Наргиз Зокирова "Голос"да Алла Пугачёва қўшиғини куйлаб кейинги турга ўтди

Image caption "Бу қўшиқни ўзим танладим, у бошидан охиригача мен хақимда куйлангандек", дейди Наргиз.

Россиянинг оммабоп "Голос" қўшиқ танловида ўзбекистонлик Наргиз Зокирова ўзининг овози ва ижрочилик маҳорати билан оддий томошабинлардан тортиб, талабчан ҳайъат аъзоларигача ҳайратга солишда давом этмоқда.

Навбатдаги турга ўтган Наргиз Россия эстрадаси примадоннаси Алла Пугачёванинг "Женщина которая поёт" қўшиғини маромига етказиб ижро этган.

Видеолавҳада Наргиз Зокированинг маҳоратидан ҳаяжонланган ҳайъат аъзоси Леонид Агутин ўрнидан туриб кетгани кўринади.

Youtube видеотармоғига қўйилган қўшиқ ҳам мухлисларнинг олқишлар битилган изоҳларига тўлган.

Шунингдек Наргиз Зокирова билан ўтган онлайн суҳбатда россиялик тингловчилар уни ўз қўшиқчиларидек қабул қилганларини ёзганлар.

Наргиз Зокированинг айтишича, Алла Пугачёванинг мураккаб қўшиғини ўз ҳоҳиши билан танлаган.

"Бу қўшиқни ўзим танладим, у бошидан охиригача мен ҳақимда куйлангандек. Уни хар бир концертим, Нью-Йоркдаги клуб ва ресторанларда доим куйлар эдим. Қачондир бу қўшиқни катта саҳнада куйлашимни орзу қилгандим. Леонид Агутин қўшиқ танла деганида, дарров шуни тавсия этдим. Бу қўшиқ билан ё мағлуб бўламиз, ё бу аниқ портлаш бўлади деди у. Агутинга "уддалайман"дедим ва мусиқага овозимни ёзиб жўнатдим. "Ишонаман" деган жавоб келди, дейди қўшиқчи.

Наргиз Зокирова қўшиқни ижро этишдан олдин Алла Пугачёва билан учрашганини, у қўшиқ жуда мураккаблигини, лекин ўз талқинида куйлаши ҳақида маслаҳат берганини айтади.

Алла Пугачёванинг қўшиғини куйлашга рухсат олган Наргиз Зокирова кўринишини ҳам ўзгартириб, бу сафар янги имижда- сочлари рўмол билан ўралган ва узун кўйлакда саҳнада намоён бўлди.

Бу мавзуда батафсилроқ