Би-би-си мухбирига Вазиристондаги ўзбеклар нималарни айтишди?

Image caption Покистон Толибони раҳбари Ҳакимуллоҳ Маҳсуд ҳам Ўзбекистон Исломий ҳаракати раҳбари Усмон Одил ҳам дрон ҳужумида ўлдирилгани хабар қилинган.

Покистондаги толибларнинг собиқ раҳбари Ҳакимулло Маҳсуд Шимолий Вазиристонда бир ҳафта муқаддам ҳалок этилганди.

Ўзбекистон Исломий ҳаракати Ҳакимуллоҳ Маҳсуднинг асосий иттифоқчиларидан бири сифатида кўрилади.

Би-би-си Урду хизматининг Покистондаги мухбири Аҳмад Вали Ҳакимуллоҳ Маҳсуд ўлимидан олдин у билан суҳбат қилган сўнгги журналистдир.

Аҳмад Вали Шимолий Вазиристонда Ўзбекистон Исломий ҳаракати жангчилари билан ҳам учрашганини айтади:

Аҳмад Вали: Бир ой олдин мен Покистоннинг озод қабилалар яшовчи минтақаларига борган эдим. У ерда Покистондаги Толибон ҳаракати раҳбарлари, хусусан ҳаракатнинг собиқ раҳбари Ҳакимулло Маҳсуд билан суҳбатлашдим. Покистоннинг қабила минтақаларида турли хилдаги Толиблар бор. Улар орасида Марказий Осиё ва Қофқоздан борган исломий жангчилар жуда ҳам кўп, айниқса Ўзбекистон, Тожикистон ва Чеченистондан. Қабоилда уларни жуда кўп учратасиз. Маҳаллий аҳоли уларни "хорижий мужоҳидлар" ёки "Ўзбекистон Исломий ҳаракати мужоҳидлари", деб атайди.

Савол: Уларнинг маҳаллий аҳоли билан муносабати қандай?

Аҳмад Вали: Икки йил олдин Жанубий Вазиристонда маҳаллий аҳоли ва ўзбеклар ўртасида жанглар бўлган. Шундан кейин Ўзбекистон Исломий ҳаракати жангчилари Жанубий Вазиристондан Шимолий Вазиристонга кўчиб ўтишди. Ҳозирда ўзбеклар ва бошқа Марказий осиёлик "толиблар" аҳволини жуда яхши деб айтиш мумкин. Улар мукаммал тармоқни шакллантириб бўлганлар ва "Ал-Қоида" ва Покистондаги Толибон ҳаракати раҳбарлиги остида фаолият юритишади. Зикр этганим гуруҳлар ўртасида жуда яқин ва махфий алоқа мавжуд.

Савол: Ўзбекистон Исломий ҳаракати сафларига қўшилаётганлар кўпми?

Image caption Би-би-си мухбири Аҳмад Вали бир ой олдин Шимолий Вазиристонга борган.

Аҳмад Вали: Мен Покистондаги Толибон ва Ўзбекистон Исломий ҳаракати раҳбарларининг баъзилари билан суҳбатлашдим. Мен улардан Ўзбекистон ва Ўрта Осиёнинг бошқа минтақаларидан сафларингизга қўшилаётганлар сони кўпми, деб сўраганимда, улар ҳозирда ҳам жуда кўп Ўрта осиёликлар улар сафига қўшилаётганини айтишди.

Савол: Иқтисодий жиҳатдан уларнинг яшаш шароитлари қандай эди?

Аҳмад Вали: Биламизки, Покистондаги Толиблар жуда оддий ҳаёт кечиришади. Уларга бериладиган ёрдам манбалари ҳеч қачон ошкор этилмайди. Лекин шу маънода Ўзбекистон Исломий ҳаракати тизими жуда фаолдек кўринди менга. Шунчаларки, Ўзбекистон Исломий ҳаракати ҳозирда нафақат Афғонистонда балки Покистон ичкарисида ҳам ҳарбий амалиётлар ўтказишга қодир. Уларга, менимча, турли йўллар билан моддий ёрдам келиб туради.

Савол: Уларнинг ақидалари қандай? Аввал бошда Ўзбекистон Исломий ҳаракати Ўзбекистонда исломий давлатни қуришни мақсад қилганди. Улар ҳозир ҳам шу ниятдамилар?

Аҳмад Вали: Исломий ақида нуқтаи назаридан олганда, улар орасида ҳанафийлари ҳам бор, салафийлари ҳам бор. Лекин нишонлари, менинг ўйлашимча, ҳалиям Ўзбекистон бўлиб турипти. Аммо ҳозир улар Покистонда ва Афғонистонда амалиётлар ўтказишмоқда. Умуман Ўзбекистон Исломий ҳаракати ўта қаттиқ интизоми билан бошқа гуруҳлардан фарқ қилади. Ҳаракат аъзолари ҳам қуролли амалиётларда ўта жасурлиги ва қайтмаслиги билан ажралиб туришади.

Бу мавзуда батафсилроқ