Ўзбекистон: Ниқобли текширувчиларни тергашга кимнинг ҳадди сиғди?

Ниқоблилар иштирокида рейдлар Ўзбекистонда одатга айланган
Image caption Ниқоблилар иштирокида рейдлар Ўзбекистонда одатга айланган

Гулнора Каримова Тошкент дўконларига ниқоблилар иштирокида келган текширувчиларни фош қилишга қаратилган видеони твиттердаги саҳифаси орқали тарқатди. Тасвирларда рейдлари билан тадбиркорларнинг жонини олиб қўйган текширувчиларнинг айримлари қаттиқ тергов қилинади.

Ҳакимзода номли твиттер фойдаланувчисининг “Ҳаммага ҳақиқатни айтиш вақти келди, шекилли”, - дея youtube порталига қўйилган видеога линк келтирди.

“Ҳақиқатни?! Ҳақиқат бўлса ҳақиқатда! Қанчасини калтаклашди ва уришмоқда”, - дея Каримова хоним ушбу постни ўзининг микроблогида чоп этади.

43 дақиқалик видеода Тошкент шаҳридаги дисклар савдоси билан шуғулланувчи икки дўконда амалга оширилган рейдлар акс этади.

Тасвирларда видеога олаётган аёл киши текширишга кирган ҳуқуқ тартибот органи ходимларини сўроқ қила бошлайди. Видеода савол берувчи ва тасвирга олувчи аёлнинг овози махсус эффектлар ёрдамида ўзгартирилган. У тасвирда бирор марта ҳам кўринмайди.

Текширувчиларнинг олдинроқ келганини ва уларни сўроқ қилаётган сирли аёл кейинроқ пайдо бўлганини англаш мумкин.

“Фамилиянгиз ким, қаердан келдингиз, ким сизларни юборди”, - дея ушбу аёл текширувчиларга бирма бир мурожаат қилади.

Текширувчилар ўзларини айбдордек ҳис қилишиб, савол эгасига қўрқув билан жавоб бераётганидан видеога олувчи шахс Ўзбекистондаги таниқли ва таъсирга эга шахслардан бири эканлигини пайқаш мумкин.

Шунингдек тасвирда дўконнинг бир бурчагида ниқоб тақиб олган икки ходимни ҳам кўриш мумкин.

Улар ҳам видеога ўзларининг фамилиясини айтишган ва “Бургут” махсус хизматидан эканлигини билдиришган.

Тасвирлардан шуни англаш мумкинки, ушбу текширувчилар Тошкент шаҳридаги “CD-PROFI” корхонасига қарашли 7 дўконни текшириши керак бўлган.

Унда Давлат солиқ идораси, прокуратура, божхона, Ўзбекистон интелектуал мулк агентлиги, “Бургут” махсус хизмати ходимлари иштирок этган.

Рейдларнинг 19 октябр куни ўтканини билиш мумкин. Рейдлар Тошкент шаҳар Давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг буйруғи асосида ўтказилган.

“Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармасининг “Чакана ва хизмат кўрсатиш соҳасида нақд хорижий валюта муомаласига йўл қўймаслик устидан назорат қилиш, қисқа муддатли текширишларни ташкил этиш” бўлими ходимлари И. Файзиев, Б. Тошмуҳаммедов, Ш.Эшимовларга Ҳамза тумани Тўй-Тепа кўчаси 1 – уйда жойлашган “CD-PROFI” корхонасига қарашли савдо тармоғида савдо қоидаларига риоя этилиши ва нақд пул туширмаларига таалуқли масалалар юзасидан қисқа муддатли текшириш учун хизмат сафарига юборилсин”, - дейилади видеода акс эттирилган буйруқда.

Бироздан сўнг видеога олувчи ускунасини кўтариб олган таъсирли аёл “CD-PROFI” га тегишли яна бир дўконда пайдо бўлади.

Бу ердагиларни ҳам сўроқ қила бошлайди.

Маълум бўлишича, текширувчилар икки дўконда ҳам сотувчиларга куч ишлатади. Уларни юзи, бўйнига ўзини Сергей Мельников деб таништирган одам мушт туширади.

