Султон Али Раҳматов: Мақсадим - дунё бўйлаб профессионал концертлар бериш

Истеъдодли бастакор Султон Али Раҳматов Тошкентда туғилган.

Отаси Аҳмаджон Раҳматов ва онаси Олия Омонова кўп йиллар олдин дунёдан ўтишган.

Болалигидан мусиқага қизиққан Султон Али ўша пайтдаги Республика ҳарбий ўғил болалар интернат санъат мактабини битирган. Сўнгра Ўзбекистон Давлат Консерваториясида таҳсил олган.

Султон Али нафислик, ғамғинлик ва улуғворлик уйғунлашган мусиқаларини табиат гўзалликларидан илҳомланиб яратганлигини, сокинликни ёқтиришини айтади.

Болалигидан машҳур бастакор Пол Мариа, "Enigma" гуруҳи мусиқаларини яхши кўриб эшитган, улардан таъсирланган.

Султон Али Раҳматов мусиқа мактабида ўқиб юрган пайтлариданоқ бастакорликка қизиққан, уни элга танитган дастлабки мусиқаси "Ўзбекистон" бўлган.

Ушбу мусиқа 1994 йилдан 2005 йилгача Ўзбекистон телеканалининг "Ассалом Ўзбекистон" ахборот-мусиқий дастурининг бошланиш мусиқаси сифатида ҳар тонг хонадонларга кириб борган, мамлакатдаги кўплаб байрам тантаналари ушбу мусиқа билан бошланган.

Султон Алининг "Иккинчи симфония", "Менинг Ўзбекистоним", "Сеҳрли тун", "Унутилган куй", "Ёлғизлик", "Тақдир", "Кун ва тун", "Болалик", "Қалб нидоси", "Сирли дунё", "Танго" каби ўнлаб мусиқаларини нафақат Ўзбекистонда, балки дунёнинг кўплаб мамлакатларида севиб эшитишади.

Султон Али мумтоз, джаз, рок-н-ролл ва бошқа жанрларда мусиқалар яратади. Унинг мақсади яратган асарларини дунё миқёсига олиб чиқиш.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Султон Али ҳозир ўзининг рухсатисиз дунёга тарқалиб кетган мусиқалари учун муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган ҳамкор қидираётганини айтади.

Султон Али Раҳматовнинг илк яккахон концерти 2006 йил Олмаота шаҳрида бўлиб ўтган. 2007 йилда Самарқанддаги Регистон майдонида концерт қўйган.

Истеъдодли бастакор яқин келажакда ижод намуналарини ўзининг янги концерт дастурлари ва мусиқий дисклари орқали мухлисларига тақдим қилиш режаси бор.

2010 йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими унвони билан тақдирланган.

Султон Али Раҳматов оилали. 8 та фарзанди, икки невараси бор.

Султон Али Раҳматовнинг Би-би-си ўқувчилари саволларига жавоблари

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Би-би-си: Султон Али ака, "Би-би-си меҳмони" дастурига хуш келибсиз!

Султон Али: Раҳмат таклиф қилганинглар учун!

Би-би-си: Сизга ўқувчиларимиздан талайгина саволлар келган. Ўзини ашаддий мухлисингиз деб айтган Алишер ёшлигингиз, ота-онангиз, оилангиз ҳақида сўраган.

Султон Али: Ота-онам анча бўлди ўтиб кетганларига. Худо раҳмат қилсин уларни! Оилам яхши. Саккизта фарзандим бор. Олтитаси ўзимники бўлса, синглим ҳам ўтиб қолган эди, иккита фарзандини ўзим тарбия қиляпман. Оилам тинч-тотув. Катта қизимни узатганман. Иккита неварам бор.

Туркиядан Нодирбек: Саккизта фарзандингиз бор экан. Бу ҳозирги кунда кам учрайдиган ҳолат. Айниқса санъаткорлар орасида. Жуда болажонмисиз?

