Лондондаги Британ-Ўзбек форуми нима учун журналистлардан "сир" тутилмоқда?

Лондонда "Шарқ марвариди: Фуқаролик жамияти институтларининг ривожи: асосий тушунчалар, моделлар ва йўналишлар" номи остида Халқаро Британ-Ўзбек форуми бўлиб ўтмоқда.

Мустақил журналистлар таклиф этилмаган ва бир маънода сирли кечаётган форумни Буюк Британияда аёлларга қарши зўравонликка қарши курашувчи "The Heaven Wolverhampton" ташкилоти, Самарқанддаги "Сабр" Ижтимоий-Иқтисодий тараққиёт маркази, Олий Мажлис қошидаги ноҳукумат ташкилотларни дастакловчи парламент комиссияси, ўзбек ва британ элчихоналари ва ижтимоий ташаббусларни қўллаб қувватловчи фонд ташкил қилишган.

Ташкилотчилар томонидан чиқарилган матбуот баёнотида айтилишича, тадбирнинг биринчи куни Лондондаги ҳамашамтли Рассел меҳмонхонасида бўлиб ўтди ва асосий мақсади Ўзбекистонда фуқаролик жамияти тараққиёти моделини тақдим қилиш, ҳамда ҳамманинг турмуш сифатини яхшилаш учун икки мамлакат ўртасида тажриба алмашишдир.

Унда Франция, Россия, АҚШ, Нигерия, Белгия ва бошқа мамлакатлар вакиллари, дипломатлар, парламент аъзолари қатнашишлари ҳам маълум қилинган.

Форумда инсон ҳуқуқларидан тортиб, ноҳукумат ташкилотлар, тадбиркор аёллардан тортиб маҳаллаларнинг аҳамияти каби мавзуларда чиқишлар қилинган.

Кечаги ўтган тадбирда нутқ сўзлаган мулозимлардан бири бу Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари миллий марказининг директори Акмал Саидов.

Жаноб Саидов ўтган ойда Женевада БМТнинг қийноқларга қарши қўмитасида маъруза қила туриб, Ўзбекистонда қийноқлар йўқлиги ва сиёсий маҳбуслар ҳам йўқлигини айтган, ҳамда минглаб ноҳукумат ташкилотлар мамлакатда эмин эркин фаолият юритаётганини даъво қилганди.

Нотиқлар орасида таниқли ўзбек сенатори Светлана Ортиқова ҳам бор. Ортиқова хонимнинг нутқи ноҳукумат ташкилотлар фаолияти қандай қонунчилик асосида олиб борилиши ва оммавий ахборот воситаларининг роли ҳақида бўлган.

Айни вақтда Ўзбекистондаги ижтимоий муаммоларни ёритишга уринган ноҳукумат ташкилотлар мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазиятини мутассил равишда танқид остига олиб келадилар.

Масалан қамоқхоналардаги шароитларни кузатувчи Халқаро Қизил Ҳоч қўмитаси Ўзбекистон ҳукуматининг тўсиқларидан нолиб, бу йил апрелида мамлакатни бутунлай тарк этди.

Қўмита раҳбари ҳеч қандай гувоҳларсиз маҳбуслар билан суҳбатлашиш жараёнига ўзбек ҳукумати рухсат бермаётганини билдирганди.

Мустақил ва хорижий оммавий ахборот воситалари Ўзбекистонда деярли фаолият юрита олмайди, мустақил журналистлар сохта айбловлар билан қамалади.

Жумладан бу йилги пахта мавсумида мажбурий меҳнатни ҳужжатлаштиришга уринган урганчлик журналист Сергей Наумов сохта безорилик айби билан қисқа муддатга қамалганди.

Форумга мустақил журналистлар, хусусан Британиянинг энг асосий матбуот воситаси ҳисобланмиш Би-би-си журналистлари ҳам таклиф этилмаган.

Би-би-сининг бу форум ҳақида маълумот олиш ҳаракатларини Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси жавобсиз қолдирди ва маълумот бермади.

Одатда Британияда қайси соҳада ё-да қайси даражда бўлмасин анжуман ва форумлар ҳамиша журналистлар диққатини ўзига тортади.

Лекин нима учун бу галги форумга журналистлар таклиф этилмаган?

Бундан ташқари форумдан тасодифан хабар топиб қолган журналистлар ҳам таклифнома олишга ҳаракат қилган вақтлари бунга изн берилмаган.

Улар орасида мустақил журналист Шоҳида Ёқуб ҳам бор. Унинг айтишича, форумда иштирок этиш борасида Ўзбекистон элчихонасига берган сўровига рад жавоби берилган.

Элчихона буни журналистлар билан "танг муносабат"га эга эканлиги билан изоҳлаган.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди