Лондон китоб форуми ва адабиёт ярмаркасидек тадбирлар нимаси билан аҳамиятли?

Лондонда Марказий осиёлик ижодкорлар иштирокида китоб форуми ва адабиёт фестивали бўлиб ўтди.

Бу тадбир инглиз китобхонлари учун Марказий Осиё давлатлари адабиётини кенгроқ очиш, минтақа ижодкорлари асарларини дунё китоб бозорига чиқишига кўмаклашиш мақсадларини кўзлаган.

Би-би-си фестивал иштирокчилари - ўзбекистонлик шоир ва таржимонлар - Динора Баҳриддинова, Алексей Улько, Светлана Раҳимова, асли қирғизистонлик Шотландияда истиқомат қиладиган таржимон Шоҳсанам Маррей ва унинг турмуш ўртоғи Гордон Маррейларни давра суҳбатига чорлади.

Динора Баҳриддинова: Ўйлайманки, бундай тадбирлар, аввало, маданий алмашув маъносида муҳим. Менинг назаримда, анча-мунча нарса оврўполикларга аввалдан маълум бўлган эса-да, ҳозирга келиб Марказий Осиё маданияти Оврўпо маданиятига киришиш, бирлашишни бошлаяпти. Мен ўзимнинг шахсий кузатишларимдан келиб чиқиб шуни айтишим мумкинки, оврўполикларнинг бизнинг маданиятимизга қизиқишлари кучайган. Бироқ бу қизиқиш ҳам ҳали юзаки. Мана шундай тадбирлар оврўполикларнинг Марказий Осиё маданиятига бўлган қизиқишлари янада чуқурлашишига туртки беради, деган фикрдаман.

Алексей Улько: Менинг ўйлашимча, бу ерда анъанавий ташкилотчиликдан фарқ қиладиган маданиятларни бирлаштириш ҳаракатларини кузатаяпмиз. Ҳозир барча собиқ Шўро мамлакатларида маданият маъмурлаштиришни миллий асосда барпо этишга ҳаракат қилинаётгани бизга яхши аён. Мисол учун биз бир мамлакат давлат, ҳукумат тизимлари томонидан ташқарига тақдим қилинаётган маданий тадбирларда асосан бир миллат, халқ маданиятини кўрсатиш уринишларини кўраяпмиз. Лондонда ўтган форум эса минтақа ижодкорларини бирлаштириш мақсадидаги муқобил бир экспериментдир. Албаттаки, ҳар қандай экспериментнинг яшашга ҳаққи бор. Ва мен бу тажриба яхши самара бераётганини кўриб турибман. Ўтган йилги форумимизга солиштирганимизда биз бу йил минтақавий ўзликни англаш йўлида ўзгаришлар юзага келганини кўраяпмиз . Мен учун бундан кейинги ўзгаришлар қандай кечиши қизиқарли.

Светлана Раҳимова: Мен кўпинча бизнинг минтақамиз, мамлакатларимиз ҳақида ҳеч нарса маълум эмаслиги ҳақида кўп эшитаман. Бизнинг шунча бой маданиятимиз бор. Ўтмишда Алишер Навоийдек даҳоларимиз бўлган, бугунги кунда ҳам олдинги замонда яшаган буюк шоир ва ёзувчилардан истеъдоди кам бўлмаган ижодкорлар билан биз замондошмиз. Мен ўзим ёзганларимдан ҳам кўра кўпроқ ана шу бой маданиятимиз, қадимги ва бугунги ёзувчи-шоирларимиз меросини бошқаларга таништиришни истайман. Мен ўзимнинг қўлимдан келганча замонавий рус ҳамда ўзбек тилидаги ижодкорларнинг шеърларини инглиз тилига таржима қиламан, бу шеърлар билан инглиззабон ўқувчилар танишишларини истайман. Форум ташкилотчилари эса мен сингари кишиларни бирлаштираётганлари учун уларга миннатдорлик билдираман.