Султон Али: Болаларни жуда яхши кўраман. Жуда-жуда. Ўнта бўладими, йигирмата бўладими, ҳаммасини боқавераман. Айтадику бола ўзининг ризқи билан келади, деб. Гап у ризқи, бошқасида эмаску, ўзи болаларни яхши кўраман. Худога шукр, ҳаммаси яхши. Мен хурсандманки, етти ёшдан-етмиш ёшгача дегандек, одамлар эшитяпти. Мухлисларим бор. Ҳаттоки, икки ёшлиси ҳам бор деса бўлади. Битта танишимнинг невараси икки яшар. Додаси менинг мусиқаларимни яхши кўради. Невараси ҳам дискни қучоқлаб олиб, қўйдираркан. Қўйишмаса йиғларкан. Эшитиб, дам олиб ухлар экан мусиқаларим билан. Хуллас, болаларга ҳам, ҳаммага ҳам бағишланади мусиқаларим. Илгари мусиқаларимга ном бермасдим. Ҳозир профессионал йўналиш йўлга тушгандан кейин, ҳаммасига ном қўяман.

Алишер: Болалигимиздан "Ассалом Ўзбекистон"ни эшитиб катта бўлганмиз. Бу мусиқани яратишда нимадан илҳомлангансиз? Шунингдек Равшан Комилов, Муҳриддин, Нилуфар каби хонандалар билан ҳам ишлагансиз. Яна кимлар билан ҳамкорлик қиласиз?

Султон Али : Ҳозир ҳам кўп ҳофизларимиз мен билан ишлаш ниятлари йўқ эмас. Илгари гимнга ўхшаган нарсалар қилганман. Масалан, "Замин юлдузлари" фестивали бўларди. "Ялла", Насиба Абдуллаева, раҳматли Нуриддин Ҳайдаровлар айтишган. Алоҳида қўшиқчилар ҳам кўп. "Шаҳризода"гуруҳи , Дилдора Ниёзова...кўп. Лекин кейинги пайтда қўшиқчиликда кам яратяпман. Асосан инструментал мусиқаларнинг ўзини яратяпман. Шундан бўш вақтларимда қўшиқлар ҳам ёзиляпти. Энг охиргилари қаторига россиялик, "олтин овоз соҳиби" дейишади Николай Басковга жуда ёққани учун "Бахт" ва "Бу кеча" деган қўшиқларни айтди.

Энди "Ассалом Ўзбекистон" кўрсатувидаги мусиқага келсак, қизиқ бўлган. 1994 йиллар шу мусиқани яратиб, телевидениега олиб борганмиз. Қизиғи, уни олишмаган бошида. Замон бошқача бўлган."Бу мусиқани Туркиядан олгансан, ана улардан ишлатгансан", деб баҳоналар, билағонлик қилишган. Битта акамиз сабабчи бўлган. Клип қиламиз дейишган. "Ассалом Ўзбекистон" кўрсатуви очилган 1 июнда, унинг охирига қўйишган. Шундан кейин мусиқам ҳар куни кўрсатув бошида кетадиган бўлди. Одамларга ҳам ёқди, хатлар келган. 11 йил давомида беришди. Бу йил 20 йил бўлади шунга.

Тошкентдан Ҳамидулла: Мен мусиқаларингизни севиб тинглайман. Концертингизга тушишни хоҳлайман. Лекин қаерда концерт беришингизни билмайман. Регистондаги концертингизга боролмаганман. Тошкентда бўлса, жон деб тушар эдим.

Султон Али: Худо насиб қилса, энди 2015 йил 15 майга мўлжаллаяпмиз. Тошкент шаҳрида бўлади майдонлардан бирида насиб қилса. Нимага оралиғи катталигига келсак, ўзимнинг режам бўйича ҳар 3-4 йилда концерт бериш. Чунки бошқа давлатларда ҳам концерт бериш ниятимиз бор. Уларга ҳам улгуришимиз керак. Тошкентда бўлганидан кейин янги дастур билан чиқишимиз керак. Ҳаммасини йўлга солгандан кейин жуда бўлмаганда ҳар икки йилда концерт берсак бўлади.

