“Ўзбекистонда нефтни қайта ишлаш саноатини либераллаштириш керак”

Ўзбекистонда ёнилғи тақчиллиги ҳар йили кузатилади
Image caption Ўзбекистонда ёнилғи тақчиллиги ҳар йили кузатилади

Ўзбекистонда бензин тақчиллиги давом этаётган манзарада, мутахассислар муаммога барҳам бериш учун нефтни қайта ишлаш саноатини либереллаштириш вақти келганини таъкидламоқда.

“Ўзнефтмаҳсулот” акциядорлик компанияси ёнилғи муаммосида нефт маҳсулотларининг етишмаслиги сабаб бўлаётганини қисман тан олган ва муаммони бартараф этиш учун четдан хом ашё импорт қилишга ваъда берган.

Ширкат бензин қаердан ва қанча миқдорда импорт қилиниши борасида маълумот бермаган. Бироқ “Новый век” газетаси компаниядаги манбаасига таяниб хом ашё Туркманистондан импорт қилиниши мумкинлигини билдирган.

Мутахассислар Иттифоқ тарқаганидан сўнг Ўзбекистон ўз олдига қўйган нефт мустақиллигига эришиш ғояси бугунга келиб барбод бўлганини таъкидлашмоқда.

Ўзбекистонда сўнгги 10 йилнинг ичида суюқ углеводород қазиб олиш 2,2 баробар тушиб кетгани айтилади.

Расмий малумотларга кўра, 2002 йили 7 милион 240 минг тонна нефт ва газ конденсати қазиб олинган бўлса 2012 йилга келиб ушбу кўрсатгич 3 миллион 170 минг тоннага тушиб кетган. Шундан нефт қазиб олиш эса 2,6 фоизга тушиб кетган ва ўтган йили 1 миллион 560 минг тонна нефт қазиб олинган.

“Ўзбекнефтгаз” холдинг компанияси раисининг собиқ муовини, иқтисодчи Анвар Ҳусаинов Ўзбекистонни нефт маҳсулотлари билан таъминлаб турган “Кўкдумалоқ” нефт конида маҳсулот миқдори йилдан йилга камайиб бораётганини ва республикада юзага келган бензин тақчиллиги муаммосининг асосий негизи шу эканлигини айтади.

“Кўкдумалоқдан қазиб чиқарилаётган нефтнинг миқдори йилдан йилга камайиб бораяпти. Биринчидан, қазиб олишни режалаштиришда мутахассисларнинг маслаҳатларига қарамасдан жиддий хатоликларга йўл қўйилди. Интенсив қазиб чиқариш йўлга қўйилгани учун нефтнинг катта қисми қочиб кетди. Натижада катта бир нефт конига таяниш ўзини оқламаяпти”, - дейди Анвар Ҳусаинов.

Собиқ ҳукумат аъзосининг қўшимча қилишича, “Ўзбекнефтгаз” компаниясининг ўша вақтдаги айрим раҳбарлари мамлакатни ички заҳиралар орқали таъминлаш мумкин деган ғояни олдинга суришган ва барча куч ички заҳирани ривожлантиришга сарфланган.

Натижада “Ғарбий сибир – Маркази Осиё “нефт қувуридан фойдаланиш буткул тўхтатилган.

Мустақилликнинг илк йилларида Ўзбекистоннинг нефт маҳсулотлари импорти билан шуғулланган Анвар Ҳусаинов ушбу қувур орқали Ўзбекистон йилига Россиядан 5 миллион тоннадан ортиқ нефт маҳсулоти импорт қилганини айтади. Бугунги кунга келиб ушбу қувур фойдаланмасдан ётибди.

Қувурлар чириб кетмаслиги учун ичи сувга тўлдирилган. Мутахассис қувурлар орқали нефт транспорти жудаям арзонга тушишини айтади.

“Сибирдан олинадиган нефтнинг сифати баланд, нархи арзон бўлишига қарамасдан, биз ундан воз кечганмиз. Ўзбекистон раҳбариятининг “биз ҳеч кимдан бирор бир нарсага қаттиқ қарам бўлиб қолмаймиз, ўзимизнинг имкониятларимиздан фойдаланамиз”, деган амбициялари бор”, - дейди Анвар Ҳусаинов

Мутахассис ушбу амбициялар бугун иқтисодий ривожланишга тушов бўлаётганини айтади. Унга кўра, Ўзбекистон ҳукумати ҳалиям ушбу вариантдан фойдаланса айни муддао бўлади. Бунинг учун Россия билан давлат раҳбарлари миқёсида келишувлар олиб борилиши керак ва Сургут нефти яна ўзбек заводларида қайта ишланиши мумкин.

Ўзбекистондаги Бухоро, Оҳангарон ва Фарғона нефтни қайта ишлаш заводларига йилига 11 миллион тоннадан ортиқ нефтни қайта ишлаш қувватига эга. Бироқ хом ашёнинг етишмаслиги сабаб ушбу заводлар 60 % куч билан ишламоқда.

Мутахассисларнинг ҳисоб китобларига кўра айни вақтда Ўзбекистон ички бозорини таъминлаш учун йилига 4 миллион тоннадан ортиқ нефт импорт қилишга муҳтож. 10 йилдан кейин ушбу кўрсатгич 7 миллион тоннага чиқиши мумкин.

Анвар Ҳусаиновнинг таъкидлашича, агар Россия, Қозоғистон ёки Туркманистондан нефт импорт қилиниб маҳаллий заводларда қайта ишланса, бензин билан ички бозорни таъминлаш билан бирга уни қўшни давлатларга экспорт қилиш имкони пайдо бўлади.

Мисол учун, қўшни Қозоғистон нефтга бой бўлишига қарамасдан, қайта ишлаш қуввати камлиги сабаб ички бозорини бензин билан қоплай олмайди ва йилига 1 миллион 100 минг тонна ёки 33 % дан ортиқ бензин импорт қилишга мажбур.

Собиқ ҳукумат аъзоси Анвар Ҳусаинов нефтни қайта ишловчи корхоналарга нисбатан либерал сиёсатни амалга ошириш лозимлигини урғулайди.

“Хорижий сармоядорлар келтирган нефтни маълум шартномалар асосида тайёр маҳсулотга айлантириб берса, ўша сармоядорларнинг ўзи сотувчи бўлиши мумкин. Яъни нефтни қайта ишлаш корхоналарига либерал сиёсатни амалга ошириш, кўпроқ эркинликлар бериш керак. Хорижий капиталларнинг ҳам нефт-газ соҳасига кириб келишига йўллар ёпилган. Уларни ҳам очиш керак. Мана шу заводларга Туркманистондан, Қозоғистондан ва Россиядан хом ашёсини олиб келиб, қайта ишлаш имкониятларини берсак, нефт билан бирга сармоя ҳам киради”, - дейди иқтисодчи.

Бу мавзуда батафсилроқ