққа

30

қуйидагиларни ёзди:

Омонгулни асранглар!..

Тилга маҳкам бўлинглар!..

...Йўлда тўхтаманглар!

Энг оғир дамларда ҳам!..

Бўрон оғанинг имоси билан мен ёзувни ўқидим. Сўнг у варақни ёқди ва очиқ деразадан ташқарига ташлади. Мен беихтиёр: “Жиддий хавф борга ўхшайди”, – деб ўйладим. – Йўқса, Бўрон оғадек киши бизни огоҳлантириб ўтирмасди”. Ўз гапимдан ўзим жунжукдим. У буни сезса ҳам, сезмасликка олди. Мени қучиб, манглайимдан ўпди ва ўта мунгли овозда:

– Энди борақол ўғлим! – деди, – омон бўлинглар!..

7

Биз тоғли айланма йўл ила Ўртақишлоқ, Ёмчи, Илончи*, Сайёд* кўй*ларини кечдик. Оқгул, Марварид, Беклар менинг оғзимни пойлардилар. Бироқ мен афтода бир ҳолда эдим. Шунгами улар: “Бўрон оға нима дедилар?” деб сўрашга ботинмадилар. Мен кўнгил учун бўлса ҳам гапиришга ўзимда куч тополмадим. Бошимда фақат шу сўз айланарди:

“Омонгулни асранглар!”

Қуёш анча кўтарилганда, Боғдон қишлоғини кесиб, Боғдон тоғига чиқдик. Юксак қоя: “Қизучган” пойига, ирмоқ бўйига “Ўрол”ни қўйдик.

Менимча, “Қизучган” дек афсонавий қоя очуннинг энг буюк тоғларида ҳам йўқ.

У ердан осмонга кўтарилаётган сунъий йўлдошга ўхшайди. Фақат жуда ҳам ҳайбатли йўлдошга. Учишга шайлангану учмаган, гўё ерни кўзи қиймаган.

Учи сунгудек* ўткир, силлиқ қоянинг қоқ ўртасида дошқозондек ўйиқ ва ундан сал юқорида тегирмон тоши тешигидек тешик бор.

----------------------------------------------------------------------------------------------

* Илончи – икки – уч чақрим масофани ишғол этган Бўғамбир қояси остида, Илончисой бўйида жойлашган қишлоқ. Айтишларича, бу ерда чақағон илонлар қўпмиш.

* Сайёд – узун бир замонлар аждодлари Бухоронинг Қоракўл туманидаги Сайёд қишлоғидан келиб қолган уруғ кўйи.

* Кўй – қишлоқ.

* Сунгу – найза

31

Ривоятга кўра унга арғамчи боғлаб, севганига етмаган қиз учган. Сўнг қиз доғида куйган йигит...

Қизнинг қони қизил, йигитнинг қони оқ ўлароқ ёнма – ён қуйига оққан ва бир нуқтага эниб тўхтаган. Қонлар келажакка сабоқ бўлиш учунми, абадга қотиб қолган.

Аянчли манзарага узоқ қараб турдик. Охири сукутни Оқгул бузди:

– Йигит учун қизнинг ё қиз учун йигитнинг, айросиз, ўз жонига қасд қилиши ёзуқ. Бу нафс ва худбинликнинг ўзгача кўриниши. Ҳатто иркитли кўриниши...

Буни мен хунук ўлим деб биламан. Одам мутлақ иложсиз қолса, масалан: Юрт тақдирига боғлиқ махфий сир билан ёв қуршовида қолса, бошқа гап...

Буни мен шарафли ўлим деб биламан. Чунки у ўзи учун ўлмади.

Мен ичимда Оқгулни қувватладим. Шунда бехос, Бўрон оғанинг (менга алоҳида айтган) сўзи эсимга келди:

“ – Бизга Тангри берган Юртимиз, Элимиз муқаддас. Улар ҳаётимизнинг мазмун, моҳиятига айланган замонда биз енгилмас миллатга айланамиз! Ана ўшанда (зарурат туғилса) “Ватаним!...” дея ўлишдан ҳам қайтмаймиз...”

Бектемир хаёлимни бўлди:

– Эврил, қояга исмларимизни ёзиб қўяйми?

Бу истак Оқгулга ёқмади. Унинг ёйсимон қошлари чимирилди.

Мен ихтиёрсиз бир тарзда қоядаги сон – саноқсиз ёзувларга кўз югуртирдим.

Саволга Марварид жавоб қайтарди:

Олдин қорли чўққига чиқайлик.. Кейин... “Отучган”га...

– Мангуликка осон даъво – кесатди Оқгул.

– Йўқ, Оқгул, болалик саёҳатимиздан бир эсдалик бўлиб қолар бу.

Оқгул кифтини қисди.

Марварид Бекдан сўради:

– Чўкиччанг билан болғачанг борми?

– Ҳа.

8

“Қизучган”нинг шундай ёнида ирмоқлар бирлашади: Боғдонсой вужудга келади. Сойдан ўн қадамча нарида Юмалоқ қоя қад кўтарганган.

Унинг тагидан бир ариқ сув* қайнаб чиқаяпти.

Биз нонушта қилишга шу манзилни танладик. Кўм – кўк майсазорга ястандик. Бошимизда улкан ёнғоқ шохлари қуюқ кўланка ташлароқ солланаяпти. Ҳар ёқда ёшлар... менинг кўзим бизга тескари ҳолда

----------------------------------------------------------------------------------------------

* Бир ариқ сув – 55 йил аввал Оқбулоқдан бир ариқ сув қайнаб чиқарди. Ҳозир ўндан бири десам янглишмасман.

32

сойда, Тош устида ўтирган икки касга тушди: ўзбек йигити ва рус қизи.

Боя улар “Қизучган” этагида юришганди. Бизга эътибор ҳам беришмади. Ўзлари билан ўзлари... Лекин барибир менинг кўнглимда шубҳа уйғонди. “Иштонсизнинг чўпдан хадиги бор” дейишади. Шунгами?..

– Эврил, нега уларга қараб қолдинг? – Оқгулнинг саволи менга тагдор туюлди.

– Шаҳарлик кўринади...

– Кўринса нима?

– Ошуқ – маъшуқми дейман?

– Сохта ошуқ – маъшуқ...

“ – Демак, – дедим ичимда, – Оқгул ҳам гумонсираяпти.

Биздаги шубҳани пайқаган Марварид гап суқди:

“ – Қўрққанга қўша кўринади”. Бу ерда биз билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Қани, овқатга...

Турли – туман қушларнинг чуғур – чуғурлари, ранг – баранг капалак, ниначиларнинг “ғиз – ғиз” учишлари остида нонушта қилдик. Тиниқ булоқдан ҳовуч – ҳовуч сув ичдик. Сўнг бир – бирига юзма – юз турган ҳайбатли қоялар: Оққоя, “Отучган”лар аро “Ўрол” да “Шарилдоқ” дараси сари ёндик.

Ҳадемай баланд тошдан қуйига гулдираб учаётган шаршара*га етдик. “Ўрол”ни унинг қаршисига қўйдик. Бу бетакрор хилватда инсон зоти йўқ. Ҳаво мислсиз тоза, шаффоф. Шунинг таъсиридами, кўнглимиздаги ғуборлар тарқалиб кетди.

Зангор аралаш алвон ранг камалак акс этган шаршарадан туман – туман “марварид”лар теграга сочилар, юзимизга оромли урилар ва у бизга завқ бағишларди. Бир неча сония оқ кўпиклар қотилган оқ сувни бир – биримизга сачратароқ қийқириб, сакраб, яйраб ўйнадик. Руҳимиз енгил тортди. Ўзимизни қутли сездик. Кейин қорли чўққининг гунафша бағрига аста – секин ўрлай бошладик. Дам ўсиқ ўтлар оралаб, дам тошдан – тошга ҳатлаб ўрларканмиз, Оқгулнинг қувноқ овози мовий дарага акс садо берароқ янгради:

– Ҳув анавига қаранглар! – У чўққи учида виқор билан қад кериб турган уч олқорни кўрсатди:

Ўртада шохлари буралиб – буралиб кетган она олқор, икки ёнида болалари.

– У қўй туридан бўлса ҳам қўймас, одамга қулмас, озод,эркин жонивор, – дедим мен Оқгулга.

– Шунга ҳам сиёсатни суқаяпсанми, Эврил? – норози оҳангда тўнғиллади Бек.

– Қилдан қийиқ ахтарма! – кесди Марварид, – Олқорнинг табиатидан келиб чиқиб айтаяпти. Ўзи Олқор зоти шундай: Ўзини севувчи,

------------------------------------------------------------------------------------------------

* Гулдираб учаётган шаршара – 55 йил олдин шаршара шундай гулдираб учарди. Шу шаршара сабаб дара “Шарилдоқ” номи билан аталади. Ҳозир шаршара қандоқ ҳолатда, билмайман.

33

бўйсунмас, мағрур. Шунга одам уни бўғовлолмаган.

– Тўғри, – Оқгул Марваридни ёқлади.

Бек мулзам бўдди.

Мен уни хижолатдан қутқазиш учун атайлаб мавҳум сўзладим:

– Бек мени яхшироқ билади.

Олдимизда қоятош тизмалари қад керди. Уни айланиб ўтишга кўп вақт кетади. Бек билан мен унга осонгина тирмашиб чиқдик. Чунки биз Боғдондан Учқулочга кўчиб энгунимизгача, ҳар куни эрта

тонгданоқ шу тоғлар тўрига югурардик, қояларга тирмашиб чиқиб,

тушишни машқ қилардик, сой бўйида, яшил чимлар устида курашардик, боксга тушардик, ёғоч “қилич”ларда “қилич-қилич” ўйнардик.

Ҳар куни эрта тонгда...

Куч – ғайрати (ўзига бўйсунмай) тўлиб – тошган Бек буни мендан қаттиқ талаб қиларди. Кейин-кейин бунга ўзи ҳам кўникиб ва ҳатто қизиқиб кетдим...

Қизлар қоя тизмалари остида “чиқоламизми, йўқми?” деган ўйда иккиланиб қолишди. Охири Марварид менга қўлини чўзди. Оқгул Бекка, менинг кафтим гўё чўққа теккандек бўлди. Борлиғим алланечук бир тотли титроқ тотида жимирлади. Мен беихтиёр Марваридга қарадим. Унда ҳам шундай ҳол юз берганини туйдим. У мендан кўзини олиб қочди.

Бизлар уйғонишлар оламига кираётганимизни сезиб – сезмасдик.

“– Уйғонишлар олами!.. – дедим ўзимга – ўзим гўё уни кашф этгандай ҳаяжонланиб. – Ўсимлик, оғоч*, чечаклар... бутун жонли – жонзотлар уйғонадилар”.

Шу он қулоғимга бир ғойибий сас келди:

“ – Бу Тангри қонуни. Туғилиш, ўлиш ҳам шундай. Бу уччови

ҳаммага, ҳамма нарсага тенг ва мангу ўзгармас қонун”.

9

Ниҳоят ола – чалпоқ қор қуршаган ўнгирга чиқдик. Югуриб, қийқириб, завқ билан чукри, пидина, лола тердик. Қизлар лолазор оралаб тош панасига ўтиб қайтишди... Сўнг Бек ва мен...

Қўлларимизни қорга ювиб, тўйгунимизча равоч едик. Ҳар ёнда какликлар сайрайди. Тепамизда бургут қанот қоқади. Баҳри-дилимиз очилиб кетди.

– Ҳар бозор куни бизларни бу ерга олиб чиқасанми, Бек?

– Менга бундай бахтни раво кўрсанг, бошим осмонга етади, Оқгул.

– Арши Аълога етади дегин Бек, – ҳазиллашди Марварид.

Мен Бўрон оғанинг гапини дўстларимга айтишга ўзимда истак сездим. Айтдим. Оқгул мардона овозда такрорлади:

“ – Йўлда тўхтаманглар! Энг оғир дамларда ҳам!..”

------------------------------------------------------------------------------------------------

* Оғоч – дарахт.

34

– Энди шу бугундан бошлаб тилимизга маҳкам бўлайлик, – деди Марварид, – айниқса мактабда.

– Тоғдан ўзга ҳамма ерда, – қўшимча қилдим мен.

– Келишдик! – Севинди Бек.

– Эврил, кўнглим сезаяпти: Бўрон оға мен ҳақимда ҳам бир нима деганлар?

– Йўқ, Оқгул, – мен унинг кўзига боқишга бетинмадим.

– Яширма.

– Менга ишонмайсанми, Оқгул? – Мен жўрттага қовоғимни уйдим.

– Кешмири*.

– Мени хафа қилаяпсан.

– Мейли*, кўнглинг товлаганда* айтасан.

– Нимани айтаман?

– Мизагир*лик қилма, Эврил.

Ҳаммамиз беихтиёр кулдик.

Лола, ровоч, пидиналарни олиб шаршарага эндик. Юз – кўлимизни сойда совунак* билан ювдик. Нон, қатлама, майиз* едик. Тўйиб – тўйиб сув ичдик. Сўнг яланг оёқ сув кечиб, ялпиз тердик.

Бўрон оға учун алоҳида совға ҳозирладик: Лола, равоч, пидина*.

Ялпиз, равоч, пидиналаримизни хуржунга жойлаштирдик ва орқа ўриндиққа ташладик. Лолаларни қўлимизга олдик. Изимизга қайтдик. Менинг кўзим ўнг қирғоқда, ўрликда дугларини отишга шай турган жайрага тушди. Уни қизларга кўрсатдим. Қўрқиб кетишди.

– Вой, турқи қурсин! Мунча хунук!

– Уни Тангри шундай яратган – да, Марварид. – Оқгул жилмайди, – аммо эти ҳалол.

– Ҳалол?.. Т – фу!

– Гуноҳга ботма.

– Бизни отмасмикан?

– Тегмасак тегмайди, – жавоб берди Бек. – Бироқ тўнғизга дуч келсак, у ёмон – ёриб ташлайди.

– Ҳамма тўнғизлар бир гўр, – дедим мен, – хонакисиям баъзан хўриллаб сассиқ тумшиқлари билан ташланиб қолади.

– Ҳар гапинг илмоқли, Эврил.

Қизлар Бекнинг иссиғини оширишди:

-----------------------------------------------------------------------------------------------

* Кешмири – Боғдон шеваси – айёр дегани.

* Мейли – Майли.

* Кўнглинг товлаганда- кўнглинг тусаганда.

* Мизагир – ичидан пишган, писмиқ, қув...

* Совунак – сой бўйларида ўсувчи майда – майин, ним қизил гулли ўт, у совундек кўпириш ва тозалаш хусусиятига эга.

* Майиз – Боғдон майизи дунёда тенгсиз.

* Пидина – Бўрон оғанинг қон босими бор эди. Шунга...

35

– Тирноқ остидан кир қидирма, Бек.

– Сендек дўстимиз бўлса, бизга душманнинг кераги йўқ.

– Жуда ошириб юбордиларинг, қизлар. Мен Эврилга ҳазил қилдим. У менинг ёлғиз дўстим.

– “Ҳазил – ҳазилнинг таги зил” Бек. – Оқгул уни исканжадек сиқишда давом этди, – меъёрдан ошма. Йўқса, қош қўяман деб, кўз чиқарасан.