Америкадан Абдулло: Адашмасам, бир неча йил олдин Самарқанддаги тарихий майдонда концерт бергандингиз. Лекин мусиқаларни ҳаммаси асосан фонограммада ижро этилди. Ахир мусиқа чалиш қўшиқ айтиш дегани эмаску! Наҳотки Ўзбекистонда жонли ижро қилиб берадиган мусиқачиларни топиш қийин бўлса. Ёки буни бошқа сабаби борми? Раҳмат!

Султон Али: Энди шу нарсага алоҳида айтиб ўтаман. Менинг созандаларим Ўрта Осиёда энг кучли мусиқачилардан ҳисобланади. Энди нега фонограммадан фойдаланганимизнинг сабаби, техник томондан бизнинг талабларимизга жавоб бера олмайди. Менинг йўналишимда дунёда кучли техникалар, мусиқачилар бўлган тақдирда ҳам бўлмаганда 50 фоиз фонограммадан ишлатишга мажбурмиз. Чунки оддий барабанлар, асбоблар синтезли овозга эга. Мана масалан, Янними, Мадоннами, Шакирами, яхшилаб эшитсангиз концертида 70-80 фоизи фонограмма ишлатади. Нега? Чунки томошабинлар залда сифатли мусиқани эшитишни хоҳлайди. Тушунтиришим қийину, лекин тушунтиришга ҳаракат қиламан. Мана оддий най дейлик. Найда ўзининг обработкалари бор, ўзининг безаклари бор. Улар бошқа асбобларнинг овозига зарар тегмаслиги учун фонограммадан фойдаланамиз. Лекин Самарқанддаги концертимда "Плачь души" деган куйимни жонли чаламан, дедим. Жонли чалдим ҳам. Лекин техник жиҳатдан керакли овозларни қилиб бера олишмади. Охири монтажда "плюсовка"ни қўйдик. Демоқчиманки, сифатга боғлиқ. Мана билишса агар, Яннининг концертини олсак, тахминан 20 та куйчи қатнашган. Лекин 125 та трэк ўйналган. Бу 125 та асбоб дегани, бунинг саҳнада иложи йўқ. Яннининг Грецияда берган концертини кўрганман. 70 тача созандалар қатнашган унда. Шунинг учун иккинчи марта эшитгим келмади. Биринчидан унинг йўналишида, электрон овозларни ишлатган. Электрон овозлар билан созлаш жудаям қийин. Кейинги концертларини ҳам кўрдим. Бизда жонли ижро этиш осонроқ, фонограммани аралаштириб чалгандан кўра. Лекин нимага аралаштирамиз. Чунки одамлар эшитганда стерео, квадратостерео деган нарсалар бор. Битта бузуки асбобини битта одам чалади. Уни стерео қилиш учун икки-учта бузуки керак ўша жойнинг ўзида. Нега керак бу? Биз мусиқани бойитишга ҳаракат қилиб, ўтирган томошабинлар стерео овозни эшитсин деган мақсадда шу нарса ишлатилади. Шундай овозлар борки, уни жонли қилиш қийин. Электрон овоз жонли, жонли электрон қилиб беролмайдиган жойлари бор бу йўналишда. Лекин дунёдаги оркестрлар билан концертларда 70 фоизи фонограмма кетади. Уларнинг фарқи 3-4 ой тайёрланади. Чалинадиган куйларни студияда ёзиб чиқади ва жонли мусиқа ўрнини бўш қолдиради. Концертда ўша жойда жонли чалинади ва жонли билан фонограмма уйғунлашади. Бир-бирига халақит бермайдиган безакларни концертда ишлатиш учун фонограмма барибир керак. Фонограммасиз санъат ривожланмайди. Лекин мен сизга айтаман, менинг созандаларим жуда кучли. Улар бемалол жонли чалади, тўйларга ҳам боради. Мана яқинда Андижонда тижорат концертида най, саксофон, соз, уд кабилар чалинганда алоҳида қарсаклар бўлди. Кўрсатиб бердик жонли мусиқа билан. Лекин техник томондан муаммолар бор барибир бизда ҳали.

