Ўзбекистонлик аёл маҳкама залидан шифохонага ётқизилган

  • 26 Ноябр 2013

Россия Ҳакамлар ҳайъати Федерал хизматидан хабар қилишларича, Владивосток шаҳридаги туғруқхонага қўйилмаган Ўзбекистон фуқароси Шоира Улашева иши маҳкама кўрилаётган пайти ўзи ва чақалоғининг аҳволи ёмонлашганини айтган. Шундан кейин у шифохонага ётқизилган.

Россиянинг Приморье ўлкаси Ҳакамлар ҳайъати Федерал хизматидан Би-би-сига маълум қилишларича, ўз вақтида Россия ҳудудини тарк этмагани учун Шоира Улашевани депортация қилиш иши маҳкамада кўрилаётган вақтда ўзбекистонлик аёл чақалоғи ўзини ёмон ҳис қилаётгани ва ўзининг қорнида оғриқ борлиги ҳақида айтган.

Маҳкамадан Шоира Улашева ва унинг эмизикли боласини "Тез тиббий ёрдам" машинаси Владивосток шаҳрининг болалар шифохонасига олиб кетган.

Маҳкама Шоира Улашевани мажбуран депортация қилиш ва 3000 Россия рубли миқдорида жаримага тортишга қарор қилган.

Энди ўзбекистонлик болалар шифохонасида даволаниши ва кейин полиция бошқармаси махсус ҳибсхонасида депортация этилишини кутиши лозим бўлади.

12 ноябр куни илк маҳкама Шоира Улашеванинг Россиядан чиқиб кетиши ҳақида қарор қабул қилган, лекин у қарорда кўзда тутилган икки ҳафталик муддат орасида ватанига қайтмаган.

Приморье ўлкаси Федерал Миграция хизматидан айтишларича, Шоира Улашева болалари билан Россиядан турмуш ўртоғисиз чиқиб кетиши лозим бўлади.

Унинг эрининг Россияда ишлаш ҳуқуқини берадиган барча ҳужжатлари жойида экани, у қурилишда ишлаётгани ҳақида билдиришган миграция хизматидан.

Шоира Улашеванинг Россияга 2011 йилда келгани, бироқ бу мамлакатнинг муҳожирлик қонунини бузиб, қонунда кўзда тутилган 90 кун ичида Россия ҳудудидан чиқиб кетмаганини айтишган миграция хизмати вакиллари.

Кўзи ёриши учун Владивосток туғруқхонасига келган ўзбекистонлик аёлни доялар қабул қилмагани жуда катта шов-шувга сабаб бўлди.

Туғруқхона масъулларига кўра, Шоира Улашеванинг ёнида ҳужжатлари ва тиббий суғурта полиси бўлмагани учун қабул қилмаганлар.

Шунингдек, улар ўзбекистонлик аёл бундан олдин ҳам шу йўсин фарзандини туққанини айтганлар.

Ниҳоят полиция чақирилган, полиция аёлни туғруқхонага олиб кирганлар ва унинг кўзи ёриган.

Эртаси куни туғрухона ходимлари Шоира Улашеванинг чақалоғи билан қочиб кетганини айтганлар.

Бир неча кундан кейин у шаҳардаги ертўлалардан бирида топилгани хабар қилинган.

Бу мавзуда батафсилроқ