БМТ: Ўзбекистонда қийноқлар кенг тарқалган

Ўзбекистон қамоқхоналари ва полиция бўлимларида қийноқлар мунтазам қўлланилади, деб хабар беради БМТнинг қийноқларга қарши қўмитасига асосан Рейтер агентлиги.

Қўмитанинг жума куни чиқарган ҳисоботига кўра, кўп сонли ва охири йўқ мурожаатлар шуни кўрсатадики, Ўзбекистонда ҳибсга олинганлар мажбурий кўрсатмалар учун шафқатсиз қийноқлар ва жинсий зўрлашларга дуч келишади.

Бир қанча ҳолларда маҳбуслар қийноқлар натижасида вафот этганлари ҳам маълум, деб билдиради БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси.

"Шубҳасиз, қийноқлар қўлланиши ҳақида гап кетганда, Ўзбекистон қийноқлар доимий ва ўта шафқатсиз кўринишларда қўлланиладиган мамлакатлар қаторига киради",- деб айтган қўмитанинг гуржистонлик эксперти матбуот анжуманида.

БМТнинг мустақил экспертларидан ташкил топган комиссияси Ўзбекистон ҳукуматини қийноқлар доимий қўлланиладиган идораларда бундай ғайриинсоний ҳаракатларни текшириш ва қийноқларга чек қўйиш, ҳамда бунга масъул шахсларни жавобгарликка тортишга чақирган.

"Охирги марта Ўзбекистондаги вазият 2007 йилда Қўмита томонидан ўрганилганда, муҳокамаларда нодавлат ташкилоти вакиллари қатнашишган эди. Бу сафар эса нодавлат ташкилотларнинг вакиллари умуман қатнашишмади. Чунки у инсонлар панжара ортида ўтиришибди",- деб айтган БМТ вакили америкалик Фелис Гэр Аъзам Фармонов, Ғайбулло Жалилов ва Дилмурод Саидовлар ҳақида гапирар экан.

Ислом Каримов ҳукумати бир йил ичида қийноқларни тугатиш бўйича эришган натижалари тўғрисида БМТга ҳисоб бериши керак.

Айнан инсон ҳуқуқлари фаоллари ва журналистлар олиб борган фаолиятлари сабаб ҳибсга олинганлар ва қийноққа тутилган, деб таъкидлаган Фелис Гэр.

Бундан ташқари икки ёки ундан ортиқ бола кўрган аёллар, айниқса қишлоқ жойларида огоҳлантирилмасдан мажбурий стерилизация қилингани ҳақида кўплаб далиллар мавжуд, дейилади ҳисоботда.

Расмий Тошкент бу даъволарни инкор этишда давом этмоқда.

Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Акмал Саидов БМТ қаршисида бир неча марта қийноқларга қарши саволларга жавоб беришига тўғри келган.

Октябр ойида Женевада ўтган БМТнинг қийноқларга қарши қўмита йиғилишида Ўзбекистонда қийноқлар мунтазам қўлланилиши ҳақида берилган саволга инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Акмал Саидов бундай ҳолатларни кескин рад қилиб, столни муштлаш билан жавоб берган эди.

Жаноб Саидов мустақил ҳуқуқ ташкилотлари томонидан тарқатилаётган хабарлар асосга эга эмас деб айтган.

Қийноқларга қарши қўмита аъзолари ва мажлис иштирокчилари ўзбек дипломатининг БМТ минбарида ўзини тутишидан ларзага келганлар. Мажлисда иштирок этган Ҳюман Райтс Вотч ташкилоти вакили Стив Свердловга кўра, жаноб Саидов қийноқлар билан боғлиқ аниқ саволларни бу сафар ҳам жавобсиз қолдирган.

Бу мавзуда батафсилроқ