Ўзбекистон фракинг усули билан газ ишлаб чиқаруви минтақадаги илк мамлакат бўладими?

Image caption АҚШнинг Канзас штатида фракинг усули билан газ ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

Ўзбекистон 2013 йилдан бошлаб газни фракинг усулида ишлаб чиқарувчи Марказий Осиёдаги илк мамлакатга айланиши мумкинлиги хабар берилмоқда.

Расмий Тошкент бу билан ёқилғига бўлган ички талабни қисқартиришни режалаган.

Соҳа кузатувчиларининг айтишларича, Ўзбекистонда фракинг усули билан олиниши мумкин бўлган захираларни Япония, Россия ва Жанубий Кореялик ширкатлар ёрдамида ўрганиш ишлари олиб борилган.

"Ўзбекнефтегаз" давлат ширкати фракинг усулида газ ва нефт ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун 600 миллион доллар сармоя ажратганлиги ҳам хабар берилган.

Нефт ва газ ишлаб чикаришнинг фракинг усули нимадан иборат?

Ҳозирда, фракинг, яъни қаттиқ тош жисмни парчалаб, ёриққа катта босим остида сувни пуркаш йўли билан у ерда қамалиб қолган газни чиқариб олиш усули баъзи мамлакатларда газ ишлаб чиқаришни кўпайтириш йўлларидан бири сифатида йўлга қўйила бошлади. Тошли жисм ёриғига катта босим остида сув, қум ва турли кимёвий модадар аралашмаси пуркалган вақтда у ерда тиқилиб қолган газлар қудуққа томон йўналтирилади. Бу амал ҳам вертикал ва ҳам горзонтал пармалаш йўли билан амалга оширилади.

Image caption Жаҳоннинг қатор мамлакатларида фракинг усулини қўллашга қарши ҳаракатлар мавжуд.

Бу усулда газ ишлаб чиқаришга қаршилик нима учун мавжуд?

Газ ишлаб чиқаришда инқилобий усул, дея ихтиро қилинган АҚШда бу усулнинг тобора кўпроқ қўлланиши атроф муҳитни ҳимоя қилувчилар орасида хавотирларни уйғотган. Биринчидан бу йўлда газ ишлаб чиқариш учун улкан миқдорда сув керак ва бу сув миқдорини газ захираси ерига ташиб бориш лозим. Бунинг ўзи атроф муҳитга зарар етказади. Иккинчидан, фракингда қўлланган кимёвий моддалар саратон касаллигини келтириб чиқариши, бу моддалар тош ёриғидан атроф муҳитга сизиб чиқса ёки сув ости сувларини заҳарлантирса инсон соғлиғига таъсир қилиши мумкинлигини айтишмоқда. Лекин бу усул тарафдорлари у каби ҳолатлар рўй берган бўлса, усул аввал бошдан хавфли бўлгани учун эмас, хавфли хатолик туфайли рўй бераётганлигини айтишган. Бундан ташқари фаоллар фракинг кичик ер силикинишларини ҳам келтириб чиқараётганлигини айтишмоқда. Масалан, Британиянинг Блакпул минтақасида фракинг йўлга қўйилганидан сўнг зилзила рўй бермайдиган бу ҳудудда 2011 йили икки маротаба, 1.5 ва 2.2 баллик зилзила рўй берган. Баъзи мутахассисларга кўра, бу усул аввал бошдан баъзи хатарларни келтириб чиқариши тан олинган, лекин бирон жиддий зарар етказиши эҳтимолдан узоқ. Ва ниҳоят фаолларга кўра, фракинг усули энергия ширкатлари ва ҳукуматларни қазилма ёқилғилардан ташқари тоза энергия ишлаб чиқаришга сармоя ётқизишдан чалғитмоқдадир.

Фракингнинг афзал томонлари нимада?

Фракинг анаъанвий усулда олиб бўлмайдиган, мушкул ерлардаги газ ва нефтни чиқариб олиш имконини яратади. АҚШда бу усул нефт ишлаб чиқариш даражасини оширишга ёрдам берди, натижада газ нархлари тушди. Тахмин қилинишича, бу усул туфайли АҚШ ва Канада келгуси 100 йил мобайнида ўз газ ва нефт барқарорлигини таъминлай олган. Бундан ташқари кўмир асосида ишлаб чиқариладиган электр энергиясидан икки баробар камроқ атроф муҳитга зарали газли чиқариш билан электр ишлаб чиқариш имконини беради. Бу усул Британия энергия эҳтиёжига ҳам кўзга кўринарли ижобий таъсир кўрсатиши мумкинлиги айтилмоқда. Фракинг усули билан олиниши мумкин бўлган газ захирлари Британиянинг баъзи ҳудудларида аниқланган, лекин бугунги кунда биронта фаркинг жараёни амалга оширилмаяпти. Ширкатлар бу усулни қўллаш учун алоҳида лицензия сўраб, ҳукуматга мурожаат қилишлари керакдир.