– Узр Оқгул, узр Марварид, – у қизларга мўлтираб боқди, – тавба қилдим.

– Шундай бўлсин, – қизларнинг юз – кўзларига табассум ёйилди. Мен кулдим. Бек шолғом тусига кирди.

“Отучган”да тўхтадик. Бектемир қоянинг ёмғир, қор тегмас қисмига отларимизни чўкичда ўйиб ёзди:

“Оқгул – Бек – Марварид – Эврил”*.

10

Биз хуш кайфият билан йўлга тушдик. Агар Осмонсой орқали Учқулочга энганимизда, йўл ўн беш чақиримга қисқарарди. Лекин биз айланма йўл билан туман марказига бордик. Оқгул Бўрон оғага совғамизни топшириш учун касалхонага ёнди. Уч – тўрт дақиқадан сўнг руҳсиз бир алпозда қайтди ва кўзларида ёш билан деди:

– Юраклари хуруж қиляпти. Менимча, Бўрон оға касалхонада ётмаганларида, соғайиб кетардилар...

– Нимага асосоланиб бундоқ деяпсан? – Ажабланди Марварид.

– Ҳаётда шундай нарсалар бор, айтилмайди. Қалбинг билан ҳис эт, Марварид.

– Ўзларига айтмадингми гапингни?

– Айтдим.

“ – Энди кеч, – дедилар, – тақдирдан қочиб, бўлмаскан, қизим...”

“ – Тақдирдан қочиб бўлмаскан...” – такрорладим ичимда мен ва нимагадир бундан сескандим.

11

Ерни тун қуршади. Йўлда давом этдик. Ўроқ ой, Сурайё(Марс), митти юлдузлар ёғду сочади, “Ўрол” чироғи билан қотилади ва биргаликда қоронғиликни ҳайдайди.

Лалми буғдойзор одағида бир кас кўринди, қўлини кўтарди. Яқинлашганимизда билдик: ёш ўрис хотин.

– Тўхтайми? – сўради Бектемир.

– Йўқ! – шошиб жавоб қайтарди Оқгул, – қўлида сумкача йўқ. Шубҳали. Тез ҳайда.

Бектемир газни босди.

-----------------------------------------------------------------------------------------------

*Ҳозир бу ёзув сақланганми, йўқми, билмадим. Орадан 55 йил кечди.

36

Касдан сал ўтганимиздан кейин биз (Бекдан бошқа) худди келишгандай орқамизга қайрилиб қарадик. Буғдойзордан барзанги ўрмалаб чиқди. Менинг юрагим орқамга тортиб кетди.

– Бир палакатдан қутулдик, – қўрқувдан титради Марварид.

– Ҳали тўла қутулмадик, – Оқгул яна ортга қаради, – буғдойзорда мотосикл бордай.

– Одамни қўрқитма, Оқгул, баданимда илон ўрмалаяпти.

Ҳар эҳтимолга қарши Бек менга болға тутқазди. Ўзи чўнтагига чўкиччани солди.

– Қўрқманглар қизлар, бир ўзим икковини ҳам ухлатаман.

Қизлар Бектемирни довюрак ва кучлилигини, мактабда унга ҳеч ким бас келолмаслигини билардилар. Аммо, шунга қарамай, Оқгулнинг

энсаси қотди:

– У сенга мактаб боласимас, девдек бир бало.

– Мен сўзимни айтдим.

– Балки, унинг тўппончаси бордир?

– Автомати бўлмайдими.

– Ўзингга мунча бино қўясан?

– Мен ўзимга ишонаман.

Бектемир соддадил эди. Гоҳида ўзи билиб – билмай мақтанарди. Шунда қизлар уни ўзига келтириш учун “жилови”ни тортиб қўярдилар. Ҳозир ҳам шундай қилдилар:

– Гуппи!

– Ўпка!

Бек куйиб – ёнди:

– Ҳозир кўрсатаман!.. – У “Ўрол”ни буришга шайланди. Мен унинг қўлидан тутдим:

– Ўзингни бос, Бек!

Қизлар жимиб қолишди.

– Ваҳимага асос йўқ, қизлар.

– Йўлимизда тузоқ... Асос йўқмиш... – Пичинг қилди Марварид.

– Бўрон оға: “Тақдирдан қочиб қутилиб бўлмайди” – дедиларми? Ажалимиз етмаса, қирк йил қирғин келсаям, ўлмаймиз.

– Бизни овутаяпсанми, Эврил?

– Ишонмасанг, ишонма Марварид.

– Бўлмаса, тузоқдан мақсад нима?

– Агар у сен ўйлагандек тузоқ бўлса, қўрқитиш...

– Ўлдириш бўлса – чи?

– Бундай очиқ йўл тутмасдилар.

– Тўғри ечим, – тасдиқлади Оқгул.

Бундан ҳаммамиз енгил тортдик.

– Бекни фикри қандай? – Эркаловчи оҳангда сўради Марварид.

У жавоб бермади.

– Аразлаш қизларга ярашади.

У оғзини очмади.

37

– Мунча қовоқ – тумшуқ қиласан, Бек?

У индамади.

Тан олиб айтсам, Бек кекчи эмасди. Аразлаш, алдаш ҳам унинг табиатига ёт эди. Мен уни ориятли, ростгўй ўсмир сифатида биламан. Чиндан ҳам мен Бекда қўрқув туйғуси борлигини сезмаганман. У ўз ёшига нисбатан жуда кучли ва эпчил эди:

Ҳар қандоқ чақағон илонни думидан ушлаб, ерга бир уриб ўлдирарди. Ёхуд бир бўғганда, йитарди. Буни мен кўп марта гувоҳи бўлганман.

Боғдонда энг қопоғон ит ҳам уни кўрса, думини қисиб, писиб инига кириб кетарди.

Кечган қишда Мавлон қоранинг бўри билан чатишган тўрткўзи Бекка ер титиб, хириллаб ташланди. У итни қангшарига бир мушт уриб ўлдирди. Ўшанда мен Бек билан бирга эдим.

Бекни айбсиз касга қўл кўтарганини кўрмаганман. Бироқ ким унга ноҳақ ташланса, уни ерга букарди у. Шунга Боғдонда ҳам, Учқулочда ҳам ўсмирлар Бек билан муштлашишга ботинмасдилар. Мени бокс мактабига етаклаган ҳам шу дўстим эди...

Бек: “...бир ўзим икковиниям ухлатаман” деб юрагидан айтганди. Қизлар буни мақтанчоғликка йўйишди. Агар буни у бошқадан эшитганда, унинг башарасини бузарди. Қизларга қарши эса бир сўз деёлмади. У Оқгулнинг ҳам, Марвариднинг ҳам гапини кўтарарди. Бироқ, бу гал Бекнинг кўнгли оғриди.

Оқгул вазиятни юмшатиш учун унинг ўнг елкасига қўлини қўйди:

– Кекчи бола.

Марварид Бекнинг билагидан тутди ва меҳрибон овозда қулоғига шивирлади:

– Бек, бир жилмай.

Шамол булутларни ҳайдаганда, осмон асл ҳолига қайтади: ложувард рангда яшнайди, Ер нурга тўлади.

Қизларнинг нозли сасларидан Бектемирнинг ичидаги гина – ғуборлар қайноқ сувга тушган болдек эриди, юз – кўзлари кулди.

– Сен бизнинг дўстимизсан, Бек. Гапларимизни кўнглингга...

– Э – Э!.. – Марварид қичқирди. Оқгулнинг сўзи узилди, – ортимизда чи – чи – роқ!.. Мотоцикл!..

Биз бу сонияда Хонбанди довонига чиққан эдик.

– Энди, бу ёғи хавфсиз, – дедим мен қатъият билан, – қаранглар: шахталар... буровойлар... машиналар... Одамлар чумолилар каби ғимирлашаяпти... Бақиришяпти:

– Вира...

– Майна...

Оқгул луқма ташлади:

– Олтинларимизни кавлаб олишаяпти...

Мен қўшимча қилдим:

– Туну – кун...

38

12

Биз шамол мисол қуйига қуйилдик. Юрагимизда деярли қўрқув йўқ. Этакка эндик. Шахта ёнида мотоцикл бизни қувиб ўтди. Рулда бошига каска кийган ёш корейс хотин. Лекин у буғдойзор адоғида турган аёлмас. Бошқа. Орқа ўриндиқда озғин татар йигит. У кўз қири билан бизга қаради. Балки, менга шундай туюлгандир? Қайдам?

“ – Одам – одамга қарайди – да, – деб ўзимга – ўзим таскин бердим, – биз ҳам уларга қарадик – ку. Буни нимаси ёмон? Бироқ у кўз қири билан қаради. Кўз қири билан... Балки, унинг одати шундайдир?

Ахир, ҳар одамда ҳар хил феъл, одат... Ҳар нарсадан шубҳаланиш ярамайди. Иккови ҳам шунчаки йўловчидир? Қолаверса, буғдойзор адоғидаги каслармас. Менимча, улар кузатишаётганини сездирмаслик учун жойларини бот – бот алмаштириб турадилар. Яна турли уст – бош, турли қиёфаларда ҳам юришлари мумкин...”

Мен ихтиёрсиз бир тарзда Оқгулга боқдим. Ва унда ҳам шундай кечинмалар кечаётганини туйдим. Оқгулнинг ўткир нигоҳи қоронғуликка қадалганди. У мени қараганимни ички бир туйғу билан сезаркан, зулматдан кўз узмаган ҳолда синиқ жилмайди. Шунда унинг гулдан тоза, гулдан нозик дудоқлари чечак мисол очилди:

Тангрининг бизга қилган буюк эҳсонларидан бири: хаёл. У нурдан тез ҳаракат қилади. Бир зумда оламни кезиб чиқади. На ой, на қуёш, на зуҳра... ҳеч бир юлдуз, хеч бир жин ё фаришта ўтмишга қайтолмайди. Хаёл эса энг олис кечмишларга ҳам саёҳат қилолади. Унинг эркини бўғадиган куч йўқ. У тизгин нима билмайди.

Шу бир онда мен Алишер Навоий билан қўнишдим. Унинг “Лайли ва Мажнун” достонини ҳам варақлашга улгурдим. Менинг нотинч кўнглимда туғён ураётган шубҳа, ўйлар, қайғу аламлар унда ҳам бордек эди. Мана бу тўртлик эса юрак дардимни ифодалагандай эди:

Эй золи замона* фарёд,

Атфолинға* неча зулму бедод.

Бу хайлниким ҳалок этарсан,

Ўз бағринг эрурки, чок этарсан...

– Оқгул, сенингча, замонадан норози бу нидолар ҳақга яқинми?

– Яқин. Йўқса, Навоий куйиб ёзмасди.

– Масалан?

– Масалан: Темурдан кейинги ўзаро низолар... Ўзаро урушлар... Парчаланишлар... Сен шу ҳақда ўйла, фикрла, идрок қил... Шунда ҳақ тубини кўрасан. Шунда, шу буюк фожеалар сабабли биз бу кунга қолиб ўтирганимизни англайсан, Эврил.

-----------------------------------------------------------------------------------------------

* Золи замона – кампирга ўхшаш замона.

* Атфол – болалар.

39

Ногоҳ хаёлимдан шу сўзлар кечди:

“ – Фитратча фикрлайди. Бунга сабаб: Яҳудий хонимнинг унга беқиёс таъсири... Мана, ўзимдан мисол: Мен Ойнур*дан, у берган китоблар*дан ўрганмаганимда, Оқгулни тушунармидим?

Бироқ одамга Тангри ато этган туғма қобилият ҳам зарур.

Ҳаводек зарур.

Туғма қобилият... Оқгулда бу нарса бор. Менимча, у жонлими, жонсизми, айросиз, ичини кўра билади”.

– Менга қўшиласанми, Эврил?

– Ҳа, – менинг ўйларим тумандек тарқади.

– Шу тобда мен сенинг бошингдан нелар кечганини ўқидим.

– Нелар?

– Яҳудий хонимнинг менга таъсири хусусида...

– Топдинг.

– Мен уни соғиниб эслайман. Бизда ҳам унингдек теран билимли, эл дардини рўй – рост англатгувчи ўқитувчилар бўлишини истайман. О, нечоғлик истайман!..

У оғир хўрсинди. Сўнг қайғу, алам, надоматга ғарқ овозда давом этди:

– Ўша буюк бўлакланишларнинг тўфонларида қолган, қайтадан улуғ Темур давлатини тиклашга кўзи етмаган Бобур ноилож ёт юртлар сари юз тутган:

Кўнгли тилаган муродға етса киши,

Ё барча муродларни тарк этса киши,

Бу икки иш муяссар ўлмаса оламда,

Бошини олиб бир сориға кетса киши.

Марварид Оқгулни ёқлади:

– Ўша буюк бўлакланишлар оқибати: ёв юртимизни босиб олди. Бу ҳам камлик қилгандай, уни бир неча бўлакларга бўлиб ташлади*. Бу фожеа қамалган, отилган шоирлар қатори Ботуда ҳам ўз ифодасини топди:

Ёруғликни севатурғон бизнинг тинуқ кўнглимиз,

Қачонгача қаронғулар ичра қолар бўғулуб..!

Марварид гапини тугатар – тугатмас, Учқулочга етиб келдик. Бектемир қизларнинг уйларига яқин ерда “Ўрол”ни тўхтатди ва уларга хуржундан тоғ неъматларини олиб берди. Хайрлашдик:

– Хайрли тун Оқгул, Марварид.

– Хайрли тун Бек, Эврил.

Бироқ қизлар то уйларига кирмагунларича, жилмадик.

------------------------------------------------------------------------------------------------

* Ойнур – геолог қиз. Мен у ҳақда “Ойнур” деган ҳикоя ёзганман.

* Китоблар – Фитрат, Чўлпон, Қодирий асарлари.

* Бўлакларга бўлиб ташлади – Ёв Туркистонни: Ўзбекистон,Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон, Тожикистонларга бўлиб ташлади. Москва: “Бўлиб бошқариш” тизгинини қўлига олди.

40

13

– Мен... шу... Эврил... Оқгулдан ташвишдаман... – Бектемирнинг овозида хавотир аралаш титроқ зоҳир эди.

– Мен сени тушундим, дўстим. Бўрон оға ҳам уни асрашимизни айтдилар.

– У киши бир нимани сезмасалар, бундай демасдилар.

– Балки?.. – Бекни хавотирини оширмаслик учун гапни чўзмадим.

– Оқгулнинг китобларини ўғирлаб кетганларидан бери менинг ичим ёришмаяпти. Бунга яна бугунги машмашалар ҳам қўшилди...

Мен унинг кўнглига таскин берувчи бир сўз демадим. Деёлмадим. Чунки ўзимда ҳам шундай ҳол юз бераётган эди. Қолаверса, сохта гапирсам, бир еримга ифлос бир нарса илашгандек бўларди. Ўзимга – ўзим қарши бормадим...

14

Чарчаганимга қарамай, шу тун анча – анчагача ухламадим. Ухлолмадим. Анча – анчагача... Шунгами, билмадим, ўрнимдан туриб, қўлимга қоғоз-қалам олдим. Онам зорланди:

– Ётмайсанми болам, эрталаб ўқишга борасан, ахир.

