"Ўзбек-Қозоқ чегарасида ноинсоний шароит юзага келтирилган"

"Фергана.ру" ахборот агентлиги хабар қилишича, 9 ноябр куни Ўзбек-Қозоқ чегарасидаги "Ғишткўприк" нуқтасида узоқ вақт навбатда турган 40 ёшлардаги аёл тўсатдан вафот этган.

Гувоҳларга кўра, тўладан келган аёл аҳволи ёмонлашиб бораётганига қарамасдан, чегарадан ўтиб олиш учун сабр қилиб тураверган ва бирдан йиқилган.

Ўзбек-Қозоқ чегарасида ноинсоний шароит юзага келтирилгани ҳақида кўплаб мақолалар эълон қилинган.

Би-би-си "Фергана ру" муҳаррири Даниил Кисловдан аёл ўлими ҳақидаги хабар манбаъси ишончлими, деб сўради.

Даниил Кислов: Ўзбекистон шароитида бундай ҳодисалар ҳақида кўпчилик жуда камдан-кам ҳолларда бохабар бўлиб қоладилар. Бундай нарса ҳақида ўз кўзи билан кўриб, гувоҳ бўлган ишончли киши хабар берганидан кейингина билиш мумкин. Ўша куни "Фергана.ру" билан ҳамкорлик қиладиган журналистлардан бири ҳам Ўзбек-Қозоқ чегарасидан ўтаётган бўлган. Ўша пайтда у ўша ерда бўлган ва буни ўз кўзи билан кўрган. Шунинг учун ҳам бу аёлнинг исми-шарифини биз аниқлай олмаганимизга қарамасдан, унинг чегарадан ўтиш пайти ўлиб қолгани ҳақидаги хабарни эълон этишга қарор қилдик.

Би-би-си: Бу ҳодиса қачон ва қандай рўй берган?

Даниил Кислов: Бу ўтган шанба куни - 9 ноябр куни, тушга яқин рўй берган. Ўша пайт мухбиримиз ҳам чегарадан ўтиш учун навбатда турган бўлган. Унинг хабар қилишича, аёлнинг жасади тушдан кейин ҳам анча вақт ўша ерда турган. Боиси, қандайдир экспертларнинг келиб текширишларини кутишган.

Би-би-си: Мухбирингиз бу ҳодисани қандай тасвирлайди?

Даниил Кислов: Умуман олганда биз Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасида навбатлар қанчалар катта бўлиши, чегарадан тезроқ ўтиб олмоқчи бўлган одамлар орасида издиҳомлар юзага келиши, бу қанчалар оғир жараён ҳақида кўп маротаба мақолалар эълон қилганмиз. Чунки Ўзбек чегарачилари ва божгирлари Ўзбекистондан чиқиб кетаётган одамларнинг ҳам, Қозоғистон ҳудудидан Ўзбекистонга кираётган ҳам ҳар бир одамнинг ҳар бир буюмини битталаб текширишади, бу текширув узоқ вақтга чўзилади. Шунинг учун ҳам чегарада доим навбатлар. Баъзан бу навбат кам бўлади, баъзан эса чўзилиб кетади. Мухбиримизнинг ҳикоя қилишича, шахси номаълум аёл бу навбатда бир соат, балки бир неча соат тик туришига тўғри келган. Балки узоқ вақт навбатда турганидан унинг саломатлиги ёмонлашган. Бироқ у бу ҳақда ҳеч кимга хабар бермасдан навбатда тураверган. Мухбиримиз бу аёлнинг юзидан унинг соғлиги ёмонлашаётгани кўриниб турганини айтади. Шу жойда ё юрак хуружи тутган, ё бошқа хасталиги кучайган. У оғир-оғир нафас ола бошлаган. Кейин навбатда турган кишилар аёлнинг ҳушидан кетиб йиқилганини кўрганлар. Чегара пунктининг шифокорларини чақиришган, келган шифокорлар унинг ҳаётдан кўз юмганини эълон қилганлар.

Би-би-си: "Ғишткўприк" чегара нуқтасидаги ўлим ҳақидаги хабар ҳақиқатга тўғри келмайди, деб Ўзбек расмийлари рад этишса-чи?

Даниил Кислов: Мен бизнинг хабаримиз ҳақида бирор инкор билан чиқишади, деб ўйламайман. Мен бу хабарни умуман ҳеч нарса бўлмагандай ўтказиб юборишга ҳаракат қиладилар, деб ўйлайман. Чунки биз яхши биламизки, Ўзбекистонда юз берган ҳар қандай фавқулодда ҳодиса ҳақида расмийлар хабар тарқатмасликни афзал билишади. Бу оддий ёнилғи қуйиш шахобчасидаги портлаш бўладими ёки инсонлар ўлимими, Ўзбек расмийлари жамоатчиликдан бундай хабарларни яширишни афзал кўришади. Биз бу хабарни тарқатиш билан чегарадаги навбат бир аёлни ўлдирди, демоқчи бўлганимиз йўқ. Бу аёл аввалдан бемор бўлган бўлиши мумкин. Лекин бошқа томондан бемор инсон бунча узоқ навбат бор жойга келиб турмайди. Биз чегарада инсонлар учун қанчалар оғир вазият юзага келтирилганига эътибор қаратмоқчимиз. Биз биламизки, Ўзбек-Қозоқ чегарасида ҳатто Қозоғистон ёки Россияга ишлаш учун йўл олган бақувват, ёш йигитларнинг ҳам жазирама қуёш тагида бир нечат туришлари оқибатида аҳволлари ёмонлашиб қолган ҳолатлар юз берган.

Бу мавзуда батафсилроқ