UzWebiston: Ўзбекистон КабМини сиртдан иш қиладиган идорами?

Ўзбекистонда очиб ўқиш мумкин бўлган Интернет саҳифаларидага мақолага кўра, пенсионерларнинг пенсиясини "кесиш" ҳақидаги ҳукумат қарори тўғри бўлмаган.

Фақат бугина эмас, Тошкент марказидаги Кабмин деб номланадиган идорада ўтирган амалдорлар Ўзбекистоннинг "Фуқароларнинг мурожаатлари ҳақида"ги қонунини назар-писанд қилмас эканлар.

Ўзбекистондаги таниқли журналист Наталя Шулепинанинг "Вазирлар Маҳкамаси нега жавоб бермаяпти?" деб сарлавҳаланган мақоласи унинг ўзининг SREDA.UZ деб номланган веб-блоги ҳамда 12news.uz веб-сайтида эълон қилинган.

Мақолада ёзилишича, пенсияга чиққан, бироқ қўшимча даромад бўлсин деб Ўзбекистондаги нашрларга мақола ёзиб қалам ҳақи олган кекса журналистлар миллионлаб сўмдаги нафақасини қайтариб давлатга топшириши кераклиги ҳақидаги қоғозларни олганлар.

Кекса журналистлар Пенсия жамғармаси билан боғланишган.

У ерда ҳам, сўнг бир-биридан жавоб хатларини "ксерокопия" қилиб кекса инсонларга жавоб ёзган Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари Миллий маркази ҳам, Ўзбекистон Олий Мажлисининг Омбудсмани ҳам, депутатлар, касаба уюшмалари, Адлия вазирлиги, прокуратура ва бюджетга қарашли бўлмаган Пенися жамғармаси ҳам бир жумлани такрорлаганлар: "Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан..."

Сўнг журналистлар Тошкент марказидаги Вазирлар Маҳкамаси биносига боришган.

У ерда хушмуомалалик билан бу масала мураккаб эканини ва уни ҳал қилиш учун бироз вақт кутиш лозимлигини айтишган.

Ўзбекистонда қабул қилинган "Фуқаролар мурожаати ҳақида"ги қонунга кўра, мамлакат ҳудудидаги ҳар қандай идора-ташкилот фуқаронинг мурожаатига бир ой давомида жавоб қайтариши шарт.

Бир ойдан сўнг Вазирлар Маҳкамасидан жавоб олиш учун борган кекса журналистларга яна кутишни маслаҳат беришган.

Шу йил 27 июн Ўзбекистон журналистларининг касб байрами арафасида Вазирлар Маҳкамасига мурожаат ёзган журналистлар ноябр ойининг бошига келиб - 4 ой ўтиб, бу юқори идорадан ҳамон жавоб кутаётганларини эслатганлар.

Ўшанда КабМинга топширилган мурожаатнинг матни веб-сайтларда эълон қилинган.

Ўзбекистонда Вазирлар Маҳкамаси мамлакатдаги ижроия ҳокимиятининг асосий тузилмаси ва мамлакат конституциясининг ижросини бошқалардан талаб қилиши лозим бўлган муассасадир.

Бироқ мамлакат мустақиллигидан кейин имзоланган ва қўл остидагилардан бажариш талаб қилинган кўплаб қонуности меъёрий ҳужжатлар Вазирлар Маҳкамаси номидан эълон қилинган ва бу ҳужжатларнинг орасида Ўзбекистон Конституциясига зид бўлганлари ҳам анча.

Хусусан, мақола ёзган пенсионер журналистни таҳририятда ишлаётган журналистга тенглаштириб, давлатдан олган пенсиясининг 50 фоизини "кесиб ташлаш" ҳақидаги қарор ҳеч жойда муҳокама қилинмаган.

Бу ҳақда Ўзбекистон парламенти аъзоларининг хабари борми-йўқми, номаълум.

Қарор 2011 йил сентябрида кучга кирган экан.

Бироқ бу ҳақда кейинги йил миллионлаб сўмдаги пенсиясини давлатга қайтариб топшириши кераклиги ҳақида расмий хат олганларидан сўнг пенсионер журналистлар хабардор бўлганлар.

Бош вазир Шавкат Мирзиёев Вазирлар Маҳкамаси раҳбари ҳисобланади.

Жаноб Мирзиёев журналистлар билан мулоқот қилмайдиган сиёсатчи сифатида танилган.

Унинг бирор бир интервьюси, журналистлар билан матбуот анжумани ўтказилмаган.

Ўзбекистонлик журналистлар Бош вазир матбуот хизмати фаолияти ҳақида ҳам кўп нарса билмайдилар.

12news.uz веб-сайти ёхуд Наталя Шулепинанинг SREDA.UZ блоги Вазирлар Маҳкамасидан Интернетда тарқалган мақолага расман жавоб олган-олмагани ҳозирча аниқ эмас.

Бу мавзуда батафсилроқ