Ўзбекистон 2014 йилда ижтимоий таъминотга кўп маблағ сарфламоқчи

Image caption Лойиҳага кўра, Ўзбекистон 2014 йилда ҳам қарийб 1 миллион янги иш ўрни ташкил этмоқчи.

Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари хабар қилишларича, мамлакат парламенти 2014 йилги давлат бюджети кўрсаткичларини маъқуллаган, бироқ йиллик Ялпи Ички маҳсулот қанчани ташкил этиши ҳақидаги рақамни кўпчилик билмайди.

Оммавий ахборот воситаларининг Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси матбуот хизматига таяниб хабар тарқатишича, парламент аъзоларига келгуси йил бюджети лойиҳасини Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Рустам Азимов тақдим этган.

Бу лойиҳага кўра, Ўзбекистон 2014 йилда ҳам қарийб 1 миллион янги иш ўрни ташкил этмоқчи.

Хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни қўллаб-қувватлаш йўли билан ҳукумат касб-ҳунар коллежлари ва лицейларнинг ёш битирувчиларини ҳам иш билан таъминламоқчи, бироқ давлат бюджетидан бу мақсад учун қанча маблағ сарфланиши хабар қилинмайди.

Бош вазир ўринбосари Рустам Азимов эълон қилган ҳужжатда Ўзбекистон ҳукумати кейинги йилда ижтимоий таъминот масалаларига анча-мунча маблағ сарфлаш кўзда тутилгани хабар қилинмоқда.

Хусусан, 2014 йилда Ўзбекистон Ялпи Ички маҳсулотининг 7 ярим фоизи маориф соҳасига, 3,1 фоизи тиббиёт соҳасига йўналтирилиши айтилган.

Бу фоизлар мамлакатдаги бошқарув тизимидаги амалдорларга ёхуд кучишлатар тизимларига давлат бюджетидан сарфланаётган маблағлардан кўпми ёки озлиги ҳақида маълумот берилмайди.

Хабар қилинишича, кейинги йил жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиқларининг энг кам ставкаси 8 фоиздан 7,5 фоизга, юридик шахсларнинг даромадидан олинадиган солиқ 9 фоиздан 8 фоизга туширилиши мўлжаланган.

Бу мавзуда батафсилроқ