Олимжон Тўхтаохунов: Энг аввало қонунга итоатгўй бўлиш керак

Image caption Олимжон Тўхтаохуновнинг айтишича, болалигида футбол ўйнаб юрган пайтлари уни тенгқурлари "Тайванчик" деб чақира бошлаганлар.

Би-би-си меҳмони россиялик бизнесмен Олимжон Тўхтаохунов.

Олимжон Тўхтаохунов - "Тайванчик" 1949 йил 1 январ куни Тошкент шаҳрида туғилган.

Унинг айтишича, болалигида футбол ўйнаб юрган пайтлари уни тенгқурлари "Тайванчик" деб чақира бошлаганлар.

У "Пахтакор"нинг ўсмирлар командасида ҳам ўйнаган.

Кейин Москвадаги ЦСКА футбол жамоасига ўтган.

У ўша йиллари қарта ўйини билан профессионал шуғулланганини айтади.

1989-йилда Олмонияга бориб бизнес билан шуғуллана бошлайди ва ўшанда йирик маблағ тўплаганини айтади.

2002 йилгача Олмония, Франция ва Италияда яшайди.

Ўша йили Олимжон Тўхтаохуновни Солт-Лейк-Сити шаҳрида бўлиб ўтган Қишки Олимпида ўйинларида олтин медални сотиб олишда айблашади.

АҚШ талаби билан Италия полицияси уни ҳибсга олиб, 10 ой ушлаб туради.

Бироқ Италия конституциявий маҳкамаси айбловни асоссиз деб топиб, Олимжон Тўхтаохунов озод этилади.

Ушбу жанжал бўйича ўз текширувини ўтказган Халқаро Олимпия Қўмитаси ҳам Олимжонни айбсиз деб топади.

У 2002 йил ёзида Россияга қайтган ва ҳозир Москвада яшайди.

Олимжон Тўхтаохунов бир неча казино очганини, бироқ қонун бўйича тақиқланганидан кейин казиноларини ёпганини айтади.

У уч китоб муаллифи. Рус тилидаги китоблари номини "Менинг Ипак йўлим", "От-кутюр фаришта" ва "Гўзал йигитча" деб таржима қилиш мумкин.

Олимжон Тўхтаохунов кинорежиссёр Элёр Эшмуҳамедовнинг "МУР", "Ворислар" бадиий фильмларида роллар ҳам ижро этган.

У ҳақда кўплаб ҳужжатли фильмлар тасвирга олинган, телевизион кўрсатувларда иштирок этган.

Олимжон Тўхтаохунов Россиядаги кўплаб машҳур кишилар, хослар даврасининг аъзолари билан шахсан таниш.

У Россиядаги футбол жамғармаси президенти, депутат Иосиф Кобзоннинг ёрдамчиси, шунингдек, кўплаб хайрия ишлари билан шуғулланади.

"Отечественный футбол", "Спорт и мода" деб номланган журналларни нашр этади.

Шу йил апрелида АҚШ ҳуқуқ-тартибот органлари Олимжон Тўхтаохуновга қарши жиноят иши қўзғадилар.

Уни АҚШда пул ювиш ва ноқонуний қиморхона ташкил қилишда айблашмоқда.

Би-би-си билан суҳбатда у ҳуқуқ-тартибот органларидан ҳеч ким ўзига мурожаат қилмаганини айтган.

Олимжон Тўхтаохуновнинг 5 фарзанди, 5 невараси бор.

Би-би-си меҳмони россиялик бизнесмен Олимжон Тўхтаохуновнинг Би-би-си ўқувчилари ва радиотингловчилари саволларига жавоблари

Image caption "Мен ҳамма артистлар билан дўстман", дейди Олимжон Тўхтаохунов.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова атрофидаги можаро Ўзбекистондан узоқ-узоқларда ҳам қизиқиш уйғотмоқда. Бугунги Би-би-си меҳмони Олимжон Тўхтаохунов ҳам Гулнора Каримова давраларида кўринган. Электрон почтамизга мактуб юборган бир неча муштариймиз Олимжон Тўхтаохуновдан, Гулнора Каримова билан қанчалар яқинсиз, деб сўраган. Би-би-си меҳмони билан суҳбатимизни ҳам шу саволдан бошладик.

Олимжон Тўхтаохунов: Мен уни биламан. Мен уни бу ерда (Москвада) Ўзбек кечаларида кўрганман. Шахсан кўришиб, гаплашганим йўқ. У Москвада турли кечалар, Наврўз байрамлари ташкиллаштирган, мен ўша кечаларда қатнашганман.

