Малайзияда ўзбекистонлик уч фуқаро ўлимга ҳукм этилди

  • 9 Ноябр 2013
Image caption Малайзия қонунчилигида ноқонуний наркотик траффиги учун ўлим жазоси кўзда тутилган.

2010 йил Малайзиянинг Куала Лумпур аэропортида катта миқдордаги гиёҳванд моддалар билан ушланган уч ўзбек фуқароси устидан маҳкама жараёни ниҳоясига етган.

Малайзия маҳкамаси ўзбекистонликларга қўйилган айблар тўлиқ исботини топганини айтиб, мамлакат қонунларига асосан уларни ўлимга ҳукм этган.

Малайзия қонунчилигида ноқонуний наркотик траффиги учун ўлим жазоси кўзда тутилган.

8 ноябр куни бўлиб ўтган маҳкамада 54 ёшли Дилбар Назарова, 58 ёшли Сайёра Нурмуҳаммедова ва 39 ёшли Жасур Тўрақулов ўзларига қўйилган айбларни тан олишмаган.

Судланувчи аёллардан бирининг айтишича, Тошкент аэропортида унга Шоҳруҳ исмли йигит юк бериб, Малайзиядаги танишига етказишни илтимос қилган.

Шунингдек, судланувчилар гиёҳванд моддаларни Малайзияга олиб кириш шу қадар оғир жиноят эканлигидан хабарсиз бўлганларини айтишган.

Маҳкама ҳимоячилар келтирган далилларни уларни оқлашга асос бўлолмаслигини таъкидлаб, ўзбекистонлик уч фуқарога ўлим ҳукми чиқаргани хабар қилинмоқда.

Бундан олдин ҳам Малайзияда истиқомат қилиб келган яна бир ўзбекистонлик аёл гиёҳванд модда билан қўлга тушгани ва унга ўлим ҳукми берилиши айтилганди.

Ўзбекистондан хорижга чиқиш ва мамлакатга кирувчилар устидан қаттиқ назорат ўрнатилган Тошкент аэропортида 10 кгдан ортиқ кучли гиёҳванд моддаларнинг олиб чиқиб кетилиши қандай рўй бергани эса айни пайтда ноаниқ қолмоқда.

Ўзбекистон расмийлари бу ҳодисага изоҳ беришмаган.

Бу мавзуда батафсилроқ