Нима учундир, билмайман, мени номаълум бир куч бобом Аҳмад Оқсоқолнинг дор остидаги сўзларини шеърга солишга ундади. Буни жуда енгил, бир пасда эл оҳангида ёздим:

Уй, еримни босди илон,

Ҳар ёғини қилди вайрон.

Болаларим йиғлар нолан.

Кетаяпман армон билан,

Келишолмай замон билан.

Ҳар ёғимда изғир илон,

Қимирласам чақар ёмон...

Кетди биздан давру даврон...

Кетаяпман армон билан,

Келишолмай замон билан.

Илон инин бузолмади,

Бўғовларни узолмадим.

Ўз уйимни тузолмадим...

Кетаяпман армон билан,

Келишолмай замон билан...

41

15

Мактабга қовоқларим шишган, кўзларим қизарган ҳолда ёндим. Тунги келишувимизга биноан Бектемир мени “Учқулоч”* отли қудуқ қаршисида қарши олди. Руҳсиз сўрашдик.

– Тонгга яқин мизғиганимни айтмасам, Эврил, ухламадим, – у қонталаш кўзларини ўнг қўли билан ишқалади. – Бўрон оғанинг гапидан бошим тутаб, ёнди. Оқгулни номаълум хавфдан қутқазиш учун ўзимча уни дунёнинг турли пучмоқларига яшириб кўрдим.

Лекин бундан менинг кўнглим тўлмади.

“ – Фойдасиз... топиб олади!..” – деган қандайдир ғойибий сўз миямни ўяверди.

Ўйлай – ўйлай, ўйимнинг тагига етолмай, кўзим илинганини сезмай қолибман. Туш кўрибман:

“ – Оқгул ерга сиғмади, – дермиш менга оппоқ сочли бир момо.

Унинг усти-боши оппоқ эмиш. – Энди, уни Арши Аълога яшир. У ёққа дажжолнинг қўли етмайди”. – Момо бирдан кўздан ғойиб бўлганмиш.

Оқгул билан мен учишга шайланибмиз. Бироқ оёғимни ердан узолмасмишман. Қанча уринмай, қанча Тангрига ялиниб – ёлвормай, узолмасмишман. Оқгул эса Оққуш мисол оҳиста – оҳиста юксакка кўтарилармиш. Оҳиста-оҳиста... Мен унга:

“ – Тўхта, Оқгул, тўхта! – дея ёлворармишман. – Тўхта! Бирга учамиз. Тўхта!”

Лекин у тўхтамасмиш. Тобора Феруза осмон тўрига илгарилаб борармиш. Тобора... Менга мунгли-мунгли боқиб, қўлини силкирмиш:

“ – Алвидо Бек, алвидо!..”

У уча – уча таг – тугсиз осмонга сингиб кетармиш”.

Мен чинқириб уйғондим. Борлиғимни тер босди.

“ – Хайрият туш экан! – дедим энтикиб, – Тангрига шукр!..”

Мен туш таъбирини билмайман. Бироқ бундан ларзага келдим. Тиззаларим қалтиради. Буни Бектемирга сездирмаслик учун қудуққа энгашдим. Гўё зилзила юз бергандек, унда аксим қўрқувдан титрарди.

– Тушни тушунасанми, Эврил? – нажот излаб сўради Бектемир.

– Йўқ, – мен ўзимга келиш учун қудуқдан бошимни кўтармадим.

– Менимча, тушда учиш: яхшилик аломати, – у ўз сўзига ўзи унча ишонмади. Мен буни унинг овозидан сездим.

– Бек, бу ҳақда қизларга айтма, – дедим ва уни тушдан чалғитиш учун гап жиловини бурдим: – “Дор остида...” деган шеър ёздим.

– Сенам ухламабсан – да, дўстим?

– Ҳа, – қудуқдан секин бош кўтардим.

– Ўқи.

– Ҳали чала, уни қайта ишлайман.

-----------------------------------------------------------------------------------------------

* Учқулоч отли қудуқ – Учқулоч олтин кони ҳам шу қудуқ номига қўйилган. Жуда эски қудуқ. Унинг чуқурлиги: уч қулоч.

42

– Ўқийвер, менга шуниси маъқул. Пардоз – андозни ўлгудай ёмон кўраман. Бўёққа ботган қизни жиним суймайди. Бўёқ табиийлик ёви.

Атрофга кўз югуртирдим. Атроф бўм – бўш, кимсасиз. Этакда Лойқарув* цехи гулдирайди.

– Ўқидим...

– Оқинча услуб. Мақсад ҳам шундай ифодаланган, – баҳо берди Бек.

16

Мактабга бордик. Мен Оқгул билан Марвариднинг юз – кўзларида руҳсизликка қотилган сўлғинликни кўрдим. Бир – биримиз билан (бош ирғашиб) сўрашдик. Бироқ қўнишмадик. Негадир қизлар ўзларини ётлардек тутишди.

Дарсдан кейин уйларимизга ҳам унсиз қайтдик. Кесишувда Бектемир Оқгулнинг қулоғига ненидир шипшиди. У менга юзланди.

– Бизгаям “Дор остида...”ни ўқиб бер, Эврил.

– Мейли. Аммо йўлдамас. Одамларга қара... Истасаларинг бизникига юринглар. Бир йўла пичак ҳам еймиз.

– Қандоқ бўларкан?

– Саодат энам* пазандалар, – Бектемирнинг юзига қон югурди, –

Адабиётга ҳам, тарихга ҳам қизиқадилар.

Қизлар бир – бирига маъноли қарадилар, сўнг Марварид жавоб қайтарди:

– Мейли, Эврил, гапинг ерда қолмасин.

Онам бизларни:

– Бўйларингдан айланай! – дея қучоқлаб ўпиб кутиб олдилар. Ғариб кулбамиз тўрига кўрпачалар тўшадилар, хонтахтага тутилмаган терги ёздилар.

– Сизни уринтириб қўйдик, хола, – Оқгул онамга тиниқ меҳр билан термилди, – биз туриб Сиз...

– Йўқ – йўқ, қизим, раҳмат! – Онам уни бўлди, – Сизларни ўғлим билан бирга кўриб, бошим осмонга етди. Ҳечам хижолат чекманглар.

Шунга қарамай қизлар онамга кўмаклашдилар: тергига тўртта нон, бир товоқ ялпиз пичак, икки чойнак кўк чой ва пиёлалар келтирдилар.

– Ўзларингни ўз уйларингиздай сезинглар болаларим. Пичакни боя тандирдан узувдим, олинглар, тортинманглар.

Онам биз билан пича ўтиргач, узр сўраб қалқдилар:

- Мен ишга* бир кўриниб келай, ўргулайлар.

----------------------------------------------------------------------------------------------

* Лойқарув – Глина Мишалька. Бурғу цехларига махсус лой етиштириб берадиган корхона. Мен бу ерда маълум муддат маторист бўлиб ишлаганман. Бу “меҳнат дафтарча”мда қайд этилган.

* Саодат энам – Бек дўстим бўлгани учун менинг онамни – “Саодат эна” деб атарди. Мен ҳам унинг онасини “Бибисора эна” дердим.

* Мен ишга – Онам бош идорада супурувчи бўлиб ишларди.

43

Онамнинг ҳурматлари учун биз ўрнимиздан турдик.

– Йўқ – йўқ, ўтиринглар, мени ноқулай аҳволга солманглар, – онам ташқарига йўналдилар.

Биз пичакни иштаҳа билан едик.

– Зўр пиширибдилар, холам, – деди Оқгул менга, – қўллари дард кўрмасин.

Марварид қўшимча қилди:

– Жуда ейимтол бўлибди*, раҳмат.

Чой ичдик. Сўнг тергига гап – сўзсиз фотиҳа қилдик:

– Омин.

Қизлар товоқ – пиёлаларни чой идишдаги илиқ сувга чайиб, тоза латтага артишди. Шундан кейин мен ваъдамга биноан “Дор остида...”ни ўқидим.

– Эл оҳангида ёзибсан, Эврил, – ўз фикрини билдирди Оқгул, – бундан кўнглим ёришди.

– Бахшича битик, – деди Марварид, – Элга тез етиб боради..

Оқгул охирги беш қаторни такрорлади:

Илон инин бузолмадим,

Бўғовларни узолмадим.

Ўз уйимни тузолмадим...

Кетаяпман армон билан,

Келишолмай замон билан...

Мен шу аснода (яширган еримдан) Чўлпоннинг тўртта китобини

олиб келиб, хонтахтага қўйдим. Қизлар уларни кўзларига суртдилар. Ва ташна қалб билан ўқий бошладилар. Марварид қуйидаги шеърни эшиттириб ўқиди:

Кулган бошқалардир, йиғлаган менман,

Ўйнаган бошқалар, инглаган менман.

Эрк эртакларин эшитган бошқа,

Қуллик қўшиғини тинглаган менман...

Бошқада қанот бор, кўкка учадир,

Шохларга қўнадир, боғда яйрайдир.

... Менда-да қанот бор, лекин боғланган...

Боғ йўқдир, шох йўқдир, қалин девор бор...

Оқгул мана бу битикларни ёд айтди:

Эй совуқ эллардан муз кийиб келганлар,

У қўпол тушингиз қорларда йўқ бўлсин!

Эй менинг боғимдан мевамни терганлар

У қора бошингиз ерларга кўмилсин...

(“Қарғалар”)

Кўнгил, сен мунчалар нега

Кишанлар бирла дўстлашдинг!

44

На фарёдинг, на додинг бор,

Нечун сен мунча сустлашдинг?..

(“Кишан”)

Қўлимда сўнгги тош қолди,

Ёвимга отмоқ истарман!

Кўзимда сўнгги ёш қолди,

Амалга етмоқ истарман!..

(“Бас энди”)

Ўйланган ўйларга кўнгил юпанмас,

Кўнгилнинг истаги ўй билан қонмас.

Айтарлар: бу тунда ёруғ шам ёнмас

Чақмаса чақмоқни асл ўғиллар...

(“Юпанмоқ истаги”)

– Чўлпон* бу шеърларини биздан ёш, бизга тенг онларида ёзган, – Оқгулнинг кўзлари ёшга тўлди, – агар биз ўзимизни унга солиштирсак, ҳали ҳеч иш қилганимиз йўқ. Дажжол Тузум буюк шоирни энг гуллаган чоғида, қирқ ёшида “Халқ душмани” деб отди.

Юртимизда, бутун Турк оламида ундан кўра ҳам миллатпарвар инсон бормиди?

Оқгул йиғлади:

– Энг сара ўғлонларимизни ўлдиришди... Ўлдиришяпти... Бўрон оғодек кишиларга ҳам мудҳиш хуружлар қилишяпти...

– Мудҳиш хуружлар!.. – такрорладим мен.

Орага оғир сукунат чўкди. Ғам, алам, нафратга қотилган сукунат.

– Мен бир туш кўрибман, – кўнгли бўш Марварид кўз ёшини бодом гулли рўмолчаси билан артди. Сукунат чок – чокидан сўкилди. – Шу тўрттовимиз “Отучган” кўланкасида ўтирибмиз. Эврил шеър ўқияпти:

Эй тоғлари кўкларга салом берган зўр ўлка

Нима учун бошингда қуюқ булут – кўланка?..

– Ўзингдан ўқи, – дермиш Оқгул.

Эврил “Турон” шеъридан тўрт қатор ўқирмиш:

Тилимланди Туркистон ҳам бу қандоқ тақдир?..

Кетди ўзлик, кетди бойлик, кетди эрк, қадр.

Эгри, ҳаром, ёлғонларга келди заб давр.

Тўғри, ҳалол, иймонларга қазилди қабр...

Шу чоғ ер қимирлаб қолганмиш. Қандоқдир бўғиқ, ёввойи, машъум товушлар бутун атрофни тутганмиш. Тоғлар бешикдек тебранармиш. Оғочлару қоя тошлар қасир – қусур синармиш. “Отучган” даҳшат солиб қулармиш. Борлиқни чанг – тўзон қоплармиш. Бироқ бизга, битикка (отларимиз ёзилган) зарар етмаганмиш. Биз қўрққанимиздан дир – дир титраб, йиғлармишмиз. Оқгул:

-----------------------------------------------------------------------------------------------

* Чўлпон 1938 йил 4 – октябр куни тун ярмида отилган. (1898- йилда туғилган) Асли Ўшлик...

45

“ – Қўрқманглар, – дермиш, – бундан дажжол ёмон!.. Дажжол!.. Дажжол!!. Дажжол!!!

Онам мени уйғотмаганларида, билмадим, ҳолим не кечарди? Терлаб – пишиб кетибман. Тилим танглайимга ёпишиб қолгандай, гапиролмайман. Нафас ололмайман. Онам менга бир пиёла сув ичирди.

“ – Ўзингни қўлга ол, қизим, – деди, – ўзингни қўлга ол. Ёмон бостириқландинг. Чинқириқларингдан қўрқиб, уйғониб кетдим. “ Бир нима бўлдими?” деб ўйлаб, ўтакам ёрилди. Хайрият!..

– Хайрият!!. – У гапини давом эттиролмади, мени бағрига босиб, бошимни силади”...

Бектемирнинг тушидан қанча қўрққан бўлсам, бундан ҳам шунча даҳшатга тушдим. Билмадим, нега, шу лаҳза кўнглимдан Бўрон оға ўтди. Ўзимни – ўзим бошқаролмадим: титраб – қақшаб Оқгулга қарадим. У ҳам менга шундай алпозда боқди. Шунда унинг қўрқув, шубҳа, хавотирларга тўла нигоҳларида, ўрта бичимдаги қалин, қора киприкларининг пирпирашларида ва одамни ўзига жодудай тортувчи дудоқларининг сирли очилиб – юмулишларида: “Бўрон оға соғ – саломатмикан?!!” деган хазин сўзларни ўқидим. Марварид билан Бектемирда ҳам шундай ҳол юз бераётганини туйдим. Ахир, тоғдек таянчимиз: Бўрон оға – да. Тангри кўрсатмасин, агар ундан айрилиб қолсак, ҳолимиз не кечишини тасаввур ҳам қилолмайман. Айниқса, менга нишонда тургандек туюлган Оқгулга қийин бўларди...

Шуни ўйлаб юрак – бағрим эзилди.

18

Онам келди. Негадир унинг юзи ўчган, дудоқлари титрарди:

– Бошлиқ* ошиқич касалхонага кетди. Бўрон оға оғирлашган кўринади. Ё?! Ёки!..

Киши кутулмаганда ҳалокатга йўлиқса ёхуд ўлса, унинг яқин одами қаттиқ куяди, ларзага келади ва оқибат гапиролмай қолади. Ҳозир онам ҳам шундай ҳолатда эди.

Бу даҳшатли хабардан Оқгулнинг юзлари қор тусига кирди, елкалари силкинди, кўзлари аянчли ёшга тўлди. Марварид, Бекда ҳам шу ҳол. Мен музга айландим. Бек, қизлар ғариб бир аҳволда қалқдилар. Оқгул эски Боғдон одатига кўра онамга миннатдорчилик билдирди:

– Нон – тузингиз учун, тотли сўзингиз учун раҳмат, хола!

Кетишди.

Сўлғин, тушкун бир алпозда кетишди. Уларнинг бошлари узра, не учундир қарғалар айланардилар ва аччиқ – аччиқ қариллардилар.