Текширувчилар ушбу дўконда товар чекини бермасдан савдо қилаётгани учун текширувлар ўтказганини таъкидлашади.

Аммо сотувчилар чек берилганини ва уни сотилган диск ичига солиб қўйгани, бостириб кирган одамлар унга қарамаганини ҳам айтишади.

Видеода ёзилишича, “бу ерда берилган исмлар тўғри эмас. Унда МХХ ички хавфсизлик хизмати марказий аппарати вакиллари ҳам бор”.

"Тадбиркорларнинг жонига аро кирган Робин Гуд" ким?

Видео Гулнора Каримованинг твиттерида қайта чоп этилишидан ортидан кенг муҳокамаларга сабаб бўлади.

Фойдаланувчиларни ўзларининг кутилмаган ниқобли рейдлари билан тадбиркорларнинг жонини олиб қўйган ушбу шахсларни тергов қилишга ким журъат этди, деган савол қизиқтирган.

“Менимча, бу аёл Гулнора Каримова. Ўйлашимча, у халқ ёнини олди”, - дейди Асад Асадов.

Видео ҳақидаги твит остига ёзилган муҳокамаларда Гулнора Каримованинг ўзи ҳам фаол иштирок этган.

Бу сизнинг дўконингизми, деган саволга Гулнора Каримова “яна нималар меники? “менинг юлдузларим”, “менинг грантларим”, кредитли барча кичик тадбиркорлар ва кабоббозлар меники”, - дея жавоб берган.

Katarina Richter номли юзер, “бечора солиқчи, прокуратура ходимлари. Иккичи болаларга ўхшаб туришибди, ҳеч нарса дейишолмайди”, - деб ёзади.

Унга жавобан Гулнора Каримова “Умуман улар кучли ва енгил! Уларга ҳар 3 дақиқада телефон қилиб туришди. Сценарий муаллифи бўлган акалари маслаҳат бериб туришди”, - дейди.

“Кадр ортида яширин овоз... Гулнора Исломовна, наҳотки бу сиз! Сиз Робин Гудсиз!!” – дейди Mr James Cook.

Унга жавобан Каримова хоним кўп миқдордаги табассум белгиси билан жавоб беради.

Видеода тасвирларда ҳам солиқ идораси ходими ўзини тергов қилаётган хонимга дўкон эгаларини “сизнинг одамларингиз” дея мурожаат қилади.

“Сизнинг одамларингиз ҳам алдаяпти, савдо нақд пулда бўлганди”, - дейди текширувчилардан бири.

- Булар меники эмас! Биласизларми, бу ҳақда (ниқобли рейдлар, Би-би-си таҳр.)бутун интернетдагилар гапирмоқда. Менга ҳам бу ҳақда ёзишди. Мени бу ерга шунчаки келди, деб ўйлайсизларми? Мен бу одамни умуман танимайман. Ҳатто биринчи марта кўриб туришим. У кириб келганда, исминг нима деб сўраганимни сиз кўрдингиз-ку. Бу нарсалар менинг жонимга тегиб кетди. Шунинг учун шу ердаман. Қанақасига меники бўлсин?

“Бу дунёда ҳаммасини пул ҳал қилишини тушунаман. Аммо бундай қилиш керак эмас. Нима учун юзига урдингиз? Бирор нарсани муқаддас деб биласизларми? Қалбларингиз ҳам солиқчи бўлиб кетмагандир. Ҳеч бўлмаса бир марта намозга борасизми? Уйингизда ўқийсизми?”, -деган кадр ортидаги овоз терговчи оҳангда.

“Уларнинг ёнини ҳеч ким олмаса ким олади”, - дейди у.

Гулнора Каримовага тегишли экани айтиладиган Ўзбекистондаги айрим бизнесларнинг ёпиб қўйилиши ва текширувчилар бошланиши ортидан Каримова хоним интернетда янада фаол бўлиб қолди.

У бундан олдинги ёзишмаларида ўзи ҳақидаги миш-мишлар ортида олигарх Усмонов тургани ва МХХ раиси Рустам Иноятов президентлик курсиси учун курашни бошлаб юборганини ёзган эди.