Франциянинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили нега Тошкентга борди?

Франциянинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили - Патрициана Спарасино-Тиллай октбяр охирларида Тошкентга борган.

Аммо, хабарларга кўра, мазкур ташрифдан Ўзбекистондаги ҳуқуқ фаоллари ва журналистлар бехабар қолишган.

Тиллай хоним Францияга қайтиб келгач, ўзбекистонлик қатор ҳуқуқбонлар, хусусан, Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг 7 йилдан бери қамоқда қолаётган фаоли - Аъзам Фармоновнинг рафиқаси унга қатор саволлар билан мурожаат қилишган.

Улар Франция вакилидан Ўзбекистонга сафари чоғи мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари, қийноқлар билан боғлиқ вазият, жумладан, қамоқхонада қолаётган фаоллар тақдири билан қизиққан-қизиқмагани сўрашган.

Би-би-си Франция омбутсманига боғланиб, Ўзбекистонга қай мақсадда борганини сўради.

Патрициана Спарасино-Тиллай: Ташрифимиздан мақсад - Ўзбекистон Инсон ҳуқуқларини муҳофаза қилиш марказининг бошлиғи тарафидан анжуманда учрашиш таклифига биноан ўша анжуманда иштирок этиш эди. Бу анжуман бир қанча халқаро ташуилотлар иштирокида уюштирилган анжуман бўлганлиги туфайли биз ҳам бу таклифни қабул қилдик. анжуманда инсон ҳуқуқларини муҳофаза қилиш бўйича турли масалалар муҳокама этилди. Франциянинг бу соҳада анча тажрибаси борлиги туфайли биз бу тажриба билан улашиш мақсадини кўзлаган эдик. Биз бу соҳада анча фаолмиз. Маълумингизким, инсон ҳуқуқлари Декларациясини ҳам, Париж тамойилларини ҳам франциялик инсон ҳуқуқлари фаоллари киритишган. Бу каби анжуманлар турди мамлакатларнинг тажрибаларини бўлишиб халқаро миқёсда орттирилган тажрибани жумладан Ўзбекистонда ҳам татбиқ этиш имконларини яратади, деган ишончда бу анжуманда қатнашдик.

Би-би-си: Ўзбекистонда сиз кимлар билан учрашдингиз, кимлар билан гаплашдингиз, музокара олиб бордингиз?

Патрициана Спарасино-Тиллай: Мен ўз одатимга биноан мумкин қадар кенгроқ миқёсда учрашувлар уюштиришни илтимос этган эдим, аниқки, ҳукумат тизимидаги инсон ҳуқуқларини муҳофаза қилиш ташкилотлари, ҳамда фуқаро жамияти вакиллари билан учрашиш ниятини билдирдим. Биринчи навбатда Омбудсмен, сўнг Инсон ҳуқуқларини ҳимоя этиш маркази раҳбарияти, Инсон ҳуқуқларини кузатиш бўйича миллий институт вакиллари, Тошкентдаги халқаро ташкилотлар ходимлари, ҳамда фуқаро жамияти вакиллари билан учрашдим.

Би-би-си: Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари борасида оқсаб келаётган мамлакатлар сирасига киради. Сиз бу борадаги ўз ташвишу хавотирларингизни Ўзбекистон тарафига билдирдингизми?

Патрициана Спарасино-Тиллай: Билсангиз керак, Франция инсон ҳуқуларини ҳимоя қилишга содиқ мамлакатлардан биридир. Албатта бу масалалар бизнинг кўплаб шерикларимиз билан бўлган музокараларда ва жумладан Ўзбекистнлик ҳамкасбларимиз билан бўлган учрашувларида кўтарилди. Ўзбекистондаги учрашувларимизда биз бу мулоқотнинг самимий ва конструктив бўлишига интилдик. Конструктив деганимда - ҳамкорларимизга ҳаётга татбиқ эта олишадиган тажрибаларни ва таклифларни биргаликда ишлаб чиқишдир. Биз бу борада нафақат ўзимиз, балки Оврўпо Иттифоқи аъзоси қаторида ҳам фаол мулоқатдамиз.

Би-би-си: Сиз фуқаро жамияти вакиллари билан учрашдим деяпсиз, бироқ бизга келиб тушган бир очиқ хатда - бу хат Озода Фармонова номидан ёзилган - Сизни инсон ҳуқулари фаоллари ва журналистлар билан учрашмаганингиз танқидга олинган.

Патрициана Спарасино-Тиллай: Мумкин бўлса шуни айтишим керакки, Ўзбекистонда фуқаро жамияти яхлит ва бут эмас, аксинча мен фуқаро жамияти вакиллари билан учрашдим. Албатта, инсон ҳуқулари фаолларининг барчаси билан учрашиш имконсиздир. Айтишим мумкинки, Франция бу борада талайгина кузатувчиларга эга, улар муттасил равишда инсон ҳуқуқлари масалалирини кузатиб туришади. Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазияти вақтталабдир. Лекин шуни ҳам айтишим мумкинки, Ўзбекистон ҳукуматининг ўзи ҳам бу ҳолатдан хабардор ва инсон ҳуқулари вазиятини тузатиш лозимлигини англаб етган. Биз бу ерда ўз тажрибамиз билан улашишимиз мумкин.

Би-би-си: Озода Фармонова Сизга ёзган очиқ хатида ўз эрининг қамоқда қийноққа тутилгани ҳақида ёзади. Сиз Ўзбекистон қамоқларидаги қийноқлар масаласини ҳеч кўтардингизми?

Патрициана Спарасино-Тиллай: Мен бу инсоннинг очиқ хат ёзганидан бехабарман. Лекин шуни таъкидлашим лозимки, мулоқотимиз давомида биз инсон ҳуқулари борасида барча масалаларни муҳокама этдик. Қамоқлардаги аҳвол ҳам муҳокама этилди. Афсуски, биз бу соҳада дарс бериш мқомида туролмаймиз, чунки ўз қамоқларимизда ҳам турли масалалар мавжуд, лекин шуни аниқ айтишим мумкинки, қамоқлардаги тутқунларнинг аҳволини яхшилаш, уларнинг инсон ҳуқуқлари топталмаслигини кафолатлаш масалалрини биз албатта муҳокама этдик.

Бу мавзуда батафсилроқ