Лондонда яна бир ўзбек-британ форуми "сирли" равишда ўтказилмоқда

Лондонда Ўзбекистон Ташқи Ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва Ташқи Иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазири Элёр Ғаниевлар сафари доирасида иқтисодий форум бўлиб ўтмоқда.

Ўзбек-Британ савдо-саноат Палатаси томонидан ташкил қилинган форумда Элёр Ғаниев иштирок этмоқда. Айтилишича, йиғинга матбуот вакиллари қарийб таклиф этилмаган.

Форумда иштирок этиш учун расман таклифнома олган Очиқ Марказий Осиё журнали ношири Марат Ахметжановдан ҳам анжуманни тарк этиши талаб қилинган.

Сўнгги пайтлар Британияда Ўзбекистон томони иштироки билан бу каби йиғинларни журналистлар назаридан четда ўтказишга уринилаётгани кузатилмоқда.

Яқинда Лондонда ўтган Фуқаролик жамияти институтлари ривожи борасидаги Халқаро Британ-Ўзбек форумига ҳам матбуот вакиллари таклиф қилинмаганди.

Очиқ Марказий Осиё журнали ношири Марат Ахметжановнинг Би-би-сига айтишича, у октбяр ойида бизнес форумида иштирок этиш учун Ўзбек-Британ савдо-саноат Палатасидан расман таклифнома олган.

Марат Ахметжанов: Барча ҳужжатларни, зарурий формаларни жўнатгандик. Биз анжуманни ташкил қилган Ўзбек-Британ савдо-саноат Палатаси билан сўнгги 5 йилдан бери ҳамкорлик қилиб келамиз. Ва бугун бизнес форумга борганимда ҳам мени ичкарига киритишди. Ҳаммаси жойида эди. Лекин, танаффус пайти Британия Ташқи Ишлар вазирлиги вакили олдимга келди ва йиғин раиси мени бу ердан чиқиб кетишимни истаётганини айтди. Сабаби эса, тушунтирилмади.

Би-би-си: Сизнинг ўзингиз нима деб ўйлайсиз, бундай қилишларига сабаб нима бўлган бўлиши мумкин?

Марат Ахметжанов: Менинг ўйлашимча, биз Британиядаги Марказий Осиё бўйича ягона журнал эканимиз қисман сабаб бўлса керак. Ва биз чоп этадиган мақолаларнинг ҳаммаси ҳам балки уларга ёқмас. Бундан ташқари, биз Элёр Ғаниев жанобларидан интервю олмоқчи эдик. Аммо, бу борада жавоб олмагандик. Тахминимча, энг аввало, форумда матбуот вакиллари бўлишини истамаслик, кейин биз қачондир босиб чиқарган ёки чиқармоқчи бўлган нимадир уларни дилини хира қилган бўлиши мумкин.

Би-би-си: Йиғинда бошқа қандайдир журналистлар иштирок этаётганини кўрдингизми?

Марат Ахметжанов: Йўқ, у ерда ҳеч кимни кўрмадим. Зал ярми бўш, одамлар кам эди. Нутқлар зерикарли, асосан рус тилида бўлди. Кўп одамлар қўл телефонларига қараб ўтиришарди. Бирон бир журналистга кўзим тушмади. Мутлақо йўқ ёки бор, дея олмайман, аммо элчихонадан бир киши йиғинни тасвирга олаётганди, бошқа ҳеч ким йўқ эди.

Би-би-си: Чиқишлар зерикарли эканини айтаяпсиз, умуман у ерда нималар ҳақида гапирилди?

Марат Ахметжанов: Йиғиннинг мен иштирок этган қисмида давлат биология ва қазилма бойликлар давлат қўмитасидан вакил чиқиш қилди. У Ўзбекистонга сармоялар киритиш имкониятлари борасида гапирди.