Ички ишлар вазирлиги илк бор сиёсий тутқун Мурод Жўраев аҳволи ҳақида сўз очди

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги илк бор қарийб 20 йилдан буён қамоқда сақланаётган Мурод Жўраев аҳволи ҳақида хабар тарқатган.

Ички ишлар вазирлигига кўра, "Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари" маркази тарқатган хабар ҳақиқатга тўғри келмайди.

Вазирликка кўра, 61 ёшдаги маҳкум оғир меҳнатга мажбур қилинмаяпти.

Бироқ рафиқаси Холбика Жўраеванинг Би-би-сига айтишича, Мурод Жўраевни ҳамон Чирчиқ шаҳридаги қамоқхонада ғишт кўтаришга мажбурламоқдалар.

"Аввал икки қўллаб ғишт кўтарардим. Энди кучим етмаяпти", деб айтган рафиқасига кекса тутқун.

Холбика Жўраеванинг айтишича, Чирчиқдаги қамоқхона шароити энг ёмон қамоқхонадир.

"Мен шунча йил давомида Ўзбекистондаги кўп қамоқхонани кўрдим. Лекин бу энг ёмони", деб айтди.

Мисол сифатида у маҳкумларнинг яқинлари билан учрашишнинг кескин чекланганини тилга олди.

26 августда учрашиш учун бордим. Лекин "Мустақиллик байрами муносабати билан" деб мени учраштиришмади. Қайтгунча эса оёғимни қайириб олдим. Шунинг учун сентябр ойида бора олмадим. 3 октябрда борганимда эса "Сизга учрашув белгиланмаган", деб айтишди, дейди Мурод Жўраевнинг аёли.

"Кийимини алмаштиргунча қўрқиб кетиб ташқарига чиқиб турдим. Скелет бўлиб қолган. Қон босими кўтариладиган бўлиб қолган. Бирорта ҳам тиши қолмаган", дейди эрининг саломатлиги ҳақида Холбика Жўраева.

Қашқадарё вилоятидаги Муборак шаҳри раҳбари лавозимида ишлаган Мурод Жўраев Ўзбекистонда биринчи бўлиб коммунистик партиянинг шаҳар бўлимини тарқатиб юборган.

У Ўзбекистон парламенти аъзоси бўлган.

Мурод Жўраев мухолифатдаги "Эрк" демократик партияси фаолларидан бўлган.

У 1994 йилда Олма-Ота шаҳрида қўлга олинган.

У ўзининг ҳаддан зиёд шафқатсизлик билан Қозоғистондан Ўзбекистонга ғайриихтиёрий олиб келингани ҳақида сўзлаб берган.

1995 йилда Мурод Жўраев ва яна бир неча "Эрк" партияси фаоллари устидан бўлиб ўтган маҳкама уларни ҳокимиятни ноқонуний босиш олишга уринишда айблаган.

Унга 12 йиллик қамоқ жазоси тайинланган

Мурод Жўраевнинг қамоқ муддати бир неча марта узайтирилган.

Унинг ўзининг аёлига айтишича, қамоқ муддати тугашига 15 кун-1 ой қолганида жазони ижро этиш муассасаси ходимлари "юқоридан буйруқ келди, яна срогингизни чўзмасак бўлмайди", дейишар экан.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Бу мавзуда батафсилроқ