Қаюм Ортиқов қийноққа солингани Лондонда муҳокама қилинди

  • 3 Ноябр 2013

Британияда нашр қилинадиган "Индепендент" рўзномаси ёзишича, Тошкентдаги Британия элчихонасида қўриқчи бўлиб ишлаган ва Ўзбекистондаги махсус хизмат жосуси бўлишдан бош тортгани учун қийноққа солинган Қаюм Ортиқов ва унинг оиласи ўзларининг ишига Британия ҳукумати эътибор қаратади, деган умидларини йўқотганлар.

Independent on Sundayда чоп қилинган мақолада айтилишича, Қаюм Ортиқов оиласининг Британия Бош вазири Девид Кэмеронга ёрдам сўраб қилган мурожаатлари жавобсиз қолган.

Рўзнома мухбирлари билан суҳбатда Қаюм Ортиқов рафиқаси Моҳиранинг айтишича, турмуш ўртоғининг қийноқларга солинганини кўпчиликка ошкор қилиш билан Британия ҳукуматининг ёрдамига умид қилганлар.

"Уч ой олдин эрим ва мен биз Ўзбек расмийлари томонидан шафқатсиз қийноқларга солинганимиз ва бизни Британия жосуси эканликда айблашгани ҳақида ҳикоя қилиб берган эдик. Биз ушбу кўз кўриб-қулоқ эшитмаган даражадаги оғриқли ҳикояни оммага маълум қилиш билан Британия ҳукумати бизга қочқин мақомини бериши ва эримнинг даволанишига шароит яратиб беради, деб ўйлаган эдик", деб айтган Қаюм Ортиқов рафиқаси.

Унинг айтишича, ўзларининг ишига Британия ҳукумати жиддий қарайди, деб ўйлаганлар, бироқ ҳозирга келиб умидларини йўқотганлар.

Independent on Sunday журналистлари ёзишича, Ортиқовнинг ишига Британия Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари, Катта давлат вазири Баронесса Варсий эътибор кўрсатган.

Бир кун олдин инсон ҳуқуқларига бағишланган қўмита мажлиси бўлиб ўтган.

Унда барча партиялардан сиёсатчилар иштирок этганлар.

Independent on Sunday мухбирлари хабар қилишича, Ортиқов масаласи туфайли жорий ҳукуматга босим кучайган, сиёсатчилар ўзбекистонлик оилага зудлик билан ёрдам кўрсатишга чақирганлар.

Тўрт фарзанднинг отаси, 44 ёшли Қаюм Ортиқовнинг "Тоштурма"да шафқатсиз қийноқларга солингани масаласи ўтган ҳафта Женевада БМТнинг Қийноқлар бўйича қўмитасида Ўзбекистонга бағишланган мажлисда яна бир марта кўтарилган.

Бу мажлисда қатнашган халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларининг вакиллари айтишича, БМТ экспертларининг жиддий саволларига жавоб бера олмаган Ўзбекистон ҳайъатининг раҳбари Акмал Саидов бақир-чақир қилиб ва столни муштлаб ҳукумат сиëсатини ҳимоя қилишга уринган.

Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонасида қўриқчи бўлиб ишлаган Қаюм Ортиқов қийноқларга тутилгани 2009 йилда инсон ҳақлари фаоллари ва журналистларга маълум бўлган.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш "Эзгулик" жамияти тарқатган хабарга кўра, маҳкама ҳукми эълон қилинганидан кейин тўққиз ой давомида ҳам "Тоштурма"да ушлаб турилган Қаюм Ортиқовни “Сен Британия жосусисан, кимга қандай маълумот олиб борганинг ва қандай маълумот олиб келганлигингини айтиб берасан” деб қийнашган.

Қаюм Ортиқовни маҳкама одам савдосида айблаб, 6 йилга озодликдан маҳрум этган.

"Эзгулик" тарқатган хабарга кўра, маҳбусни совуқда яланғоч ҳолатда соатлаб полга ётқизиб, устига 4-5 киши ўтирган ҳолатда ушлаб туришган.

Тирноқлари остига игна тиқишган, тиззасига, қорнига, бошига биттадан одам ўтирғизиб, оёғи остига дубинка билан соатлаб уришган.

"Эримнинг қўллари ва бошини пешонасидан панжарага боғлашган, оёқларига иккита кишан тақиб, икки томонга тортиб туришган. Газетани ёқиб, унинг чотини куйдиришган. Шифокорлар эримга 2-даражали куйиш ташхисини қўйиб, қийноқларни тўхтатишни сўраган. Лекин бу инобатга олинмаган", деб айтган Моҳира Ортиқова.

Рафиқаси сўзларига кўра, қийноқларга чидолмаган Қаюм Ортиқов бир неча марта ўз жонига қасд қилишга уринган.

Бу мавзуда батафсилроқ

Алоқадор интернет саҳифалари

BBC ташқи интернет саҳифалар учун масъул эмас