Сталиннинг энг даҳшатли қилмишлари

Image caption 30 йилларда келган очарчилик миллионлаб инсонлар умрига зомин бўлди

80 йил муқаддам СССРда фожиа юз берганди: 1932-1933 йилларда сунъий тарзда вужудга келтирилган очарчилик...

Инсонларни очарчилик билан қириш.

Россия Давлат Думаси маълумотига кўра, қаҳатчиликдан 7 миллионга яқин одам ҳалок бўлган – бу рақам сиёсий баҳоналар билан отиб ташланганлар, қулоқ қилинганлар ҳамда Сталин бошқарувининг сўнгги йилларида қирғинга учраганлар сонидан икки баравар кўпдир.

Қурбонлар Чор Россиясининг "эксплуататорлар синфи" ёки "Ленинчилар гвардияси" эмас, оддий меҳнаткаш халқ вакиллари эди.

Инсонлар асосан 1933 йилнинг биринчи ярмида қирилиб кетди.

Украинада 1998 йилдан бошлаб ноябр ойининг охирги шанбаси "Очлик қурбонлари" куни сифатида нишонланади.

Шунинг учун, тарихий фожиа узоқ давом этган эса-да, 2013 йилнинг 23 ноябри юбилей сана сифатида қайд этилди.

Унга юридик жиҳатдан аниқлик киритиш ҳозирги кунда ҳам катта баҳс-мунозаларга сабаб бўлмоқда.

Танобни торттириш

Болшевиклар томонидан уюштирилган "буюк ўзгаришлар" замирида тез суръатларда ўсаётган шаҳарлар ва армия учун бепул озиқ-овқатни қўлга киритиш интилиши ётарди.

1920 йилларда қишлоқ хўжалигининг иқтисоддаги улуши 15-20 фоизни ташкил этарди. Яъни, беш-олтита деҳқондан бир ишчи ёки аскарни боқиш талаб қилинарди.

Бундай ресурслар билан бутун дунёда коммунизм ғалабасини таъминлаш мумкинмиди?

Албатта, бошқа йўл ҳам бор эди: ерни кучли эгалар ихтиёрига топшириш, деҳқонларни истеъмол моллари ишлаб чиқаришни ривожлантириш орқали пул ишлашга илҳомлантириш.

Бироқ Совет ҳукуматига бу йўл мутлақо тўғри келмасди. Хусусий мулкчилик инстинктини кучайтиришга рағбатлантиришми? Ёки қурол-аслаҳа ўрнига ойнали трюмо ва велосипедлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишми?

Сталин 1932 йилга қадар коллективлаштириш кампаниясини деярли якунига етказиш билан ишнинг ярмини бажариб қўйганди.

Энди деҳқонларни "похол" учун меҳнат қилишга ва ишдан қочмасликка ўргатиш қолганди.

Михаил Шолохов Сталинга ёзган машҳур хатида ўз она қишлоғи Вешенская мисолида 1932 йилда ғалла билан таъминлашга қандай мажбурланганини батафсил тасвирлаган.

1930 йилда Украинада деҳқонлар етиштирган буғдойнинг 30 фоизи, Шимолий Қафқозда эса 38 фоизи давлат ҳисобига тортиб олинди, 1931 йилда 42 ва 47 фоиз ғалла ундирилди.

Камҳосил 1932 йилда эса давлат режаси яна учдан бирга оширилди. Мамлакатнинг барча ҳудудларидан бу режани бажариш имконсиз, деган мактублар ёғилди. Бироқ ҳукумат ундан меҳр-мурувват кутиш бефойда эканини кўрсатиб қўйишга қарор қилганди.

"Деҳқон Совет ҳокимиятини очарчилик билан бўғиб қўймоқчи. Биз уларга очарчилик қандай бўлишини кўрсатиб қўямиз," - деганди Украина доҳийси Станислав Косиор ўзининг республика партия фаоллари мажлисида қилган чиқишида.

Ғалла етиштириш бўйича давлат режасини бажармаган колхозларда деҳқонлардан нафақат буғдой, балки оилалар заҳирасидаги сабзавот, туз ва ҳатто чўчқа ёғигача олиб қўйиш буюрилди.

Давлат тасарруфига ўтказилган маҳсулотларнинг катта қисми айниб қоларди. Шундай бўлса-да, бир тамойилга бўйсуниларди: одамларга бергандан кўра, яхшиси чириб кетсин.