------------------------------------------------------------------------------------------------

* Учқулоч кони бошлиғи Сокол кўзда тутилади.

46

Аччиқ – аччиқ!..

Балки, менга шундай туюлгандир?

– Ишқилиб яхшиликка бўлсин-да! - Онам хўрсинди.

Оғир хўрсинди.

Оқгул, Марварид, Беклар кўздан ғойиб бўлгунларича, она – бола кулбамиз олдида оғочдек қотиб турдик.

Онам йиғлади.

Мен ҳам.

19

Эрталаб руҳсиз бир алпозда мактабга жўнадим. Кечагина асов отдек юрган Бўрон оғанинг қўққис ўлими туманга нур тезлигида тарқалган шекилли, одамлар (яёв, эшак, от, мотоцикл, машиналарда) унинг уйи томон оқардилар.

Тинсиз оқардилар...

Оқгул билан Марварид мактабга келишмади. Биз ўқувчилар Бўрон Худойқуловнинг хотираси учун бир дақиқа сукут сақладик. Кейин Бектемир билан мен жоназага ёндик. Бироқ уни сўнгги бор кўриш бизга насб этмади. Туманот одамни ёриб ўтолмадик.

Туманот одам!..

Туркда: “Эл оғзига элак тутиб бўлмайди” деган гап юради. Балки, у бизга тош асридан келар? Оламон исканжасида сиқилароқ, терга ботароқ қаерга силжимайлик, ҳамма ерда қулоғимизга тизгин билмас сўзлар чалинарди:

– Кечагина соғ – саломат юрувди – я!

– Оғулаган!..

– Уруш зобитини – я?

– Тузумга ёқмаса, айросиз.

– Тўғри сўзлиги учунми?

– Ҳа.

– “Элим” дегани учунми?

– Ҳа.

– Секин сўзла, деворниям қулоғи бор.

– Бир жонга бир ўлим.

– Катта гапирма.

– Балки, ўз ажали биландир?

– Бу, бир фараз .

– У ҳали – вери ўладиган одаммасди.

– Ажал қачон келишини ҳеч ким билмайди.

47

– Юрак хуружидан ҳам дейишяпти.

– Олдинлари юраги сира оғримаган – ку. Фақат...

– Нима, “фақат”?

– Анави ажал ташкилот* билан унинг орасида бир гап қочганмиш... Шундан сўнг...

– У бир гапга: “Юрагим” демас. Қўрқмас, иродали одам эди.

– Балки унинг юрагига оғу юборгандир?

– Билмадим, бари миш – миш. Асос йўқ.

– Асос: З А М О Н...

– Бу бир қисмат. Манглайига битилгани шу...

“ – Одам боласи ҳар қандоқ оқибатга бир сабаб топади. – Ичимда бир сас исён кўтарди. – Қисматмиш!.. Худди унинг манглайидаги битикни ўқигандек сўзлайди.

Бўрон оға замонга сиғмади. Тўғрироғи, уни Замон сиғдирмади.

Менимча, ҳамма замонларда ҳам эркин фикрловчи, ҳақни айтувчи кишиларга қийин бўлган:

Исо Мосиҳ хоч этилган.

Мансур Ҳаллож чопилган.

Жўрдано Буруно ёқилган.

Галилео Галилейнинг териси тириклай шилинган.

Мирзо Улуғбекнинг боши узилган...”

Дафн маросимида Сокол ҳам сўзлади:

– Биз тирик эканмиз, у хотирамизда яшайди. Одамнинг қадр – қиймати уни эл – юртига қилган иши билан ўлчанади. У эккан кўчатлар мева беради...

Алвидо дўстим!..

Умр сезилиб – сезилмай ўтаверади, ҳатто улуғ воқеалар, фожеалар, офат, ўлимлар... ҳам унутилиб кетилаверади. Менимча, инсон мажбурий тарзда ўз хотирасида ҳеч воқеани сақлолмайди. Фақат унинг қалбини табиий равишда, яъни эркин ҳолда эгаллаган айрим нарса, ҳодиса, фикр, гапларгина бундан айро.

Кон бошлиғининг Бўрон оға қабри бошида айтган ҳар бир сўзи ҳарфма – ҳарф Эсимда қолди. Орадан эллик беш йил ўтса ҳам, ҳозиргидек ёдимда. Оламон ҳам, башбоқсиз гаплар ҳам...

“У эккан кўчатлар мева беради...” фаҳимча шу кўчатлардан учтаси: Оқгул, Марварид, Бек. Тўртинчиси, балки мен. Агар мен бўлсам, ишончни оқлашим керак.

------------------------------------------------------------------------------------------------

* Ажал ташкилот – ГПУ.

48

“Қачон улғаяман?” деб кутиб ўтирмайман. Улуғбек тўққиз ёшида Туркистон султони бўлган. Бобур* ўн икки ёшида тахтга ўтирган.

Бири буюк олим.

Бири буюк лашкарбоши, шоир, ёзар, файласуф.

Мен қаламим билан ғанимга ўт очаман. Бироқ ёзиш қоидаларини билмайман.Умримда асл ёзар, шоир, олимларни кўрмаганман. Улар мен

учун афсона... Ҳатто сийқаси чиққан маддоҳлар ҳам бизга учрашувга келмаганлар. Келганларида ҳам кир кўпиклардан нимани ўрганаман? Сотқинликними?...”

Ўзимни курашга ярамайдиган мисол ожиз сездим. Нима қилай? Ўйга ботдим. Бир – бирига қарши ўйга... Шунда ногоҳон, Оқгулнинг гапи эсимга тушди:

“ – Асар ёзишни ўргатадиган алоҳида мактаб йўқ. Ўзингда бўлмаса, ҳеч ким ўргатолмайди”!

“ – Буни сен қаердан биласан, Оқгул?”

“ – Яҳудий хоним ҳам шундай фикрдалар. Тошкентдаги қариндошим ҳам... Буни мен қалбим билан ҳам ҳис этаман. Оқинларга, бахшиларга қара. Улар Она Ер қаъридан отилиб чиқаётган булоқларни эслатади. Биласан, булоқлар ҳар ердан чиқмайди. Жуда кам, жуда гўзал ошёнлардан чиқади. Чин оқинлар ҳам туманот одамлар ичидан битта ё иккита чиқади. Уларнинг ҳам юракларидан шу булоқлар каби ҳеч бир мактаб, ҳеч бир олимнинг ўргатмасисиз шеърлар қайнаб чиқади. Масалан: Эргаш Жуманбулбул, Фозил Йўлдош, Ёдгор Бахшилар... Буюк Бобурчи? Унинг қисқа умри жангу – жадалларда кечган. “Бобурнома”ни бирон академик ёзоладими? Рубоий, ғазаллариничи? Одамда туғма иқтидор бўлмаса ( у Лондон, Париж, Нью Йўркда ўқиса ҳам) ундан ёзар чиқмайди. Чин ёзар Тангридан... Сенда ҳам иқтидор бўлиши мумкин, Эврил, ёз. Элимиз дардини, ғам – аламларини ёз. Ҳақиқатни ёз!

“ – Мен ҳақиқатни ёзаман, - ихтиёрсиз бир тарзда сўз бердим ўзимга – ўзим, – бундай тақдирда ёв: “Ёш бола” деб мени кечирадими? Асло! Отади. Ё пашшадек эзғилаб ташлайди. Изсиз. Ном – нишонсиз. Қўрқаман. Ҳу бирда Оқгул: “Бир иш қилмай ўлиб кетишдан қўрқаман” деган эди.

Мен ҳам шундан қўрқаман. Иш қилишим учун эса яшашим керак. “Қўрқмайман” дейиш, менимча, аҳмоқлик. Қаршимда: “ Осмонга устунман!” дегандек баланд қоя турибди. Минг уринсам ҳам уни ёриб ўтолмайман. Бошим мажақ бўлади. Ақл билан иш юритаман: мақсадимга

------------------------------------------------------------------------------------------------

* Бобур қирқ етти ёшида очунни тарк этади.

49

етиш учун ҳиссиз қоя ва унинг қақшоқ тизмаларини айланиб ўтаман. Яъни ҳақиқатни ёзиш учун ўзгача йўл тутаман. Ўзгача йўл?.. Қандай йўл? Рамзийми? Воқеаларни бир юртдан иккинчи юртга кўчиришми? .. Ёхуд воқеаларни ҳайвонат, табиат орқали беришми? Яна қандай йўлу, усуллар бор? Бу ҳақда ўйладим. Элга осон етказиш ҳақида ўйладим. Охири бир ечимга келдим: “Оқгул билан кенгашаман. Фикрдан – фикр

туғилади. Лекин ҳозир у уйида. Бўрон оға ўлимидан кейин ўзига келолмаяпти. Нима қилмоқ керак? Уни мактабга келишини кутаман. Қачон келади? Сўрай десам Марварид йўқ. У ҳам Оқгул билан бирга. Кенгашмасам - чи? Кенгашмайман. Йўқ, кенгашаман. Мендан кўра унинг билими теран. У яҳудий хонимдан ҳам кўп нарса ўрганган.

Оқгулни кутаман.

Орзиқиб кутаман.

Аммо ёзгим келаяпти.

Тангрининг карами кенг: Қуёш тикка кўтарилганда, тушда кулбамизга Оқгул, Марварид, Беклар келишди. Бекнинг қўлида ҳозиргина тандирдан узилган, тергига ўралган пичак*! Мен уларни зўр кувонч билан кутиб олдим. Яширмайман: тоққа саёҳатимиздан кейин қизларни кўп эслайдиган, ўйлайдиган бўлиб қолдим. Ажабланарлиси: икковини ҳам бирдек кўргим келарди. Балки, Оқгулни кўпроқдир? Аниғини билмайман.

“ – Бу қандоқ туйғу?” – Ўзимга – ўзим савол бердим. – Қандоқ туйғу ?

Иккала қизни бирдек севиб қолдимми? Йўқ, ҳали мен севги ёшидамасман. Балки, шундай дея ўзимни – ўзим алдаётгандирман? Ўн беш ёш кичик ёшми? Ундоқда икковини ҳам бирдек севишим мумкинми? Йўқ. Ўйладим, ўйладим, ниҳоят калаванинг учини топдим:

Бу миллий туйғу!..

Бу миллий эътиқод қудрати!..

Шу буюк туйғу бизни бир – биримизга тортаяпти. Оҳанграбо мисол.

Агар элимиздаги шу туйғу, яъни сунъий тарзда “музлатилган...” туйғу “эритилса”, биз қудратга айланамиз. Худди буюк Темур салтанати мисол... Тангри берган бу азалий туйғуни сохта туйғу* қанча сиқмасин, уни миллатимиз қонидан сиқиб чиқаролмайди. У “муз”да мудраяпти холос. Зотан ҳар қандоқ мудроқ, жумладан: ақлий мудроқ ҳам абадиймас. Вақтинча. Уни уйғотмоқ керак!

Миллий туйғуни уйғотмоқ керак.

Ғурурни уйғотмоқ керак,

Ёвга нафратни уйғотмоқ керак.

Уйғотмоқ сувдек зарур.

Уйғотмоқ нурдек зарур.

Уйғотмоқ ҳаводек зарур.

------------------------------------------------------------------------------------------------------

* Пичакни Марвариднинг онаси ёпган.

* Сохта туйғу – коммунистик туйғу – мафкура.

50

Буларсиз мустабдид занжирларини узолмаймиз.

Миллий туйғу, ақл мудрагани учун фалокат юз берган. Бераяпти...

Мустабдид занжирлари...

Мен Чўлпон каби шу занжирларни узиш учун туғилганман!”

“ – Осмондан туш, Эврил”, – деди қулоғимга номаълум овоз.

“ – Кўнглимдагини айтдим, – дедим ва ўзимни оқлаш учун қўшимча қилдим, – яширишни писмиқлик деб биламан”.

“ – Сезаяпман, бола, эҳтиросларингни юрагингга сиғдиролмаяпсан. Лекин, барибир, камтар бўл, донг – довруққа эришганингда ҳам, бошинг осмонга етганида ҳам... Одам ўзини доим идора қилиб юргани маъқул. Йўқса, қоқилиш мумкин...”

– Қайтиб кетаверайликми, Эврил? – Марвариднинг ҳазилга йўғрилган кесатиғидан ўзимга келдим.

– Узр, қизлар, – дедим шошиб. – Сизларни кўриб севинганимдан...

– Ҳаяжонланганимдан... – Гапимни бўлиб кулди Марварид.

– Иккови ҳам... Шунга хаёлим...

– Хижолат бўлма, Эврил, – Оқгул мени сўзлашга қўймади.

– Сизларни ўйлаб турувдим.

– Тинчликми?

– Кенгашмоқ учун...

– Яхши... Холам кўринмайдилар?

– Ишдалар.

Уйга кирдик. Мен хонтахтага терги ёздим. Сопол товоқдаги пичакнинг ўткир, ёқимли бўйи уйни тутди. Оқгул онам учун тўртта пичак ажратди. Марварид уларни чинни косага солиб, токчага қўйди. Мен қизларга онам ёқиб қолганини ҳис қилдим.

Бек примусда қайнаган чой идишдан туника чойнакка чой дамлаб келди. Едик, ичдик. Сўнг Бўрон оғани ўйлай – ўйлай ўзини анча олдириб қўйган, юз – кўзлари синиққан Оқгулнинг таклифи билан “Оқ туғ” отли махфий кенгаш туздик. Шунда мен Оқгул, Марварид, Бекларни бизникига бежиз келишмаганини англадим. Фаҳмимча: “Оқ туғ” фикри яҳудий хонимдан чиққан. Яна Тангри билгувчи.

– Бу тўртлик Кенгаши бўлади, – деди Оқгул. – Эҳтиёткорлик нуқтаи назарида унга бошқа аъзо қабул қилмаймиз. Ўнинчи синфни тугатайлик, кейин... “Оқ туғ”га Йўруқни мен ёзаман. Кенгашда уни кўриб чиқамиз. Йўриқ асосида икки йиллик режа ҳам тузиб оламиз. Ҳар ойда икки марта Кенгаш ўтказамиз:

Уйда...

Ўта яширин тарзда.

Розимисизлар?

– Ҳа, – дедик биз.

– Энди, сенинг фикрингга келсак, Эврил, менимча, тўғри. Зеро ундан ўзга йўл ҳам йўқдек. Яҳудий хоним ҳам шундай дегандилар. Юртимиз, умуман, турк юртлари фожиаларини Ҳиндистонга кўчир.

51

Ҳиндларнинг инглизларга қарши Озодлик курашлари... Ёхуд Алжир – Фаранги фожеалари... Биринчи галда у юртларни ўрганиб чиқ. Жўғрофик, тарихий, этник жиҳатларини...

– Шубҳасиз, Оқгул.

– Қатағон йиллари фожеаларини ҳайвонот дунёси орқали митти-митти ҳикоячаларда ҳам бериш мумкин. Дейлик:

Ўтлоқда пода ўтлаяпти. Икки буқа бир-бири билан сузишаяпти.

Бутоқлар панасида оч бўри писиб турибди.

Пода бефарқ ўтлаяпти.

Бир буқа ҳолдан тойди.

Оч бўри писиб турибди.