Бек: ЯННИ машҳур созандалар билан ишлайди. Сиз ҳам ЯННИ каби Ўзбекистондаги машҳур созандаларни саҳнага олиб чиқиб, улар билан концерт қилишни ўйлаб кўрганмисиз? Мисол учун, Аббос Қосимов, Рустам Маҳмудов, Улуғбек Отажонов, Ҳабибулла Шамсиев, Ўткир ака ғижжак, Ботир ака гитара ва Азиз Холмуродов. Бу созандаларни ўзбек халқи билиши шарт ва шундай концерт қўйишни ўйлаб кўрганмисиз? Бу мусиқачилар сизнинг мусиқаларингизга ранг-баранглик олиб кира олишади, деб ўйлайман.

Султон Али: Бу созандаларнинг ҳаммаси билан биз дўстмиз. Масалан, Рустам Маҳмудов ҳозир Америкада яшайди. Аббос Қосимов менинг мусиқаларимга чалган, у ҳам Америкада туради ҳозир. Қолганлари билан ҳам дўстмиз. Лекин менинг оркестримдаги созандалар ҳам бошқалардан кам эмас. Мана акустик гитарада Ботир аканинг ўғли чалади. Ботир ака жуда кучли мусиқачи, лекин ўғли ундан қолишмайди. Ҳозир жуда маҳоратли бўлиб кетдики, айтяпманку менинг созандаларим жуда кучли ҳисобланишади. Дониёр кучли найчи. Қонунда Азиздан маҳоратлисини кўрмаяпман мен. Янги мусиқаларимизда шунақанги қийин жойларини чиқариб бера оляпти. Энди Улуғбек Отажонов, Ҳабибуллаларнинг ўз йўналиши бор. Улар билан дўстмиз, учрашамиз. Лекин зўрлар кўп, ҳаммасини оркестрга қўшиш қийин.

Қаршидан Шаҳноза: Нега биринчи концертингизни Олмаотада бергансиз? Ўзбекистонда эмас. Телевизорда ҳам кам кўринасиз. Ҳозир нималар билан машғулсиз? Мусиқаларингизнинг яратилиш тарихи ҳам қизиқ бўлса керак?

Султон Али: Олмаотада берган концертимиз тасодифий бўлдики, Ўзбекистонда ҳам берсак бўларди. Шундай бўлдики, бир мухлисимиз- ўзи продюссер, Олмаотадан қидириб келиб "Ҳамма нарсани нима керак бўлса қилиб бераман. Концерт қўйинг, дегани учун ўша ерда қўйилди. Энди илҳомга келсак, мен олдиндан тайёрланиб мусиқа яратмаганман. Офисимда атайлаб дераза ўрнатилмаган. Ҳеч нарса халақит қилмайди ижод қилишга. Кўп мусиқаларим шу ерда пайдо бўлган. Ташқарида ҳам келиб қолади албатта, лекин шу ерда охирига етказилади. Мусиқа асбоби мен учун айтиш мумкин бўлса илоҳий куч билан мулоқот воситаси, мен бир бўлиб кетаман у билан мусиқа яратганимда, чалганимда. Худога шукр, Аллоҳ куч беряпти, мен халққа етказяпман мусиқаларимни.

Москвадан Фахриддин Азизов: Салом Султон Али ака мен сизни ижодингизга 1998 йилдан бери катта кизикиш билан карайман. Шахсан сиз санъатни чукур тушунган холда Майкл Жексон ижодига кандай карайсиз?

