"Ватандош" жамияти хориждаги ўзбеклар учун совчилик хизматини очди

Image caption "Америкадаги ўзбеклар ёшлари учун бундай хизматлар жуда фойдали", дейди "Ватандош" жамияти.

Ғарбда аёл ва эркакларга таништирув ва оила қуриш хизматларини таклиф қилувчи идоралар бугунги кунда янгилик эмас.

Америкада "Ватандош"жамиятининг бу борада бошлаган иши ўзбеклар учун қанчалар муҳим?

"Ватандош" Ўзбек-Америка федерацияси аъзоси Фарҳод Султонга кўра, хорижда яшаётган йигит-қизлар учун ўзбекона урф-одатлар асосидаги совчилик хизмати жуда фойдали.

"Ҳеч кимга сир эмаски, хорижда, хусусан, Америкада ўз урф-одатларимизга мос равишда ўғил-қизларимизни уйли-жойли қилиш осон эмас. Бир тарафдан, бу ерга келиб истиқомат қилаётган ватандошларимиз орасида шу иш билан шуғулланувчи хизматлар йўлга қўйилмаган бўлса, иккинчи томондан, бу ерда келин ёки куёв топишда, Ўзбекистонда бўлганидек, маҳалла ва қўни-қўшнилардан суриштиришнинг имкони йўқлиги муаммони янада қийинлаштиради. Айрим ёшларимиз эса урф-одатларимиз, динимизга хилоф тарзда, учрашувларга чиқаётгани, бирга яшаб, кейин турмуш қурамиз қабилида ўйлаб, бизга ёт одатларни ўзлаштириб бораётгани маънавияти соғлом ҳар бир кишини безовта қилмай иложи йўқ. Шу эҳтиёждан келиб чиқиб, Америкадаги ватандошларимиз учун "Бахтли оила" совчилик хизматини йўлга қўйишга қарор қилдик"- дейди у.

Фарҳод Султоновнинг айтишича, бу хизматни йўлга қўйиш ҳақида обдон ўйланиб, кейин қарор берилган. Чунки ижтимоий тармоқ орқали фаолият юргизиш ёки алоҳида вебсайт очиш ҳақидаги фикрлар кўзланган самарани бермаслиги мумкин эди.

"Сабаби оддий, қизларимиздаги ибо-ҳаё, кўпинча, бунга йўл қўймайди. Эҳтиёж эса эҳтиёжлигича қолаверади. Айни пайтда жамиятимизни очганимиздан бери кўплаб ота-оналар худди шу масалада ёрдам сўраб бизга мурожаат қилаётганларининг гувоҳи бўляпмиз".

"Ватандош" жамияти вакили бу вазиятдан келиб чиқиб ўзбеклар орасида ҳурматга эга, оила масаласида тажрибали икки онахонни ушбу савобли ишга бош-қош бўлишга жалб қилинганини айтади.

Айни пайтда жамият вакиллари томонидан совчилик удумлари, ўзбекона маданият асосида совчилик хизмати фаолиятини бошлаганлар.

Уларнинг билдиришича, совчилик жараёни "Ватандош" Ўзбек-Америка федерацияси бошқарув кенгашининг умумий назорати остида олиб борилади ва совчиларга етказилган маълумотлар сир тутилади.