Пода бефарқ ўтлаяпти.

Бир буқа гандираклаб – гандираклаб йиқилди.

Оч бўри унга ташланди.

Пода бефарқ ўтлаяпти...

– Зўр нарса бу, Оқгул! Бу сендан чиқдими ё яҳудий хонимдан? – Ҳаяжон ичра сўрадим мен.

– Буни сенга нима фарқи бор?

– Узр, Оқгул. Аммо, яхши рамзий ҳикояча бўлади. Тагида замон фожеаси...

– Сен ҳам уни Эврилдек тушундингми, Бек?

– Ҳа.

– Қани, айт.

– Ўтлоқ – юрт.

Пода – эл.

Оч бўри – ГПУ*.

Оч бўри подани битта – битталаб ейди. Чунки пода бир-бирига кўмак бермайди. Бундан оч бўри фойдаланади...

– Яша, Бек! Демак, эл ҳам буни тушунади. Ҳаммаси бўлмаса ҳам, онгли қисми. Эврил, сен шу ҳақда содда тилда митти ҳикоя ёз. Уни “Оқ туғ” тўртлик кенгашида кўриб чмиқамиз. Сўнг, секин – секин марказий газета – журналларга ҳам...

– Яхши, Оқгул.

– Менда ҳам бир фикр бор, Оқгул. – Марварид суҳбатдан илҳомланди. Унинг кўзлари, яноқлари ёнди.

– Айт.

– Масалан тут... – Марварид ҳаяжонини босиш учун бир зум тин олди ва сўнг гапни бошқача бошлаши зарурлигини туйди. – Ҳар йили Эл оқилларини олиб кетишади: борса келмас ерларга... Чунки оқиллар халқни уйғотиб юборишлари мумкин... Шундан қўрқишади... Буни адабиётда, менимча, қуйидагича акс эттириш мумкин:

Тут – Эл.

Яъни: Эл рамзи.

------------------------------------------------------------------------------------------------

* ГПУ-ҳамон эл КГБни ГПУ деб атарди.

52

Тутни ҳар йили каллаклаб кетишади...

Ҳар йили...

Ҳар йили...

Ҳар йили...

– Бундан ҳам ажойиб ҳикоя чиқади, Марварид! – Мен севинганимдан ўзимни тутолмай Марварид билан Оқгулнинг қўлларини сиқдим.

Қизлар мени тўғри тушундилар. Тотли – тотли жилмайдилар.

– Биз сенга теша тегмаган мавзулар топиб берамиз. Сен уларни миянгга, қонингга, юрагингга сингдирасан, идрок қиласан, кейин ёзасан. Шунда ҳикояларинг табиий чиқади. Ўзинг ҳам тинмай излан, ўқишни ҳам қўйма.

– Фикримиз бир хил, Оқгул.

Шу он эшик ортида нимадир шитирлади. Бек ташқарига қоплондек отилди.

– Кимсан?! – Бекнинг зардага қотилган ғазабли овози келди.

– Электрик...

– Сени ким чақирди?

– Бу Махсумовлар уйими?

– Маҳмудовлар уйи.

– Узр, болакай, адашибман.

– Қайта адашма.

– Адашмайдиган одамнинг ўзи йўқ.

– Атайлаб адашма!..

Чамаси, гапи нишонга тегди, гўё унинг бошига томдан муз тушди, борлиғи ларзага келди. Лекин у ҳар қандоқ кутулмаган зарбаларга махсус тайёргарликдан ўтганлар тоифасидан эди, ичини сездирмаслик учун хотиржам қиёфа ва хотиржам овозда деди:

– Ундоғини кўрмаганман.

Бектемир қалби билан электрикнинг юзида кўз билан илғаш қийин бўлган ўзгаришни уқди. Ва таҳдидли оҳангда буюрди:

– Энди ўч, артист!..

– Кичик бўлсанг ҳам тилинг заҳар кўринади, болакай.

– Ўч!!. Йўқса, эсингни жойига келтириб қўяман, иккинчи атайлаб адашмайсан!

Бу гап электрикнинг иззат – нафсига тегса ҳам чидади. Қолаверса, у кучда унга бас келишига ҳам шубҳа қилди. Қуёш тиғидан қайтган кўланка мисол изига қайтди.

Мен Бектемирнинг ортидан чиқдим. Важоҳати қўрқинчли эди. У менга ёвига отилай деб турган йўлбарсни эслатди.

– Ким экан у, Бек?

– Бир хачир, ўзбек билан ўрис чатишувидан туғилган хунаса.

– Қаердан билдинг?

– Унинг башараси буғдой ранг, кўзи кўк, у Ўзбекчани ўрисдай бузиб гапиради. Балки ҳаромдан туғилгандир?

53

– Гуноҳга ботма. Кейин одамлар билан қўпол муомала қилма.

– У одамми?.. У қўйилган кимса...

– Ким бўлса ҳам. “Яхши гапдан илон инидан чиқади”.

– Илон чиқиши мумкин, аммо чекист чиқмайди. Икки дунёда ҳам чиқмайди.

– Ўжарсан дўстим... Қолаверса, унинг чекистлигини исботлолмайсан.

– Сездим.

– Сезги бошқа, исбот бошқа... Хўш, нима дейди у?

– Шу яқин – ўртада Махсумов дегани яшайдими?

– Ҳа, уч – тўрт уй нарида.

– Қандоқ одам?

– Қайдам? Бир сўққа бош киши, уруш қатнашчиси. У билан алоқамиз йўқ.

– Э, ҳа, анави орден – медаллар тақиб юрувчи, оқсоқ, ҳассали касми?

– Айни ўша. Ишқилиб, Бек, “электрик” кўнглига бир ёмонлик тугиб кетмадимикан?

– Тугиб келганини сездим. Аммо итга ўхшаб думини қисиб кетди, яна тугиб келиши мумкин.

– Агар у ёқни одами бўлса, энди келмайди... Бошқалари кўп... Энди, у пана-пастқамлардан туриб қопади...

Ичкарига кирдик. Қизларнинг юзларига яна ваҳм, ғам кўланкалари ёйилган эди.

– Электрик бизнинг уйга адашиб келибди. – Мен жовдираган кўзлардан қўрқувни ҳайдаш учун ўзимни хотирижам тутдим. – Маҳмудов – Махсумов... Янглишган... Агар у томоннинг одами бўлганида, Бек билан пачакилашиб ўтирмасди, унинг манглайидан дарча очарди, уйга ҳам бостириб кирарди.

Оқгул менинг гапимга қўшилмади:

– Энди, Эврил, Иосиф Сталин замони ўтган. Энди, Никита Хрушчев даври. У Эрк эшигини қитдек қия очди. Ҳатто унинг ўзи ҳам минбарларда туриб “Худо хоҳласа” деган сўзларни айтмоқда. Давр шуни талаб қилаяпти. Энди, яҳудий хонимнинг айтишича, йўқ қилишнинг бошқача усуллари ишлаб чиқилган.

Замонавий усуллар:

Авто ҳалокат...

Хилват ерларда мавҳ этиш...

Ўзини – ўзи ўлдирганга чиқариш...

Ўғирлаб кетиш...

Минг хил йўл...

54

Минг хил усул...

Қамоқ, қийноқ, туҳмат, фитна... усуллари ҳам ислоҳ қилинган...

Тузм эркин фикрловчи кишиларни ҳазм қилолмайди, уларни йўқ этиш мақсадида турли фитналар ишлаб чиққан.

Энг Мудҳиши:

ТУҲМАТ...

Бир мисол:

Эл эътиборидаги объектларни ёқиш, ёхуд портлатиш...

Тушуняпсанми:

Ёқиш,

Портлатиш...

Ёки уйига қурол тиқиш...

Гитлер ўз шахсий душманларидан ўч олиш учун Рейхстагни ёққан ва буни уларга тўнкаган. Узун йиллар кечароқ буни дунё энди биляпти. Бироқ кеч. Чунки бу машъум фитна оқибатида сон – саноқсиз ёзуқсиз кишилар қатл этилган, қамалган, қийноққа солинган...

Профессор Мария хоним Лелинградга қайтиш онларида, овлоқ ерда* менга ушбу гапни айтгандилар:

“ – Ер юзида давлат мафиясидан кучли ҳамда ёвуз мафия йўқ.

У ҳар қандоқ тубанликдан қайтмайди.

Ундан эҳтиёт бўл”

Мен бу гапнинг мағзини энди чақаяпман.

Ўша куни, ўша овлоқ ерда гапдан – гап чиқиб, менга яна бундай дегандилар:

“ – Тангри кўрсатмасин, ақл, илм – фан ёмон мақсадда қўлланилса, ер тузатиб бўлмас ҳалокатга йўлиқади...”

Профессор хоним таъсирими, билмадим, баъзан, менга ҳам ўзгача ўйлар чирмашиб олади:

“ – Одам боласи илм – фанни тобора теран эгаллаётгани сари у йиртқичлашиб бораётгандек туюлади”.

Яҳудий хоним билан Оқгулнинг фикрларидан келиб чиққан ҳолда мен дедим:

– Табиат “ваҳший”лигига қараганда, инсон ваҳшийлиги ёмон. Ҳатто унинг паёни йўқ.

Табиат “ваҳший”лиги, менимча, ердаги ҳаёт мувозанатини сақлаш учун Тангри қонунлари асосида юзага келади.

------------------------------------------------------------------------------------------------

* Овлоқ ерда – Соколнинг боғ уйида.

55

Инсон ваҳшийлиги нафс, худбинлик, улуғ миллатчилик, мафкуралар сабабли рўй беради.

Бу ёвузликлар ичида энг разили:

Сохта мафкура...

Сохта мафкуралар...

Унинг олдида энг кучли зилзила ҳам ҳалво.

Энг кучли вулқон ҳам.

Сохта мафкура(ичида ва ё очиқча) Худони ҳам тан олмайди. У ҳар қандай ёвузликдан қайтмайди. У бизнинг йўлимизда ўлат мисол турибди...

Ақл билан ҳаракат қилсак:

Ҳар қандоқ тўфондан ҳам сақланамиз.

Тангри насб этса:

Сохта Мафкура хуружларидан ҳам...

Агар ҳар сир тўртовимизнинг орамизда қолса, Кенгаш билан иш юритсак, йўлимиз очиқ бўлади...

– Менимча, тўғри талқин. – Оқгул менинг фикримга қўшилди, – Энди, сенга халақит бермайлик, Эврил. Сен ёз. Кейин уни “Оқ туғ”да кўрамиз.

Қизлар кетишди.

Орзу – умид билан кетишди.

Ғам, хавотир билан кетишди.

Мен буни ҳис этарканман, уларга кўнглимдагидек кўмак беролмаслигимни ўйлаб, қон ютдим. Айни чоғда Бектемирни ҳам илож – имконсизлигимиздан эзилаётганини туйдим.

Қанчалар оғир!..

Қанчалар қоронғу!..

Бироқ шу зулмат ичидан нур ахтаришимизни ўзи бизга куч – қувват, умид бағишларди ва бундан биз ўзимизни бахтиёр сезардик.

Онам келди. Қизларни йўлда кўрганини, улар кўзга яқин бўлиб қолганини, ўтган – қайтганларнинг эътибороларини тортаётганини айтди. Сўнг бизга синчков қараб, қўшимча қилди:

– Икки кас уларга суркалаётгандек бўлди. Ё менга шундай туюлдими, билмадим.

Бектемир: “ – Мен ҳозир келаман” – дея қизлар томонга чопди.

Онам бу гапни айтганига пушаймон еди ва унинг орқасидан ҳай – ҳайлаб қолди:

– Ҳой, тўхта болам, тўхта!

Бектемир эшитса ҳам, эшитмасликка олди, тўхтамади.

56

Қизлар уйларига яқинлашганда, у қадамини секинлатди. Уларнинг изидан бораётган икки йигит йўл четига ўтишди. Бир – бири билан алланималар ҳақида пичирлашди. “Беламор” тутатишди.

“ – Улар бу ерлик эмас, – кўнглидан ўтказди Бек, – келгиндилар”.

У болалигига борди. Ички туғёнини жиловлолмади. Икковлонга бўри каби заҳар сочиб қаради. Улар бунга эътибор беришмади. Ҳатто парво қилишмади. Биринчи шахтадан чиққан тош тизмалари сари юришди.

“ – Учқулочни билишади, – деди ўзига-ўзи Бек, – қандоқ билишади? – У ҳайрон бўлди ва ундаги қизиқув ортди. Ўзи сезиб-сезмай икковлоннинг изига тушди.

Худди шу сонияда мен Бектемирга етиб олдим.

– Нега келдинг? – Тўнғиллади у норози оҳангда.

– Сенинг феълингни билмаганимда, келмасдим.

– Нима?..

– Қонинг тез, гоҳо ўзингни бошқаролмай қоласан. Ўз кучингга ҳам ортиқча ишонасан.

– Икковини ҳам тўкиб ташлайман!

– Оғизда.

– Жиғимга тегма!

– Агар улар чиндан ҳам ГПУ бўлсалар, махсус мактабни битирганлар: Каратэ, У – ШУ, КУН – ФУ ларни сув қилиб ичганлар.

– Тўқима.

– Соддасан, дўстим.

– Башараларини бузиб қўяман!

– Ҳовлиқма, ўпкангни бос. Улар доим қурол билан юрадилар.

– Бек ўйланиб қолди.

– Кузатишга шахта этагидаги ҳув анави тепа қулай.

– Тўғри, Эврил.

20

Йўлни кесиб, сўлга югурдик. Қовжироқ ўтлар босган тепага эса сездириб қўймаслик учун деярли ўрмалаб чиқдик ва тошлар панасига ўрнашдик.

Бу ердан бутун атроф яққол кўринмоқда. Қизларнинг уйлари ҳам. Шимолда, Учқулочга кираверишда, бир – бирларининг устиларига қат –қат ўлароқ тахланган узун – узун оғоч қутилар ҳам. Уларнинг ичларига бурғу цехларидан чиққан (бодринг узунлиги ва йўғонлигидаги) силлиқ,

57

кўкиш, товланувчи тошлар терилган. Бу қимматбаҳо қутилар бир гектардан ўнжа* ерни ишғол этади. Уларни ерлилар эмас, ўрислар қўриқлайдилар.

Бояги икки йигитдан бири, бўйи узунроғи гўё шунчаки бир лоқайд қиёфада теграга кўз югуртирди. Иккинчиси қутилар орасидан “Иж” мотоциклини олиб чиқди. Улар қўриқчига бир сўз ё раҳмат айтмай пастак тоғлар этагидаги чағир тошли сўқмоқдан “Хонбанди” томонга учишди. Ортларидан тутун аралаш чанг – тўзон кўтарилди.

Бектемирнинг юзи бўз тусига кирди. Томоғига без қалқди ва у асабий ўйнай бошлади.

– Эсингдами, Эврил, қудуқ бошида сенга тушумни айтганим.

– Нимайди?

– Шундан қўрқаяпман.

– У туш...кўп ўйлаш оқибати... – Мен Бектемирга таскин бердим.

Аммо ўз гапимга ўзим ишонмадим. Шунда, бехос, бошимда ушбу сўз тентак қўй бир ерда айлангани каби айлана бошлади:

“Туш... Икки кас...”

