Ўзбекистон-Туркманистон муносабатларидаги нотекисликлар қаерда?

Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Тошкентда Президент Ислом Каримов билан учрашган.

Олинаётган хабарларга кўра, Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида қатор янги битимлар имзоланган.

Булар маданий-гуманитар соҳалардаги, кимё саноатлари, сайёҳлик ва жиноятларга қарши кураш масалаларида ҳамкорликни кўзда тутадиган шартномалар.

Ўзбекистоннинг бошқа қўшнилари билан бўлгани сингари Туркманистон билан муносабатларини ҳам силлиқ деб бўлмайди. Нега шундай? Биз ушбу саволни Туркманистонлик журналист ва ҳуқуқбон Фарид Тухбатулинга бердик:

Фарид Тухбатулин: Шўро Иттифоқи ўрнида янги мустақил давлатлар пайдо бўлганига 20 йилдан ошиқроқ вақт ўтганига қарамасдан, Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасида ҳал этилмаган кўплаб муаммолар қолмоқда. Булардан асосийлари, чегара масалалари - сарҳадларни делимитация қилиш, одамларнинг борди-келдиси ва ўзаро чегарада жойлашган газ конлари масалаларидир. Икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар дўстона бўлмагани учун ҳал қилиниши керак бўлган бу муаммоли масалалар шу пайтгача ҳам ечилгани йўқ.

Би-би-си: Сизнингча, бугун Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги алоқаларни яхшилашга тўсиқлик қилаётган асосий омиллар нимада?

Фарид Тухбатулин: Менинг ўйлашимча, ҳали президент Ниёзов тирик бўлган пайти икки раҳбар ўртасидаги шахсий ёқтирмаслик асосий нарса бўлган. Президент Ниёзов билан Президент Каримов бир-бирини ёмон кўрар экан, деган миш-мишлар жуда кўп тарқалган эди. Икки раҳбар бир-биридан хафа бўлган, оқибатда эса икки мамлакат халқлари жабр кўрган. Мисол учун мамлакатлар мустақиллигининг илк йилларида Туркманистоннинг Тошҳовузида дўстлик-биродарлик байрами деган байрамлар ташкил қилинар, бу байрамга Ўзбекистоннинг Хоразмидан меҳмонлар таклиф қилинарди. Йиллар ўтиб, бу байрам ўзбекистонлик меҳмонларсиз ташкил қилинадиган бўлди. Ўйлайманки, ўша замондаги президентлар ўртасидаги шахсий ишончсизлик Туркманбоши вафот этиб, мамлакатга янги президент келганидан кейин ҳам сақланиб қолди. Мана шу нарса икки мамлакат муносабатларини белгилаб бераётган асосий омиллардан бўлиб қолаяпти.

Би-би-си: Мана бугун Тошкентда маданий-гуманитар масалаларда ҳамкорлик қилиш, сайёҳлик ва ахборот агентликлари билан бирга ишлаш шартномалари имзоланган. Сиз нима деб ўйлайсиз, ҳам Туркманистон ва ҳам Ўзбекистон бир қувурдан Хитойга газ сотишни бошлагани икки мамлакат ўртасидаги ишончсизликни бартараф қилишга ёрдам бераяптими?

Фарид Тухбатулин: Хитойдек йирик, бой ва кучли мамлакатга газ сотишдан кўзланган манфаатдорлик балки Ўзбекистонни ҳам, Туркманистонни қўшнисига нисбатан тутган айрим тамойилларидан воз кечишга ундаган, гина-кудуратни бир четга суриб қўйиб, қўшнисига қандайдир ён босишга ва ҳамкорликка ундаган бўлиши мумкин. Чунки бу ҳамма томон учун манфаатли ҳамкорликдир.

Бу мавзуда батафсилроқ