Шоҳсанам Маррей: Биз биринчи марта - ўтган йили Бишкекдаги анжуманда учрашган эдик. Шўролар Иттифоқи парчаланганидан кейин бу тузум билан боғлиқ ҳамма нарса бузилиб кетди. Ва ўшандан кейинги 20 йил давомида аввал бир мамлакат ҳудуди ҳисобланган республикаларда жуда кўп истеъдодлар етишиб чиқипти ва биз Бишкек анжуманида бу талантлар яшириниб ётган экан, деган фикрга келган эдик. Ўша анжуман билан "музлар жойидан силжиди". Лондон анжуманида эса мен Швецияда яшайдиган Туркман шоири Ақ Велсапар билан танишдим, унинг туркман тилидаги шеърларини эшитдим. Мана шу мисол ҳам Марказий Осиё маданияти Оврўпо маданиятига интеграция бўлаётганининг яна бир исботидир.

Би-би-си: Сиз айтганингиздек, 22 йил олдин СССР Ёзувчилар Союзи деган ташкилот бор эди, ҳар бир республиканинг ўзининг ёзувчи-шоирларини бирлаштирадиган ташкилоти, газета-журналлари бор эди. Буларнинг ҳаммаси бир мамлакатдаги ёш ёзувчи-шоир ҳақида, ижодкорларнинг янги асарлари ҳақида бошқа бир республикада бохабар бўлиш имкониятини яратарди. Бугун минтақа ёзувчи-шоирлари ўртасида мулоқот борми? Бир республика ижодкорлари қўшни мамлакатдаги янги ижод намуналаридан нақадар хабардорлар?

Динора Баҳриддинова: Мен фақат Ўзбекистон ҳақида гапиришим мумкин. Бу мен учун уят - мен Қозоғистон, Қирғизистондаги, бошқа қўшни мамлакатлардаги ижодкорларнинг ижодидан яхши хабардор эмасман. Ўзбекистонда четга яхши тақдим қилинадиган, фахр туйғусини уйғотадиган анъанавий маданият билан бирга "андеграунд" деб ном берилган ижод аҳли бор. Бу ёшлар орасида кучли, истеъдодли ёшлари кўп. Лекин менинг билишимча, улар қўшни мамлакатлардаги ижодкорлар билан фақат Интернет ижтимоий тармоқларидаги мулоқотлар даражасида танишлар. Улар қандайдир маданий жамият, бирлашмалар ташкил қилиб, минтақани тамсил қилиш ниятида эмаслар. Тушунишимча, якка ижодкорлар бор. Улар қандайдир гуруҳни эмас, ўзини, фақат ўзини кўришни, эшитишни истайди, фақат ўзини бошқаларга тақдим этишни хоҳлайди.

Алексей Улько: Ўзбекистон, Марказий Осиёдаги адабиёт саҳнаси менга бўлак-бўлакларга парчаланган бўлиб кўринади. Мен аввал айтганимдек, адабий жараённи назорат қилишга интиладиган давлат тузилмалари мавжуд. Жуда кўп одамлар ҳамма нарса юқоридан пастга қараб йўналтирилган Шўро замонларини қўмсайди. Бироқ ҳозирга келиб биз шунинг гувоҳи бўлмоқдамизки, ҳозир аввалги замонлардек адабий жараён қизиши, қизғин муҳокамалар бўлиши учун бир марказ талаб қилиниши шарт бўлмай қолди. Мисол учун биз марказдан четда бўлсак ҳам бизнинг адабий жараёндаги иштирокимиз марказдагиларникига тенг бўлиб қолган. Минтақамиз миқёсида оладиган бўлсак, мамлакатлар ўртасидаги сиёсий, этник тарқоқлик борган сайин йўқолиб бораяпти. Биз турли мамлакатлардаги ижодкорларнинг бирлашиши бошланганини кузатаяпмиз. Бизнинг бир қусуримиз, ҳали йирик омма шаклига етмаганимиздир. Бу омма ичидан кўзга кўринган, атоқли шахслар етишиб чиқиши учун бу омманинг қуйи, пастки бир табақаси, қавати бўлиши талаб қилинади. Бусиз иложи йўқ. Муҳит зарур. Бу муҳит эса энди-энди шаклланаяпти.

Би-би-си: Лекин бошқа томондан бугунги кунга келиб турли мамлакатлардаги ижодкорлар ўз тенгқури билан, унинг ижоди билан танишиши учун аввалгидек қандайдир ташкилотларга бирлашиши ҳам шарт бўлмай қолди. Интернет ёзувчи-шоирлар учун ҳам кенг имкониятни яратди. Сизлар бу имкониятдан "самарали фойдаланаяпмиз", деб айта оласизми?