“Туш... Икки кас...”

“Туш... Икки кас..”

Ўзимни қўлга олишга ҳар чанд уринмай, ололмадим.

“Туш... икки кас...”

Туш сўзи миямни мажақлаб кечаркан, аллақандоқ мавҳум, мудҳиш хавфни аждар мисол писиб, ўрмалаб келаётганини хаёл кўзи билан кўрдим. Йўқ, кўргандек бўлдим. Бундан жунбушга келдим.

– Сен менга тасалли беряпсан – у, бироқ ўзинг ҳам қўрқаяпсан.

– Сенга шундай туюлаяпти.

– Мени аяш учун ёлғон сўзлама.

– Чин.

– Одамнинг ичидаги юз – кўзига чиқади.

– Мен ўйлаяпман.

– Нимани?

– Одамни қийнама.

– Ичингдагини айт, билишни истайман, жуда истайман.

– Бўрон оғанинг сўнгги ўтинчи ҳақида... – дедим мен уни Туш ва икки касдан чалғитиш учун ноилож, – дўстим, мабодо, бизни кузатаётган бўлса, бу унча хавфлимас.

– Бўлмаса, сен нега қўрқаяпсан?

------------------------------------------------------------------------------------------------

* Ўнжа – ортиқ, кўп, ошиқча.

58

– Онам айтгандек: мен ҳам ожиз бандаман, ҳар нарса хаёлимга келади. Энди, Бек, одамни кўп эзма. Худо хоҳласа, бари ўз изига тушади. Менимча, бизни “жим юрсин” деб қўрқитиб қўймоқчи. Бошқа мақсади бўлганда, чўзиб ўтирмасди...

– Ишқилиб шундай бўлсин – да, Эврил, лекин, мен бунга унча ишонмайман. Оқгулнинг ўзи ҳам қўрқувда. Уйқусида ҳам ҳаловат йўқдай. Озиб кетди. Аммо сир бергиси келмайди. Дарди ичида.

– Иродали қиз, – дедим мен ва уни чалғитиш умидида гапни ўзга мавзуга бурдим, – имтиҳонларни тугатишга ҳам саноқли кунлар қолди, Бек. Бир тузук тайёргарлик ҳам кўрмаяпмиз.

– Ҳозир кўнгилга имтиҳон сиғадими, Эврил? “3”га жавоб берсам, бас, ортиғи керакмас.

– Тушкунликка тушаверма, дўстим, кетдик.

– Сен боравер, мен кейин...

– Юр.

– Бир ишим бор... кейин...

– Мейли... Кечки емоққа барак* билан қатиқ дегандек... кутаман...

– Мейли, Эврил.

Мен тепадан оғир ўйлар қуршовида энарканман, нечундир, кутулмаганда, менинг бошимда ушбу сўзлар бонг урди:

“ – Бир муаммо чиқармаса бўлгани”.

21

Бектемир ўзича миясида “пиширган иш”ни амалга ошириш учун уйига* борди. “Правда” газетасига ўқловидек узун, йўғон темирни ўради. Уни кандир ип билан айлантириб боғлади. Лимонанд шишасига тўлдириб туз солди. Егулик, ичгулик олди ва тепага қайтди.

Бу онда қуёш қонталаш уфққа сингиб борарди. У одамга бевақт, ёвузона узилган, сўнг кераксиз нарсадай улоқтирилган, бунинг оқибатида қизғиш-сарғиш рангли гуллари тўзғиб, тўкилароқ юмалаётган кунгабоқарни эслатарди. Қизилқум ва тоғ тошлари бир-бирига қотилароқ Учқулочга сўнгги “ўт”ларини пуркарди. Ҳаво бўғиқ, дим.

----------------------------------------------------------------------------------------------

* Барак – чучвара.

* Бектемир Учқулочда қариндошининг уйида яшарди. Лекин кўп вақтини бизникида ўтказарди.

59

“Маданият уйи” қаршисида – рақс (танца) майдони теварагида соқчилардек ҳиссиз турган “Ўрисоғоч ”*ларнинг барглари “қилт” этмасди.

22

Тун оғди ҳамки, икки кас қайтмади. Энди Қизилқум билан тоғ тошлари совуган, қаронғилик остида мудраётган ер узра салқин эпкин эсаяпти. Бектемир барак, қатиқдан ўзини – ўзи қийганига ўкинди. Нон еб, сув ичди.

Бироқ кўзини чироқлар (цвет) нурида ғира – шира кўринаётган Оқгуллар уйи билан “Олтинтош омбори”* дан узмади.

Учқулочда одам уруғи кўринмайди. Ҳатто бир ит ё бир мушук ҳам. Гўё ҳаёт йўқдек. Ойсиз осмондан юлдузлар тўкилмоқда. Бектемир умид ва умидсизлик “қозон”ида қоврилди:

“– Ҳозир келишади... ҳозир... Йўқ, келишмайди. Балки, улар “Олтин тош” омборига ўз юмушлари билан келишгандир? Шу баҳонада Учқулочни айланишгандир? Йўқ, қизлар билан изма – из юрдилар. Буни мен ўз кўзим билан кўрдим. Саодат энам ҳам: “Икки йигит қизларга суйкалаётгандек бўлди” – дедиларку. Дедилару, аммо кўзга яқин қизларга ким ҳам суйкалмайди? Лекин... лекин уларнинг кўзлари совуқ эди..! Менинг сезгим алдамаса, улар қизларни таъқиб этдилар. Таъқиб!.. Улар исковичлар. Ҳа, исковичлар. Буни юрагим сезаяпти. Ҳозир келишади, ҳозир...”

Ниҳоят, соат иккидан ошганда узоқдан мотоцикл чироғи(фараси) кўринди. Сўнг овози эшитилди Бекнинг юраги гурс – гурс ура бошлади. Тиззалари қалтиради.

Мотоцикл теграси тиконли симлар билан ўралган “олтинтош” омбори қопи*си ёнига келиб тўхтади. Ундан бошдан – оёқ қора кийинган икки кас тушди. Бек хира ёғдуда уларнинг башараларини аниқ кўролмади. Миллатларини ҳам аниқлолмади. “Ўшалар бўлса керак?” – деб ўйлади.

Улар негадир “ИЖ”ни кундузгидек қутилар орасига бекитмадилар.

Бектемир: “ – Чуқур, кимсасиз тун учун ... – деди ўзича, – ҳамда қочиб кетишларига қулай бўлиши учун...”

------------------------------------------------------------------------------------------------

* “Ўрисоғоч” – Ўрусиядан келтирилиб экилган, нина баргли дарахтни ерли аҳоли шундай атарди. У замонда Учқулочда бошқа оғочлар йўқ эди. Айрим ҳовлилардаги бир – икки туп оғочлар бундан мустасно.

* Олтинтош омбори - Эл шундай атарди.

* Қопи – дарвоза

60

Иккови қопига ўрнатилган эшикдан “Олтинтош” омборига киришди. Ажабланарлиси шуки: ҳеч ёққа қарашмади. Қарашганда ҳам сим чироқларнинг хира ёғдусидан қоронғиликдаги нарсаларни кўришлари қийин эди.

Бектемир ўзи тузган режа бўйича ҳаракатга тушди. Темир таёқ билан шишани қўлга олди ва “ИЖ” турган ерга каламушни кўрган ёввойи мушукдек сездирмай энди. Қўлромолчаси билан бензин баки қапқоғини бураб очди. Унинг ичига шишадаги тузни ағдарди. Қопқоқни ёпди. Ва ўлжасини пойлаб бораётган қоплондек Оқгулларнинг уйи томон писиб йўналди. Шишани шувоқзорга отди. Унинг юраги қинидан чиқиб кетгудек бўлиб, қаттиқ, тез, гупулаб урар ва буни ўзи ҳам эшитиб борарди.

Бир пасда Марваридларнинг молхонасига етди. Нафасини ростлади. Молхонанинг орқа томони пастак тоққа тақалганига деворсиз эди. Иккита йирик тош олиб томга чиқди.

Эл қуйиқ уйқуда. Ҳатто итлар ҳам. Ер ҳам “Қора чойшаб” остида тош қотган.

Молхонанинг сўл биқинида “Бузоқбоши”ларнинг, ўнг ёқида Оқгулларнинг номига оҳакланган уйлари жойлашган. Олчоқлар молхона ёнидаги йўлакдан ўтадилар. У замонларда Учқулочда ҳовлилар деворлар билан тўсилмаган бўлса ҳам, уйлар зич жойлашгани учун ўтишга бошқа сўқоқ йўқ эди.

Бектемир хафсиз ва кўз илғамас “макон”далиги сабабли ўзини босиб олди. “Правда” газетасига ўралган темир билан тошларни олдига қўйди. Олчоқларни кутди.

“ – Отмасалар мени ололмайдилар, – деди Бек ишонч билан ўзига – ўзи, – отишга қўрқадилар. “Эл уйғониб кетади” – деб қўрқадилар. Яна ким билади? Йўқ , отишмайди. Қайси айбим учун отишади? Одамни ўлдириш – пашшани ўлдиришмас. Отишга қўрқадилар. Отиш учун сабаб ҳам керак. Отишга лойиқ сабаб. Уларда бу нарса йўқ. Ўзларининг орқалари кир... Оқгулнинг олишга келган сирлари очилиб кетса, ўзларини тирик қўйишмайди... Улар мени тўппонча билан қўрқитадилар, халос. Лекин ушлаб олсалар майиб қилишади. Йўқ, мени тириклай ушлолмайдилар. Ҳозир мен уларни бошларини қовоқдек пачақлайман!”

Бек ўзининг гапидан ўзи руҳланди.

Ўн дақиқа кечмай, қора ниқоб кийган каслар бир шарпасиз кўринди.

“ – Бу тўнғизлар юришни ҳам машқ қилишган. – Бектемир ўнг қўлига тош олди. – Худди илондек сездирмай келишяпти. Узуни бақувватдек. Аввал уни мажақлайман! Сўнг калтани! – у ўз сўзига ишонди.

61

Ишонса ҳам юрагининг бир четида ваҳм ҳам бордек эди. Ана шунинг натижаси ўлароқ кўнглида ушбу сўзлар барг ёзди:

“ – Яратган Эгам! Менга қўрқмас руҳ бер, ирода, куч бер! Оқгул учун ўлсам майли. Фақат олчоқларни мажруҳ қилиб ўлай. Кўмак бер Тангрим!” – Бек ўзи билмаган ҳолда такрорлади:

Кўмак бер, Тангрим!

Кўмак бер, Тангрим!!

Кўмак бер, Тангрим!!!”

Олчоқлар молхона ёнига келишди. “Манзил”га бир неча қадам қолганигами, тўхташди. Қаронғида ҳеч нарса кўринмаса ҳам, ҳар ёнга қарашди, қулоқ тутишди. Ҳаммаёқ теран сукунатда.

– Тишина, – пичирлади Калта.

– Мёртвий тишина, – уни тасдиқлади эшитилар – эшитилмас сасда узун.

– Убрём!..

– Безиследно!..

Уларнинг орқаларида қудратли тузм турганлиги овозиларидан ҳам сезилиб турарди. Шу билан бирга икковининг ҳам ўз кучу тўппончаларига ишончлари зўр эди. Буни Бек ички бир туйғу билан ҳис этди.

Ўзига, ўзларига... ҳаддан ортиқ ишониш ҳам, ҳар вақт фойда беравермайди. Шунгами, шу лаҳзада ўзларига ҳужм бўлишини хаёлларига ҳам келтиришмасди. Бунинг устига улар ерли элдан “ўт” чиқишига ишонмасдилар.

Оқгулнинг уйлари томонга оёқ учларида йўналдилар. Буни қўрқувдан эмас, эҳтиёткорлик юзасидан, яъни бирон касни уйғотиб юбормаслик учун шундай килдилар, Худди шу пайт Бек тошни куч билан силтаб, Узуннинг бошига ташлади.

– Оҳ!!! – Узун гандираклаб кетди. Унинг кўз олдида еру кўк остин – устун бўлиб айланди. Қўлидаги тўппонча қаергадир учиб кетди. Бошига болта билан урилга тўнғиздек тўзғиб қулади.

Калта кутилмаган бу ҳолдан гангиб қолди. Айни шу сония Бектемир ўта эпчиллик ва аниқлик билан унинг бошига иккинчи тошни отди.

– Мама!!! – У ҳам ер тишлади. Қўлидаги тўппончаси сирғалиб тушди.

Эски – эски замонлардан бери ер юзида: “Омад” деган сўз яшаб келади. Агар унинг қаътида зиғирча ҳақиқат бўлмаганда, одам боласи уни алла қачонлар унитиб юборарди.

Омад!..

Ўн беш ёшли болага бу чинакам омад эди.

62

Йиртқичга айланган Бек йўлбарсдек шиддат билан томдан узуннинг устига сакради. Уни ўлдириб қўймаслик учун калласига қайта урмади. Бекнинг бу муруввати Узунга раҳм келганидан эмас, аксинча ғазаб – нафрати ошганидан эди. У Узунни ҳам, Калтани ҳам умрбод юролмасликларини, ҳаётларини ит азобида ўтказишларини таъминламоқчи эди. Шу сабабли Бек “Правда” газетасига ўралган темир билан унинг тиззаларига бор кучи билан кетма – кет урди. Сўнг умртқасига ҳам... У қонга ботди. Бек унинг кўкрак чўнтагидан кимли*гини олди ва ўзининг кўйлак чўнтагига солиб қўйди. Бироқ Узуннинг башарасидаги қора ниқобни ечмади.

Бектемирнинг қўрқувдан, раҳм – шафқатдан асар йўқ юз – кўзу, азойи бадани ёнмоқда. Юраги деярли бир маромда урарди, фақат у: “ – Бирон киши таниб, сезиб қолмаса...” – деб чўчирди.

Бек “Правда”га ўралган темир билан Калтанинг ҳам умуртқа ва тиззаларини мажақлади. У ҳам шеригидек қонга қорилди. Бек тез ҳамда совуқ қонлик билан унинг ҳам кўкрак чўнтагидан кимлигини суғурди ва шимининг чўнтагига тиқди. Аммо ниқобига тегмади. Унинг юз – кўзида заррача ҳам ачиниш белгиси кўринмади. Қайтага у роҳат қилди. Яшариб, яшнаб кетди. Ўзини арслондек қудратли ҳис этди.

23

Киши кўзи илғамайдиган пана-пастқам ерлардан юриб у бизнинг уйга келди. Ҳали тонг отишига бор. Қоронғи. Ой йўқ. Ҳаво салқин.

Кулбамиз бир хона, бир айвондан иборат. Шунга мен ёз тунларини супада ўтказаман. Бундан мўл – кўл баҳра оламан. Очиқ, тоза, салқин ҳавода ой – юлдузларга қараганча хаёл суриш, тафаккур денгизига шўнғиш, ўтмиш ва келажак ҳақида ўйлаб ётиш завқли.

Бу тун мен Оқгулни қандай қисмат кутаётгани ҳақида ўйладим.

Ўз – ўзимданмас, атайлабмас, аллақандоқ ёт куч таъсирида ўйладим. Ўйимнинг тубига етмадим. Кўзимга уйқу келмади. Бошим ғовлаб кетди.

