Ўзбекистон: Янги телеканаллар ўчирилганларнинг ўрнини боса оладими?

Янги каналларнинг ишга тушиши икки ҳил қарши олинган
Image caption Янги каналларнинг ишга тушиши икки ҳил қарши олинган

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси мусиқий ва кино қўйишга мўлжалланган икки теленакални тест-синов асосида эфирга узатишни бошлаган. Октябр ойида Ўзбекистонда 4 телеканалнинг бир вақтда ёпилиши ортидан ўзбекзабон эфирда бўшлиқ пайдо бўлган эди.

“Кинотеатр” ва “Наво” телеканаллари 14 ноябр куни соат 17:00 дан эфирга чиқа бошлаган. Уни томоша қилиш учун рақамли телевидение аъзоси бўлиши шартлиги айтилган.

“”Ёшлар” телеканали қошида шакллантирилган “Кинотеатр” телеканали мамлакатимиз ва хорижда яратилган тўлиқ метражли, қисқа метражли, бадиий ва ҳужжатли филмлар ҳамда тарбиявий ва маърифий йўналишдаги спектаклларни намойиш этишга мўлжалланган”, - дейилади Миллий телерадиокомпания веб саҳифасидаги хабарда.

“Тошкент” телеканали қошида ташкил этилган “Наво” телеканали эса томошабинларни мумтоз, халқ мусиқа асарлари, замонавий ва эстрада, шу жумладан, хорижий мусиқалар билан таништириши билдирилган.

Daryo.uz сайти ЎзМТРКдаги манбаларига таяниб маълум қилишича, Ўзбекистонда яна икки телеканал шу кунларда эфирга узатила бошлаши мумкин.

““Ўзбекистон” телеканали базасида “Оилавий” канали, “Маданият ва Маърифат” қошида республикадаги барча вилоятлар ҳаётига оид кўрсатувларни узатиш билан шуғулланувчи “Ҳудудлар” телеканалларини ишга тушириш устида изчил иш олиб борилмоқда ва каналлар яқин келажакда ишга тушади”, - деб ёзади Daryo.uz.

21 октябр куни президентнинг қудратли қизи ва эҳтимолий меросхўри Гулнора Каримовага тегишли деб ишониладиган TV Markaz, Forum TV, NTT ва Россиянинг STS Media си билан ҳамкорликдаги лойиҳа "СофтС" телеканаллари ҳеч қандай огоҳлантиришсиз кўрсатув намойиш қилмай қўйди.

TV Markaz асосан мусиқа қўйишга ихтисослашган бўлса, NTT кино ва ҳудудлардан янгиликлар бериш билан шуғулланар эди. Ушбу каналлар “Ўзбекистон” ва “Ёшлар” каналига етарлича рақобат кўрсата бошлагани эътироф этилади.

Кузатувчилар каналларнинг ёпилиши ортидан юзага келган бўшлиқни тўлдириш учун ЎзМТРК янги каналларни туширган бўлиши мумкинлигини айтишади.

“Кинотеатр” ва “Наво” телеканаллари томошабинлар томонидан икки ҳил қарши олинган. Биринчи тоифа ушбу каналларда берилаётган эстрада қўшиқлари ва киноалардан мамнун бўлаётганин билдириб каналларни илиқ қарши қолган.

Иккинчи тоифа эса бу каналлар NTT, TV Markaz ва Forum TVнинг ўрнини босолмаслигини айтишган.

Ўз телеканалларини йўқотган Гулнора Каримова эса янги телеканалларни нусха кўчиришда айблаган.

“Янги давлат каналлари бўшлиқни тўлдириш учун СофТС ва Мусиқа каналларидан нусха кўчиришга ҳаракат қилган. Биз тайёрлаган маҳсулотлар тугаб қолса нима бўлади? Марказ ТВ форматидаги ёш юлдузларнинг тасвирларисиз ва Фонд форум, Янги авлод ҳамда шунга ўхшаш минглаб танловлардаги болаларсиз янги телеканаллар нимани кўрсатишади”, - дея савол беради Гулнора Каримова.