Би-би-си: Мактубига Грек Римский деб исм қўйиб савол юборган ўқувчимиз, Ўзбекистонда бўлаётган воқеаларга муносабатингизни билдирсангиз, деб ёзипти.

Олимжон Тўхтаохунов: Мен Ўзбекистонда бўлаётган ҳодисаларга унча қизиқмайман. Аммо сиз - менинг яқинларим айтаётган, рўзномаларда ёзишаётган, президент оиласида бўлаётган ишлар ҳақида сўраётган бўлсангиз, мен ўйлайманки, бу оилавий ишлар. Бу оилавий ишларга аралашиш керак эмас. Ўзлари ўзаро ҳал қилиб олишади. Бу муаммо эмас. Оталар ва болалар иши ҳамма замонларда бўлган. Ота билан қизи, ота билан ўғли ўртасида бундай нарсалар ҳамма оилада ҳам бўлади. Менинг ўзимнинг ҳам болаларим билан жанжаллашиб қолган пайтларим бўлади. Ва мен ҳеч кимнинг бизнинг оилавий ишларимизга аралашишига рухсат бермайман.

Би-би-си: Сизнинг Ўзбекистонда бизнесингиз борми?

Олимжон Тўхтаохунов: Йўқ.

Nodir: Олимжон-ака Тошкентга келиб турасизми?

Олимжон Тўхтаохунов: Унча кўп эмас-у, бориб тураман.

Рустам исмли ўқувчимиз сўрапти: Сиз Россиянинг энг бой одами, асли ўзбекистонлик бизнесмен Алишер Усмонов, таниқли ўзбекистонлик бизнесмен Салим Абдувалиевлар билан қанчалик тез-тез учрашиб турасиз?

Олимжон Тўхтаохунов: Алишер Усмонов билан кўп учрашмаймиз. Мен уни танийман, ҳурмат қиламан. Лекин жуда кам кўришамиз. Айниқса, охирги пайтда жуда кам. Ёшлик йилларимизда ҳозиргига қараганда кўпроқ учрашиб турардик. Салим Абдувалиев менинг дўстим. Тошкентда бўлганимда унинг уйига меҳмонга бориб тураман.

Би-би-си: Қурбоной Камол, Кетмончи ва яна бир неча ўқувчимиз, Россияда Марказий Осиёдан, хусусан Ўзбекистондан борган меҳнат муҳожирларига ҳужумлар кўп бўлаётгани, муҳожирларни ёмонотлиқ қилиш кампанияси авж олгани ҳақида ёзишган, нега Россиядаги сиз каби бой-бадавлат, обрўли кишилар бундай кампанияларга қарши чиқмайсизлар, деб сўраган.

Олимжон Тўхтаохунов: Биласизми, сиз айтаётган тақирбошларнинг ҳужумлари кам бўлади. Бундай ҳужумлардан кейин ўша тақирбошларни тутиб олишади. Бу ерда, Россияда четдан келганлар қанча жиноят содир этаётганларини, зўрлаётганларини ҳам мен кўриб юрибман. Уларнинг кўпи гастарбайтерлар. Лекин улар ўзларини яхши тутмайдилар. Бундан ташқари, ҳужумга учраётганлар фақат ўзбеклар эмас. Уларнинг орасида тожиклар ҳам, қирғизлар ҳам бор. Муҳожирларнинг орасида ўзини энг сокин тутадигани, энг кам жиноят содир қиладиганлари ўзбеклар. Мана менинг қўлимда ўзбеклар ҳам, тожиклар ҳам ишлашади. Улар ўзини яхши тутишади. Шунинг учун ҳеч қандай муаммога дуч келаётганлари йўқ. Агар келган ҳамманинг ахлоқи яхши бўлса, жиноят содир этмаса, унга ҳам ҳеч ким тегмайди.

Би-би-си: Демак сиз Россиядаги кўзга кўринган, таниқли кишилар ҳеч нарса қилмаяптилар, деган фикрга қўшилмайсизми?

Олимжон Тўхтаохунов: Нима қилиш керак? Россиянинг ўзининг ҳокимияти бор, жиноятларга қарши иш олиб борадиган ўзининг органлари бор. Бунга қарши чора кўриш дегани нимани англатади? Бориб ўша тақирбошларни дўппослашними? Милиция улар билан шуғулланаяпти, жиноят содир қилганларни ушлашаяпти. Пул ишлаб топиш учун келгансизми, ишланг, жиноят содир этманг, тамом-вассалом.