Шундай паллада, айвоннинг қия очиқ эшигидан “оқаётган” чироқнинг хира ёғдусида дўстимни кўриб севиндим. У ўзини хотиржамдек тутса ҳам, мен уни гўдаклигимдан билганимга:

“ – Бек кўнгилсиз бир иш қилганми, дейман? – дедим ичимда, - унинг юзи қордек оқариб, кўзи қондек қизариб кетибди.

Нима бўлдийкан? Нима?!..”

------------------------------------------------------------------------------------------------

* Кимлик – кимсанинг ким бўлиб ишлашини билдирувчи ҳужжат.

63

Шунда, ногоҳ, менинг кўзим Бекнинг кўйлак, шимидаги ва алланима ўралган “Правда” газетасидаги қизил доғларга тушди. Бундан вужудим музлаб, титраб кетдим.

– Тинчликми?!! – дедим бўғилиб ва тўшакдан қандоқ қалқиганимни ўзим ҳам сезмай қолдим.

– Ўзингни бос, Эврил, секин гапир, – деди Бек ялинчоқ аралаш қатъий овозда.

Мен ҳолсиз бир тарзда тўшакка чўкдим. У қаршимга унсиз ўтирди. Мўъжаз ҳовли тағин сукунатга кўмилди. Очиқ деразадан тўлган ой шаклидаги, занжири узун соатнинг “чиқ...чиқ...” деган саси келмоқда. Хонада онам ухлаяпти. Бирдан менинг миямда ушбу фикр бомба мисол портлади:

“ – Бек кимнидир ўлдириб қўйган!..”

Мен ўз сўзимдан ўзим даҳшатга тушдим. Ва саволимга жавоб ҳам кутмасдан Бекка буюрдим:

– Тез усти-бошингни еч!

Бек бир сўз демай ечинаркан, мен айвондан оний тезликда бир челак сув, кружка, совун ва тоғора олиб чиқдим. Унинг боши билан елкаларидан сув қуйиб турдим. У бошдан – оёқ совунлаб ювунди. Оқ сочиққа артинаркан, мен унинг илтимосига биноан кўйлак ва шимидаги кимликларни олиб, кўздан кечирдим:

КГБ!..

Қўрқувдан тиззаларим қалтиради. Ўтириб қолдим. Лекин қандайдир ғойибий куч таъсирида қайта қалқдим. Кимликлар билан бирга Бекнинг кўйлак – шими, туфлиси ва титилиб кетган “Правда” газетасини ўчоқда ёқдим. Кулини ҳовли тўридаги ёзил*мага ташладим. Темирни ҳам. Қачонлардир қайси бир китобда ўқиганим асосида шундай қилдим. Бундан тунд кўнглим сал ёришди.

Бектемир бошқа шим, кўйлагини кийди. “Мен одатдагидек унга ҳам супага тўшак ёзиб қўйгандим. У ечинмасдан:

– Эврил, дўстим, ҳозир мендан ҳеч нима сўрама, – деди ва икки қат қилиб тахланган кўрпага ўзини ташлади. Бир зум ўтмай тош қотди.

“ – Нима бўлдийкин?..” – деб ўйладим ва шу аснода аста – секин уйқуга кетганимни ўзим ҳам сезмай қолдим.

Қуёш ўзининг олтин нурлари билан Учқулочни тандир каби қиздираётганда уйғондик. Онам ишга кетган экан. Мен бир пақир сувга чўмилдим. Бек ҳам. Чучвара еб, қатиқ ичдик. Сўнг мактабга ёндик.

------------------------------------------------------------------------------------------------

* Ёзилма – ҳожатхона – туалет.

64

Йўлда мен Бектемирга:

– Тунда сен бир “ножўя иш қилганингни сезиб турибман” – дедим, – лекин дўстим, ҳар доимгидек ўзингни эркин тут. Бу муҳим. Жуда муҳим. Уқдингми?

– Ҳар қалай бобонг оқсоқол ўтганда, – тўнғиллади у менга кесатиқ оҳангида ва қовоғини уйди.

Мен бунга эътибор бермадим. Унга теран синчковлик билан сездирмай разм солдим. Четдан қараган кимса, ҳатто улуғ руҳшунос ҳам Бекнинг юз-кўзида қўрқуву хавотир зоҳирлигини уқиши мушкул эди.

Шунда, туйқус, менинг кўз ўнгимда у Боғдонда Мавлон қоранинг қопағон итини бир уриб ўлдириб қўйган лаҳзадаги манзара жонланди:

Мавлон қора телбадек бақириб, Бекка ўроқ билан отилди. Қўни – қўшниларнинг дамлари ичларига тушиб кетди. Бектемирнинг юз – кўзида эса қўрқув йўқ эди. У ўз куч, иродасига ишонган ҳолда Мавлон қорага тик боқиб турди. У Бекнинг кўзлари йўлбарснинг кўзларидек ёнаётганини кўрди. Бундан унинг юраги увушиб кетди. У бирдан тўхтади ва:

“ – Қиззиғар!“ – дея чинқириб, ўроғини йўнғучқазорга улоқтирди.

Шунда қишлоқ муаззини Саттор Сўфидек кекса киши ҳам ҳайратланди:

“ – Кўз тегмасин, бу боланинг тоғдек юраги бор!..”

Бу гапнинг мағзини мен ҳозир, айни шу дамда ўшандагига нисбатан теранроқ чаққанимни ҳис этдим...

24

Физикадан имтиҳон топширдик:

Оқгул ва Марварид аъло баҳо олишди. Бектемир тўртга топширди. Мен физикадан оқсаганим учун учга тортдим.

Аввал айтганимдек Оқгул ҳамма фанлардан аълога ўқирди. Айниқса, у физика, математика, астрономия фанлари денгизларида балиқ мисол эркин сузарди.

Оқгул ўнинчи синфни тугатиши билан Лондондаги Оксфорд университетига ўқишга кириш ниятида эди. Гўзал қизчанинг туғма истеъдодини пайқаган профессор Мария хоним Оқгулга шундай фикр берган ва бунда ўзининг холис кўмагини аямаслигини айтган эди:

“ – Сен ташвиш тортма, қизалоғим, ота – онагни уринтириб қўймаймиз... Эркин дунёда яшаб, ўқишни ҳали сен тасаввурингга ҳам сиғдиролмайдиган ўзгача завқи, маъноси бор...

65

Менга Тангри бола бермади, эсингда бўлса, буни сенга айтгандим. Мен сени ўз туққан онангдек бўлолмасам ҳам, ўз туғишган холангдек бўлишга ҳаракат қиламан.

Сенга ишониб, сенга кўнглимни очиб айтсам, қизалоғим, мен ҳам маълум бир муддат Лондонда яшайман. Лекин ҳали бу режа. Хом режа... Аммо умрим поёни Исроилда: Тел – Авив ё Қуддусда кечади. Буни мен Тангридан сўрайман...”

Яҳудий хоним Оқгулнинг ота-онаси билан ҳам кенгашган эди... Иш оғзаки пишган эди. Фақат Оқгул ўрта мактабни битирса бас...

Кенгашда яҳудий хоним мана бу сўзларни ишонч билан айтганини мен Марварид орқали билиб олгандим:

“ – Оқгулни ёруғ келажаги бор. Менимча, у улуғ физик – астрономик олима бўлиб етишади. Оқгул бу фанлардан кашфиётлар ҳам қилади деган умиддаман...”

Профессор Мария хонимнинг Оқгулга мунча жонкуярлик қилаётгани сабаби тўғрисида кўп ўйлаганман. Ҳозир имтиҳондан қайтарканмиз, тағин, ихтиёрсиз бир равишда хаёлим шунга қочди:

“ – Мария хоним яҳудий, Оқгул ўзбек. Бири Яхудо динида, бири Ислом. Миллату дин нуқтаи назаридан қарасам ҳам, бир – бирига ёт.

Ёшлари орасидаги тафовут ҳам улкан. Яҳудий хоним олтмишни қоралаяпти. Оқгул ўн бешни.

Бири йирик олима.

Бири ўқувчи.

Марвариднинг айтишича: Мария хоним билан Оқгул дўстлигига Бўрон оға сабабчи бўлган. Сокол орқали. Бироқ,бу ҳам дўстликни бундай чуқур томир отишига туб асос бўлолмас.

Балки, бу тиниқ дўстлик – илм-фанни севиш туйғулари сабабли теран илдиз ёйгандир?

Ё бўронли эътиқод туйғусими?..

Ё Оқгулнинг келажагига ишонч туйғусими?

Ё меҳр – мурувват туйғусими?

Ер юзида оз бўлса ҳам бундай туйғулар билан яшаётган кимсалар бор. Менимча, улар билан ҳаёт зийнатли.

Уларни майиб – мажруҳларга, қаровсиз қолган гўдакларга моддий ёрдам беришаётганини ҳам, қашшоқ, лекин иқтидорли ёшларни олийгоҳларда ўқитишаётганини ҳам эшитганман. Тўғриси, менга булар жуда узоқларда, чет элларда юз бераётгани учунми, ёлғондек туюлган. Бироқ, кейин, яъни Бўрон оғанинг далил – исботлар билан ғарқ гапидан кейин буларга инонганман.

66

Профессор Мария хонимдаги Оқгулга бўлган туйғу қандоқ туйғу? Мен бунга аниқ жавоб беришга ожизман.

Балки, бу самимий дўстлик ўзагини ўзбекнинг:

“ Меҳри тушган...”

“Кўнгли – кўнглига тўғри келган...”

“Феъли – феълига мос...” ибораларидан излаш жоиздир...”

– Эврил, анави турқи совуқ изимиздан келяптими? – Марварид хавотир аралаш паст товушда менинг биқинимга ҳеч кимга сездирмай секин туртди.

Мен чўчиб ўзимга келдим. Хаёлим кучли шамол совурган тумандек соврилди.

Биз бу пайтда биринчи шахта яқинидаги кесишувга келиб қолгандек. Шахтадан чиқарилган қир баравар тошлар устига ўрнатилган темир йўлчада юкли, юксиз вагонча*лар у ёқдан, бу ёққа шарақлаб қатнаётир. Ҳаво ловуллаб ёнмоқда. Кўча пиёдаларга тўла.Мен сездириб қўймаслик учун турқи совуқ нусхага қарамадим. Бекка боқдим. У мен ўйлаганимдан ҳам кўра хотиржам эди. Мен ичимда:

* – Бек, азиз дўстим, – дедим, – сенинг асабинг метиндан яралганга ўхшайди. Ироданг ҳам. Саттор сўфи сени:

“– ... Тоғдек юраги бор...” деб бекорга айтмаган.

Одатдагидек кесишувда тўхтадик. Турқи совуқ кимсага ҳеч биримиз (атайлаб) эътибор бермадик. У кўз қири билан Бекка бошдан – оёқ разм солиб ўтди. Менга ҳам. Мен унинг чувак юзини, кул ранг, совуқ кўзини эслаб қолдим. У ўзбек эди. Аммо кўзларимиз тўқнашмади. Биз бундан ўзимизни тийдик.

Ҳеч айб иш қилмасам ҳам, Бекдан хавотир олганим учунми, менинг тиззаларим ўзимга бўйсунмади: титради. Бектемирнинг ботинида нима кечаётганини билмадим, билолмадим. У ўзини табиий тутарди. Наздимда, ҳозир унинг олдида Американинг донгли кино актёри ҳам ип эшолмасди. Мен ҳаяжонланаётганимни сездирмаслик учун қизларга дедим:

– Энди, сўнгги имтиҳон қолди. Уч кундан сўнг. Математикадан. Менга қийин... Шу фан ёқмайди.

– Агар тўртга тортмасанг, уч нақд...

------------------------------------------------------------------------------------------------

* Юкли – юксиз вагончалар – бу вагончалар шахта қаъридан кавлаб олинган турли рангларда товланувчи тошларни тепага – тош “қир” адоғига олиб бориб тўкиб қайтади.

67

– Тангри билади, Бек.

– Ҳар нарсага Тангрини тиқиштираверма, - жеркиди Бектемир.

– Каникулда ҳеч ёққа кетмайсизларми, болалар? – Сўради Оқгул.

– Мен ишлайман. Онам билан ўзимга қишки кийим – бош олиш ниятидаман.

– Сен – чи?

– Мен ҳам, Оқгул. Отам кичик хотини билан кетган... Мен онамнинг кўнглини олишни истайман. Жуда истайман.

– Фикрларингни қувватлайман, болалар.

– Келишганимиздай, ҳар бозор куни тоққа чиқамизми, болалар? – Марварид тотли табассум билан бизга боқди.

– Айтилган гап, отилган ўқ, – деди Бек худди катта кишилардек. Унинг дўруллоқ овозида мамнунлик ифодаси барқ уриб турарди.

– Шу бозор куни эрта тонгда, ўша спорт формалар*ида, болалар... – Оқгул тиниқ жилмайди. Шунда унинг уйқусизликдан синиққан юзи ёришди. Қуёш ёмғирдан эзилган тунни ҳайдаганда, олам ҳам шундай ёришади.

Бектемир қувонганидан, худди боғча чужуғидай:

“ – Ура!...” – дея чапак чалди.

Ўтиб – кетаётганлар бизга қизиқсиниб қарашди. Биз турқи совуқнинг ҳам эътиборини тортдик. У ҳув бир четда бизга ярим юзланган ҳолда қандайдир шериги билан бирга сигарета чекаётган эди. Унинг заҳил башарасида ғалати ўзгариш юз берди. Қандай? У узоқроқда бўлгани учун мен бу ифодани уқолмадим.

Баъзан, гўдакликдан бирга ўсиб – улғайган дўстингни ҳам айрим сўз, қилиқ, ҳаракатларини тушунмайсан. Мен ҳозир Бектемирни тушунмадим. Унинг тоғларни беҳад севишини биламан. Унга қизлар билан бирга жилғалар куйлаб, сойлар шовуллаб оқаётган маконда, ўлмас қоялар аро сайр этиш яна ҳам завқ бағишлашини ўзимча тасаввур қиламан. Лекин бошига оғир иш тушганда, ғам – ғуссадан йироқ чужуқларча: “Ура!..” дея қичқиришини тушунмадим. Тушунолмадим. У буни кўнглига қандай сиғдирди экан? Ё артистлик қиляптими? Туб ҳақни билиш истагида Бекнинг кўзларига тикилдим. Артистликдан асар ҳам йўқдек, севинч туйғуси чиндек эди.

– Бирга тушлик қиламиз, – Марвариднинг гапидан хаёлим қочди, – отам қўй сўйган. Кейин кечгача имтиҳонга тайёргарлик кўрамиз.

------------------------------------------------------------------------------------------------

* Қизларнинг спорт формалари тўқ қизил, Бек билан меники ҳаво рангларда эди.

68

– О – кэй! – Бек инглиз тилини Оқгулдек билмаса ҳам, ҳар қалай эпларди.

– Ҳозирча, болалар, – қизлар қўлларини силкишди.

– Ҳовузга бир шўнғиб олмаймизми, Эврил? – Қизлар кетгач, сўради Бек, – Ҳаво ловуллаб ёнаяпти. Ҳаммаёғимни тер босиб кетди.

– Ҳар замонда сенданам тузук фикр чиқади.

– Жиғимга тегма, Эврил.

