"Россиядаги Ўзбекистон элчихонасида ёш йигитлар кексаларга дўқ уришади"

Image caption Россиядаги ўзбек меҳнат муҳожирлари бундан олдин ҳам элчихона ҳеч қачон ёрдам қўлини чўзмаслигидан шикоят қилишган

Россиядаги "Ёшлар" жамоатчилик ҳаракати раиси Махсуд Абдужабборов Ўзбекистон Президенти номига очиқ мактубга имзо тўплаш кампаниясини бошлаган.

Мактубда "Ёшлар" ҳаракати Ўзбекистон Президентини Россиядаги Ўзбекистон элчихонасининг "қониқарсиз фаолияти"га эътибор қаратишга чақирган.

Махсуд Абдужабборов сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси меҳнат муҳожирларини ҳимоя қилиш ўрнига улардан мўмай даромад ундириш билан банд. Биз жаноб Абдужабборовдан мактубдан мақсад нима бўлгани ҳақида сўрадик:

Махсуд Абдужабборов: Гап шундаки, икки ой муқаддам ўзимнинг Россиядаги Ўзбекистон элчихонасига ишим тушди. Санкт-Петербург шаҳридаги депротация изоляторларида 150-200 нафар Ўзбекистон фуқаролари ушлаб турилибди. Улар ватанларига қайтишлари учун ҳужжатлар билан таъминланишлари керак. Уларнинг баъзилари бу изоляторда бир ярим йилдан буён сақланмоқда. Россия Федерал Миграция Хизмати бу инсонлар шахсини аниқлаштириш учун Ўзбекистон элчихонасига давомли мурожаатлар қилиб келаяпти. Ўзбекистон элчихонаси эса, уларга деярли жавоб қайтармайди.

Би-би-си: Ўзбекистон элчихонасига ишим тушди, деяпсиз. Элчихонанинг сизга муносабати қандай бўлди?

Махсуд Абдужабборов: Менинг шахсан ўзим Санкт-Петербургдан Москвага икки марта бордим. Улар менга ҳар гал бир хил жавоб қайтаришди: "Консул йўқ, илтимос, бошқа пайт мурожаат қилинг". Сен Санкт-Петербургдан шунча йўл босиб келганинги эса, уларни умуман қизиқтирмайди.

Би-би-си: Лекин, Ўзбекистон элчихонасидаги бу аҳвол янгилик эмас, бир неча йилдан буён давом этади бу ҳолат.

Махсуд Абдужабборов: Гап шундаки, бу деярли уч-тўрт йилдан буён давом этаяпти. Лекин, энг эсда қолгани, 2009 йилдан 2010 йилга ўтар пайти юз берганди. Ўшанда Санкт-Петербургдаги "Пулково" аэропортида сохта гувоҳномалар билан Ўзбекистон фуқаролари ушланган эди. Улардан баъзилари бу ҳужжатларни Ўзбекистон эличихонасидан, баъзилари эса, ўзбек диаспораларидан олганликларини айтишганди. Бу одамлар кимдир уларга сохта ҳужжат тайёрлагани учун қамоқхонада ярим йил ўтиришди. Ўшанда ҳам элчихона аралашмаганди. Охирги икки йилда эса, одамлар ўз ватанларига қайта олмай сарсон. Чунки, кўпларининг паспортларини Россия Фередал Миграция Хизмати олиб қўяди-да, то жаримани тўламаганларича ёки ватанларига билет олмаганларича, қайтариб бермайди.

Би-би-си: Махсуд, нега Ўзбекистон элчихонаси бундай ҳолатларда ёрдамга ошиқмайди? Бу элчихона ходимларининг тўғридан-тўғри вазифаси-эмасми?

Махсуд Абдужабборов: Мен, шунинг учун, Ўзбекистон конституцияси гарантига мактуб ёзаяпман. Улар нима учун ёрдам бермасликларини бизга айтишмаса, балки Ўзбекистон Президенти ёки Ташқи ишлар вазирига изоҳлашар. Лекин, ачинарлиси шуки, элчихона ходимлари ўз фарзандларини элчихонага ишга жойлаштириб қўйганлар. Яқинда элчихонага борганимда, бу ёш йигитларнинг қандай қилиб Ўзбекистон фуқароларига дўқ-пўписа қилишларига гувоҳ бўлдим. Консуллик ходимлари бўлмаган 16-17 ёшли болалар кексалар ёки ёш болали аёлларни бемалол ҳақорат қилишаётганини ўз кўзим билан кўрдим.

Би-би-си: Сиз очиқ мактуб билан Президент Каримовга мурожаат қилмоқчисиз. Лекин, ижобий жавоб бўлишига ишонасизми?

Махсуд Абдужабборов: Албатта. Давлат раҳбари сифатида унга мамлакати фуқаролари мурожаат қилсалар, албатта, ишга аралашади.

Би-би-си: Лекин, Президентнинг ўзи Москва кўчаларини супураётган Ўзбекистон фуқароларини "дангасалар" деб атаганди...

Махсуд Абдужабборов: Сиз нотўғри талқин қилаяпсиз. У 20 йилдан буён муҳожирлик масаласида ажойиб гапларни айтиб келади. Мисол учун, у Россия ҳудудига ишлашга бориш ҳар бир мамлакат фуқаросининг ҳуқуқи, деб айтади. Лекин, Ўзбекистон ҳудудида ишламай, Россияга бориб, жиноят содир этаётган одамлар категорияси бор, Ўзбекистон президенти ана ўшаларни назарда тутган. Кейин, Москва кўчаларини супураётган ҳамма ўзбекда ҳам қонуний ҳужжат йўқ. Ана ўшаларни Ислом Каримов "дангасалар" деб атаган.

Бу мавзуда батафсилроқ