Би-би-си: Бироқ Россиянинг энг йирик рўзномаларида ҳам аксилмуҳожирлик кайфиятини кучайтирадиган "Тожик ўлдирди", "Ўзбек жинсий зўрлади" деб номланган сарлавҳалар ҳам кўп эмасми?

Олимжон Тўхтаохунов: Лекин бу сарлавҳалар айбсиз одамга бўҳтон қилаётгани йўқ-ку. Аслида шундай ҳам бўлган-да. Мана кейин тутиб олишаяпти, телевизорда кўрсатишаяпти. Ҳақиқатан ҳам ўша одам шу жиноятни содир қилган бўлиб чиқаяпти-да. Жиноятга қўл урмаслик керак. Энг аввало қонунга итоатгўй бўлиш керак.

Bahodir, O'zbekiston: Siz nima deb uylaysiz, AQSh FBRi nimaga asoslanib sizga qarshi jinoiy ish ochgan. Nima uchun uning oti Tayvanchik-Trincher?

Олимжон Тўхтаохунов: Улар ўзининг мамлакатида юз берган вазиятда менинг номимдан фойдаланиб қолмоқчилар. У ерда букмейкерлик компанияси бўлган кишиларни ҳибс қилганлар. Бу одамларнинг изидан кузатиб юришган. Билмайман, улар нима қилган, ё солиқларини яширишган ёки яна бошқа нарса. Мен буни билмайман. Мени ўзимни шахсан ҳеч ким айблагани йўқ. Мен ўзим ҳақимда рўзномаларда ёзилганларини ўқиганимдан бошқа ҳеч нарсани билмайман. Агар менга айбловни юборишса ёки менинг ўзимга келиб мени айблашса, мен гап нимадалигини билардим. Мен Россияда яшаб юрган бўлсам. Мени эса Америкада айблашаяпти. Мен Россия Федерацияси қонунларини бузганим йўқ. Россияда яшаб туриб, Америка қонунларини қандай қилиб бузишим мумкин? "Тайванчик-Тринчер" деб ном беришларининг сабаби эса бу ишни янада овозалироқ, баланд жаранглайдиган қилиш учун. Мен футбол ўйнаб юрган йилларим мени "Тайванчик" деб аташган. Аввал менинг ана шу номимни тутиб олиб роса дўмбира қилишди. Бу номдан катта мафиози "ясашди". Энди эса ўзлари очган жиноят иши жаранглироқ бўлиши учун ҳамма жойга менинг номимни суқадиган бўлишган.

Алишер: Википедияда сиз ҳақингизда мақола бор. Бу мақолада Тўхтаохунов тунеядство деган жиноий модда учун қамалган деб ёзилган. Бу қанақа модда бўлган СССР даврида?

Олимжон Тўхтаохунов: Банд шундай аталарди - тунеядство, ишёқмаслик, текинхўрлик. Ишламасанг, сени ана шу модда бўйича қамашарди.

Би-би-си: Сиз расман ҳеч жойда ишламаганингиз учун қамашган, шундайми?

Олимжон Тўхтаохунов: Албатта, расман ҳеч жойда ишламаганим учун қамашган. Ўша пайт мен нима иш қилишим, қаерда ишлашим мумкин эди? Ғишт заводидами? Мен футбол ўйнардим. Менинг футбол карьерам тугаганидан кейин ҳеч жойда ишламаганман. Болаларимиз кичкина эди. Хотиним ишларди. Лекин бугунга келиб бунақа жиноий модда йўқ. Бу Совет Иттифоқи замонидаги модда эди. Кейин менинг бўйнимдан бу бандни олиб ташлашди. Мени оқлашди. Ахир мен одам ўлдирганим йўқ, бировнинг мулкини ўғирлаганим йўқ.

Шавкат Тошматов: Тошкентдан нега кетиб қолгансиз?

Олимжон Тўхтаохунов: Мен Тошкентдан 40 йил олдин кетганман. У Совет Иттифоқи замони эди. Мен футбол ўйнар эдим. Москванинг ЦСКА командасига футбол ўйнаш учун борганман. Кейин ЦСКАнинг ўзида ишладим. Уйландим. Шу ерда фарзандларим туғилди. Мана энди невараларим ҳам Россияда дунёга келдилар.