Светлана Раҳимова: Албатта. Лондондаги мана шу фестиваль ташкил этилаётганда Фейсбук имкониятидан жуда яхши фойдаланилди. Бу жараёнга ҳаммамиз жалб қилиндик. Бизга Фейсбук орқали фестиваль иштирокчиларининг асарлари билан танишиб чиқишни таклиф этишди. Кейин Фейсбук орқали биз бу асарларни муҳокама қилдик. Жуда-жуда қизғин муҳокамалар бошланиб кетди. Биз Фейсбук орқали адабий танқидчи, тақризчиларга айландик. Мисол учун муайян асар ҳақида мендан ўз шахсий фикрларимни билдиришни сўрашганидан жуда мамнун бўлдим. Мана қаранг, бизнинг кўз олдимизда бир виртуал гуруҳ пайдо бўлди. Ва ниҳоят бу виртуал гуруҳнинг аъзолари бир жойга, Лондонга йиғилганларини кўриш нақадар ажойиб.

Би-би-си: Адабиётда таржиманинг ўрни беқиёс ва таржима жараёни жуда мураккаб жараён. Ушбу тадбирнинг асосий мақсади Марказий осиёлик ижодкорларнинг асарлари билан инглиз тилидаги ўқувчиларни таништириш экан, таржимадаги мушкулликларни қандай ҳал қилаяпсизлар?

Шоҳсанам Маррей: Мен бир мисолни айтиб берсам: Ўтган йили биз бир лойиҳани амалга оширдик. Менинг бобом Шўр даврида Қирғизистоннинг биринчи фантаст ёзувчиси бўлган. Унинг асарларида фантастика унсурлари, шаманлик ва Марказий Осиё маданияти унсурлари уйғунлашиб кетган. Фестиваль ташкилотчилари бу асарларга қизиқиш билдирди ва мен турмуш ўртоғим Гордон Маррей ва яна бир неча олимлар билан бирга ўша асарларни инглиз тилига таржима қилишга қарор қилдик. Бунинг учун бизнинг икки ярим йил ишлашимизга тўғри келди. Таржима мобайнида биз доктор Брайан ёрдамига муҳтож бўлдик. Доктор Брайан генеология билан шуғулланади. Биз ёрдам сўраган бошқа бир олим доктор Матью эди. У жамиятшунос, сиёсатшунос. Инглиз тилига бир марта таржима қилишнинг ўзи етарли бўлмади. Биз қайта-қайта матнни кўриб чиқишимизга тўғри келди. Бу ишда менга турмуш ўртоғим Гордон Маррей ёрдамлашди. Хуллас, икки ярим йил деганда бир китобни нашр қилишга муваффақ бўлдик.

Гордон Маррей: Ҳа, Марказий Осиё маданиятини Британияга, Ғарбга келтиришда таржима, шубҳасиз жуда муҳим. Албатта, сен бирор бир таржимага қўл уришингдан олдин Марказий Осиёнинг ўзига саёҳат қилишинг, ўз кўзинг билан кўрганинг, у ердаги маданиятлар ҳақида ҳеч бўлмаганда юзаки тасаввурга эга бўлишинг ўта муҳимдир. Кўплаб ибораларни сўзма-сўз таржима қилсанг, табиийки, иборанинг асл мазмунини йўқотасан. Шоҳсанам бобосининг китобини таржима қилиш жараёнида жумлалар, иборалар устида кўп бош қотиришга тўғри келди, уларни инглиз тилидаги маъносини ўқувчига етказиш учун авваламбор бизнинг ўзимиз тушунишимиз лозим эди. Мен тан олишим керак, бу иш мен учун жуда мушкул иш бўлди. Рафиқам айтганидек, биз китобни икки марта инглиз тилига таржима қилдик. Биринчи мартасида биз муаллиф етказмоқчи бўлган ғояни тўғри етказиш мақсадини кўзладик. Иккинчи марта биз грамматик жиҳатдан тўғри инглиз тилига ўгирдик. Шунинг учун бир асарни таржима қилишда ҳам Марказий Осиё маданиятларини ва ҳам Ғарб маданиятини яхши биладиган билимдонлар ёрдамига катта эҳтиёж сезилади.

Бу мавзуда батафсилроқ