Биринчи шахта биқинидаги тепа устига тўрт бурчак шаклида қурилган бетон ҳовуз* томон юрдик.

Адашмасам, унинг бўйи билан эни тенг: 7х7. Чуқурлиги тахминан уч метр. Шахта қаъридан (билакдек йўғон трубада) тиниқ, тамъсиз сув чиқиб ҳовузга қуйилмоқда. У лим – лим тўлганда худди шундай ҳажмдаги қувурда сув ташқарига оқиб чиқади.

Ҳовуз теграси ёшлар билан тўлиб – тошган. Биз тош устига ечиндик. Сўнг мен Бекка шивирладим:

– Мабодо, кийим-кечагимизни бирон кас титкиласа, шовқин кўтарма, аксинча, уни кўрмасликка ол.

– Нега энди?

– Фаҳмимча, улар қон доғларини излашаяпти.

– Калланг ишлайди.

Ҳовузда йигит – қизлар чўмилишаяпти. Бари ўрис. Биз юқоридан чопиб эниб, сувга калла ташладик.

– Қандоқ мазза! – Қичқирди Бек сув остидан шўнғиб чиққач.

Мен Бектемирга тескари ўгрилган ҳолда уст – бошимизга ер тагидан қараб тургандим. Ва шу алпозда атайлаб русча оҳангда жавоб қайтардим:

– О, зўр!

Турқи совуқнинг икки кўзи бизда. Унинг кўркам чеҳрали шериги кийимларимизни синчиклаб кўздан кечирди. Мен турқи совуқ турган ерга сув остидан тез сузиб бордим.

– Зарра қон доғи йўқ, топ – тоза... – Кўркам чеҳрали каснинг турқи совуққа айтган сўзлари қулоғимга узуқ – юлуқ чалинди.

Биз ҳовуздан чиққанимизда, улар жинлар каби кўздан ўчгандилар.

Уйга ёндик.

Қуёш тикда муаллақ турган ҳолда, ерга аёвсиз ўт ёғдирмоқда.

-----------------------------------------------------------------------------------------------

* Бетон ҳовуз – ҳозир ҳам бу ҳовуз сақланмоқда. 55 йил кечароқ ташландиқ ҳолда.

69

Иссиққа чидаш мушкул. Ҳамма ўзини уйга урган. Битта – иккита ўткинчи демаса, сўқоқлар бўм – бўш.

– Бек, менимча, бу икки нусха ҳеч ким йўғида уйимизни ҳам титкилаганми дейман?

– Мумкин. Бироқ очиқ ахтаришга қўрқишади. Сирлари очилиб кетишидан қўрқишади.

– Ишқилиб одам ўлмаганми?

– Йўқ.

– Тангрига шукр!

– Аммо ўлгандан баттар бўлган.

– Сен мендан ҳеч нарсани яширмай сўзла. Бу муҳим. Ҳаммасини оқизмай – томизмай сўзла. Қайта айтаман, бу жуда муҳим. Чунки шунга қараб иш тутамиз...

Бектемир тунда кечган воқеани истар – истамай менга айтди.

Мен қўрқиб кетдим. Ўз – ўзидан оёқ – қўлларим қалтирай бошлади. Бекни жаҳли чиқди:

– Шунга сенга айтишни истамагандим. Бундоқда сездириб қўясан, қуш юрак, ўзингни қўлга ол!

– Хўп – хўп, Бек, – Ўзимни идора қилишга тиришдим, – хўп, – бироқ аъзоларим ўзимга бўйсунишни истамасди.

– Қўрқма, мендан кўрмайди. Ёш бола икки “профессионал”ни ерга букиб ташлаганига одам – ку одам, шайтон ҳам ишонмайди.

Бу гап менга бироз таскин берди. Аммо, шунга қарамай, мен Бекка ўз сўзимни айтдим:

– Тор ўйлама, Бек. Бекорга гумонсирамаяпти.

– КГБ иши шундай. У ҳаммадан шубҳаланади. Ҳеч кимга ишонмайди. Тангрига ҳам.

– Сен буни қаердан биласан?

– Эшитганман... Бироқ мендан кўрмайди.

– Э, ёш бола, ёш бола! Ҳали сен нонни “нанна”, – деб юрибсан. Уларнинг чўнтакларидан кимликларини олаётганингда сенинг бармоқ изларинг қолган бўлса – чи?

Бектемирнинг дами ичига тушиб кетди. Юзидан қон қочди.

“ – Шуни ўйламабманда! – деган сўз юрагини пичоқдек тилиб ўтди. – Эҳ!..”

– Лекин, – дедим мен Бекни ўзига келтириш учун, – бармоқ изларини текширишдан олдин улар яширин тарзда кимликларни ахтаришади. Чунки сирлари очилиб қолишидан қўрқишади. Шу вақт ичида сен ҳеч кимга сездирмай, Қозоғистонга суришинг керак.

70

Бектемир ўзини қўлга олди ва сир бермай деди:

– Эй, катта одам! Сен нима десанг деявер, агар мен шундай қилмаганимда ҳозир Оқгулни орамизда кўрмасдинг.

Мен шунда ўз хатоимни англаб қолдим:

“Бектемирга далда бериш ўрнига, унинг кўнглини чўктираяпман” – ўзимдан – ўзим норози бўлдим.

– Тўғри қилгансан дўстим, – дедим Бекнинг руҳини кўтариш учун дадил овозда, – бироқ, энди, бу ёғига эҳтиёт бўлишимиз керак. Сал адашсак, жаҳаннамга кетамиз.

– Биламан.

– Менимча, қизлар буни билмайдилар. Йўқса, бизга айтардилар.

– Билмаганлари яхши.

– Мен ҳам шундай деб ўйлайман. Ғулғула ёмон нарса...

– Фикрингга қўшиламан, Эврил.

КГБ очиқ изламайди... Сен айтганингдек, сири фош бўлишини истамайди.

Зимдан “иш” кўради.

– Энди Оқгулни қандай асраймиз?

– Тангридан сўраймиз. Чунки бундан ўзга иложимиз йўқ. Энди ҳар қадамимизни кузатади. Энди, Оқгулнинг уйи ҳам тўла назоратда.

– Тўғри, Эврил, лекин бир йўлини топмасак бўлмайди.

– Фақат бир йўли бор. Эл: “Ўзини асраганни Тангри асрайди” дейди. Энди Оқгул ўзини жуда эҳтиёт қилиши, қош қораймасдан то кун ёримагунча ташқарига чиқмаслиги лозим. Мен буни ўзига айтаман.

– Қачонгача шундай юради?

– Қора булут тарқагунча.

– Қачон тарқайди?

– Буни аниқ айтолмайман.

– Мужмал гап! – Бектемирнинг юзи тиришди.

– Буни ҳеч ким аниқ билмайди.

– Мен биламан: Қиёматда!.. – Кесатди у.

– Бўлмаса нима қиламиз?

– Бўрон оғанинг сўнгги ўгутига амал қиламиз.

– Энди, буни иложи йўқ.

– Сенингча шундай.

– Бутун тузмга қарши иккимиз!..

Эсинг жойидами? Мажақлаб ташлайди. Мен бекорга ўлиб кетишни истамайман.

71

– Қўрқоқ! – Бекнинг кўзи совуқ йилтиради. – Мен Оқгулни ҳимоя қиламан!..

Бектемир билан тортишмадим. Чунки уни бу йўлдан қайтаролмаслигимни сездим. Шу билан бирга мен ўзимдан – ўзим нафратландим. Бироқ, барибир, борлиғимни исканжага олган қўрқув туйғусини енголмадим.

25

Онам бизни остонада кутиб олди. Имтиҳондан қандай ўтганимизни сўради. Айтдик. У мулоҳазали аёл эди. Мени уялтирмади. Маъюс жилмайди ва Бекни қутлади. Сўнг мени.

– Уйга келиб кетувдиларингми, болаларим? – У бизга синовчан кўз югуртирди.

– Нимайди, Она?

– Сўраяпманда, болам.

Мен шу заҳоти гап тубига етдим ва онамнинг кўнглида ваҳм уйғотмаслик учун унга ёлғон сўйладим:

– Ҳа, она.

– Ўзинг шундайми?

– Бир нарсани унутиб қолдирибман.

– Нимани?

– Имтиҳонга тегишли қоғозни.

– Кийим – кечакларни титиб ташлабсан, ўғлим.

– Шошилувдим – да, она.

Бектемир онамга сездирмай менга маъноли боқди. Мен унга: “жим!” дегандай суқ бармоғимни дудоғимга қўйдим.

– Мен бир нохуш хабарни чала – чулпа эшитиб қолдим, – деди онам, – тонгда қабулхонани супураётгандим. Кон бошлиғи шошиб келиб, ўз кабинетига кириб кетди. Унинг кайфияти йўқ, ранги ўчган эди. У сезмадими, эшик қия очиқ қолди. Кимдир унга сим қоқди. Афтидан, катта одам... Кон бошлиғи унинг саволларига жавоб бериб турди:

“ – Ҳа, иккови ҳам чалажон... Ҳа – ҳа, ҳозир уларни “Кукурузник”*да Тошкентга жўнатдик... Ҳа – ҳа, шундай. “Олтин тош” омбори қўриқчилари бир молхона ёнидан топишган... Ҳа – ҳа, кўп қон йўқотган... Билмадим, тирик қоладими, йўқми... Ҳа – ҳа, менам ўғрилар деб ўйладим...

-----------------------------------------------------------------------------------------------

* “Кукурузник” – Ўша йиллари Фориш тумани марказидан Тошкентдаги Сирғали ҳаволанига учувчи учоқ.(самолёт)

72

Йўқ – йўқ, овоза қилмаймиз... Йўқ – йўқ, асло... Ҳа – ҳа, ёпилган қозон ёпиғлигича қолади...”

Ичимдаги ғулғулани онамга сездириб қўймаслик учун унга фикр ҳам билдирмадим.

– Она, биз Марваридларникига шошаяпмиз, – дедим имкон қадар босиқ овозда. – Тушликни ҳам уларникида қиламиз. Кечгача имтиҳонга тайёрланамиз, она.

– Қоронғу тушмасдан келинглар, болаларим.

Шу онда Бектемирнинг ичида нималар кечганини, кечаётганини билмадим, билолмадим. Лекин унинг кўз ости жияклари қизарганини, юзи сезилар – сезилмас оқарганини илғадим. Бошқалар буни пайқашлари қийин эди. Ҳатто онам ҳам.

Йўлда мен Бекка ўз фикр – мулоҳазамни айтдим:

– Қўриқчилар ниқобли каслар келишавермаганига хавотирга тушганлар ва сўнг уларни излаб топганлар.

– Мен ҳам шундай деб ўйлайман. Менимча, мажруҳларни ҳеч кимга сездирмай олиб кетишган.

– Менимча ҳам.

Гапимиз узилди. Кун қайнаб кетганидан йўлда одам боласи кўринмайди. Кўланкаларда ётган итларнинг тиллари осилиб қолган. Изимизда ҳеч ким йўқ. Гўё Учқулоч мотамсаро сукунатга кўмилган. Мен Бектемирни саволга тутдим:

– Телефондаги гапларни уқдингми?

– Ўғрилармиш... ёпиғлик қозон ёпиғлигича қолармиш...

– Яшираяпти, демак чўчияпти. Эл билса, улар учун ёмон – да... Фаразимиз тўғри чиқди: очиқ ҳамла қилмайди. Илондай сездирмай чақишга уринади...

– Энди, Оқгул тақдири нима бўлди, Эврил? – Ўта ғамгин ва тушкун овозда сўради Бектемир.

– Билмадим, дўстим. Менимча, унга икки – уч кун тегмайди. Зимдан қарши кучни аниқлашга киришади. Юқорида айтганимдек, Оқгуллар уйи атрофига яширинча, тамомила яширинча назорат ўрнатади. Сен яна кўз чиқариб қўйма, Бек. Буни сендан ёлвориб сўрайман. Сал қадамингни чакки боссанг, тамом, бу ўлим!..

Бектемир менга муздек совуқ қаради. Бироқ оғиз очмади. Мен унинг бошида қарама – қарши ўйлар ғужғон ўйнаётганини туйдим. Яна шуни аниқ сездим: Оқгулни қўриқлаш йўлидан Бекни ҳеч ким қайтаролмайди. Ҳеч ким! Фақат бундан ўлим билан Тангри айро.

73

Мен ичимда ўлимдан ҳам қўрқмас дўстим борлигидан ғурурландим. Ўзимда уникидек жасорат йўқлигидан эзилдим. Аммо, шунга қарамай, кўнглимнинг бир четидан: “Ўзини ўтга уряпти” деган фикр ҳам ўтди.

26

Қизлар бизни очиқ юз билан қарши олдилар. Биринчи галда мени бу уйдаги озодалик ром этди. Оқгуллар хонадонида ҳам мен ана шундай тозалик, тартибни туйгандим. Ҳамма ёқ саришта. Бундан қалбим яйради.

Марвариднинг ота – она ва укалари Боғдонга, катта эналарини кўришга кетибдилар. Қизлар қайнатма шўрва тайёрлашибди. Бир – бир коса ичдик. Иссиқ тандир нон, эт едик. Сўнг имтиҳонга ҳозирлик кўришга ўтирдик.

Агарчи қизлар ўзларини қувноқ кўрсатишга уринсалар ҳам, мен уларнинг кўзларига яширинган ғам – ташвишни сездим. Демак, қизлар

тунги воқеадан хабар топганлар.

Оқгул бир неча марта яширинча Бекка боқди. Ўта синчковлик билан боқди. Мен буни кўрсам ҳам, кўрмасликка олдим.

Уч – тўрт масала ечганимиздан кейин Марварид кутилмаганда Бекни нишонга олди:

– Кечаси ухламадингми, Чингизхон? – У “Чингизхон” атамасига урғу берди, – Кўзларинг қип – қизил, худди қумга тўлгандай.

Агарчи бундан хиёл кесатиқ бўлса ҳам, бу Бекка ёқди. “Чингизхон!..” Марварид биринчи марта уни бу донгли ном билан атаётган элди. Лекин Бек ичидаги фахр туйғусини ташига чиқармади. Атайлаб Марваридга қисқа ва мужмал жавоб қайтарди:

– Негадир уйқум келмади.

– “Негадир” миш”... Кешмири.. Бизнинг молхонамиз орқасида қора кийим, қора ниқобли икки “ўғри” билан ким олишди?

Сен!..

– Тўқима, Марварид. – Бек унинг ёлғонини ички туйғу билан сезди.

Марварид Бекнинг кўзларига қанча синчковлик билан тикилмасин, уларда ҳеч қандоқ ёлғон, ҳаяжон, қўрқув ва ё нафрат изларини топмади.

Бектемирда бундай ноёб қобилият борлигини мен ҳам энди билдим. Тан олиб айтсам, табиатан соддадай, бироз дағал ва жаҳлдордай кўринувчи дўстимнинг “истеъдоди”дан ҳайрон қолдим. Менимча, бу қобилият Бекка туғма берилган, сўнг бу унинг кўп китоб ўқиши ва кўп кино кўриши оқибатида қайрилиб, тобланган. Тағин Бек буларга қўшимча равишда ўзича машқ қилган бўлиши ҳам мумкин.

Бу мавзуда батафсилроқ