Вek, Мoskva: Yoshligizdanoq shunaqa inson bulaman deb orzu qilganmisiz? Ya'ni mashhur.

Олимжон Тўхтаохунов: Орзу қилгандим ва бўлдим.

Rustam Nasimi, Tokio: Sizning sevimli muallifingiz kim? Sevimli asaringizchi? Umuman, nimani o'qishni tavsiya etgan bo'lar edingiz?

Олимжон Тўхтаохунов: Мен замонавий ёзувчилардан Борис Акунин ижодини ёқтираман. Мен унинг ҳамма асарларини ўқиб чиққанман. У тарихий асарларида қадимги Москва ҳақида нималарнидир тўқиб чиқариши мумкин, лекин мана шу усули ҳам менга ёқади. Тавсия қилишга келсак, бу ҳар кимнинг ўзининг қизишига, дидига боғлиқ. Кимгадир муҳаббат ҳақидаги "қайноқ" китоблар ёқади, кимдир эса ур-йиқит саҳналари кўп асарни маъқул кўради. Шунинг учун мен ҳеч кимга тавсия бера олмайман.

Би-би-си: Сизга келган бир неча саволда Тошкентнинг қайси маҳалласида туғилгансиз, қайси мактабда ўқиганингиз ҳақида сўралган.

Олимжон Тўхтаохунов: Мен Эски шаҳарнинг Ҳамза кўчасида яшаганман. Ўрдадаги 7-мактабда ўқиганман. Оиламиз дастлаб Эски шаҳарда, кейинроқ Ўрдада яшаган. Озроқ вақт 21 сонли, озроқ 50 мактабда ўқиганман. Асосий мактабим 7-мактаб бўлган. Тошкент зилзиласидан кейин бу мактаб бузиб ташланди. Ўрнига милиция идораси қурилган.

Fahriddin, Malaziya: Assalomu alaykum. Olimjon aka Qaysi dindasiz?

Олимжон Тўхтаохунов: Мен мусулмонман.

Odiljon Maxdumiy, O'sh: Muhtaram Olimjon aka! Sizning millatingiz nima?

Олимжон Тўхтаохунов: Мана шу савол кўпчиликнинг иззат-нафсига тегади. Мен ўзбекман.

Ravshan Magdaliev: Olim aka Turkiyada biznes bilan shug'ullanishni o'ylab ko'rganmisiz?

Олимжон Тўхтаохунов: Йўқ, бу ҳақда ўйлаб кўрмаганман.

Elchin, Dublin: Hurmatli Olimjon aka. Hozirgi kunda juda ko'p iqtidorli o'zbeklar USA, UK,Germany,France, Russia va boshqa o'lkalarda yashamoqda, bilimga chanqoq yoshlarga qandaydir homiylik qilish rejangiz bormi? Javob uchun oldindan rahmat

Олимжон Тўхтаохунов: Имкониятим борича мен ёрдам бериб келганман, ёрдам бераяпман ва бундан кейин ҳам ёрдам бераман. Имконим етганича. Агар кимдадир истеъдодни кўрсам ва у ёрдамга муҳтожлигини билсам ёрдам бераман. Менга унинг ўзбек ёки ўзбек эмаслигининг аҳамияти йўқ. Ўзини истеъдодли қилиб кўрсатадиганлар ёки тиланчилик қиладиганларга мен ёрдам бермайман. Менинг ҳаётимда бунақалар жуда кўп учраб туради.

Полвон Жумми: Сиз марҳум санъаткор Людмила Гурченко билан дўст бўлгансиз. Ҳатто у кишини ўлигини кўмиш молияавий муамммо бўлганда сиз ëрдам бергансиз деб эшитдим. Шунга аниқлик киритсангиз. Ҳозир қайси артистлар билан дўстсиз?

Олимжон Тўхтаохунов: Ҳа, бу ҳақиқат. Мен ҳамма артистлар билан дўстман.

Би-би-си: Сизга савол юборган бир неча муштариймиз бизнеснинг қандай тури билан шуғулланишингиз ҳақида сўрашган.

Олимжон Тўхтаохунов: Мен турли йўналишдаги бизнес турлари билан шуғулланаман. Асосан кўчмас мулк. Кўчмас мулк қурилиши ҳам бор. Бир пайтлар сотиб олган биноларимни ижарага бераман. Менинг бизнес йўналишларим кўп. Лекин бу борада мен кўп шарҳ беришни хоҳламайман.

Бу мавзуда батафсилроқ