Шундай вазиятда, 1932-1933 йилларда 3,41 миллион тонна буғдой, 47 минг тонна гўшт ва сут маҳсулотлари ва 54 минг тонна балиқ ўта арзон нархда экспорт қилинди-ки, чет эллик ҳамкорлар Совет ҳукуматини нархларни тушириб юборишда айблашди.

Натижада аҳолиси 30 миллион бўлган ҳудуд очарчилик гирдобида қолди.

Мустақил тадқиқотчи Станислав Кулчитский маълумотига кўра, Украинада очарчилик 3 миллион 238 минг инсон ёстиғини қуритган. Бу рақам мажбурий миграция ва туғилишнинг икки баравар камайгани туфайли юзага келган демографик йўқотишларни ўз ичига олмайди.

Қозоғистон аҳолиси 6 миллиондан 3 миллионгача қисқарди. У ерда аҳолидан нон эмас, балки чорвани олиб қўйишган.

Россия Федерациясида картошка ва пиёзни деҳқонларга қолдиришди. Натижада бу ерда "атига" 400 минг одам ҳалок бўлди.

Бироқ Борис Ельциннинг америкалик биографи Тимоти Колтоннинг сўзларига кўра, одамхўрлик ҳоллари ҳаттоки Россиянинг биринчи президенти туғилган Уралдаги Бутка қишлоғида ҳам рўй берган.

“Ҳар тунда Харьков кўчаларидан 250 нафарга яқин очарчиликдан ўлганлар жасадларини териб кетишарди. Кузатувлар шуни кўрсатади-ки, жасадлардан кўпларининг жигарлари йўқ. Улардан пирожка тайёрлаб, бозорларда сотишмоқда,” - деб ёзади Италия консули Римга берган ҳисоботида.

1932 йилнинг августида "Социалистик мулкини ўғирлаш ва талон-тарож қилганлик учун жавобгарликни янада кучайтириш" тўғрисидаги қонун кучга кирди. Бу қонун омма орасида "уч бошоқ буғдой" номи билан машҳурлашди. Ушбу қонун асосида, биргина 1933 йил декабрида очарчиликдан сабр косаси тўлган 125 минг нафар инсон қатағонга учради. Улардан 5400 нафари отиб ташланди.

Очарчиликдан тинкаси қуриган халқ шаҳарларга оқа бошлади. Бунга жавобан ҳукумат 1933 йил 22 январида Молотов ва Сталин имзо чеккан қарорни қабул қилди:

"Совет ҳукумати душманлари, аксил-инқилобчилар ва полшалик жосуслар деҳқонларни ёппасига кўчишга ундамоқдалар… Барча мавжуд имкониятларни қўллаган ҳолда Украина ва Шимолий Қафқоз деҳқонларини шаҳарларга кетиши ман қилинсин".

Армия мазкур ҳудудларни ўраб олди. Қарор кучга кирган биринчи ойнинг ўзида махсус қўмита 219460 шахс қўлга олингани ҳақида ҳисобот берди.

"Бир ҳафта ичида ташлаб кетилган болаларни қидириш бўйича хизмат ташкил қилинди. Тирик қолиши эҳтимоли бўлганларни Голодная Горада ташкил қилинган махсус баракларга жўнатишди. Заифларни юк поездларида шаҳар ортига жўнатишди. Вагонлар келиши билан жасадларни олдиндан қазиб қўйилган умумий қабрларга ташишмоқда," - деб ёзади Харковдаги Италия консули.

Қўрқинчли филмлар саҳналари

Очарчиликка юз тутган ҳудудларда одамхўрлик ёки жасад гўштини ейиш ҳолатларига гувоҳлик берувчи талай ҳужжатлар мавжуд.

"День урожая" номли колхозда уч нафар аёл колхозчи далада чопиқ ишлари пайти вафот этди. Бечора Степанова ўзининг 9 яшар ёғлини ейиш учун сўйиб қўйди. Никулинлар оиласи тинтув қилинганда чугун печда одам чағаноғи топилди," - дея Белгород вилояти бўйича махсус қўмита вакили Бачинский 1933 йил июнида ҳисобот берганди.

