Ўзбекистонда биоёнилғи ишлаб чиқариш вақти келдими?

Мутахассислар биоёнилғи ишлаб чиқарувчи завод қуриш қимматга тушмаслигини айтишади
Image caption Мутахассислар биоёнилғи ишлаб чиқарувчи завод қуриш қимматга тушмаслигини айтишади

Ўзбекистонда ёнилғи тақчиллиги кузатилаётган бир маҳалда, нефт маҳсулотларига муқобил вариантларни ривожлантириш вақти келгани айтилади. Олимлар биоёнилғи Ўзбекистондаги ёнилғи тақчиллигини бартараф этиши билан иқтисодий ривожланишга туртки бериши мумкинлигини таъкидлашмоқда.

Ёнилғи тақчиллиги Ўзбекистон йилдан йилга кучайиб бораётгани кузатилмоқда. Айниқса бу йил бензинга бўлган навбат йирик шаҳарлардан тортиб, кичик туман марказларигача кузатилган.

Мутахассислар ёнилғи тақчиллигининг асосий сабабини Ўзбекистон нефт қазиб олиш йилдан йилга тушаётгани билан изоҳлашади ва ушбу муаммо янада кучайиши мумкинлигини тахмин қилишади.

Олимлар ёнилғи муаммосини буткул ва узоқ муддатга ҳал этиш учун нефтга муқобил бўлган вариантларни ривожлантириш кераклигини урғулашади.

Бу борада Ўзбекистонда бир мунча ишлар йўлга қўйила бошлаган. Автомобиллар нисбатан арзон бўлган метан ва пропан газга ўтмоқда.

Бундан ташқари Ўзбекистон яқин муддатнинг ичида Бухорода йилига 500 минг тонна метанол ишлаб чиқарувчи газ-кимёвий завод қуришни режалаштирган.

Табиий газдан кимёвий усулда олинган ёнилғи бензинга муқобил сифатида ишлатилиши мумкин.

Олимлар дунёда тугаб бораётган нефт ва газнинг ўрнига муқобил бўлган биоёнилғини Ўзбекистонда ҳам тарғиб қилиш лозимлигини айтишади.

Иқтисодчи Анвар Ҳусаинов Ўзбекистонда муқобил энергия ишлаб чиқаришни зудлик билан йўлга қўйиш кераклигини урғулайди.

“Экиладиган пахта майдонларини қисқартириш ҳисобига, серқуёш юртимизда тез ўсадиган экинлар экиш керак. Бразилиядек катта иқтисодиётга эга давлат ўзининг нефт маҳсулотларига бўлган ярим эҳтиёжини тез ўсадиган экинлардан олинадиган ёнилғи билан таъминлайди”, - дейди Анвар Ҳусаинов.

Ушбу технологияни ўрганиш учун Бразилияга бориб келган иқтисодчи Ҳусаиновнинг таъкидлашича, тез ўсувчи ушбу экин туркуми қуёшли ерларда ўсади, юксак ҳосил беради ва махсус қайта ишлаш заводида ундан мазут, дизел ва бензин ишлаб чиқаришдаги асосий қўшимча этанол олинади.

“Ўзбекистон 300-400 минг гектар суғориладиган ерларни пахтадан озод қилиши ва унинг ўрнига иссиқлик энергияси ва нефт маҳсулотлари берадиган экинларга ўтиш керак. Ундан фермерларимиз ҳам ютади. Пахтага кетадиган сув тежалади, чунки бу ўсимликларга жуда катта сув талаб қилинмайди”.

Мутахассисга кўра агар пахтанинг ҳар бир гектаридан ўртача 300 доллар даромад қилинса, ёнилғи экинларидан гектарига ўртача 3 минг доллар фойда кўриш мумкин.

“Бу фермерларимиз ва қишлоқ хўжалиги учун нажот йўли. Агар биз дизел ва мазут ёнилғисини катта миқдорда етиштирадиган бўлсак, ўзимизнинг ўсиб борадиган ички эҳтиёжларимизни ҳам қоплашимиз мумкин. Ундан ташқари нефт маҳсулотларини минтақада экспорт қилувчи йирик давлатга айланишимиз мумкин”, - дейди Анвар Ҳусаинов.

Мутахассисга кўра, ушбу экинларни Ўзбекистонда етиштириш ва ёнилғи ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш катта қийинчилик туғдирмайди. Бу нарсага ҳукумат томонидан бироз эътибор қаратилса кифоя.

Ёнилғидан ташқари ушбу экинларнинг кўк қисмидан молларга озуқа, қоғоз ва қурилиш учун керакли маҳсулотларни олиш мумкин. Натижада чорвачилик соҳасида ҳам ривожланиш кузатилади.