Султон Али: Майкл Жексон буюк инсон, у оламдан ўтганида йиғлаганман. Чунки ёшлигимдан дунё санъатига қизиққанман, дунё санъатидан ўрганганман. Майкл Жексоннинг қўшиқлари архивларимда бор, эшитаман. Уларга ҳавас қиламан, ҳазил бўлсаям "юқсин-юқсин" деб ҳам қўяман. Мен ҳам ҳаракат қиламан дунё даражасига чиқишга. Балки чиқарман, балки йўқ. Лекин охиригача ҳаракат қиламан. Майкл Жэксон каби санъаткорларнинг ижодини ҳурмат қиламан, улар буюк одамлар.

Ноттингамдан Гулсара Дўстова: Мусиқаларингизни эшитиб завқ оламан. Мен сизнинг мусиқаларингизни бундан бир неча йил олдин ўзим учун кашф қилганман. Синглим ўқитувчи, у сизнинг мусиқаларингизни болаларнинг уй вазифаларини текширгунча эшитиб дам олишини айтганди. Сиз мусиқаларингиз қароқчилик йўли билан тарқалганига қарши ҳамкор қидираётганингизни айтган экансиз. Мен сизни шундай иш билан шуғулланадиган Олмониялик ҳимоячилар билан таништиришим мумкин.

Султон Али: Мен жуда ҳам хурсанд бўлардим. Олдинроқ бир-икки одам билан ҳамкорлик қилгандим. Лекин кўпчилик мендан ўзининг манфаати йўлида фойдалангиси келадида, 2006 йилда одамлар билан бошлагандим ҳамкорлик Америкада. Улар билан икки-уч йил вақт йўқотдим, бошқа ҳамкорлик қилмоқчи бўлганлар билан ҳам ишламадим уларга ишониб. Ҳозир жиддий компания бўлса, мен билан ҳақиқатдан ишламоқчи бўлса, мен хурсанд бўлардим. Лекин ҳаммаси қонуний бўлиши керак.

Швециядан Акбарали: Нилуфар Раҳматова билан яна ижодий ҳамкорлик қилишингиз мумкинми?

Султон Али: Йўқ. Улар билан мен анча бўлдим узганимга. Сабабини ҳам кўпчилик билса керак. Лекин мен ҳозир асосан ўзимнинг йўналишим устида ишлаяпман. Ҳатто бошқа ҳофизлар ҳам келади ишлайлик, деб. Мен ҳозир қўшиқчилар билан ишлаш ниятим йўқ. Лекин қайсидир жиҳатдан ёрдам беришим мумкин. Қанақадир маслаҳат, йўналишлар бўйича кўрсатиб беришим мумкин. Нилуфар Раҳматова билан ўша пайтда 1998 йилда бошлаганмиз ижодни. Ундан олдин 1995-1998 йиллар ўз мусиқаларим устида ишлаганман. Лекин ўзимни ижодимни бир четга суриб қўйиб, Нилуфар билан шуғулланганман. Чунки икки йўналишда ижод қилиш осон иш эмас. Катта меҳнат талаб қилади. Шунинг учун вақтим бўлса, ёрдам беришим мумкин санъаткорларга. Ўзи яхши кўраман ёрдам беришни қўлимдан келгунча.

Бухородан Саидхон: Сиз ҳозир танилган "Уммон"гуруҳига мусиқалар ёзиб берар экансиз. Қўшиқчилар машҳур бўлишни истаганлар албатта "ватан бетакрорлиги"ҳақида қўшиқ куйлашади. Бунга фикрингиз қандай?