"Ейский туманидаги Должанская қишлоғида фуқаро Герасименко ўзининг ўлган опаси гўштини истеъмол қилган. Ново-Шебинская қишлоғида қулоқ қилинган Елисеенконинг хотини ўзининг уч яшар фарзандини чопиб, еб қўйган. Мозорда 30га яқин гўрдан маййитлар йўқолгани аниқланди," - дейилади махсус қўмитанинг 1933 йил 7 мартда тайёрлаган "Шимолий Қафқоз минтақасидаги очлик ҳолати ҳақида" деб номланган ҳисоботида.

Судлар статистикасини бузмаслик мақсадида одамхўрлар одатда жойида отиб ташланган.

“Бизларга, коммунистларга талон беришарди, қишлоқ фаолларига ҳам, лекин улар нима истеъмол қилганларига ақл бовар қилмайди! Қурбақалар, сичқонлар аллақачон қолмади, мушуклар ҳам умуман қолмаган. Ўт-ўланларни илдизигача суғуриб олиб, майдалаб, ундан нон ёпишмоқда. Одахўрлик ҳолатларини ҳар қадамда учратиш мумкин. Қишлоқ кенгаши биносида ўтирибмиз, бирдан бир фаол югуриб келди ва "фалончи хонадонда бир қизчани ейишмоқда," деб хабар берди. Биргаликда қуролланиб борганимизда, барча оила аъзолари жам ўтиришарди. Тўқ қоринга мудраб. Хонадондан қайнатма ҳиди келмоқда. "Қизинг қаерда? – Шаҳарга кетди. – Печдаги кўзаларда нима бор? – Шўрва". "Шўрва" бошқа идишга тўкилганда – ёғда қўл ва тирноқлар сузиб юрибди. Хира пашша каби сузилиб, мудраб келишмоқда. Уларни нима қилиш керак? Рисола бўйича - суд қилиш керак. Лекин "одамхўрлик" деган модда мавжуд эмас. "Қотиллик" деган модда мавжуд албатта, лекин қанча овогарчиликка йўл уриш керак бўлади. Қолаверса, очарчилик – бу масалани енгиллаштирадиган ҳолатми ёки йўқ? Умуман олганда, бизга юқоридан "жойида ҳал этинг", деган буйруқ берилган. Уларни қишлоқдан четга чиқарамиз, хилват жойга олиб борамиз, бошларига пистолетдан ўқ узамиз, бир оз тупроқ билан кўмамиз – кейинчалик бўрилар еб кетишади," - деб изоҳлайди Анатолий Кузнецов ўзининг "Бабий Яр" романида.

Жимгина қутилиб кетишарди

1932 йил Сталин омма олдида деярли сўзга чиқмасди, бутун ёзни Сочида, ҳеч қаерга бормай ўтказди. Бу эса Ғарбда унинг касал бўлиб қолгани ҳақидаги миш-мишларга асос бўлди. Тарихчи Николай Сванидзе ушбу узоқ сукутни Сталиннинг 1941 йил июнидаги Ближней номли дала ҳовлисида ўтказган уч кунли сукунати билан солиштиради. Тадқиқотчи фикрича, диктатор қўрқинч ҳиссини бошдан кечираётган эди.

"У таваккалга қўл урганини ва унинг оқибати турлича бўлиши мумкинлигини тушуниб етганди," - дейди Свзанидзе.

Бироқ халқ бош кўтармади.

"Туман марказида автобус бекатидаги майдончада, инсонлар сафидан чиқарилганлар бир тўда бўлиб ётарди. Улар – фақат катта-катта кўзлари вақти-бевақт ёниб турадиган скелетлар. Қолганлар эса, уларнинг акси - очликдан шишиб кетган таналар. Кимдир қайин дарахтининг терисини шилиб, чайнамоқда. Кимдир ерда қимирламай чўзилиб ётибди. Кимдир ердаги ахлатни оғзига тиқмоқда. Лекин ўлим олдидан баъзилар кутилмаганда бош кўтариб қолишарди – ўрниларидан туриб, қайинни қучоқлаб, оғизларини очишга уриниб, нимадир деб қарғамоқчи бўлишарди, бироқ кучлари етмай, хириллаб қолишарди, оғзиларидан кўпик чиқарди холос. Қўзғолончи дарахтдан ерга қулаб овози ўчарди. Атрофда эса одатий ҳаёт давом этмоқда. Одамлар ишга шошилишмоқда", - деб ёзади адиб Владимир Тендряков.