Би-би-сига айтаман: "Ўзбекистон ҳукумати халқнинг сабрини синамоқдами?"

Image caption "Ўзбекистон гази қаёққа кетяпти?"

"Ўзбекистоннинг барча вилоятларида газ ва свет энг катта муаммога айланди. Унинг олдига мана яқиндан бошлаб бензин йўқлиги ҳам қўшилди. Ҳукумат халқнинг сабри яна қанчага етишини синамоқда шекилли. Тўғриси ҳамманинг сабр-косаси тўлиб бўлган",- дейди Би-би-си муштарийларидан бири.

Шу мазмундаги мактублар Би-би-си почтасига келган.

"Аҳолининг жонига тегди. Ўзбекистон гази қаёққа кетяпти?", деб ёзади Хуршид исмли ўқувчимиз.

"Қўқонда газ бўладими? Ўзбекистон гази қаёққа кетяпти? Аҳоли фойдалангани йўқ газдан. Нима қилиш керак, ким нимани кутяпти? Ўзбекистонда уруш бўлишини хоҳламайди ҳеч ким. Лекин аҳолининг жонига тегди. Газ йўқ, свет йўқ. Нима қилиш керак? Гўдаклар совуқдан касал бўлади. Ўзбекистон аҳолиси кўпайяпти. 2013 йилда ҳам газ, свет бўлмаса, билмадим. Аҳоли жонидан тўйди. Аҳоли 8 йил қишда газ, светсиз. Кимга ёқади, қайси юртга ёқади? Тошкентда нимага бунақа муаммо йўқ"- деган саволларни қўяди Хуршид.

Ўзбекистондан келаётган бошқа хабарларга кўра, Самарқанд вилоятида уч кун мобайнида газ ва электр энергиянинг тўлиқ ўчириб қўйилганидан дарғазаб бўлган аҳоли, аксарияти аёллар катта йўлни тўсишган. Шундан сўнг маҳаллий расмийлар тез орада газ ва чироқ доимий берилишини ваъда қилганлари айтилмоқда.

Би-би-сининг Жума шаҳридаги манбаси айтишича, одамларнинг журъатлилари шундай талаб билан чиқмаса, газ ва чироқсиз ҳаёт кўпчилик учун одатий бўлиб қолган.

Image caption Газ бўлмаган қишлоқларда халқнинг куни ўтин ва ўчоққа қолган.

"Эрталаб светни соат 7 да беради 8 да ўчиради. Шу билан кеч 6 да ёнади, бир соатдан кейин ўчиради. Кейин 11-12 да беради. Нима бу ахмоқлик? Кимга керак бу? Йўқ газга пул тўлаяпмиз. Берганига беш соатларда ҳам овқат пиширолмайсиз. Наҳотки бунинг охири бўлмаса?", дейди жумалик суҳбатдош.

Қашқадарёда такси ҳайдаб, рўзғорини боқаётган кишининг сўзларига қараганда, у борган деярли ҳамма туманда аҳвол шу. Қишлоқ жойларда газ умуман йўқ. Мен яшайдиган Касбида декабрдан мартгача газ беради холос. Қолган пайтлар ўчоқ, свет бўлса плитада овқат қилинади, мен газ баллон сотиб олганман. Қашқадарё бўйича Нишонда свет бироз яхши шекилли Талимаржон станцияси борлиги учун. Ўғлим Нишонда пахта теряпти, свет яхши деяпти у".

Суҳбатдошимизга кўра, ҳамма вилоятлардан талабалар пахтадан қайтган, Қашқадарёда эса талабалар ҳануз пахта теришмоқда. Уларнинг қачон қайтиши номаълум. Янги ҳоким қандай ишлаётганини кўрсатиши керакдирда?- дея ўзи жавоб қайтаради саволига.

"Илгари Қаршида электр билан муаммо камроқ бўларди, ҳозир бизда ҳам аҳвол қишлоқдагилар билан бир хил бўлиб қолди. Болаларим мактабда ўқийди. Кечки пайт чироқ ўчади. Дарс қилишга вақт етмайди. Кейин ярим кечагача кутиб ўтиради ёнишини. Эрталаб туролмайди. Болалар керакли билимни ололмаяпти. Билмайман қаёққа қараб кетяпмиз ўзи?"-деб айтади қаршилик уй бекаси.