Ўзбек ҳукумати яна миллионга яқин иш ўрнини "яратиш"га ваъда берди

  • 20 Ноябр 2013

Ўзбекистон ҳукумати 2014 йилда 983 мингдан ортиқ янги иш ўринларини яратмоқчи. Бу ҳақида Олий Мажлиснинг шу кунларда бўлиб ўтган учрашувида эълон қилинган.

Тарқатилган расмий маълумотга биноан, янги иш ўринларини яратиш жараёнида ишсизлик юқори ҳисобланган қишлоқ ҳудудларига асосий эътибор қаратилади.

Аксарият иш ўринлари янги кичик корхоналар ва микрофирмаларда, ҳамда касодга учраган кичик ширкатлардаги фаолиятни қайта тиклаш ҳисобига яратилиши мўлжалланган.

Жорий 2013 йилда эса Ўзбекистонда 973 мингта янги иш ўринлари яратиш кўзда тутилганди.

Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазирлиги ва Давлат статистика қўмитасининг маълумотига кўра, бу йил аллақачон 900 минг иш ўринлари яратилган. Расмий маълумотда айтилишича, бу янги иш ўринлари фермер хўжаликлари, уйда ишлаш, кичик ширкатлар, ҳамда ижтимоий ва бозор объектлари ҳисобига яратилган.

Аммо, Ўзбекистонда жорий йил давомида қарийб 1 миллион янги ишчи ўрни барпо этилган бўлса, нега камида 2 миллион ўзбекистонлик оиласини боқиш учун Россияга боргани жумбоқ бўлиб қолаяпти.

Иқтисодий таҳлилчи Алишер Таксанов ушбу рақамнинг ҳақиқатга тўғри келишини шубҳа остига олган ва Фейсбукда бу борада ўз мулоҳазаларини эълон қилган.

Жаноб Таксановнинг фикрича, ўзбек ҳукумати айтаётган ишчи ўринлари Ўзбекистон шароитида ишлайдиган киши ва унинг оиласи эҳтиёжини қондирадиган маош билан таъминлайдиган ўринлар эмас.

Мақола билан танишиш учун мана бу ерга босинг.

Сохта иш ўринларидан олиб қолинг!

Image caption Ўзбекистонда уйда сигир боқсангиз, бу ҳам иш ўрини дея қайд этилади ва статистика кўрсаткичларига яхши мадад бўлади

Навоийдан Аҳмад ушбу мақолага муносабат билдириб, жумладан шундай ёзганди:

"Мен тадбиркорман, бор-йўғи 18 ишчим бор. Ҳар чоракликда статитиска органи ходимлари, солиқчилар, прокуратура ходимлари янги ишчи ўрин очилгани тўғрисида ёлғон маълумот беришни талаб қилишади. Менда юқорида айтганимдай 18 ишчи ходим бор. Катталар менга "100 ишчим бор деб ёзинг", дейди. "Бу давлатни алдаш-ку", десам, "Ака, давлат ҳам ҳаммани алдаяпти-ку. Бизга юқоридан буйруқ келган, нима қилайлик, ахир", дейишади. Мана сизга қаердан 830 мингта иш ўрин яралгани.....

Би-Би-си билан суҳбатда Аҳмаднинг айтишича, статистика ходимлари ишчилар ўрни сонини кўпайтириб ёзиб ҳисобот топширишни сўрайдилар.

Солиқ ходимлари эса "Сенда 30 ходим бор экан, нега атиги 10 киши учун солиқ тўлаяпсан", деган саволни берадилар.

Охирида эса прокуратура келиб, "Нега ишчилар сонини қўшиб ёздинг?" деб сўрайди.

Ва прокуратурага тушунтириш хати ёзиб бериб, прокуратура ходимининг бир "хизматини қилиб бериш" билан тадбиркор жавобгарликдан қутулади.

Бу хизмат эса "машинага бензин солиб бериш" ёки прокурорнинг қайсидир ресторандан 100000-200000 сўмлик қарзини узиб беришдан иборат бўлади.

Аҳмаднинг Би-би-сига айтганларини тингланг.