Султон Али: "Уммон"гуруҳига ёмон қарамайман. Лекин улар билан таниш ҳам эмасман. Бирорта қўшиғини қилмаганман. Қаердан олишди у гапни билмадим. Айтаяпманку, ҳозир қўшиқчилар билан ишламаяпман. Фақат яқинда дўстимиз Бобур Бобомурод ўзлари продюссерлик қиладиган Фарҳод ва Ширин дуэтига ва Афсонага қўшиқ ёзишни илтимос қилгандилар, шуни ўйлаяпман ҳозир.

Би-би-си: Султонали ака, мусиқани концертда жонли етказиб бериш техник томондан қийин дедингиз. Қўшиқчиларнинг аксарият ҳолларда фонограммага мурожаат қилишларига фикрингиз қандай?

Султон Али: Фонограммани ҳар хил тушунишади. Фонограммасиз санъат бўлмайди. Уни фақат ишлата билиш керак. Мусиқа шу даражада ривожландики, тўртта асбоб билан иш битмаяпти. Битта мусиқага ҳатто 50 тагача асбоб овози киритилмоқда. Овоз эса битта , уни ишлатишнинг қийин жойлари йўқ, унинг иложи бор. Концертда жонли ижро этилиши керак. Лекин бир хил жойларда, тўй-хашамларда, баъзи концертларда техника сифати паст бўлади, у жойларда фонограмма ишлатишга мажбур бўлинади. Шундай одамлар ҳам борки, ашула айтишни билмайди, студияда бир бало қилиб тўғрилашади. Келганда фойдаланиб қолай, дегандек санъатга умуман алоқаси бўлмаган одамлар ҳам борлигини кўрасиз. Ҳатто гувоҳ бўлдимки, бошқасининг овози билан чиқаётганлар бор. Шунинг учун улар профессионал қўшиқчиларнинг обрўсига таъсир қилади. Бир нарсани эшитдимки, Туркманистонда фонограммани тақиқлашибди. Ўзи Туркманистон санъаткорларини Ўзбекистонда ёки бошқа жойларда тўғриси унчалик билишмайди. Чунки уларнинг йўналиши бошқача. Фонограммани бутунлай тақиқлаш санъатнинг ривожига таъсир қилади. Мақсад фонограммани бутунлай йўқотиш эмас, фонограммадан фойдаланиб санъатни пул ишлаш воситаси қилиб олганлардан тозалаш учун баъзи чоралар кўриш керакдир. Чунки баъзи гуруҳларни студияда ёзаётганида кўрдимда, умуман қўшиқ айтиш у ёқда турсин, тушунмайди ҳам. Улар алдаяпти, шулардан тозалаш керак менимча.

Ўшдан Одилжон Маҳдумий : Мусиқа руҳий озуқами ёки маънавий?

Султон Али: Мусиқасиз мен масалан яшолмайман. Кунига икки соат мусиқа эшитмасам, тинч юрмайман. Яъни нимадир етишмайди. Худди овқатланмаганга ўхшайман. Мақтаниш эмаску, баъзи одамлар мусиқаларимни эшитишса, яхши ишлаши, нимадир куч беришини айтишади. Мусиқа катта куч, худди ҳаётга ўхшайди. Менинг мақсадим, ижодимни дунё йўналишига солиб олганимдан кейин, ҳар йили 10-15 та мусиқа жамланган албом чиқараман. Чунки менда ҳозир жуда кўп куйларим тўпланиб қолган. Айтишим мумкин, 10 йилгача ҳеч нарса ёзмасам ҳам тайёр турибди мусиқаларим. Ҳали Худо хоҳласа, яна қанча мусиқа ёзишим мумкин. Янгиларини чиқармаганим сабабики, айтганимдек ҳамкор бўлса, дунёнинг бозорига кирсам. Кейин ҳар йили янги-янги мусиқаларни чиқариб бораман. Чунки мусиқаларни чиқарганда увол қилиш керак эмас. Шу томондан қўрқаман. Бўлмаса ҳар йили чиқаришга имконим, шароитим бор. Осонроқ тушунтирсам, нонушта, тушлик, кечки овқатни бирданига ея олмайсизку. Худди шунингдек, мусиқани увол қилиш керак эмас. Дунё мусиқаларини ҳар куни эшитиб бораман. "Enigma"нинг мусиқаларини эшитиб гоҳида йиғлайман. Яна одатим борки, дўконга кирсам янги дискларни сотиб олиб, ичида 200 та куй бўлса, ундан энг зўр 4-5 тасини кўчириб оламан. Чунки ҳар хил даражадаги 200 тани эшитаман десангиз, мия чарчаб кетади. Ўзимникини ҳам эшитаман, солиштираман. Менда ишонч борки, мусиқаларим дунё талабларига жавоб беради ва жонли ҳам чалиб бера оламиз. Бунинг учун ҳаммаси тайёр, фақат йўлга қўйиб олишимиз керак.