Биоёнилғи олиш техналогиясида Бразилия ва АҚШ етакчилик қилмоқда. Оврўпа ва Хитойда ушбу соҳа ривожига кенг эътибор қаратилмоқда. Ушбу мамлакатларда 2009 йилги маълумотларга кўра йилига 575 заводда 80 миллион тонна этанол ва 460 заводда 68 миллион тонна дизел ишлаб чиқарилган.

Сув етишмайдиган Ўзбекистонда биоёнилғи самарасизми?

Биоёнилғи танқидчилари ёнилғи учун ишлатиладиган дон маҳсулотлари дунёда озиқ овқат нархининг қимматлашиб кетишига сабаб бўлганини айтишади.

Бироқ Ўзбекистон шароитида истеъмол қилинмайдиган пахтанинг ўрнига ёнилғи олинадиган экинлар экилиши озиқ овқат хавфсизлигига даҳл қилмаслигига ишонилади.

Ўзбекистондан биофизик олим Бек Тошмуҳаммедов Би-би-си мухлисларининг саволларига жавоб бераркан, биоёнилғини сув муаммо бўлган Ўзбекистонда экиш фойдали бўлмаслиги мумкинлигини айтган.

“Мен илгари ҳам айтганимдек, бизнинг минтақамизда сув етишмайди. Шунинг учун ҳам бизнинг тупроқларимиздан олинадиган ҳосил энг минимал - биопродуктивлик даражаси энг кам даражада. Бу ҳосилдорликни озиқ-овқат ишлаб чиқаришга йўналтирган афзал. Биоёнилғининг бошқа минтақалар, бошқа мамлакатларда истиқболи бор, деб ўйлайман”, - дейди Бек Тошмуҳаммедов.

Ушбу масалани Жанубий Америкага бориб ўрганган иқтисодчи Анвар Ҳусаинов, бир гектар ердан 300 тоннагача ёнилғи ишлаб чиқаришда ишлатилувчи ўсимлик олиниши мумкинлиги айтади. Унга кўра, ушбу ўсимликларга пахтага бериладиган сувнинг 1/3 қисми етарли.

МДҲ давлатлари ичида биоёнилғига биринчи бўлиб Қозоғистон қизиқиш билдирган.

Бундан ўн йил олдин Қозоғистоннинг улкан имкониятлари ҳисобга олиниб биоёнилғи олиш технологияси йўлга қўйилди.

2006 йилга келиб Шимолий Қозоғистон вилоятида умумий қиймати 94 миллион доллар бўлган этанол ишлаб чиқарувчи завод ишга туширилди. Ушбу заводнинг маҳсулотлари Оврўпа иттифоқининг қатъий талабларига жавоб бериши билан бирга барча маҳсулот четга экспорт қилиниши кўзда тутилганди.

Чунки бензин ишлаб чиқаришда ишлатиладиган мазкур этанол қозоғистонлик ҳайдовчиларга қимматлик қилиши мумкин эди. Ишнинг яхши ташкил қилинмаганлиги сабаб ушбу лойиҳа Қозоғистон бошқа оламшумол лойиҳалари каби ривожланмасдан ўз якунига етди.

Йилига 60 минг тонна этанол экспорт қилишга мўлжалланган завод атиги 4 минг тонна сотди ва қарзга ботиб кетди.

Мутахассилар биёнилғи етиштириш ва ишлаб чиқариш Ўзбекистонда ташкил қилинса бу каби мувафаққиятсизликлар қайталанмаслигига ишонишади.

Ўзбекистондаги арзон ишчи кучи ва қуёшли кунларнинг кўплиги био ёнилғи Бразилия сингари фойда келтирувчи соҳага айланиши мумкин.

Иқтисодчи Анвар Ҳусаинов ушбу экинни йўлга қўйиш ва заводларни ишга тушириш катта маблағ талаб қилмаслигини ва бунга Ўзбекистондаги тадбиркорлар қодир эканлигини таъкидлайди.

Аввалига Ўзбекистонда мазут ва дизел ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Чунки ушбу ёнилғиларни олиш этанолга нисбатан арзонга тушади ва маълум маҳсулотдан этанолга қараганда кўпроқ дизел ва мазут олиш мумкин.

Ўз навбатида мазутдан энергия олишда ишлатилаётган табиий газнинг ўрнида фойдаланилади. Ишлатилмаган газдан эса, синтетик бензин, метанол, пропан ва сиқилган газ каби ёнилғи ишлаб чиқаришда фойдаланиш мумкин.

Мутахассис ушбу соҳани ривожлантириш кераклигини ва бунга давлат томонидан ер ажратилишини сўраб бир неча маротаба ҳукуматга мурожаат қилган.

Бироқ шу вақтгача ушбу таклифлари жавобсиз қолган. Иқтисодчи ёнилғи билан таъминлашда сўнгги муаммолар ҳукуматни ушбу масалани яна бир бор кўриб чиқишига туртки бўлишига ишонишини айтади. Унга кўра, муқобил ёнилғини ишлаб чиқариш ҳозир йўлга қўйилмаса кейин кеч бўлиши мумкин.