Нодира: Қаерларда концертлар бергансиз, беряпсиз?

Султон али: Ҳозир концертлар ҳам келяпти. Осиё мамлакатлари, Россиядан, Америкадан, бошқа. Лекин уларни балансни қўйиб олгунча тўхтатиб турибман. Кейин ўзимизни, Ўзбекистонимизни обрўсини тўкмасдан, ҳаммасини батартиб қилиб чиқишимиз керак. Мен юртимни жуда яхши кўраман. У менинг оилам, уни қадрлайман. Лекин Худо хоҳласа, охиригача курашишга аҳд қилганман. Ўша Янни ҳам бирданига чиқмаган. Биринчи Грецияда чиқди. Кейин Осиёда, охирида Америкада Лас Вегасда катта концертни қўйди, кейин йўналишга тушиб кетди. Лекин Мароккода, Дубайда берган концертларида савия бироз тушгандек. Нимага? У жуда зўр созандалар билан ишлаган, уларга бўйсуниб қолган. Менга ҳам айтишди, дунёдан энг зўр созандалар, скрипачларни чақирамиз, концерт қўй деб. Бошқа давлатларда. Мен кўнмадим. Чунки бу касаллик. Янни шу касалликка чалинди, яъни зўр созандаларга бўйсуниб қолди. Улар концертини кўтариб беришганди. Кейингиларида улар бўлмагандан кейин савия бироз тушди. Зўр созандаларнинг характери ҳам инжиқ бўлади. Кейин улар ўзи чиққиси келади. Шунинг учун мен биринчи навбатда тартибга риоя қилишим керак. Йўналишимни ҳам жудаям қийинлаштириб, созандалар чалишини мураккаблаштиришим керак эмас. Менга Канададан таклиф бўлдики, мусиқани мен яратаман аслида, улар у ёқ-бу ёғини тўғирлаб ўзларининг номидан эълон қилишни айтишди. Улар шундай ҳамкорлик қилишмоқчи. Санъат эркин бўлиш керак, биров сизга диктоват қилиши керак эмас. Балансни тўғрилаб олишимиз керак, дедим. Яъни камида бир ой репетиция қилиш, техника дунё талабига жавоб бериши лозим. Масалан битта микрофоннинг ўзи 450 доллар туради. Ундан менга 30 та керак бўлади. Мураккаб жойларини ёзиш керак. Шунинг учун мен концерт бермай турганим, шунчаки фонограммада бермоқчи эмасман. Худо хоҳласа, ҳамма ўйлаганларимиз амалга ошса, чет элларда, Ўзбекистонда ҳам профессионал концерт бермоқчиман. Ниятим шу.

Би-би-си: Муштарийларимизга қандай тилакларингиз бор?

Султон Али: Кўпроқ мусиқа эшитишсин, бу ҳақиқатдан катта куч. Мен мусиқаларим билан кимгадир ёрдам бериб, кўнглини олган бўлсам бахтиёрман. Ниятларига етишсин, бахтли, омадли бўлишсин!

Бу мавзуда батафсилроқ